Жиззах вилоят судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг
Қарори
Биринчи инстанцияда ишни кўришда маърузачи судья — О. Эргашев
Апелляция инстанциясида маърузачи судья — И. Умаров
Жиззах вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати И. Умаров раислигида, ҳайъат аъзолари С. Қувватов ва М. Фаязовдан иборат таркибда, судья катта ёрдамчиси Н. Бекамов котиблигида, даъвогар Х.Қ.Ж томонидан Дўстлик туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 10 августдаги ҳал қилув қарорига нисбатан берилган апелляция шикоятини «Агробанк» акциядорлик тижорат банки вакили Н.Р (2023 йил 6 сентябрдаги 03-19/269-сонли ишончномага асосан)нинг иштирокида, Жиззах вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати биносида, очиқ суд мажлиси муҳокамасида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
даъвогар Х.Қ.Ж ўғли жавобгар У. Б.Ога ва қўшимча жавобгар «Q-X» масъулияти чекланган жамиятига нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Q-X» масъулияти чекланган жамияти ягона таъсисчисининг жамият устав фондидаги 100 фоиз улушини Х.Қ.Жга мансублиги (тегишлилиги)ни белгилаб беришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2023 йил 10 августдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган.
Апелляция шикоятида биринчи инстанция судининг 2023 йил 10 августдаги ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво талабини қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилиш сўралган.
Даъвогар Х.Қ.Ж судга ариза билан мурожаат қилиб, аризада маъмурий судга берилган шикоят ва иқтисодий судда кўрилаётган иш ўзаро боғлиқлиги сабабли апелляция инстанциясида иш юритишни тўхтатиб туришни сўраган.
Суд мажлиси муҳокамасида иштирок этган «Агробанк» акциядорлик тижорат банки вакили тушунтириш бериб, апелляция шикоятини қўллаб-қувватлаб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво талабини қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилишни сўради.
Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда огоҳлантирилган бўлса-да, тарафлар суд мажлисида вакиллари иштирокини таъминламади.
Даъвогар томонидан апелляция шикояти судга электрон кўринишда тақдим этилган. Суднинг 2023 йил 12 сентябрдаги ажрими билан апелляция шикоятини кўриб чиқиш 2023 йил 27 сентябрь куни соат 10-30 га тайинланган. Суднинг 2023 йил 27 сентябрдаги ажрими билан суд мажлиси муҳокамасида тарафлар иштирокини таъминлаш учун суд муҳокамаси 2023 йил 6 октябрь куни соат 10-00 га қолдирилган. Суднинг 2023 йил 6 октябрдаги ажрими билан суд муҳокамасида тарафлар иштирокини таъминлаш учун 2023 йил 13 октябрь куни соат 10-00 га қолдирилган. Суднинг ажримлари даъвогарга электрон тартибда юборилган бўлиб, бироқ даъвогар суд мажлисларида иштирок этмади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 274-моддаси тўртинчи қисмига асосан судлов ҳайъати апелляция шикоятини уларнинг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим деб топади.
Судлов ҳайъати, «Агробанк» акциядорлик тижорат банк вакилининг тушунтиришларини тинглаб, апелляция шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни, апелляция шикоятини ва иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги аризани қаноатлантиришни рад этишни лозим топди.
Иш ҳужжатларидан ва суд муҳокамасида аниқланишича, 2019 йил 10 декабрь куни «Ш» масъулияти чекланган жамияти (Сотувчи) мулкдори Р.Д.Қ. билан «Q-X» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Х.Қ.Ж (Сотиб олувчи) ўртасида 1-сонли кўчмас мулкни сотиш шартномаси тузилган.
Шартномага кўра сотувчи «Автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияси ва автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ер участкаси ва ускуналари билан биргаликда, яъни «Ш» масъулияти чекланган жамиятининг умумий ер майдони 12000.0 кв.м, шундан «Q-X» масъулияти чекланган жамиятига сотилаётган қисми 11238.0 кв.м, қолган 762 кв.м сотувчининг ўзида қолади, бино ва иншоотнинг умумий майдони 1648.71 кв.м, шундан «Q-X» масъулияти чекланган жамиятига сотаётган қисми 1282.71 кв.м, қолган 402.0 кв.м сотувчининг ўзида қолади, сотиб олувчига мулк қилиб топшириш, сотиб олувчи эса объектни қабул қилиш ва мазкур шартномада кўрсатилган баҳосини тўлаш мажбуриятини олган.
Шартнома баҳоси 7.000.000.000 сўмни ташкил этиб, ҳисоб-китоб пул ўтказиш йўли орқали шартнома баҳосининг 100 фоизи миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириш белгиланган.
Шартномага илова тариқасида 1 комплект «Автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияси ва барча асбоб-ускуналари билан, 1 комплект автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шаҳобчаси, 1 комплект автомобилларни ювиш шаҳобчаси ва 1 комплект ҳайдовчилар дам олиш шаҳобчалари қониқарли тарзда тавсия қилинган.
Мазкур кўчмас мулкни сотиб олиш учун акциядорлик тижорат «Агробанк» акциядорлик тижорат банки Дўстлик филиали (Банк) билан «Q-X» масъулияти чекланган жамияти (Қарз олувчи) ўртасида 2019 йил 20 декабрь куни 813-сонли кредит шартномаси тузилган.
Унга кўра «Банк» «Қарз олувчи»га йиллик 26 фоиз устама тўлаш шарти билан уч йил муддатга автомобилларга сиқилган газ тўлдириш компрессор станциясини сотиб олиш учун 7.000.000.000 сўм кредит ажратиш, «Қарз олувчи» эса кредит ва унга ҳисобланган фоизларни шартномада белгиланган тартибда ва муддатда қайтариш мажбуриятини олган.
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки (Ипотекага олувчи) билан «Q-X» масъулияти чекланган жамияти (Қарз олувчи ва ипотекага қўювчи) ўртасида 2020 йил 30 январь куни кредит шартномаси талабларини ўз вақтида таъминлаш мақсадида ипотека шартномаси тузилган. Ипотека шартномасига кўра, «Ипотекага қўювчи» — «Q-X» масъулияти чекланган жамиятига 10.12.2019 йилдаги 01-сонли кўчмас мулкни сотиш шартномасига асосан тегишли бўлган, шартнома Дўстлик туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасида 28.01.2020 йилда YK-1708215/74866-сон билан ёзилиб, 13-05-03-03-03-0002 кадастр рақами билан рўйхатдан ўтказилган, Жиззах вилояти Дўстлик тумани Манас ҚФЙ М-39 Тошкент-Термиз автомагистрал йўли ҳудудида жойлашган «Автомобилларга сиқилган газ тўлдириш компрессор станцияси ва автомобилларга техник хизмат кўрсатиш» биноси гаровга қўйилган.
Аниқланган ҳолатларга кўра, банк томонидан кредит шартномаси шартларига кўра «Q-X» масъулияти чекланган жамиятига 7.000.000.000 сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, Х.Қ.Ж.ўғли билан У.Б.О ўртасида 2020 йил 24 декабрь куни «Q-X» масъулияти чекланган жамиятининг устав фондидаги улушини сотиш шартномаси тузилиб, ушбу шартномага кўра жамият раҳбари Х.Қ.Ж.ўғли жамиятнинг 7.000.000.000 сўмни ташкил этадиган 100 фоиз улушини У.Б.О.га нақд пул шаклида сотиш ҳақида келишилган.
Шу асосида «Q-X» масъулияти чекланган жамияти умумий йиғилишининг 2020 йил 24 декабрдаги 5-сонли баённомаси асосида йиғилиш раиси Қ.Х. ва йиғилиш котиби Б.У. иштирокида жамиятнинг янги раисини тайинлаш ва жамиятни қайта рўйхатдан ўтказиш тўғрисида ягона таъсисчи бўлганлиги сабабли йиғилиш ўтказилиб, йиғилиш қарори билан жамиятнинг янги раиси У.Б.О. тайинланган ва жамиятни қайта рўйхатдан ўтказиш унинг зиммасига юклатилган.
Шундан сўнг, ушбу ҳужжатлар асосида 2020 йил 24 декабрь куни «Q-X» масъулияти чекланган жамияти Дўстлик тумани давлат хизматлари марказидан қайта рўйхатдан ўтказилган ва жамият раҳбари У.Б.О ҳисобланиб, 100 фоизга улушга эга бўлган ҳолда устав миқдори 7.000.000.000 сўмни ташкил этиши белгиланган.
«Q-X» масъулияти чекланган жамиятининг устав жамғармаси 2019 йил 10 декабрдаги 1-сонли кўчмас мулкни сотиш шартномаси билан тегишли бўлган Дўстлик тумани, «Манас» МФЙ М-39 «Тошкент-Термиз» миллий автомагистралининг 940 км.да жойлашган «Автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияси ва автомобилларга техник хизмат кўрсатиш биноси ускуналари асосида кўчмас мулкни сотиш шартномасида кўрсатилган 7.000.000.000 сўм этиб белгиланган ва ушбу кўчмас мулк билан устав фонди шакллантирилган.
«Q-X» масъулияти чекланган жамиятининг 2020 йил 24 декабрь кунги устав фондидаги улушни сотиш шартномаси тузилаётган вақтда жамият улуши сифатида шакллантирилган 7.000.000.000 сўмлик кўчмас мулк объектлари банк гаровида бўлган.
Шу боис, «Агробанк» акциядорлик тижорат банки Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси орқали судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар «Q-X» масъулияти чекланган жамиятининг 2020 йил 24 декабрь кунги устав фондидаги улушини сотиш шартномасини, жамиятнинг 2020 йил 24 декабрдаги № 5-сонли умумий йиғилиш баённомасини, «Q-X» масъулияти чекланган жамиятини қайта рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақидаги Дўстлик туман давлат хизматлари марказининг 3790890-сонли маълумотномасини ҳақиқий эмас деб топиш ва ҳақиқий эмаслик оқибатларини қўллашни сўраган.
Дўстлик туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 12 августдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, «Q-X» масъулияти чекланган жамиятининг 2020 йил 24 декабрь кунги устав фондидаги улушни сотиш ҳақидаги олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас деб топилган. Даъвонинг Дўстлик туман давлат хизматлари марказининг 3790890-сонли маълумотномасини ҳақиқий эмас деб топишлик ҳақидаги талаби судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли иш юритишдан тугатилган. Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.
Суднинг мазкур ҳал қилув қарорига асосан Х.Қ.Ж.ўғли билан У.Б.O. ўртасида тузилган 2020 йил 24 декабрдаги олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас деб топилган бўлса-да, «Q-X» масъулияти чекланган жамиятининг 100 фоиз улуши Б. томонидан Қ.Х.га қайтарилмаган.
Натижада, даъвогар Х.Қ.Ж.ўғли судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Q-X» масъулияти чекланган жамияти ягона таъсисчисининг жамият устав фондидаги 100 фоиз улушини Х.Қ.Ж.ўғлига мансублиги (тегишлилиги)ни белгилаб беришни сўраган.
«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11-моддаси мазмунига кўра, жамиятнинг таъсис шартномаси ва устави жамият таъсис ҳужжатлари деб ҳисобланади, агар жамият бир шахс томонидан таъсис этилса, шу шахс тасдиқлаган устав жамиятнинг таъсис ҳужжати ҳисобланади, жамиятнинг таъсис ҳужжатларига ўзгартишлар жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши қарорига биноан киритилади, жамиятнинг таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартишлар қонунчиликда назарда тутилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши керак, жамиятнинг таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартишлар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб учинчи шахслар учун кучга киради.
«Q-X» масъулияти чекланган жамиятининг таъсис ҳужжатларига ўзгартириш киритиш учун жамиятнинг 2020 йил 24 декабрдаги 5-сонли умумий йиғилиш қарори асос бўлган ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартириш давлат рўйхатидан ўтказилган.
Х.Қ.Ж.ўғлининг «Q-X» масъулияти чекланган жамиятининг 2020 йил 24 декабрдаги 5-сонли умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъвоси Дўстлик туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 6 апрелдаги ҳал қилув қарори билан қаноатлантириш рад этилган.
Бундан кўринадики, «Q-X» масъулияти чекланган жамиятининг 2020 йил 24 декабрдаги 5-сонли умумий йиғилиш қарори бугунги кунда ўз кучида бўлиб, ушбу йиғилиш қарори асосида давлат рўйхатидан ўтказилган жамиятнинг таъсис ҳужжатларига кўра жамият таъсисчиси бугунги кунда У.Б.О. ҳисобланади.
Шу боис биринчи инстанция суди «Q-X» масъулияти чекланган жамияти ягона таъсисчисининг жамият устав фондидаги 100 фоиз улушини Х.Қ.Ж.ўғлига мансублиги (тегишлилиги)ни белгилаб бериш тўғрисидаги даъвогарнинг даъвосини асоссиз деб ҳисоблаб, уни қаноатлантиришни рад этишни лозим деб топган.
ИПКнинг 73-моддаси иккинчи қисмига кўра, иқтисодий суднинг илгари кўрилган иш бўйича қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳолатлар суд худди шу шахслар иштирок этаётган бошқа ишни кўраётганида янгидан исбот қилинмайди.
Қолаверса, «Q-X» масъулияти чекланган жамиятининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳолати ваколатли орган томонидан бекор қилинмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилмаган.
ИПКнинг 68-моддасига асосан ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.
ИПКнинг 72-моддасига кўра, қонунчиликка мувофиқ муайян далиллар билан тасдиқланиши керак бўлган иш ҳолатлари бошқа далиллар билан тасдиқланиши мумкин эмас.
Шу сабабли судлов ҳайъати даъвогарнинг апелляция шикоятида келтирилган важлари билан келишиб бўлмайди деб ҳисоблайди.
Судлов ҳайъати даъвогар Х.Қ.Ж.ўғлининг апелляция инстанциясида иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги аризаси асослантирилмаганлиги сабабли уни қаноатлантиришни рад этишни лозим деб топади.
Биринчи инстанция суди низони ҳал этишда ишдаги далилларни инобатга олиб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларга асосланган ҳолда даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида асосли ва қонуний тўхтамга келган. Шу боис, апелляция шикоятида келтирилган важлар билан келишиб бўлмайди ва уни қаноатлантиришни рад этиш лозим бўлади.
ИПКнинг 278-моддаси биринчи бандига кўра, апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга ҳақли. Ушбу ҳолда ҳал қилув қарори қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги сабабли, суд ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартиришга асослар мавжуд эмас.
ИПКнинг 118-моддасига кўра, суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади.
Баён этилганларга кўра, судлов ҳайъати биринчи инстанция суди томонидан моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормалари бузилмаганлигини эътиборга олиб, суднинг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас деб ҳисоблаб, апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан, суднинг 2023 йил 10 августдаги ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни, ишни апелляция инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ олдиндан тўланган 1.650.000 сўм давлат божини ва 33.000 сўм почта харажатини даъвогар зиммасида қолдиришни лозим топди.
Юқоридагиларга кўра ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 260, 274, 276, 278 ва 280-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қарор қилади:
Даъвогар Х.Қ.Ж.ўғлининг апелляция инстанциясида иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги аризасини қаноатлантириш рад этилсин.
Дўстлик туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 10 августдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, Х.Қ.Ж.ўғлининг апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилсин.
Қарор қабул қилинган вақтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Мазкур қарор устидан бир йил ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кассация шикояти (протести) берилиши мумкин.
Раислик этувчи И. УМАРОВ
судьялар С. ҚУВВАТОВ
М. ФАЯЗОВ
Жиззах ш.
2023 йил 13 октябрь,
4-1304-2302/2389-сон