Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Чехия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Қўшма Декларация
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Чехия Республикаси Ҳукумати ўртасида кенгайтирилган ҳамкорликни ўрнатиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан давлат реестрида 2023 йил 14 ноябрда 4532-FR-2023-H тартиб рақами билан рўйхатга олинди]
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Чехия Республикаси Ҳукумати (кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар),
Ўттиз йилдан ортиқ вақт мобайнида ривожланган сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни катта мамнуният билан қайд этиб;
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомида белгиланган тамойилларга, шунингдек, демократия, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари қадриятларига қатъий содиқлигини тасдиқлаб;
Халқаро тинчлик, фаровонлик ва барқарор ривожланишга ҳисса қўшишда ўз роли ва масъулиятини англаб;
Сиёсий мулоқотни давом эттириш ва икки томонлама савдо ва инвестицияларни чуқурлаштириш, шунингдек, ўзаро манфаатдор бўлган турли соҳаларда одамлар ўртасидаги алмашинув ва соҳавий ҳамкорлик салоҳиятини ривожлантириш ва рағбатлантиришни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини алоҳида эътироф этиб;
1996 йил 21 июнда Флоренция шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси, бир томондан, Европа Ҳамжамиятлари ва уларга аъзо-давлатлар, иккинчи томондан, ўртасида шерикчилик таъсис этувчи шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битим доирасида эришилган юқори натижаларни инобатга олиб;
Ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қарор қилиб;
Томонлар икки томонлама муносабатларни кенгайтирилган ҳамкорлик даражасига кўтаришга келишиб олдилар ва қуйидагиларни эълон қилдилар:
Сиёсий ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик
1. Томонлар Кенгайтирилган ҳамкорликни амалга оширишга қаратилган сиёсий мулоқотни фаоллаштирадилар.
2. Иккала Томон ҳам юқори даражаларда, хусусан, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ўзаро манфаатли масалалар бўйича икки томонлама алмашувлар ва маслаҳатлашувларни янада мунтазам ўтказишга ҳаракат қиладилар.
3. Томонлар мулоқотнинг аҳамияти ва ролини қайд этиб, икки мамлакат делегацияларининг ўзаро ташрифларини фаоллаштиришга, шунингдек, икки томонлама парламентлараро муносабатларни янада ривожлантиришни рағбатлантиришга тайёр эканликларини билдирадилар.
4. Томонлар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан Чехия Республикаси Мудофаа вазирлиги ўртасида 2018 йил 21 майда Тошкент шаҳрида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги Битимга асосланиб, мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истагини билдирадилар. Улар, шунингдек, ҳукуматлар ўртасидаги ҳамкорлик имкониятларини, жумладан, мудофаа саноати кооперацияси соҳасидаги имкониятларни ўрганадилар.
5. Томонлар амалдаги икки томонлама шартнома базаси юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказишни ва уни келгусида ривожлантириш имкониятларини кўриб чиқиш истагини билдирадилар.
Иқтисодий ҳамкорлик
6. Томонлар ўзаро манфаатли савдо ва сармояларни барқарор ошириш ва ривожлантиришга кўмаклашишда ҳамкорлик қилишга тайёрликларини билдирадилар.
7. Ҳар икки Томон ҳам ўз ваколатхоналари ўртасида савдо ва сармоя, ўзаро манфаатли алоқадор соҳалар, ишбилармонлик ҳамкорлик, макроиқтисодий сиёсат ва тенденциялар бўйича мулоқотни кенгайтириш истагини билдирадилар. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Чехия Республикаси Ҳукумати ўртасида 2004 йил 28 июнда Тошкентда имзоланган иқтисодий, саноат ва илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги Битимга мувофиқ ташкил этилган Иқтисодий, саноат, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Чехия қўшма ҳукуматлараро комиссияси алоҳида рол ўйнайди.
8. Томонлар Ўзбекистондан Европа Иттифоқига экспорт қилиш имкониятини берувчи GSP+ имтиёзли тизимининг аҳамиятини эътироф этган ҳолда ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва кўламини кенгайтириш истагини билдирадилар. Томонлар, шунингдек, Чехия Республикасидан Ўзбекистонга асбоб-ускуналар ва илғор технологиялар етказиб бериш ҳажмини янада ошириш учун шарт-шароит яратиш истагини билдирадилар.
9. Иккала Томон ҳам тегишли вазирликлар ва уларнинг идоралари ўртасида савдо, сармоя ёки туризмни ривожлантиришга хизмат қилувчи алоқалар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтиришга ҳисса қўшадилар.
10. Иккала Томон ҳам бир-бирининг ҳудудларига, жумладан, инфратузилма, энергетика (хусусан, қайта тикланувчи манбалар) ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига сармоя киритишни янада рағбатлантирадилар ва осонлаштирадилар.
11. Иккала Томон ҳам кичик ва ўрта бизнесга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, қўшма корхоналарни ривожлантиришга кўмаклашиш ва турли соҳалардаги тадбиркорлар ўртасидаги алоқаларни оширишни давом эттирадилар.
12. Томонлар, жумладан, тоғ-кон саноати ва хом ашёни қайта ишлаш, энергетика, саноат кооперацияси, транспорт ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида шериклик ва ҳамкорлик бўйича мунтазам мулоқот ўтказишни қўллаб-қувватлайдилар.
13. Иккала Томон ҳам тоза ва экологик барқарор технологияларни ишлаб чиқариш, узатиш ва тарқатишни қўллаб-қувватлайдилар.
14. Энергетика секторининг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши учун стратегик аҳамиятини эътироф этган ҳолда, Томонлар анъанавий ва қайта тикланувчи энергия ҳамда энергия самарадорлиги соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш истагини билдирадилар. Ўзбекистон томони Чехия энергетика компанияларини электр станциялари қурилиши лойиҳаларида, жумладан қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида иштирок этишга таклиф қилади.
15. Иккала Томон ҳам Европа Иттифоқи стандартларига мувофиқ стандартлаштириш, метрология ва синов соҳаларида ҳамкорликни давом эттирадилар ва кенгайтирадилар.
16. Иккала Томон ҳам асосий эътиборни тегишли институтларнинг бевосита ҳамкорлигига қаратган ҳолда фан, инновациялар ва замонавий технологиялар соҳаларида ҳамкорлик фаолиятини, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Чехия Республикаси Технологиялар агентлиги ва Фанни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали рағбатлантирадилар, ривожлантирадилар ва кўмаклашадилар. Томонлар, шунингдек, компаниялар ва университетлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш орқали саноат инновациялари, технологиялар, ноу-хау ёки тажриба алмашиш соҳасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди.
17. Иккала Томон ҳам тиббий асбоблар сектори ва соғлиқни сақлашнинг бошқа соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик имкониятларига эътибор қаратадилар.
18. Томонлар ўзаро алоқаларни, шу жумладан транспорт инфратузилмаси тармоқлари, тўғридан-тўғри авиақатновлар, логистика провайдерлари ва транспорт операторлари соҳаларида алоқаларни кенгайтиришга тайёрликларини билдирадилар ва ҳамкорлик қиладилар учун, айниқса, мавжуд икки томонлама битимлар асосида катта салоҳият мавжудлигини эътироф этадилар.
19. Томонлар, шунингдек, чарм, ипак маҳсулотлари ва саноат канопи маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича лойиҳа ва шартномаларни рағбатлантирадилар.
20. Томонлар қорамол ва майда шохли молларни кўпайтириш, шунингдек, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш истагини билдирадилар.
21. Чехия томони Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёнига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битим имзоланишини қўллаб-қувватлади.
Маданий, таълим ва туризм соҳасидаги ҳамкорлик ва фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари
22. Ҳар икки Томон маданий ҳамкорликни ва ўз маданиятлари бўйича ўзаро тушунишни ошириш мақсадида улар ўртасида одамлар ўртасидаги алмашинувни ривожлантиришга ёрдам берадилар.
23. Ҳар икки Томон икки томонлама, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ҳамкорлиги доирасида ўрнатилган тегишли асослар ва воситалардан фойдаланган ҳолда тадқиқотчилар ва талабаларнинг ҳаракатчанлигини таъминлаш йўлларини излайдилар.
24. Томонлар таълим сифатини оширишга қаратилган сиёсат бўйича шу жумладан, касбий ва техник таълим соҳасида тажриба ва кўникмалар алмашиш истагини билдирадилар.
25. Иқтисодий манфаатлар, дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатликни таъминлашда туризмнинг муҳим ролини таъкидлаган ҳолда, иккала Томон туризм соҳасидаги ҳамкорликни, жумладан, Чехия Республикасининг илғор технологиялари ва илғор тажрибасини жалб этишни, туризм таълими, икки давлатнинг йирик шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш ва туризм бизнеси ҳамкорлигини кенгайтиришни мустаҳкамлайдилар.
26. Иккала Томон маданий ва ижодий соҳаларда, жумладан кино, анимация, мусиқа, мусиқа асбоблари ишлаб чиқариш ёки кўргазмалар ташкил этишда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга ошириш истагини билдирадилар.
27. Иккала Томон ҳам ўзбек ва чех археологлари ўртасидаги 20 йиллик ҳамкорликни ривожлантиришда давом этадилар.
28. Иккала Томон икки мамлакатнинг ёш авлодлари ўртасида дўстона алоқаларни ривожлантириш мақсадида ёшлар соҳасида мумкин бўлган ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишдан манфаатдорлигини билдирадилар.
Минтақавий ва глобал ҳамкорлик
29. Иккала Томон ҳам Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги минтақавий ҳамкорликка фаол ҳисса қўшишда давом этадилар.
30. Томонлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти каби халқаро ва минтақавий ташкилотлар ва бошқа кўп томонлама механизмлар доирасида, жумладан, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги соҳасида ҳамкорлик ва фикр алмашишни кучайтириш истагини билдирадилар ва халқаро ташкилотларга бир-бирларининг номзодларини қўллаб-қувватлаш имкониятларини кенгайтирадилар.
31. Томонлар сув ресурсларини бошқариш ва иқлим ўзгариши каби глобал муаммолар бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрликларини билдирадилар.
32. Томонлар ҳар бир аниқ соҳада ҳамкорлик шакллари ва йўналишларини келгусида ишлаб чиқадилар. Мазкур Декларацияни амалга оширишни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Чехия Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги мувофиқлаштирадилар.
33. Мазкур Қўшма декларация халқаро шартнома ҳисобланмайди ва халқаро ҳуқуққа мувофиқ ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқармайди.
Прага шаҳрида 2023 йил 10 октябрда инглиз тилида қабул қилинди.
(имзолар)