Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг
Қарори
Биринчи инстанция судида ишни кўрган судья — М. Қазақов
Апелляция инстанция судида маърузачи судья — М. Курбанов
Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати М. Курбанов раислигида, ҳайъат аъзолари М. Бобоназаров ва В. Қазақовдан иборат таркибда, судья катта ёрдамчиси В. Қўшназаров котиблигида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Хоразм вилоят ҳудудий бошқармасининг даъвогар «ITBQ» масъулияти чекланган жамияти манфаатида, жавобгарлар Ж.П.Р, М.К.Р, С.А, И.Х.М, Л.Б.Х, О.У, А.Кни «УХ» масъулияти чекланган жамияти иштирокчилари сафидан чиқариш тўғрисидаги даъво аризаси асосида қўзғатилган 4-2201-2302/2516-сонли иқтисодий иш доирасида 2023 йил 1 августда қабул қилинган ҳал қилув қарорига нисбатан «ITBQ» масъулияти чекланган жамияти томонидан берилган апелляция шикоятини тарафлардан даъвогар «ITBQ» масъулияти чекланган жамияти вакили Ш.К (2023 йил 13 июндаги 48-сонли ишончнома асосида), жавобгарлар С.Анинг меросхўри С.М.Х вакили Н.С (2023 йил 31 майдаги нотариал тасдиқланган ишончнома асосида), О.У, А.К иштирокида ўз биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
Ўзбекистон савдо-саноат палатаси Хоразм вилоят худудий бошқармаси «ITBQ» масъулияти чекланган жамияти манфаатида, Урганч туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгарлар Ж.П.Р, М.К.Р, С.А, И.Х.М, Л.Б.Х, О.У, А.К.ни «УХ» масъулияти чекланган жамияти иштирокчилари сафидан чиқаришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2023 йил 17 июлдаги ажрими билан жавобгар С.А, ҳуқуқий ворис С.М.Х билан алмаштирилган.
Биринчи инстанция судининг 2023 йил 24 июлдаги ажрими билан ишга жавобгар сифатида «УХ» масъулияти чекланган жамияти жалб этилган.
Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 1 августдаги ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган.
Ҳал қилув қарорига нисбатан «ITBQ» масъулияти чекланган жамияти томонидан апелляция шикояти берилиб, унда ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва даъвони қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилиш сўралган.
Суд мажлисида иштирок этган даъвогар вакили апелляция шикоятини қаноатлантириб, ҳал қилув қарорини бекор қилишни ва даъвони рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўрадилар.
Суд мажлисида иштирок этган жавобгарлар апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этиб, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни сўрадилар.
Суд мажлисининг жойи ва вақти тўғрисида белгиланган тартибда хабардор қилинган Ўзбекистон савдо-саноат палатаси Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси ва қолган жавобгарлар вакиллари суд мажлисига келмадилар.
Бу ҳолда судлов ҳайъати, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси 274-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ, ишни улар иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади.
Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, апелляция шикоятида баён этилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра ҳал қилув қарорини бекор қилишни ва даъвони кўрмасдан қолдиришни лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармаларининг палата аъзоси манфаатларини кўзлаб берилган даъво аризаси (аризаси)га Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва даъвогар ўртасида тузилган аъзолик шартномаси ҳамда гувоҳномаси илова қилиниши лозим. Мазкур талабга риоя қилинмаганда даъво аризаси (ариза) ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига мос ҳолда қайтарилади, агар ушбу ҳолат даъво аризаси иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, даъво аризаси (ариза) ИПК 107-моддасининг 3-бандига мос ҳолда кўрмасдан қолдирилади.
Палатага аъзолик тўғрисидаги гувоҳнома муддати тугаганлиги аниқланган тақдирда, даъво аризаси (ариза) ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан қайтарилиши, бу ҳолат даъво аризаси (ариза) иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, даъво аризаси (ариза) ИПК 107- моддасининг 3-бандига мос ҳолда кўрмасдан қолдирилиши лозим.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2019 йил 24 майдаги «Биринчи инстанция суди томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 13-сонли қарори 28-бандининг бешинчи ва олтинчи хатбошиларида тушунтириш берилган.
Мазкур иш доирасида даъво аризаси Ўзбекистон савдо-саноат палатаси Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан «ITBQ» масъулияти чекланган жамияти манфаатида такдим этилган бўлса-да, иш ҳужжатларида «ITBQ» масъулияти чекланган жамиятининг палатага аъзолик шартномаси ҳамда гувоҳномаси илова қилинмаган.
Бундан ташқари, даъво аризаси судга 2023 йил 19 июнда кирим қилинган бўлса-да, Ўзбекистон савдо-саноат палатасининг www.chamber.uz веб-сайтидан аниқланишича Ўзбекистон савдо-саноат палатаси ва «ITBQ» масъулияти чекланган жамияти ўртасидаги палатага аъзолик шартномаси 2023 йил 7 августда тузилиб, гувоҳнома ҳам худди шу куни берилган.
Биринчи инстанция суди юқорида қайд этилган Пленум қарори тушунтиришларидан келиб чиқиб, ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан қайтариши ва/ёки бу ҳолат даъво аризаси (ариза) иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, даъво аризаси (ариза) ИПК 107-моддасининг 3-бандига мос ҳолда кўрмасдан қолдириши лозим бўлган бўлса-да, ишни мазмунан кўриб чиқиб, хатоликка йўл қўйган.
Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси 279-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:
1) иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги;
2) суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги;
3) ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги;
4) моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги.
Ушбу кодекс 278-моддасининг 4-бандига мувофиқ, апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва иш юритишни тугатишга ёхуд даъвони тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдиришга ҳақли.
Юқорида қайд этилганларга асосан судлов ҳайъати Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 1 августдаги ҳал қилув қарорини бекор қилиб даъвони кўрмасдан қолдиришни лозим топади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси 118-моддасига мувофиқ, «ITBQ» масъулияти чекланган жамиятидан ишни биринчи инстанция судида кўриш билан боғлиқ 3 300 000 сўм давлат божи ундирилиб, апелляция шикояти берилишида ихтиёрий тўланган 1 650 000 сўм давлат божи, ҳар иккала инстанция учун тўланган 66 000 сўм почта харажати тўлиқ ҳажмда «ITBQ» масъулияти чекланган жамияти зиммасида қолдирилади.
Чунки, давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат органлари ҳамда бошқа шахслар юридик шахслар ва фуқароларнинг манфаатида киритган даъво аризалари (аризалар) кўрмасдан қолдирилганда ёки иш юритиш тугатилганда давлат божи манфаати кўзланиб даъво киритилган даъвогарлардан ундирилади, бунда «Давлат божи тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддасига кўра, даъво кўрмасдан қолдирилган ёки иш юритиш тугатилган ҳоллар мустасно.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2020 йил 19 декабрдаги «Иқтисодий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида»ги 36-сонли қарори 17-бандининг тўртинчи хатбошисида тушунтириш берилган.
Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси 107, 118, 274, 276 — 280-моддаларини кўллаб, судлов ҳайъати қарор қилади:
Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 1 августдаги ҳал қилув қарори бекор қилинсин.
Ўзбекистон савдо-саноат палатаси Хоразм вилоят ҳудудий бошқармасининг «ITBQ» масъулияти чекланган жамияти манфаатида жавобгарлар Ж.П.Р, М.К.Р, С.А, И.Х.М, Л.Б.Х, О.У, А.Кни «УХ» масъулияти чекланган жамияти иштирокчилари сафидан чиқариш ҳақидаги даъво аризаси кўрмасдан қолдирилсин.
«ITBQ» масъулияти чекланган жамиятидан республика бюджетига ишни биринчи инстанция судида кўриш билан боғлиқ 3 300 000 сўм давлат божи ундирилсин.
Апелляция шикояти берилишида 1 650 000 сўм давлат божи, ҳар иккала инстанция учун 66 000 сўм почта харажати тўланганлиги инобатга олинсин ва «ITBQ» масъулияти чекланган жамияти зиммасида қолдирилсин.
Ижро варақаси берилсин.
Апелляция шикояти қисман қаноатлантирилсин.
Қарорга нисбатан у қабул қилинган пайтдан бошлаб бир йил муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикояти берилиши (протест келтирилиши) мумкин.
Раислик этувчи М. КУРБАНОВ
Ҳайъат аъзолари М. БОБОНАЗАРОВ
В. ҚАЗАҚОВ
Урганч ш.,
2023 йил 16 октябрь,
4-2201-2302/2516-сон