ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
ҚарорИ
Биринчи инстанцияда ишни кўрган судья — Р. Бердияров
Апелляция инстанциясида маърузачи судья — Б. Сайфуллаев
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судья Б. Сайфуллаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар Р. Сагатов ва В. Сатторовадан иборат таркибда, З. Қодировнинг котиблигида, «NN» АҚШ компанияси раҳбари О. Ж, вакили С. П (2023 йил 10 июлдаги 07-сонли ордер асосида), жавобгар «NС» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонаси ва жамият таъсисчиси Н. Ш. вакили Л. Ц (2023 йил 1 июндаги 177-сонли ва 27 сентябрдаги 191-сонли ордер(лар) ҳамда 2022 йил 18 октябрдаги ишончнома асосида), қўшимча жавобгар «NC» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонаси вакили Л. Ц (2022 йил 18 октябрдаги ишончнома асосида)нинг иштирокида, даъвогар «NN» (АҚШ, Нью-Жерси) компаниясининг жавобгар масъулияти чекланган жамияти шаклидаги «NС» қўшма корхона иштирокчиси Ш. Н нижамият иштирокчилари сафидан чиқариш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган иқтисодий иш юзасидан қабул қилинган Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 31 июлдаги ҳал қилув қарори устидан «NN» компанияси томонидан берилган апелляция шикояти асосида ишни Олий суднинг биносида ўтказилган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
Масъулияти чекланган жамияти шаклидаги «NС» қўшма корхонаси (бундан буён матнда МЧЖ ёки жамият деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1995 йил 19 майда 000033-сон реестр рақами билан давлат рўйхатига олинган бўлиб, жамиятнинг янги таҳрирдаги Низоми 1998 йил 21 апрелда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилган ва устав фондида Ш. Н (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)нинг улуши 5 фоиз, «NN» компанияси (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади)нинг улуши 95 фоиз этиб белгиланган.
Таъсисчиларнинг 2001 йил 4 июндаги қарорига мувофиқ қўшма корхонанинг умумий устав фонди 1109127,32 АҚШ доллари билан қайта давлат рўйхатига олинган бўлиб, низом жамғармаси иштирокчилар ўртасида қайта тақсимланган. Унга кўра, жавобгарнинг улуши 5,29 фоиз, даъвогарнинг улуши эса 94,71 фоиз этиб белгиланган.
Даъвогар судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгарни МЧЖ таъсисчилар сафидан чиқаришни сўраган.
Суднинг 2023 йил 18 июлдаги ажрими билан МЧЖ ишга қўшимча жавобгар сифатида жалб қилинган.
Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 31 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган.
Даъвогар Олий судга апелляция шикояти билан мурожаат қилган ва унда ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво талабини қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўралган. Бунга асос қилиб, шикоятда жамият Низомининг 11.6 ва 11.7-бандларида жамият фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаш, унинг режаларини ва режалар ижроси тўғрисидаги ҳисоботларини тасдиқлаш, жамият Уставини, устав фондини ўзгартириш билан боғлиқ масалалар учун қатнашчиларнинг тўртдан уч қисмидан иборат кўпчилик овози талаб этилиши, қолган масалалар юзасидан оддий кўпчилик овоз билан қарор қабул қилиниши қайд этилган бўлса-да, жамият Низомининг 11.5-бандида қатнашчилар йиғилишининг қарори агар ҳамма қатнашчилар шахсан ёки бошқа вакил қилинган шахслар орқали иштирок этганда кучга эга бўлиши белгиланганлиги, бу эса ўз навбатида Низомнинг 11.6 ва 11.7-бандларидаги талабларни инкор қилиши, шу билан бирга Н. Ш ўзининг шахсий манфаатини кўзлаб 2005 йилдан кейин ҳам жамиятга тегишли ҳужжатларни қалбакилаштириб келганлиги, хусусан Н. Ш қўшма корхона Устав фондининг 94,71 фоиз улушга эга бўлган даъвогарни тугатилганлиги ҳақида сохта ҳужжатлар тайёрлашга эришиб, ушбу ҳужжатга асосан ўзи МЧЖнинг ягона таъсисчиси сифатида 2020 йил 29 сентябрда қўшма корхона иштирокчиларининг умумий йиғилиш қарорини тайёрлаб, мазкур қарорга асосан қўшма корхонанинг асосий иштирокчиси ҳисобланган даъвогарни иштирокчилар сафидан чиқарганлиги, қўшма корхонанинг 1109127,32 АҚШ доллари миқдоридаги устав фондини асоссиз равишда 115937000 сўмга, даъвогарнинг қўшма корхона устав жамғармасидаги улушини эса 109792339 сўмга ўзгартирган ҳолда қўшма корхона ҳисобига ўтказганлиги ва ушбу ўзгартиришлар асосида қўшма корхонанинг янги таҳрирдаги Уставини 2020 йил 13 октябрда қайта рўйхатдан ўтказганлиги, мазкур ҳолат яъни, қўшма корхона Устав фондининг 94,71 фоиз улушга эга бўлган асосий иштирокчи (даъвогар)ни таъсисчиликдан чиқариб юборганлиги ҳолати тегишли далиллар билан тасдиқланганлиги, қолаверса жавобгар томонидан тайёрланган жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиш қарор(лар)и Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 8 июлдаги ҳал қилув қарори билан ҳақиқий эмас деб топилганлиги, шунингдек Тошкент туманлараро маъмурий судининг 2022 йил 2 ноябрдаги қарори билан қўшма корхонани қайта рўйхатдан ўтказилиши ҳам ҳақиқий эмас деб топилганлиги ва жамият Устави дастлабки яъни, унга 2001 йил 17 июлда киритилган ўзгартиришлар ҳолатига келтирилганлиги, Н. Ш даъвогарни МЧЖ иштирокчилари сафидан чиқариш ҳақида 2020 йил 29 сентябрда қарор қабул қилганидан сўнг ўзини жамиятнинг ягона таъсисчиси деб ҳисоблаб ўзбошимчалик билан ягона таъсисчининг 2020 йил 29 сентябрда 1-сонли қарорни чиқарган ҳолда ўзини жамиятнинг бош директори лавозимига тайинлаганлиги, ўзининг директорлик фаолияти давомида ҳам корхонани ривожлантириш учун амалда бирор-бир иш қилмаганлиги, корхона офисига келмасдан, ўзида мавжуд бўлган корхонага тегишли ҳужжатлар, корхона муҳрини шунингдек, ўзининг бошқарувида бўлган корхонага тегишли автомашиналарни топширишдан бош тортиб келганлиги, директорлик вазифасида ишлаган вақтида солиқ ҳисоботларини топширмасдан ҳисобланган 119534414 сўм миқдоридаги солиқ тўловларини тўламаганлиги сабабли 2023 йил солиқ идораси томонидан жамиятнинг ҳисоб рақами ёпиб қўйилганлиги ва корхонанинг мол-мулкларига тақиқ қўйилганлиги, биринчи инстанция суди қайд этилган ҳолатларни инобатга олмасдан, ишни бир томонлама кўриб чиққанлиги ва адолатсиз қарор қабул қилиб, хатоликка йўл қўйганлиги, қолаверса суд муҳокамасига Н. Ш нинг иштирокини таъминлаш чоралари кўрилмасдан, фақатгина судда иштирок этган вакилининг важлари инобатга олинган ҳолда қарор қабул қилганлиги ва суднинг хулосаси асослантириб берилмаганлиги келтирилган.
Суд мажлисида иштирок этган даъвогар вакиллари апелляция шикоятида келтирилган важларни такрорлаб, шикоятни қўллаб-қувватлаб, уни қаноатлантиришни ва ҳал қилув қарорини бекор қилиб, жавобгарни жамият таъсисчилари сафидан чиқариш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўрашди.
Суд мажлисида ишда иштирок этган МЧЖ ҳамда жавобгар вакили апелляция шикояти юзасидан эътироз билдириб, биринчи инстанция суди иш ҳолатларини тўлиқ ўрганиб, ишдаги далилларга тегишли ҳуқуқий баҳо бериб, даъвогарнинг даъво талабига асос қилиб келтираётган ҳолатлари исботлаб берилмаганлигини инобатга олиб, даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида қонуний тўхтамга келганлиги сабабли шикоятни қаноатлантиришни рад этишни ва ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни сўради.
Судлов ҳайъати, тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан апелляция шикоятини қаноатлантиришни ҳамда биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Чилонзор тумани давлат хизматлари марказига тақдим этилган ҳужжатга кўра, МЧЖ (ИНН: 201088399) 1995 йил 19 майда 000033-сон реестр рақами билан давлат рўйхатига олинган.
МЧЖнинг янги таҳрирдаги Низоми 1998 йил 21 апрелда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилган ва устав фондида Ш. Н (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)нинг улуши 5 фоиз, «NN» компанияси (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади)нинг улуши 95 фоиз этиб белгиланган.
Даъвогар жавобгар жамият иштирокчиларидан бири бўлса-да, иштирокчилар умумий йиғилиши ваколатига берилган корхонанинг молиявий хўжалик фаолиятига оид масалаларни ҳал қилиш учун 2016-2018 йилларда ўтказилган йиғилишларнинг аксариятида қатнашмаган ёки қатнашган бўлса-да, қарор қабул қилишда қарши овоз бериб келганлиги, ушбу ҳолат жамият фаолиятига оид айрим масалаларни ҳал этилишига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиб келаётганлиги, жавобгар ўзининг қинғир, ғайриқонуний ишлари билан жамият фаолияти ва корхонанинг асосий иштирокчиси ҳисобланган даъвогарнинг манфаатларига зарар келтириладиган ҳаракатларни амалга ошириб келганлиги, жавобгар даъвогарни тугатилганлиги ҳақида сохта ҳужжатлар тайёрлашга эришиб, ушбу ҳужжатга асосан ўзи қўшма корхонанинг ягона таъсисчиси сифатида 2020 йил 29 сентябрь куни жамият иштирокчилари умумий йиғилиш қарорини тайёрлаб, ушбу қарорга асосан даъвогарни жамият иштирокчилари сафидан чиқарганлиги, қўшма корхонанинг 1109127,32 АҚШ доллари миқдоридаги Устав фондини асоссиз равишда 115937000 сўмга, даъвогарни Устав жамғармасидаги улушини эса 109792339 сўмга ўзгартирган ҳолда қўшма корхона ҳисобига ўтказганлиги ва ушбу ўзгартиришлар асосида қўшма корхонанинг янги таҳрирдаги Уставини 2020 йил 13 октябрда қайта рўйхатдан ўтказганлиги, Тошкент туманлараро маъмурий судининг 2022 йил 2 ноябрдаги қарори билан Чилонзор тумани Давлат хизматлари маркази томонидан 2020 йил 13 октябрдаги жамиятни қайта рўйхатдан ўтказилиши ҳам ҳақиқий эмас деб топилганлиги, жавобгар даъвогарни қўшма корхонанинг иштирокчилари сафидан чиқариш ҳақида 2020 йил 29 сентябрда қарор қабул қилганидан сўнг ўзини жамиятнинг ягона таъсисчиси деб ҳисоблаб, ўзбошимчалик билан жамият ягона таъсисчисининг 2020 йил 29 сентябрда 1-сонли қарорни чиқарган ҳолда ўзини жамиятнинг бош директори лавозимига тайинлаганлиги, жавобгарнинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида қўшма корхона бугунги кунда банкрот ҳолатига тушиб қолганлигини асос қилиб, судга даъво аризаси билан мурожаат этган.
Биринчи инстанция суди жамият Низомига асосан жамият фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаш, унинг режаларини ва режалар ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тасдиқлаш, жамият уставини, устав фондини ўзгартириш билан боғлиқ масалалар учун қатнашчиларнинг тўртдан уч қисмидан иборат кўпчилик овози талаб этилиши, қолган масалалар юзасидан эса оддий кўпчилик овоз билан қабул қилиниши белгиланганлиги, шунингдек жамият раҳбарини тайинлаш ва эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида жамият таъсисчиларининг умумий йиғилиш қарорлари қабул қилинганлиги ёки қарор қабул қилишга имкон бермаётганлиги ҳолати асоссизлиги ҳақида хулосага келган ва даъво талабини қаноатлантиришни рад этган.
Судлов ҳайъати, биринчи инстанция судининг хулосалари билан қуйидаги асосларга кўра келишиб бўлмайди деб ҳисоблайди.
«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) 8-моддасининг иккинчи қисмига кўра, жами улушлари жамият устав фондининг (устав капиталининг) камида ўн фоизини ташкил этадиган жамият иштирокчилари ўз мажбуриятларини қўпол бузаётган ёхуд ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан жамиятнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётган ёки уни жиддий тарзда қийинлаштираётган иштирокчини жамиятдан суд тартибида чиқарилишини талаб қилишга ҳақлидирлар.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг «Иқтисодий судлар томонидан корпоратив низоларни ҳал этишнинг айрим масалалари тўғрисида» 2014 йил 20 июндаги 262-сонли қарори 19-бандида ҳам тушунтириш берилган.
Жамият таъсисчилари томонидан 1998 йил 14 апрелда қабул қилинган Низом (бундан буён матнда Низом деб юритилади)нинг 11.5-бандида қатнашчилар йиғилишининг қарори агар ҳамма қатнашчилар шахсан ёки бошқа вакил этилган шахслар орқали иштирок этганда кучга эга бўлиши белгиланган.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, жамият қатнашчилари томонидан жамият фаолиятида муҳим аҳамиятга эга бўлган қарорларни қабул қилиш учун ўтказиладиган йиғилишларда тегишли тартибда йиғилиш ўтказиладиган куни ва вақти тўғрисида огоҳлантирилганлигига қарамасдан, жавобгар ушбу йиғилишларда мунтазам равишда иштирок этмаган ва жамиятнинг кейинги фаолиятини юритишга жиддий тўсқинлик қилган. Натижада, жавобгар томонидан жамиятга катта зарар келтирилиб, унинг иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатилиб келинган. Мазкур ҳолатлар даъвогар томонидан тақдим этилган хабарномалар, жамият қатнашчилари томонидан ўтказилган йиғилиш баённомалари ва улар томонидан тасдиқланган далолатномалар билан ўз тасдиғини топади (и.в.69,70, 90-96).
Ваҳоланки, жамиятнинг 1998 йил 14 апрелда қабул қилинган Таъсис шартномасининг 6-моддасида жамият қатнашчиларининг бир қатор мажбуриятлари санаб ўтилган бўлиб, улардан бири сифатида таъсис ҳужжатларига риоя қилиш, белгиланган тартибда жамиятга нисбатан ўзига олган мажбуриятларни бажариш ва жамиятга унинг ўз фаолиятини амалга ошириши учун кўмаклашиш каби мажбуриятлар кўрсатилган (и.в.26 — 32).
Бундан кўринадики, жавобгар томонидан таъсис шартномасида келтирилган мажбуриятлар бажарилмаган ва жавобгарнинг ҳаракатсизлиги, унинг жамият қатнашчилари йиғилишларида иштирок этмаганлиги оқибатида жамиятга жиддий зарар етказилган.
Таъсис шартномаси 11-моддасининг 11.1-бандида таъсис ҳужжатларининг қоидаларини қўпол ва бир неча марта бузган қатнашчи қатнашчилар йиғилишининг қарорига кўра, жамият таркибидан ўчирилиши (чиқарилиши) мумкинлиги белгиланган.
Жавобгарнинг жамият фаолиятига нисбатан ўз мажбуриятларини бажармаслиги, жамият манфаатларига бефарқлиги ва унинг ривожланиши учун ўз ҳиссасини қўшмаслиги жавобгар томонидан таъсис ҳужжатларининг қоидалари қўпол ва бир неча маротаба бузилган деб баҳоланади ва жавобгарни жамият таъсисчилигидан чиқариш учун етарли асос бўлиб хизмат қилади.
Шу боис даъвогарнинг аппеляция шикояти асосли бўлиб, уни қаноатлантиришни рад қилиш учун жавобгар томонидан асослантирувчи ҳужжатлар тақдим этилмади.
Гарчи, жамият Низомининг 11.6 ва 11.7-бандларида қатнашчилар устав фондидаги ўз улушларининг миқдорига мутаносиб овозлар сонига эга бўлиши ва жамият фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаш, унинг режаларини ва режалар ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тасдиқлаш, жамият уставини, устав фондини ўзгартириш билан боғлиқ масалалар учун қатнашчиларнинг тўртдан уч қисмидан иборат кўпчилик овози талаб этилиши, қолган масалалар юзасидан эса оддий кўпчилик овоз билан қабул қилиниши кўрсатилган бўлса-да, Низомнинг 11.5-бандида назарда тутилган қоида юқоридаги бандлардаги қоидаларни инкор этишга асос бўлади.
Қолаверса, жавобгар жамиятнинг асосий таъсисчиси бўлган даъвогарни гўёки тугатилган этиб кўрсатиб, сохта ҳужжатлар тайёрлаб, уни жамият таъсисчилигидан чиқариб юбориб, жамиятнинг ягона таъсисчиси сифатида ўзи фаолият юритиб, жамият фаолиятига салбий таъсир кўрсатганлигини ҳам инобатга олиш лозим. Бу эса, жавобгарнинг ўз манфаати йўлида жамият манфаатларига путур етказганлигини тасдиқлайди.
Судлов ҳайъати жавобгар вакилининг даъвогар МЧЖ иштирокчи сифатида жавобгарнинг иштирокисиз жуда кўплаб йиғилишлар ўтказганлиги, ушбу йиғилишларда тегишли қарорлар қабул қилинганлиги, ушбу қарорлар кучида эканлиги тўғрисидаги важлари даъвони қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўла олмайди. Чунки, ушбу йиғилиш қарорлари жавобгар томонидан низолашилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 278-моддасининг 2-бандида апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги қарор қабул қилишга ҳақли эканлиги белгиланган.
ИПК 279-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига кўра, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
Судлов ҳайъати биринчи инстанция суди иш ҳолатларини тўлиқ ўрганмасдан, моддий ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаган ҳолда даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида асоссиз хулосага келган деб ҳисоблайди. Шунинг учун ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилиш лозим бўлади.
ИПК 118-моддасининг биринчи ва тўққизинчи қисмларига мувофиқ суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг апелляция шикояти бериш билан боғлиқ ҳолда қилган суд харажатлари ушбу моддада баён этилган қоидаларга мувофиқ тақсимланади.
Баён этилганларга асосан, судлов ҳайъати «NN» компаниясининг апелляция шикоятини қаноатлантиришни, Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 31 июлдаги ҳал қилув қарорини бекор қилишни, даъвони қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни, ишни кўриш билан боғлиқ олдиндан тўланган суд харажатларини жавобгардан даъвогар фойдасига ундиришни лозим топади.
Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 278 — 280-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қарор қилади:
«NN» компаниясининг апелляция шикояти қаноатлантирилсин.
Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 31 июлдаги ҳал қилув қарори бекор қилинсин. Янги қарор қабул қилинсин.
«NN» компаниясининг даъво аризаси қаноатлантирилсин.
Масъулияти чекланган жамияти шаклидаги «NC» қўшма корхонаси иштирокчиси Н. Ш жамият иштирокчилигидан чиқарилсин.
Ш.Н дан «NN» компанияси фойдасига 5 016 000 сўм ундирилсин.
Ижро варақаси берилсин.
Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради ва унинг устидан кассация шикояти берилиши мумкин.
Раислик қилувчи Б. САЙФУЛЛАЕВ
ҳайъат азолари В. САТТОРОВА
Р. САГАТОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 5 октябрь,
4-10-2306/320-сон