Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҚЛ-1064-сонли Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари Дж. Ширинов, Ш. Бафаев, Т. Хожаназаров, М. Хусанова, Д. Исмаилов, М. Ҳасанова, Ш. Шарафутдинов, С. Хамидуллаев ва У. Закирова томонидан 2023 йил 6 октябрда киритилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҚЛ-1064-сонли Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинсин.
2. «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҚЛ-1064-сонли Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг матни жамоатчилик муҳокамаси учун Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (www.regulation.gov.uz) ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
3. Мазкур Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан жамоатчилик муҳокамаси муддати 2023 йил 10 октябрдан 2023 йил 24 октябргача этиб белгилансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси:
Конституциявий қонун лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси давомида келиб тушган таклиф ва мулоҳазаларни ҳисобга олиш, умумлаштириш, ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш бўйича ишларни олиб борсин;
келиб тушган тузатишларни ҳисобга олган ҳолда мазкур Конституциявий қонун лойиҳасини бир ой ичида маромига етказсин ва иккинчи ўқишда Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 10 октябрь,
3566-IV-сон