Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Халқаро шартномага қўшилиш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасига мувофиқ:
1. 1999 йил 17 июнь куни Лондон шаҳрида имзоланган Трансчегаравий очиқ сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ҳамда фойдаланиш тўғрисида 1992 йилдаги Конвенциянинг Сув ва саломатлик муаммолари бўйича баённомасига қўшилинсин.
2. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси мазкур халқаро шартноманинг амалга оширилиши учун масъул бўлган ваколатли орган этиб белгилансин.
3. Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг мазкур халқаро шартномага қўшилганлиги ҳамда уни амалга оширишга масъул бўлган ваколатли орган тўғрисида депозитарийга тегишли билдиришнома юборсин.
4. Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга киргандан кейин унинг қоидалари бажарилиши устидан белгиланган тартибда назоратни таъминласин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2023 йил 9 ноябрь,
ПҚ-362-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.11.2023 й., 07/23/362/0850-сон)