Ўзбекистон Республикаси Олий Суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг
Қарори
Биринчи инстанция судида ишни кўрган судья — Ж. Мусабоев
Апелляция инстанциясида маърузачи судья — А. Хоназаров
Кассация инстанциясида маърузачи судья — Б. Сайфуллаев
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судья Б. Сайфуллаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар В. Сатторова ва Р. Сагатовдан иборат таркибда, Б. Жўраевнинг котиблигида, даъвогар вакиллари К.Ю (2023 йил 4 июлдаги ишончномага асосан), адвокат Ж.А (2023 йил 18 майдаги ордерга асосан) иштирокида, Н.В.Р иккинчи жавобгар сифатида, «Н» масъулияти чекланган жамияти низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган холда даъвогарлар Р.А.И, Р.Р.А, Р.А.А, Ю.Ф.Ю, Р.Б.А, А.У.Р, Р.М.А, Ю.З.Юнинг жавобгар «Н» масъулияти чекланган жамияти ва Н.В.Р ўртасида 2009 йил 7 майдаги олди-сотди шартномасини ва улушни 25500000 сўм эвазига Н.В.Рга сотиб юборилганлик бўйича тузилган битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган иш бўйича қабул қилинган Наманган туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 6 июндаги ҳал қилув қарори ва Наманган вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 16 августдаги қарори устидан Р.А.И томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суднинг биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
Р.А.И, Р.Р.А, Р.А.А, Ю.Ф.Ю, Р.Б.А, А.У.Р, Р.М.А, Ю.З.Юлар (бундан буён матнда даъвогарлар деб юритилади) жавобгар «Н» масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар ёки МЧЖ деб юритилади) ва учинчи шахс Н.В.Р (бундан буён матнда В.Н деб юритилади)га нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 2009 йил 7 майдаги олди-сотди шартномасини ва улушни 25500000 сўм эвазига В.Нга сотиб юборилганлик бўйича тузилган битимни ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Суднинг ажримларига асосан В.Н иккинчи жавобгар сифатида, «Н» масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда учинчи шахс деб юритилади) мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида ишга жалб қилинган.
Наманган туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 6 июндаги ҳал қилув қарорига билан иккинчи жавобгар В.Ннинг даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги аризаси қаноатлантирилиб, даъвогарларнинг даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган.
Наманган вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 16 августдаги қарорига билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Даъвогарлардан бири Р.А.Ининг кассация шикоятида даъво муддати суд томонидан нотўғри қўлланилганлиги, даъво қилишнинг ўтказиб юборилганлигини узрли деб топиш тўғрисида илтимоснома тақдим этилганлиги, илтимосномага жавобгар жамият иштирокчилари йиғилишининг 2009 йил 3 мартдаги қарори илова қилинганлиги, мазкур қарорда Наманган шаҳар, 4-кичик туман, Қ. кўчасида жойлашган бино-иншоотларни 5500000 сўм қийматда учинчи шахсга улуш сифатида киритиш белгиланганлиги, бироқ қуйи турувчи судлар томонидан мазкур йиғилиш қарори муҳокама қилинмаганлиги, бино-иншоотлар жавобгарлар томонидан ўзаро тил бириктирган ҳолда йиғилиш қарорида кўрсатилмаган мақсадларда В.Н номига расмийлаштириб берилганлиги, даъвогарлар бино-иншоотларда қилинган реконструкция ишларини учинчи шахс томонидан амалга оширилган деб ҳисоблашгани, чунки, В.Н учинчи шахснинг раҳбари сифатида фаолият юритганлиги, даъвогарлар 2009 йил 7 майдаги олди-сотди шартномаси бўйича мулклар амалда В.Нга сотиб юборилганлиги ҳақида 2022 йил февраль ойига келибгина хабар топганлиги, биринчи инстанция суди даъвогарлар мазкур ҳолатни жавобгар жамият иштирокчиларининг 2009 йил якунлари бўйича ўтказилган умумий йиғилишида жамият балансига аниқлик киритган холда билиши лозим бўлиб, даъво муддатини айнан шу санадан бошланган деб барвақт хулосага келганлиги, 2009 йил якунлари бўйича эса, бундай қарорнинг ҳақиқатда мавжуд эмаслиги баён қилиниб, суд қарорларини бекор қилиш, даъво талабини қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилиш сўралган.
Суд мажлисида иштирок этган даъвогар Р.А.Ининг вакиллари кассация шикоятини қувватлаб, уни қанотлантиришни сўрадилар.
Суд мажлисида бошқа даъвогарлар, жавобгарлар ва учинчи шахсдан вакил иштирок этмади.
Судлов ҳайъати, иш ҳужжатларида уларнинг суд мажлиси вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинганлиги тўғрисида далиллар мавжудлигини инобатга олиб, суд мажлисини уларнинг иштирокисиз кўриб чиқиш мумкинлиги ҳақида хулосага келди.
Судлов ҳайъати суд мажлисида иштирок этган даъвогар Р.А.И вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра суд ҳужжатларини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.
МЧЖ таъсисчилари томонидан 2019 йил 3 мартдаги умумий йиғилишда жамиятга тегишли бўлган Наманган шаҳар, 4-кичик туман, Қ. кўчасида жойлашган «Идора, омборхона, автогараж ва ёрдамчи бинолар»ни 5500000 сўм қийматда учинчи шахсга улуш сифатида бериш тўғрисида қарор қабул қилинган (и.в.13, 1-т).
Шунингдек, 2009 йил 24 апрелда жамиятнинг 2008 йил якуни бўйича ҳисобот мажлиси ўтказилиб, йиғилиш томонидан жамият балансида бўлган Наманган шаҳар, 4-кичик туман, Қ. кўчасида жойлашган бино-иншоотларни учинчи шахсга қўшган улуши билан бирга 31000000 сўмга В.Нга сотишга рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилинган (и.в.53,1-т) ҳамда мазкур мулклар 2009 йил 7 майдаги олди-сотди шартномасига кўра В.Нга 5500000 сўмга сотилган (и.в.14, 1-т).
Даъвогарлар МЧЖ ҳамда В.Н ўртасида тузилган 2009 йил 7 майдаги олди-сотди шартномаси қонун талабига зид равишда сотилганлигини асос қилиб, ушбу шартномани шунингдек, ўзларида мавжуд бўлмаган (иш ҳужжатларида ҳам мавжуд эмас) улушни 25500000 сўм эвазига Н.В.Рга сотиб юборилганлик бўйича тузилган битимни ҳақиқий эмас деб топишни сўрашган.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади)нинг 150-моддасига кўра, умумий даъво муддати — уч йил.
ФКнинг 153-моддасига кўра, бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш талаби даъво муддатининг ўтганлигидан қатъи назар, судда кўриб чиқиш учун қабул қилинади.
Даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланади.
Қўлланиш тўғрисида низодаги тараф баён қилган даъво муддатининг ўтиши суднинг даъвони рад этиш ҳақида қарор чиқариши учун асос бўлади.
В.Н биринчи инстанция судига ариза тақдим этиб, даъвогарлар томонидан қонунда белгиланган даъво муддати ўтказиб юборилганлиги сабабли, даъво муддатини қўллашни сўраган (и.в.217, 1-т.).
Судлар томонидан ушбу ариза инобатга олиниб, даъвогарлар томонидан даъво муддати ўтказиб юборилганлигига асосланиб, даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида хулосага келинган.
Судлов ҳайъати қуйи инстанция судларининг ушбу хулосаси асосли ва қонуний деб ҳисоблайди ва қуйидаги асосларга кўра кассация шикоятидаги важлар билан келиша олмайди.
Даъвогарлар низоли битим ва мулкни сотилганлиги тўғрисида 2022 йилнинг февраль ойида хабардор бўлганликларини важ қилиб келтирган бўлсалар-да, ФК 59-моддасининг биринчи қисмига асосан, хўжалик ширкати ёки жамиятининг иштирокчилари таъсис ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда ширкатнинг ёки жамиятнинг фаолияти тўғрисида ахборот олиш ҳамда унинг бухгалтерия дафтарлари ва бошқа ҳужжатлари билан танишиш ҳуқуқига эга.
«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундан баён матнда Қонун деб юритилади)нинг 8-моддасида кўра, жамият иштирокчиларининг ҳуқуқлари белгиланган бўлиб, унга кўра, жамият иштирокчилари ушбу Қонунда ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида белгиланган тартибда жамиятнинг ишларини бошқаришда иштирок этиш; фойдани тақсимлашда иштирок этиш; қонунчиликда ва жамият таъсис ҳужжатларида белгиланган тартибда жамиятнинг фаолияти тўғрисида ахборот олиш ҳамда унинг бухгалтерия дафтарлари ва бошқа ҳужжатлари билан танишиш; фойдани тақсимлашда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Қонун 30-моддасига кўра, йиллик ҳисоботларни ва йиллик бухгалтерия балансларини тасдиқлаш жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишининг ваколатларидан бири ҳисобланади.
Қонун 31-моддасининг биринчи қисмига кўра, жамият иштирокчиларининг навбатдаги умумий йиғилиши жамиятнинг уставида белгиланган муддатларда, лекин йилига камида бир марта ўтказилади.
ФК 154-моддасининг биринчи қисмига кўра, даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлайди. Бу қоидадан истиснолар ушбу Кодекс ва бошқа қонунлар билан белгиланади.
Мазкур ҳолатда, судлов ҳайъати МЧЖ иштирокчиси сифатида ўзларининг қонунда белгиланган ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда даъвогарлар ҳақиқий эмас деб топиш сўралган битимнинг тузилганлигини (даъво талабидаги иккинчи талаб бўйича битим мавжудлиги исботлаб берилмаган) 13 (ўн уч) йил давомида билишлари лозим эди деб ҳисоблайди.
Судлов ҳайъати даъвогарларнинг МЧЖ таъсисчиларининг 2009 йил 3 мартдаги умумий йиғилишда жамиятга тегишли бўлган кўчмас мулклар учинчи шахсга улуш сифатида бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ва ушбу кўчмас мулклар МЧЖнинг балансида бўлиши мумкин эмаслиги, шунинг учун улар (даъвогарлар) мулк учинчи шахсга сотилганлигидан хабардор бўлишлари мумкин эмаслиги ҳақидаги важлари билан келиша олмайди. Чунки, улар (даъвогарлар) кўчмас мулклар учинчи шахсга МЧЖнинг улуши сифатида киритилган деб ўйлашган тақдирда ҳам, МЧЖнинг бошқа (учинчи шахс)даги улушларининг тақдири ҳақида билишлари лозим эди.
Қолаверса, судлар томонидан В.Н мазкур бино-иншоотларни сотиб олгандан кейин бир неча маротаба реконструкция қилиб, ташқи кўринишига кескин ўзгартиришлар киритган бўлса-да, даъвогарлар томонидан бирор марта ҳам эътироз билдирилмаганлиги ҳам инобатга олинган.
Бундан кўринадики, даъвогарлар битим тузилганлигини ҳеч бўлмаганда 2010 йилдан бошлаб билишлари лозим бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) ИПК 302-моддасининг биринчи қисмига кўра, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги асос бўлади. Мазкур ҳолатда бундай асослар мавжуд эмас.
Баён қилинганларга асосан судлов ҳайъати, суд қарорларини ўзгаришсиз, Р.А.Ининг кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, ишни кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ олдиндан тўланган 2 700 000 сўм давлат божи ва 33000 сўм почта харажатини унинг зиммасида қолдиришни лозим топади.
Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301-303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қарор қилди:
Наманган туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 6 июндаги ҳал қилув қарори ва Наманган вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 16 августдаги қарори ўзгаришсиз, Р.А.Ининг кассация шикояти қаноатлантирмасдан қолдирилсин.
Олдиндан тўланган 2700000 сўм давлат божи ва 33000 сўм почта харажати Р.А.И зиммасида қолдирилсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи: Б. САЙФУЛЛАЕВ
ҳайъат аъзолари: В. САТТОРОВА
Р. САГАТОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 19 сентябрь,
4-1601-2202/1549-сон