Фарғона вилоят судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг
Қарори
Биринчи инстанцияда ишни кўрган судья — Х. Жамолиддинов
Апелляция инстанциясида маърузачи судья — М. Умматова
Фарғона вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати вилоят суди раиси ўринбосари А. Абдурахмановнинг раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар Ф. Аманов ва М. Умматовалардан иборат таркибда, судья катта ёрдамчиси С. Холиқовнинг суд мажлиси котиблигида, тарафлардан даъвогар _____ ва унинг вакили _____ (адвокат, ордер асосида), жавобгар вакиллари ____ (раҳбар, паспорт асосида), ______ (ишончнома асосида) ҳамда Фарғона шаҳар почта алоқа боғламаси мутахассиси _______ (ишончнома асосида)ларнинг иштирокида, даъвогар ________нинг жавобгар __________ масъулияти чекланган жамиятига нисбатан жамият кузатув кенгашининг 2023 йил 5 май кунги йиғилиш баёнини ҳақиқий эмас деб топиш ва фуқаро ________ни улушдорлар сафига киритиш мажбуриятини юклаш ҳамда суд харажатларини ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қабул қилинган Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 28 июль кунги ажримидан норози бўлиб, даъвогар томонидан берилган апелляция шикояти асосида ишни Фарғона вилоят суди биносида, очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
Даъвогар ______ судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар _______ масъулияти чекланган жамиятига нисбатан жамият кузатув кенгашининг 2023 йил 5 май кунги йиғилиш баёнини ҳақиқий эмас деб топиш ва фуқаро _______ни улушдорлар сафига киритиш мажбуриятини юклаш ҳамда суд харажатларини жавобгардан ундиришни сўраган.
Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 28 июль кунги ажрими билан даъво аризаси кўрмасдан қолдирилиб, суд харажатлари даъвогар зиммасида қолдирилган.
Суднинг мазкур ажримидан норози бўлиб даъвогар ______ Фарғона вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига апелляция шикояти билан мурожаат қилган.
Апелляция шикоятида, суднинг ажримидан норози эканлигини, биринчи инстанция суди томонидан даъвогар суд мaжлисининг вақти ва жойи тўғрисида қонунда белгиланган тартибда огоҳлантирилмаганлигини, хусусан Фарғона шаҳар почта алоқаси боғламаси томонидан берилган 2023 йил 9 августдаги 11-04/182-сонли маълумотномада 2023 йил 14 июль куни суд томонидан юборилган гибрид хат почтальон томонидан Фарғона шаҳар, ____ кўчаси ___-уй, ___-хонадонга бир неча маротаба олиб борилганлиги, уйда вақтинча ҳеч ким йўқлиги сабабли ушбу гибрид хат етказилмаганлиги, лекин гибрид электрон базаси орқали янглиш етказилди деб қайтарилганлиги маълум қилинганлигини билдириб, биринчи инстанция судининг 2023 йил 28 июль кунги ажримини бекор қилишни, ишни кўришни биринчи инстанция судига юборишни сўраган.
Суд мажлисида даъвогар апелляция шикоятини қўллаб-қувватлаб, унда келтирилган важларни тўлиқ баён қилиб, судлов ҳайъатидан апелляция шикоятини қаноатлантиришни ва биринчи инстанция судининг ажримини бекор қилиб, ишни кўришни биринчи инстанция судига юборишни сўради.
Суд мажлисида жавобгар вакиллари апелляция шикояти бўйича тушунтириш бериб, судлов ҳайъатидан апелляция шикоятини қонуний ҳал қилишни сўради.
Апелляция судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, ишдаги мавжуд ҳужжатларни ўрганиб, шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, апелляция шикоятини қаноатлантиришни, биринчи инстанция судининг ажримини бекор қилиб, ишни биринчи инстанция судида кўриб чиқиш учун Фарғона туманлараро иқтисодий судига юборишни лозим топди.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, даъвогар _______ судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар _______ масъулияти чекланган жамиятига нисбатан жамият кузатув кенгашининг 2023 йил 5 май кунги йиғилиш баёнини ҳақиқий эмас деб топиш ва фуқаро Д.A ни улушдорлар сафига киритиш мажбуриятини юклаш ҳамда суд харажатларини жавобгардан ундиришни сўраган.
Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 28 июль кунги ажрими билан даъвогарнинг даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган.
Мазкур иш бўйича биринчи инстанция судининг даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш, иш қўзғатиш ва ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги 2023 йил 14 июль кунги ажрими «Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамияти Фарғона филиали Фарғона шаҳар почта алоқаси боғламасига 2023 йил 15 июль санасида юборилган.
Фарғона шаҳар почта алоқаси боғламаси почта курьери _______ томонидан тўлдирилган суд ҳужжати «Гибрид почта» хизмати орқали юборилганлигини тасдиқловчи маълумотномада мазкур суд ҳужжати 2023 йил 2 август куни _______ томонидан қабул қилиб олинганлиги қайд этилган.
Бироқ, судлов ҳайъатига тақдим этилган Фарғона шаҳар почта алоқаси боғламаси томонидан _______ номига берилган 2023 йил 9 августдаги 11-04/182-сонли маълумотномада 2023 йил 14 июль куни суд томонидан юборилган гибрид хат почтальон томонидан Фарғона шаҳар, Оқ йўл кўчаси 84В-уй, 1-хонадонга бир неча маротаба олиб борилганлиги, уйда вақтинча ҳеч ким йўқлиги сабабли ушбу гибрид хат _______ га етказилмаганлиги, лекин гибрид электрон базаси орқали янглиш етказилди деб қайтарилганлиги маълум қилинган.
Дастлабки суд мажлисида мутахассис сифатида сўралган Фарғона шаҳар почта алоқаси боғламаси мутахассиси ______ тушунтиришида, ______ почта алоқаси боғламасига ариза билан мурожаат қилганлигини, мурожаатини ўрганиш давомида суд томонидан _________га юборилган хат унга топшириш учун манзилга бир неча маротаба борилганлигини, манзилда ҳеч ким бўлмаганлиги аниқланганлигини, хабарнома қолдирилганлигини, аслида эса суд ҳужжати етказилмаганлигини, техник хато сабабли базага етказилган деб киритилганлигини, мазкур ҳолат бўйича почтальон _______га нисбатан интизомий чора кўрилиб, тушунтириш хати олинганлигини маълум қилди.
Суд мажлисида сўралган Фарғона шаҳар почта алоқаси боғламаси мутахассиси ______тушунтириш бериб, Фарғона шаҳар почта алоқаси боғламасида бўлим бошлиғи вазифасида ишлаб келишини, ҳақиқатдан ҳам суд ҳужжати уларнинг почта бўлимига келиб тушганлигини, ушбу хат етказиб бериш учун почтальон ______га топширилганлигини, ________ томонидан хат ________нинг манзилига бир неча маротаба олиб борилганлигини, ______ уйда бўлмаганлигини, _______ хатни ______нинг уйига ташлаб келганлигини, _____нинг қўлига бермаганлигини, аммо ______ томонидан илова қилинган ҳужжатлар рўйхатини тўлдиришда хат _______га топширилди деб хато тарзда қайд қилинганлигини, мазкур ҳолат бўйича _______ билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганлигини маълум қилди.
Бундан кўринадики даъвогар _____ суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинмаган.
Судлов ҳайъати, биринчи инстанция суди томонидан даъвогарнинг даъво аризаси асосида қўзғатилган мазкур иқтисодий иш бўйича даъвогар ______ суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинганлиги, аммо биринчи суд мажлисига келмаганлиги ва ишни ўзининг иштирокисиз кўрилиши тўғрисида арз қилмаганлигига асосланиб даъвогар ______нинг даъво аризасини кўрмасдан қолдириш ҳақида барвақт тўхтамга келган деб ҳисоблайди.
Зеро, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади)нинг 127-моддасига кўра, ишда иштирок этувчи шахслар суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида суд ажрими орқали хабардор қилинади, ажрим топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки ушбу шахсларга тилхат олиб топширилади ёхуд хабардор қилинганлиги факти қайд этилишини таъминлайдиган алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда хабардор қилинади. Иқтисодий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари ажрим орқали, зарур ҳолларда эса суд чақирув қоғозлари, телеграммалар, факслар, телетайплар ҳамда бошқа алоқа воситалари орқали хабардор қилинади ва судга чақирилади.
Бироқ, биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятли бўлган ушбу ҳолатларга эътибор бермасдан, даъвогар _____ суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинганлиги ҳолатига аниқлик киритмасдан, даъвогар ______ни суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган деб ҳисоблаб, даъво аризасини кўрмасдан қолдириш ҳақида нотўғри тўхтамга келган.
ИПКнинг 281-моддасига кўра, биринчи инстанция судининг ажримлари устидан ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Биринчи инстанция судининг қарори, ажрими устидан ушбу Кодексда белгиланган қоидалар бўйича берилган апелляция шикояти (протести) ушбу бобда суднинг ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикоятини (протестини) кўриш учун назарда тутилган тартибда апелляция инстанцияси суди томонидан кўрилади.
Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг қарори, ажрими устидан берилган шикоятни (протестни) кўриб чиқиш натижалари бўйича даъво аризасини кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажримни бекор қилишга ва даъво аризасини, ишни биринчи инстанция судида кўриб чиқиш учун юборишга ҳақли.
Юқоридагиларга асосан, апелляция инстанцияси суди даъвогар _____нинг апелляция шикоятини қаноатлантиришни, биринчи инстанция судининг 2023 йил 28 июль кунги ажримини бекор қилишни, даъво аризани биринчи инстанция судида кўриб чиқиш учун Фарғона туманлараро иқтисодий судига юборишни лозим топади.
Бинобарин, судлов ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 259, 280-281-моддаларини қўллаб, қарор қилади:
Даъвогар ______нинг апелляция шикояти қаноатлантирилсин.
Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 28 июль кунги ажрими бекор қилинсин.
Даъво аризани биринчи инстанция судида кўриб чиқиш учун Фарғона туманлараро иқтисодий судига юборилсин.
Мазкур қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Мазкур қарордан норози тараф бир йил муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят бериши мумкин.
Раислик этувчи А. АБДУРАХМАИОВ
Ҳайъат аъзолари Ф. АМАНОВ
М. УММАТОВА
Фарғона в.,
2023 йил 16 октябрь,
4-1501-2304/5339-сон