Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг
Қарори
Биринчи инстанция судида ишни кўрган судья А. Хамидов
Апелляция инстанцияси судида маърузачи судья Т. Қаҳҳоров
Кассация инстанцияси судида маърузачи судья Р. Сагатов
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Б. Сайфуллаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари В. Сатторова ва Р. Сагатовдан иборат таркибда, З. Қодировнинг котиблигида, Навоий вилоят судининг ходими Б. Нуриев, даъвогар вакиллари — Г. Т (таъсисчининг меросхўри), С. Эргашев (2023 йил 22 сентябрдаги 73-сонли ордер асосида)нинг иштирокида, ишга Навоий вилоят Адлия бошқармаси ва Кадастр агентлигининг давлат кадастрлари палатаси Навоий вилоят бошқармаси низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган ҳолда, даъвогар Г. Т нинг жавобгарлар «Daler mega farm» масъулияти чекланган жамияти ва унинг таъсисчиси Н. Н га нисбатан МЧЖ иштирокчиларининг 2022 йил 30 апрелдаги 2-сонли баённомасини ҳақиқий эмас деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан даъвогар томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Ўзбекистон Республикаси Олий суди биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
Г. Т (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) «Daler mega farm» масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда МЧЖ деб юритилади) ва унинг таъсисчиси Н. Н (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)га нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, МЧЖ иштирокчиларининг 2022 йил 30 апрелдаги 2-сонли баённомасини ҳақиқий эмас деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллашни сўраган.
Суднинг ажрими билан Навоий вилоят Адлия бошқармаси ва Кадастр агентлигининг давлат кадастрлари палатаси Навоий вилоят бошқармаси ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган.
Кармана туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 9 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъвоси қисман қаноатлантирилиб, МЧЖнинг 2022 йил 30 апрелдаги умумий йиғилиши қарорининг 3-бандидаги жамият таъсисчиларининг 2018 йил 20 апрелдаги 1-сон умумий йиғилиш баёни билан тузилган ва Кармана тумани давлат хизматлари марказида рўйхатдан ўтган таъсис шартномасини бекор қилиш қисми ва 4-бандидаги МЧЖ раҳбари Н. Н нинг улуши 200 000 (икки юз минг) сўм, яъни 66,7 фоиз улуш, «Қишлоқ қурилиш банк» акциядорлик тижорат банки Навоий филиалининг 2022 йил 29 апрелдаги 01-250/11-сонли «пул маблағи». Марҳум Д.Ф. М нинг улуши 100 000 (бир юз минг) сўм 33,3% этиб белгилаш қисми ҳақиқий эмас деб топилган. Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.
Навоий вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 17 апрелдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатларидан норози бўлиб даъвогар кассация шикояти билан мурожаат қилган ва унда суд ҳужжатларини бекор қилиб, даъвони тўлиқ қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда таъсисчилар йиғилишининг 2022 йил 30 апрелдаги қарорида Навоий вилояти, Кармана тумани, Янгиариқ Қ.Ф.Й., «Арғун» маҳалласида жойлашган ер участкасининг умумий майдони 275,76 кв.м. бўлган, умумий фойдали майдони 487,91 кв.м., ишчи майдони 388,99 кв.м. бўлган, А1 литер билан белгиланган ҳисобчи хонаси, 2 та коридор, ҳожатхона, 2 та душ, омборхона, 3 та хона, лаборатория хонаси, тайёр маҳсулотлар омборхонаси, тайёрлаш хонаси, цех, холл, офис каби бино-иншоотлардан иборат савдо дўкони таъсисчи Н. Н га ўтказиш кўрсатиб ўтилмаганлиги, мазкур қарорда марҳум Ф. Д нинг 0,5 фоиз улуши жамиятга ўтганлиги ҳақида қарор қабул қилинганлиги, 4-бандида эса марҳумнинг улуши 33,5 фоиз миқдорда 100 000 сўм номинал қийматда белгиланганлиги, марҳум таъсисчининг қонуний меросхўри белгиланмаганлиги, марҳум таъсисчининг жамият устав фондидаги ҳақиқатда шакллантирилган улуш миқдори 100 000 сўм эмас, балки 443 465 200 сўм эканлигига ойдинлик киритилмаганлиги ва ушбу ҳолатга баҳо берилмаганлиги, жамиятнинг ягона таъсисчиси Н. Н 2018 йил 23 апрелда жамиятдаги 100 фоиз улушини Ф. Д га қолдириб, жамият таъсисчилигидан чиқишга розилик билдириб, Кармана тумани 1-сонли давлат нотариал идорасида нотариал тасдиқланган ариза расмийлаштирилганлиги ҳолатига ҳам баҳо берилмаганлиги, аслида жамиятнинг балансида бўлган бинони Н. Н 800 000 000 сўмга баҳолаб Ф. Д га сотганлиги, Ф. Д 443 465 200 сўм миқдоридаги пул маблағларини жамиятнинг устав фондига улуш сифатида киритганлиги, қолган 400 000 000 сўм миқдоридаги нақд пул маблағлари эса Н. Н га 2018 йилда берилганлиги, жамият мулки бўлган савдо дўкони 2022 йил 30 апрелдаги умумий йиғилиш қарори ҳамда жамият ва унинг таъсисчиси Н. Н ўртасида топшириш ва қабул қилиш далолатномаси асосида таъсисчи Н. Н га топширилганлиги, ушбу кўчмас мулк жамият ихтиёридан қонун талаблари мазмунига зид равишда, жамият таъсисчиси меросхўрининг розилигисиз бериб юборилганлигини кўрсатган.
Суд мажлисида даъвогар вакиллари кассация шикоятини қўллаб-қувватлаб, уни қаноатлантиришни, суд қарорларини бекор қилишни, даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўрашди.
Суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида белгиланган тартибда хабардор қилинган жавобгар ва учинчи шахслардан вакиллар суд мажлисига келмади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди.
Шунинг учун судлов ҳайъати ишни уларнинг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади.
Судлов ҳайъати даъвогар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб ва шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра кассация шикоятини қисман қаноатлантиришни, суд қарорларини бекор қилиб даъвогарнинг даъво талабларини қисман қаноатлантиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларига кўра, МЧЖ Кармана тумани ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекцияси томонидан 2015 йил 14 августда 017124-рақам билан давлат рўйхатидан ўтказилган ва жамиятнинг устав жамғармаси 5 000 000 сўм белгиланиб, унинг ягона таъсисчиси Набиев Умиджон Нарзиевич бўлган.
МЧЖ иштирокчиларининг 2015 йил 24 августдаги 1-сонли умумий йиғилиш қарори билан жамият таъсисчиси У. Н ўзининг барча мол-мулкларини олган ҳолда таъсисчилар сафидан чиқарилиб, жамиятга янги таъсисчи сифатида Н. Н киритилган ва у ўзига тегишли бўлган Кармана тумани, «Янги ариқ» ҚФЙ, «Арғун» маҳалласида жойлашган савдо дўкони билан жамият устав жамғармасини 20 362 820 сўмга шакллантирган.
МЧЖ иштирокчиларининг 2018 йил 20 апрелдаги 1-сонли қарори билан жамиятнинг таъсисчилари сафига Ф. Д 100 000 сўм пул маблағи билан киритилган. Жамиятнинг янги таҳрирдаги устави 2018 йил 23 апрелда Навоий вилояти, Кармана тумани, Ягона дарча марказидан давлат рўйхатидан ўтказилган. Унга кўра, жамиятнинг устав фонди 20 462 820 сўм, шундан Набиев Нарзининг улуши 20 362 820 сўм ёки 99,511 фоиз, Д. Ф. М нинг улуши 100 000 сўм ёки 0,489 фоиз этиб белгиланган.
МЧЖ иштирокчиси Ф. Д 2021 йил 10 августда вафот этиб, ундан қолган мол-мулкларга нисбатан нотариал идорада мерос иши очилган. Тошкент шаҳар, Олмазор туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Ф.Х. Н томонидан 2022 йил 6 майда расмийлаштирилган қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага кўра, марҳум Ф. Д нинг жамият устав фондидаги 100 000 сўм миқдоридаги улушига унинг хотини Г. Т меросхўр эканлиги тасдиқланган.
МЧЖ иштирокчиси Н. Н 2022 йил 30 апрелда таъсисчиларнинг умумий йиғилишини ўтказиб, МЧЖнинг 2-сонли умумий йиғилиш қарорини қабул қилган.
Мазкур қарор билан жамиятнинг марҳум таъсисчиси Ф. Д га тегишли 100 000 сўм миқдоридаги 0,5 % улуш жамият ихтиёрига ўтказилиши, «Масъулияти чекланган жамият ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонун (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) 20-моддасининг ўн тўртинчи, ўн бешинчи, ўн олтинчи қисмларида кўрсатиб ўтилган яқинлари томонидан мерос ишлари очилганида, олдинги охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланадиган улушининг ҳақиқий қийматини тўлаши ёхуд уларнинг розилиги билан уларга худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида бериш мажбуриятини юклаш, жамият таъсисчиси томонидан белгиланган 20 662 820 сўм этиб белгиланган устав фондини 20 362 820 сўмдан 300 000 сўмга камайтириш, жамият таъсисчиларининг 2018 йил 20 апрелдаги 1-сон умумий йиғилиш баёни билан тузилган ва Кармана туман давлат хизматлари марказида рўйхатдан ўтган таъсис шартномасини бекор қилиш, жамиятнинг устав фондини 300 000 сўм этиб белгилаш, МЧЖ раҳбари Н. Н нинг улуши 200 000 сўм, яъни 66,7 % улуш «Қишлоқ қурилиш банк» АТБ Навоий филиалининг 2022 йил 29 апрелдаги 01-250/11-сонли пул маблағи бўйича марҳум Ф. Д нинг улуши 100 000 сўм 33,3% этиб белгилаш, жамиятнинг янги таҳрирдаги уставини Кармана туман давлат хизматлари маркази томонидан рўйхатдан ўтказиш белгиланган.
Даъвогар мазкур умумий йиғилишидан хабардор бўлмаганлиги, марҳум Ф. Д га тегишли 100 000 сўм миқдоридаги улуш жамият ихтиёрига ўтказилиши ва жамиятга ўтказилган 100 000 сўм улуш унга номинал қийматда қайта белгиланиши қонунга зид эканлиги, марҳум таъсисчи меросхўрларининг розилигисиз жамиятнинг кўчмас мулки МЧЖ таъсисчиси Н. Н га ноқонуний бериб юборилганлиги асоси билан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, МЧЖ иштирокчиларининг 2022 йил 30 апрелдаги 2-сонли баённомасини ҳақиқий эмас деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллашни сўраган.
Қонун 20-моддасининг ўн тўртинчи қисмига кўра, жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушлар жисмоний шахсларнинг меросхўрларига ва жамиятнинг иштирокчилари бўлган юридик шахсларнинг ҳуқуқий ворисларига ўтади. Мазкур қоида МЧЖ устави 7.4 бандининг тўққизинчи хатбошисида ҳам қайд қилинган.
Судлар марҳум Ф. Д нинг жамият устав фондидаги 100 000 сўм улуши унинг хотини Г. Т га меросхўр сифатида ўтмаслиги ҳақида барвақт хулосага келган. Чунки, жавобгар даъвогарга 2022 йил 1 мартдаги 3-сонли, 16 мартдаги 2-сонли, 13 апрелдаги 4-сонли хабарномалар билан мурожаат қилиб, марҳумнинг улушини расмийлаштириш учун мерос очилишини билдириб, 2022 йил 30 апрелдаги иштирокчиларнинг умумий йиғилишида иштирок этишини сўраган.
Қонун 20-моддасининг ўн тўққизинчи қисмида жамиятнинг уставида жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушдан (улушнинг бир қисмидан) жамиятнинг иштирокчилари ёки учинчи шахслар фойдасига воз кечиш учун жамиятнинг розилигини олиш зарурлиги назарда тутилган тақдирда, агар жамиятга мурожаат этилган пайтдан эътиборан ўттиз кун ичида ёки жамият уставида белгиланган бошқа муддат ичида жамиятнинг ёзма розилиги олинган бўлса ёхуд жамиятдан розилик беришга ёзма раддия олинмаган бўлса, бундай розилик олинган деб ҳисобланиши белгиланган.
Демак, жавобгарнинг марҳум Ф. Д нинг меросхўрини умумий йиғилишда иштирок этиши учун хабарнома юборилганлиги ҳолати даъвогарни жамият иштирокчиси сифатида умумий йиғилишда иштирок этишга қабул қилганлигини англатади.
Қонун 20-моддасининг ўн еттинчи қисмида жамиятнинг вафот этган иштирокчисининг меросхўри томонидан мерос қабул қилингунига қадар жамиятнинг вафот этган иштирокчисининг ҳуқуқлари васиятномада кўрсатилган шахс томонидан амалга оширилади, унинг мажбуриятлари эса шу шахс томонидан бажарилади, бундай шахс бўлмаган тақдирда эса нотариус тайинлаган бошқарувчи томонидан амалга оширилади.
Қонун 20-моддасининг ўн олтинчи қисмига кўра, жамиятнинг уставида ушбу модданинг ўн тўртинчи ва ўн бешинчи қисмларида белгиланган улушнинг (улушнинг бир қисмининг) ўтиши ва тақсимланишига фақат жамиятнинг қолган иштирокчилари розилиги билан йўл қўйилиши назарда тутилиши мумкин.
Мазкур ҳолатда, МЧЖнинг 2022 йил 30 апрелда ўтказилган умумий йиғилишда жамият иштирокчиси томонидан марҳум Ф. Д нинг жамият устав фондидаги 100 000 сўм миқдоридаги улуши жамият ихтиёрига ўтказилиши тўғрисида қарор қабул қилинган. Яъни, марҳум таъсисчининг 100 000 сўм миқдоридаги улушини меросхўрларига берилиши масаласи ҳал қилинмасдан, МЧЖга ихтиёрига ўтказилишида меросхўрларнинг розилигисиз қарор қабул қилинган.
Ваҳоланки, Қонун 33-моддасининг биринчи қисмида жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишини чақирувчи орган ёки шахслар уни ўтказишдан камида ўттиз кун олдин бу ҳақда жамиятнинг ҳар бир иштирокчисини жамият иштирокчиларининг рўйхатида кўрсатилган манзил бўйича буюртма хат билан ёки жамиятнинг уставида назарда тутилган бошқа усулда хабардор қилиши шартлиги, 34-моддасининг учинчи қисмида эса, жамиятнинг иштирокчилари ёки уларнинг вакиллари кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилишда иштирок этиш ва қарорларни қабул қилишда овоз бериш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.
Қонун 11-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, жамиятнинг таъсис ҳужжатларига ўзгартишлар жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши қарорига биноан киритилади. Яъни, МЧЖ фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаш, таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш МЧЖ уставининг 12.3-бандига асосан жамият иштирокчиларининг мутлақ ваколатига кириши белгиланган бўлса-да, жавобгар мазкур талабларга зид равишда қайд этилган масалалар бўйича марҳум таъсисчи Ф. Д нинг меросхўрларини розилигисиз якка ҳолда қарор қабул қилган.
Қонун 41-моддасининг учинчи қисмида жамият кузатув кенгашининг, жамият яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органининг, жамият коллегиал ижро этувчи органининг ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларининг, жамият устави талаблари бузилган ҳолда қабул қилинган ҳамда жамият иштирокчисининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган қарори жамият ана шу иштирокчисининг аризасига биноан суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлиги белгиланган. Шу боис, МЧЖнинг 2022 йил 30 апрелдаги умумий йиғилиш қарори ҳақиқий эмас деб топилиши лозим.
Шунингдек, даъвогар суддан умумий йиғилиш қарорининг ҳақиқий эмаслик оқибатларини қўллашни сўраган. Бироқ, умумий йиғилиш қарорида унинг оқибатларини қўллашни келтириб чиқарувчи ҳолат, яъни кўчмас мулкни МЧЖдан олиб чиқиш ҳақида қарор қабул қилинмаган. Шунинг учун судлов ҳайъати даъвогарнинг мазкур талабини қаноатлантиришни рад этишни лозим топади.
Қолаверса, қонун ҳужжатларида иштирокчиларнинг умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмаслиги оқибатлари назарда тутилмаган.
Биринчи инстанция суди МЧЖнинг умумий йиғилиш қарори қонун талабларига зид ўтказилганлигига етарли даражада баҳо бермасдан, даъво талабини қисман қаноатлантириш ҳақида барвақт хулосага келган.
Апелляция инстанцияси суди эса, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида барвақт тўхтамга келган.
ИПК 301-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига кўра, иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
ИПК 301-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига кўра, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгартиришга ёки бекор қилишга ва ишни янгидан кўриб чиқиш учун юбормасдан янги қарор қабул қилишга ҳақли.
Баён қилинганларга асосан судлов ҳайъати, даъвогарнинг кассация шикоятини қисман қаноатлантиришни, суд қарорларини бекор қилиб МЧЖнинг 2022 йил 30 апрелдаги умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топишни, даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантиришни рад этишни лозим топади.
ИПКнинг 118-моддасига асосан суд харажатлари даъво талабларининг қаноатлантирилган қисмига мутаносиб равишда тарафлар зиммасига юклатилади. Жавобгардан ишни биринчи, апелляция ва кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ даъвогар томонидан тўланган 6 000 000 сўм давлат божи, даъво талабининг рад қилинган қисми бўйича даъвогардан республика бюджетига 6 000 000 сўм давлат божи ундирилиши лозим.
Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси ИПКнинг 118, 301-303 ва 343-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қарор қилди:
Г. Т нинг кассация шикояти қисман қаноатлантирилсин.
Кармана туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 9 февралдаги ҳал қилув қарори ва Хоразм вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 17 апрелдаги қарори бекор қилинсин. Янги қарор қабул қилинсин.
Г. Т нинг даъво талаблари қисман қаноатлантирилсин.
МЧЖ иштирокчиларининг 2022 йил 30 апрелдаги 2-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилсин.
Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилсин.
«Daler mega farm» масъулияти чекланган жамиятининг таъсисчиси Н. Н. дан Г. Т. фойдасига 6 088 000 сўм суд харажатлари ундирилсин.
Г. Т. дан республика бюджетига 6 000 000 сўм давлат божи ундирилсин.
Ижро варақалари берилсин.
Кармана туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 9 февралдаги ҳал қилув қарори ва Хоразм вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 17 апрелдаги қарори бўйича ундирув бекор қилинсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи Б. САЙФУЛЛАЕВ
ҳайъат аъзолари В. САТТОРОВА
Р. САГАТОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 12 октябрь,
4-2101-2201/5964-сон