Ўзбекистон Республикаси Олий Суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг
Қарори
Биринчи инстанцияда ишни кўрган судья — Ж. ЮСУПОВ
Апелляция инстанциясида маърузачи судья — У. ЭШҚОБИЛОВ
Кассация инстанциясида маърузачи судья — В. САТТОРОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Б. Сайфуллаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Р. Сагатов ва В. Сатторовадан иборат таркибда, Б. Жўраевнинг котиблигида, даъвогар «РK» МЧЖ вакили Р.С (2023 йил 5 январдаги ишончнома асосида)нинг иштирокида, даъвогарлар «KП» МЧЖнинг таъсисчилари «РK» МЧЖ, Р.И.Н, Р.Ф.Мнинг жавобгар В.Р «KП» МЧЖнинг таъсисчилар сафидан чиқариш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 22 июндаги ҳал қилув қарори ва Самарқанд вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 8 августдаги қарори устидан даъвогарлар томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
«KП» МЧЖнинг таъсисчилари «РK» МЧЖ (бундан буён матнда даъвогар МЧЖ деб юритилади), Р.И.Н (бундан буён матнда даъвогар И.Р деб юритилади) ва Р.Ф.М (бундан буён матнда даъвогар Ф.Р деб юритилади)лар «KП» МЧЖ (бундан буён матнда жавобгар МЧЖ деб ҳам юритилади) ва В.Р (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)га нисбатан Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгарни «КП» МЧЖнинг таъсисчилари сафидан чиқаришни сўраган.
Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 22 июндаги ҳал қилув қарори билан даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган.
Самарқанд вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 8 августдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Мазкур суд қарорларидан норози бўлиб, даъвогарлар кассация шикояти билан мурожаат қилиб, уларни бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда биринчи инстанция суди даъво талабларини рад қилишга жавобгар Р.В жамият таъсисчиси сифатида ўз мажбуриятларини қўпол бузаётганлиги ёхуд ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан жамиятнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётганлиги ёки уни жиддий тарзда қийинлаштираётганлиги муайян далиллар асосида исботлаб берилмаганлигини асос қилиб келтирганлиги, ушбу асослар иш ҳолатларига мос келмаслиги, қонунчилик ҳужжатлари таъсис ҳужжатлари жамиятнинг барча иштирокчилари томонидан имзоланиши талаб қилиши сабабли жамият унинг таъсис ҳужжатларини қайта рўйхатдан ўтказиб билмаганлиги, жавобгарнинг йўқлиги сабабли жамиятнинг устав фондидаги улушларни қайта тақсимлаш билан боғлиқ таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларни қайта рўйхатдан ўтказиш имкони бўлмаганлигини кўрсатган.
Даъвогарлар И.Р ва Ф.Р судга ариза тақдим этишиб, ишни вакил иштирокисиз кўриб чиқишни сўрашган.
Жавобгарлар суд муҳокамаси вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинган бўлса-да, унинг вакили суд мажлисига келмади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, ишни даъвогарлар И.Р, Ф.Р ва жавобгарлар вакиллари иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади.
Суд мажлисида иштирок этган даъвогар МЧЖ вакили кассация шикоятида келтирилган важларни такрорлаб, биринчи ва апелляция инстанцияси суди томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ ўрганилмаганлигини билдириб, иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжатларини бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўради.
Судлов ҳайъати, даъвогар вакилининг тушунтиришларини тинглаб, кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга асосан кассация шикоятини қаноатлантиришни лозим топади.
Ишдаги ҳужжатларга кўра, «KП» масъулияти чекланган жамияти уставига 2015 йил 24 мартда киритилган ўзгартиришга мувофиқ, унинг устав фонди 46 316 600 сўмни ташкил этиб, иштирокчиларнинг улуши қуйидагича, яъни «РК» МЧЖ 28 468 000 сўм — 61,46 фоиз, Р.И.Н 10 184 900 сўм — 21,99 фоиз, Р.Ф.М 6 463 600 сўм — 13,96 фоиз, В.Р 18 700 сўм — 0,04 фоиз ва 28 та жисмоний шахс 1 181 400 сўм — 2,55 фоиз билан тақсимланган. Уставга киритилган мазкур ўзгартиришлар 2015 йил 7 апрелда Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциясида рўйхатга олинган.
2023 йил февраль ойида 28 та жисмоний шахсларнинг улушлари олди-сотди шартномаларига асосан МЧЖ иштирокчиси И.Р томонидан сотиб олинган.
Шунга кўра, МЧЖ таъсисчиларининг 2023 йил 28 февралдаги 1-сонли ва 2023 йил 29 мартдаги 2-сонли умумий йиғилиш қарорига асосан МЧЖ таъсисчилари «РK» МЧЖ 28 468 000 сўм 61,46 фоиз, Р.И.Н 11 366 300 сўм 24,54 фоиз, Р.Ф.М 6 463 600 сўм 13,96 фоиз, В.Р. 18 700 сўм 0,04 фоиз таркибда шакллантирилган ва таъсис ҳужжатларини янги таҳрирда давлат рўйхатидан ўтказиш белгиланган.
Каттақўрғон шаҳар Адлия бўлими Давлат хизматлари марказининг 2023 йил 12 апрелдаги 1/1-3/18-сонли жавоб хати билан таъсис ҳужжатлари барча иштирокчилар имзоламаганлиги сабабли МЧЖни қайта давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги мурожаати рад этилган ва МЧЖ таъсисчилар таркибидаги таъсисчининг ҳиссаси бўйича тегишли тартибда мерос иши очилиши ёки таъсисчилар таркибидан чиқариш бўйича судга мурожаат қилиш тушунтирилган.
Шундан сўнг, МЧЖ таъсисчиларининг 2023 йил 16 майдаги умумий йиғилиш қарори билан Р.Вни МЧЖ таъсисчилар сафидан чиқариш учун судга даъво аризаси бериш ҳақида қарор қабул қилинган.
Шу сабабли, даъвогарлар томонидан жавобгарни МЧЖ таъсисчилари сафидан чиқариш ҳақида даъво аризаси билан судга мурожаат қилинган.
«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) 8-моддасининг иккинчи қисмига кўра, жами улушлари жамият устав фондининг (устав капиталининг) камида ўн фоизини ташкил этадиган жамият иштирокчилари ўз мажбуриятларини қўпол бузаётган ёхуд ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан жамиятнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётган ёки уни жиддий тарзда қийинлаштираётган иштирокчини жамиятдан суд тартибида чиқарилишини талаб қилишга ҳақлидирлар.
Шунингдек, жамият Уставининг 16.2-бандида жами улушлари жамият устав фондининг камида ўн фоизини ташкил этадиган жамият иштирокчилари ўз мажбуриятларини қўпол бузаётган ёхуд ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан жамиятнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётган ёки уни жиддий тарзда қийинлаштираётган иштирокчини жамиятдан суд тартибида чиқарилишига ҳақлидирлар деб белгиланган.
Каттақўрғон шаҳар, Қўшховуз МФЙ ходимлари ва жамият вакили иштирокида 2023 йил апрель ойида (санаси кўрсатилмаган) тузилган далолатномага кўра, В.Р ва унинг оиласи 2011 йилдан буён Каттақўрғон шаҳри, Навоий кўчаси, 209/4-уйда яшамаслиги, Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетганлиги ва манзили ноаниқлиги кўрсатилган.
Судлов ҳайъати биринчи инстанция судининг таъсисчи В.Р. Россия давлатига кетганлиги ёхуд вафот этганлиги уни жамият таъсисчилар сафидан чиқариш учун асос бўлмаслиги ҳақидаги хулосаси билан келишмайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сон қарори билан тасдиқланган «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 40-бандига кўра, таъсис ҳужжатлари барча иштирокчилар томонидан имзоланмаганда, акциядорлик жамиятлари бундан мустасно, давлат рўйхатидан ўтказишни, қайта рўйхатдан ўтказишни рад этиш учун асос бўлади.
Жавобгар ўзининг яшаш жойи ёки у билан боғланиш учун зарур бўлган маълумотлар ҳақида жамиятни хабардор қилмасликка қаратилган ҳаракатсизликлари билан жамиятнинг фаолият кўрсатишини жиддий тарзда қийинлаштирган. Яъни, жамиятнинг 2023 йил 28 февраль ва 2023 йил 29 март кунлари бўлиб ўтган умумий йиғилишларида жавобгар иштирокини таъминлаш имкони бўлмаган. Натижада жавобгар томонидан умумий йиғилиш баённомалари имзоланмаган. Шу сабабли, Каттақўрғон шаҳар адлия бўлими Давлат хизматлари маркази томонидан жамиятнинг таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш рад этилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг «Иқтисодий судлар томонидан корпоратив низоларни ҳал этишнинг айрим масалалари тўғрисида» 2014 йил 20 июндаги 262-сонли қарори 19-бандининг иккинчи хатбошисида судлар иштирокчини жамиятдан чиқариш тоифасидаги ишларни кўришда жавобгар ўз мажбуриятларини қўпол бузаётганлиги, ёхуд ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан жамиятнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётганлиги ёки уни жиддий тарзда қийинлаштираётганлиги ҳолатлари мавжудлигини аниқлашлари лозимлиги ҳақида тушунтириш берилган.
Шунга кўра, биринчи инстанция суди даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш, апелляция инстанцияси суди эса ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида нотўғри хулосага келган.
ИПК 302-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига кўра, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
ИПК 301-моддасининг 2-бандида кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгартиришга ёки бекор қилишга ва ишни янгидан кўриб чиқиш учун юбормасдан, янги қарор қабул қилишга ҳақлилиги белгиланган.
ИПК 118-моддасининг саккизинчи қисмига кўра ишда иштирок этувчи шахсларнинг суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги келишувига кўра, суд ушбу келишувга мувофиқ ҳал қилув қарорини қабул қилади.
Ишни биринчи, апелляция ва кассация инстанцияси учун даъвогар томонидан тўланган суд харажатлари унинг розилиги асосида унинг зиммасида қолдирилади.
Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301 — 303 ва 343-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қарор қилади:
«КП» МЧЖнинг таъсисчилари «РK» МЧЖ, Р.И.Н, Р.Ф.Мнинг кассация шикояти қаноатлантирилсин.
Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 22 июндаги ҳал қилув қарори ва Самарқанд вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 8 августдаги қарори бекор қилинсин.
Янги қарор қабул қилинсин.
«КП» МЧЖнинг таъсисчилари «РK» МЧЖ, Р.И.Н, Р.Ф.Мнинг В.Рни «KП» МЧЖнинг таъсисчилар сафидан чиқариш тўғрисидаги даъво талаби тўлиқ қаноатлантирилсин.
В.Р «KП» МЧЖнинг таъсисчилар сафидан чиқарилсин.
Суд харажатлари «РK» МЧЖ зиммасида қолдирилсин.
Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи Б. САЙФУЛЛАЕВ
ҳайъат аъзолари Р. САГАТОВ
В. САТТОРОВА
Тошкент ш.,
2023 йил 19 октябрь,
4-1402-2301/1010-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг
қарори
(хулоса қисми)
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Б. Сайфуллаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Р. Сагатов ва В. Сатторовадан иборат таркибда, Б. Жўраевнинг котиблигида, даъвогар «РК» МЧЖ вакили Р.С (2023 йил 5 январдаги ишончнома асосида)нинг иштирокида, даъвогарлар «KП» МЧЖнинг таъсисчилари «РK» МЧЖ, Р.И.Н, Р.Ф.Мнинг жавобгар В.Р. «KП» МЧЖнинг таъсисчилар сафидан чиқариш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 22 июндаги ҳал қилув қарори ва Самарқанд вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 8 августдаги қарори устидан даъвогарлар томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301 — 303 ва 343-моддаларини қўллаб, қарор қилади:
«KП» МЧЖнинг таъсисчилари «РK» МЧЖ, Р.И.Н, Р.Ф.Мнинг кассация шикояти қаноатлантирилсин.
Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 22 июндаги ҳал қилув қарори ва Самарқанд вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 8 августдаги қарори бекор қилинсин.
Янги қарор қабул қилинсин.
«KП» МЧЖнинг таъсисчилари «РК» МЧЖ, Р.И.Н, Р.Ф.Мнинг В.Рни «KП» МЧЖнинг таъсисчилар сафидан чиқариш тўғрисидаги даъво талаби тўлиқ қаноатлантирилсин.
В.Р. «KП» МЧЖнинг таъсисчилар сафидан чиқарилсин.
Суд харажатлари «РK» МЧЖ зиммасида қолдирилсин.
Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи Б. САЙФУЛЛАЕВ
ҳайъат аъзолари Р. САГАТОВ
В. САТТОРОВА