Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг
Қарори
Биринчи инстанция судида ишни кўрган судья — Б. Ҳайитбоев
Апелляция инстанциясида маърузачи судья — И. Тешаев
Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати И. Тешаев раислигида, ҳайъат аъзолари М. Курбанов ва М. Бобоназаровдан иборат таркибда, судья катта ёрдамчиси Р. Умаровнинг котиблигида, Шовот туманлараро иқтисодий судининг 4-2202-2301/918-сонли иқтисодий иши доирасида 2023 йил 04 сентябрда қабул қилинган экспертиза тайинлаш ва иш юритишни тўхтатиб туриш ҳақидаги ажримига нисбатан Б.А.О томонидан берилган апелляция шикоятини тарафлардан даъвогардан вакил А.Б, адвокат М.Д (2023 йил 10 августдаги 000062-сонли ордер ва 2023 йил 14 августдаги нотариал тасдиқланган ишончномага асосан), жавобгар «Ggt» масъулияти чекланган жамиятидан вакил Ф.Н (2023 йил 08 августдаги 505-сонли ишончномага асосан) иштирокида, вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати биносидаги очиқ суд мажлисида иш ҳужжатлари билан биргаликда кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
Б.А.О (бундан буён матнда — даъвогар деб юритилади) Шовот туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Ggt» масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда — жавобгар деб юритилади) ва қўшимча жавобгар И.Ж.П (бундан буён матнда — жавобгар деб юритилади)га нисбатан «Ggt» масъулияти чекланган жамиятининг навбатдаги (ёки навбатдан ташқари) умумий йиғилишини ўтказиш мажбуриятини юклаш ва ўтказиладиган умумий йиғилишга кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар рўйхатини суд тартибида кун тартибига киритиш мажбуриятини юклашни сўраган.
Шовот туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 04 сентябрдаги ажрими билан мазкур низо бўйича экспертиза тайинланган ва иш юритиш тўхтатиб турилган.
Шовот туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 04 сентябрдаги экспертиза тайинлаш ва иш юритишни тўхтатиб туриш ҳақидаги ажримига нисбатан норози бўлиб Б.А.О томонидан апелляция шикояти берилган ва унга кўра ажримни бекор қилиб, ушбу иш бўйича иш юритишни тиклаш сўралган.
Суд мажлисида иштирок этган даъвогар вакиллари апелляция шикояти қўллаб қувватлаб, иш юзасидан барча ҳужжатлар биринчи инстанция судига тўлиқ тақдим қилинганлигини ва ушбу иш бўйича экспертиза тайинлаш ва иш юритиш тўхтатиб туриш мумкин эмаслигини маълум қилиб, мазкур иш юзасидан қабул қилинган экспертиза тайинлаш ва иш юритишни тўхтатиб туриш ҳақидаги ажримини бекор қилишни ва иш юритишни тиклашни сўрашди.
Суд мажлисида иштирок этган жавобгар вакили даъвогарнинг апелляция шикояти асоссиз киритилганлигини билдириб, апелляция шикояти бўйича иш юритишни тугатишни сўради.
Бугунги суд мажлисининг жойи ва вақти тўғрисида қўшимча жавобгар белгиланган тартибда хабардор қилинган бўлса-да, ишда иштирок қилмади.
Бу ҳолда судлов ҳайъати, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 274-моддасининг тўртинчи қисмига асосан ишни қўшимча жавобгар вакили иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади.
Судлов ҳайъати, тарафлар вакилларининг тушунтиришини тинглаб, апелляция шикоятида баён этилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра апелляция шикоятини биринчи инстанция суди ажримнинг экспертиза тайинлаш қисми бўйича иш юритишни тугатишни ҳамда ажримнинг иш юритишни тўхтатиб туриш қисми бўйича эса апелляция шикоятини рад қилишни лозим деб топади.
Иш ҳужжатларидан маълум бўлишича, биринчи инстанция судининг 2023 йил 04 сентябрдаги ажрими билан ушбу низо юзасидан низога аниқлик киритиш ва иш ҳолатларига тўлиқ баҳо бериш мақсадида экспертиза тайинланиб, ушбу низо юзасидан экспертиза хулосаси олингунига қадар иш юритиш тўхтатиб турилган.
Даъвогар жавобгарнинг жамиятида ушбу даврларда масъул лавозимларда ишлаганлигини, ҳозирги даъво талаблари юзасидан қайта экспертиза ўтказишга асос йўқлигини, чунки илгари «P» МЧЖ нодавлат экспертизаси томонидан 2020 йил 13 ноябрда жавоб хати ва 2020 йил 28 сентябрдаги №1-сонли битим юзасидан тегишли тартибда экспертиза ўтказилганлигини, ушбу жавоб хати ва битимнинг асли нусхалари ўзида сақланаётганлигини, экспертиза тайинланган тақдирда ўзи тегишли ҳужжатларни аслини экспертизага топширишини, қайта экспертиза тайинланишига қарши эканлигини, даъвони тўлиқ қаноатлантириш кераклиги билдирилган.
Шунингдек, биринчи инстанция судида жавобгар ва қўшимча жавобгар вакиллари томонидан ушбу ҳолатларга қонуний баҳо бериш ва ҳужжатларнинг расмийлаштирилишида кетма-кетлик тартибига риоя қилинганлиги ҳолатларига ҳам баҳо бериш ва тегишли тартибда экспертнинг хулосаси олиниши кераклиги ҳақида маълум қилинган.
Шунга кўра, биринчи инстанция суди томонидан низо юзасидан экспертиза ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳ. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказига экспертиза тайинланган ва иш юритиш тўхтатилган.
Ишни ҳал этишда биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ аниқлаб, у томонидан аниқланган деб ҳисобланган ҳолатлар исботлангани ҳамда процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллагани ҳолда экспертиза тайинлаш ва иш юритишни тўхтатиб туриш ҳақида тўғри хулосага келган.
ИПКнинг 80-моддаси, 1-қисмига кўра, ишни кўриш вақтида юзага келадиган, фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билимларни талаб қиладиган масалаларни тушунтириб бериш учун суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра ёки розилиги билан экспертиза тайинлайди. Агар экспертизани тайинлаш қонунда белгилаб қўйилган ёки шартномада назарда тутилган бўлса ёхуд тақдим этилган далилнинг қалбакилаштирилганлиги тўғрисидаги аризани текшириш ёхуд қўшимча экспертиза тайинлаш зарур бўлса, суд экспертизани ўз ташаббуси билан тайинлаши мумкинлиги белгилаб қўйилган.
Ушбу Кодекснинг 82-соддаси, 1-қисмига кўра, қўшимча экспертиза эксперт (экспертлар комиссияси) хулосасидаги бўшлиқларни тўлдириш учун тайинланади ва шу ёки бошқа эксперт (экспертлар комиссияси) томонидан ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2014 йил 20 июндаги «Иқтисодий судлар томонидан экспертизага оид қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 261-сонли Қарорининг 8.3 бандига кўра, ИПК 80-моддаси иккинчи ва учинчи қисмларига кўра ишда иштирок этувчи шахслар судга эксперт томонидан тушунтириш берилиши лозим бўлган саволларни тақдим этишга ва ўзлари кўрсатган шахсларни эксперт сифатида жалб этиш ёки экспертизани муайян экспертиза муассасасида ўтказиш ҳақида илтимоснома билан мурожаат қилишга ҳақли. Экспертиза ўтказилиши зарур бўлган масалалар доираси ва мазмуни суд томонидан белгиланади. Ишда иштирок этувчи шахслар томонидан тақдим этилган саволлар рад этилган тақдирда, суд рад этиш сабабларини ажримда асослантириб бериши шарт.
Шунингдек, ушбу Пленум Қарорининг 9-бандига 1-қисмига кўра, ИПК 102-моддасининг 1-бандига мувофиқ экспертиза тайинланган ҳолларда иқтисодий суд иш юритишни тўхтатиб туришга ҳақли. Бу ҳақда алоҳида чиқарилган ажримда ёки экспертиза тайинлаш ҳақидаги ажримда кўрсатилиши мумкин.
Бундан ташқари, мазкур Пленум Қарорининг 9-банди, 2-қисмига кўра, ИПКда экспертиза тайинлаш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) назарда тутилмаганлиги муносабати билан судлар шуни инобатга олиши лозимки, экспертиза тайинлаш тўғрисидаги ажримда иш юритишни тўхтатиб туриш ҳам кўрсатилган бўлиб, ушбу ажрим устидан шикоят берилган (протест келтирилган) бўлса, шикоят (протест)нинг фақат иш юритишни тўхтатиб туришга оид қисми кўриб чиқилади. Агар шикоят (протест) суд ажримининг экспертизани тайинлашга оид қисми устидан берилган бўлса, уни қабул қилиш ИПК 268-моддаси биринчи қисмининг 2-банди ёки 291-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан рад этилади. Агар ариза (протест) иш юритишга қабул қилинган бўлса, у бўйича иш юритиш ИПК 273-моддаси биринчи қисмининг 1-банди ёки 296-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан, шикоят (протест) кўриб чиқилаётган суд инстанциясида тугатилади.
ИПКнинг 273-моддаси биринчи қисми, 1-бандига асосан, апелляция шикояти (протести) ушбу Кодексга мувофиқ апелляция тартибида шикоят қилинмайдиган ажрим устидан берилган ва у апелляция инстанцияси суди томонидан хатога йўл қўйилиб, иш юритишга қабул қилинган бўлса апелляция инстанцияси суди апелляция шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиши белгиланган.
Шунга кўра, судлов ҳайъати апелляция шикоятининг биринчи инстанция судининг экспертиза тайинлаш қисми бўйича апелляция инстанцияси судида иш юритишни тугатишни лозим деб топди.
ИПК 281-моддасининг учинчи қисмига асосан биринчи инстанция судининг қарори, ажрими устидан берилган шикоятни (протестни) кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидагиларга ҳақли:
1) қарорни, ажримни ўзгаришсиз қолдиришга;
2) қарорни, ажримни ўзгартиришга ёхуд бекор қилишга;
3) даъво аризасини қабул қилишни рад этиш, даъво аризасини қайтариш, даъво аризасини кўрмасдан қолдириш, иш юритишни тугатиш, иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги ажримни бекор қилишга ва даъво аризасини, ишни биринчи инстанция судида кўриб чиқиш учун юборишга ҳақли.
Шунга кўра, апелляция судлов ҳайъати апелляция шикоятини биринчи инстанция суди ажримининг иш юритишни тўхтатиб туриш ҳақидаги қисми бўйича апелляция шикоятини рад қилишни ҳамда ажримнинг ушбу қисмини ўзгаришсиз қолдиришни лозим деб топади.
Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунининг 5-моддасида экспертиза тайинлаш ва иш юритишни тўхтатиб туриш ҳақидаги ажримига нисбатан апелляция шикояти беришда давлат божи тўланиши назарда тутилмаган.
Мазкур ҳолатда судлов ҳайъати, даъвогар томонидан олдиндан тўланган 33.000 сўм почта харажатини инобатга олишни ва ўзининг зиммасида қолдиришни ҳамда даъвогар томонидан олдиндан нотўғри тўлаб чиқилган 3.300.000 сўм давлат божини қайтаришни ва бу тўғрисида даъвогарга алоҳида тартибда маълумотнома беришни лозим топади.
Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси 80, 102, 118, 273, 274, 276-278, 280-281-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қарор қилди:
Шовот туманлараро иқтисодий судининг 4-2202-2301/918-сонли иқтисодий иши доирасида 2023 йил 04 сентябрда қабул қилинган ажримининг экспертиза тайинлаш қисми бўйича апелляция инстанцияси судида иш юритиш тугатилсин ҳамда ажримнинг иш юритишни тўхтатиб туриш ҳақидаги қисми бўйича апелляция шикояти рад қилинсин ҳамда ажримнинг ушбу қисми ўзгаришсиз қолдирилсин.
Почта харажати тўланганлиги инобатга олинсин.
Даъвогар томонидан апелляция шикояти беришда олдиндан тўлаб чиқилган 3.300.000 сўм давлат божи қайтарилсин ва бу тўғрисида алоҳида тартибда маълумотнома берилсин.
Қарор қабул қилинган пайтдан қонуний кучга киради.
Ушбу қарорга нисбатан у қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кассация шикояти берилиши (протест келтирилиши) мумкин.
Раислик этувчи И. ТЕШАЕВ
ҳайъат аъзолари М. КУРБАНОВ
М. БОБОНАЗАРОВ
Урганч ш.,
2023 йил 18 октябрь,
4-2202-2301/918-сон