Қашқадарё вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати аппеляция инстанциясининг
қарори
Биринчи инстанция судида ишни кўрган судья А. Қодиров
Апелляция инстанцияси судида маърузачи судья Ҳ. Турсунов
Апелляция инстанцияси судида маърузачи судья Ҳ. Турсунов
Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида раислик қилувчи М. Бозоров, ҳайъат аъзолари судьялар Н. Хўжақулов ва Ҳ. Турсуновдан иборат таркибда, судья катта ёрдамчиси Б. Холмоновнинг котиблигида даъвогар З.Қ.Ш.нинг Чироқчи туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 13 июлдаги ҳал қилув қарорига нисбатан берган апелляция шикояти бўйича ишни даъвогар вакили М.Р. (ишончнома асосида), жавобгар «АСН» масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Б.Р. (шахсий маълумотнома асосида), иккинчи жавобгар «КАСН» хусусий корхонаси вакили Ш.Н. (ишончнома асосида)лар иштирокида суд биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
Даъвогар З.Қ.Ш. Шаҳрисабз туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар «АСН» масъулияти чекланган жамиятига нисбатан «КН» масъулияти чекланган жамияти таъсисчилари номидан 2009 йил 24 майда чиқарилган 1-сонли умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топишни ҳамда «КН» масъулияти чекланган жамияти таъсисчилари номидан 2009 йил 24 майда чиқарилган 1-сонли умумий йиғилиш қарорини чиқарган шахсларни хатти-ҳаракати юзасидан ҳужжатларни била туриб сохталаштирганлик аломати билан текшириб, ҳужжат сохталаштирилган тақдирда айбдорларга нисбатан жиноий жавобгарлик чораларини қўллаш масаласини ҳал қилиш учун ҳужжатларни прокуратура органларига юбориш тўғрисида хусусий ажрим чиқаришни сўраган.
Суднинг 2023 йил 19 майдаги ажрими билан ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида «АСН» хусусий корхонаси ҳамда Давлат хизматлари маркази Китоб туман бўлими жалб қилинган.
Суднинг 2023 йил 26 майдаги ажрими билан ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жамият таъсисчилари Э.Н., Н.Д., М.Б., Т.Ш., К.Х., М.Н., К.Э., А.Х., А.Г., Х.Ш., Л.С., Ж.М., Р.А., А.А., Н.Д., Т.П., Р.Э., Р.Р., С.А., Ф.К., Э.Ҳ., П.Ҳ., К.У., Э.А., К.З., Х.М., Б.С., Х.З., Х.А., М.Р., З.Ш., В.Р., Р.Қ., Р.Г., У.Э., С.И., Р.А., М.М., Н.Г., М.С., Т.А., Д.Ш. ва вилоят матлубот савдо ташкилоти жалб қилинган.
Суднинг 2023 йил 5 июндаги ажрими билан «КАСН» хусусий корхонаси иккинчи жавобгар ва ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида «АСН» масъулияти чекланган жамияти таъсисчилари Л.С., М.С., А.Х., К.Э., М.Н., Р.Г., К.З., Р.Қ., К.У., Э.Х., Н.Д., Х.Г., Н.Г., М.М., Р.А., У.Э., Б.Р., З.Ш., М.Р., Х.А., Б.С., Х.М., Э.А., Р.Х., Ф.К., С.А., Р.Р., Р.Э., Т.П., А.А., Р.А., Ж.М., К.Х., Т.Ш., М.Б., Э.Н., Б.Р., С.И., Л.Д., Х.Г.лар жалб қилинган.
Иккинчи жавобгар «КАСН» хусусий корхонаси томонидан 2023 йил 5 июнда судга даъво муддатини қўллаш ҳақида ариза тақдим этилган.
Чироқчи туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 20 июндаги ажрими билан ушбу иқтисодий иш иш юритувга қабул қилинган.
Суднинг 2023 йил 13 июлдаги ҳал қилув қарорига асосан даъво муддатини қўллаш ҳақидаги ариза қаноатлантирилиб, даъво талабини қаноатлантириш рад этилган.
Даъвогар томонидан берилган апелляция шикоятида ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни биринчи инстанция судига қайта кўриш учун юбориш сўралган.
Суд мажлисида иштирок этган даъвогар вакили апелляция шикоятида келтирилган важлар юзасидан тушунтириш бериб, биринчи инстанция суди даъво муддатини қўллаш ҳақидаги аризани қаноатлантириб, даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида барвақт хулосага келганлигини, иш ҳолатларини тўлиқ ўрганиб чиқмаганлигини, сабаби «КАСН» хусусий корхонаси томонидан даъво муддатини қўллаш ҳақида ариза тақдим этилган бўлсада, аммо суд ҳужжатида «КАСН» масъулияти чекланган жамияти кўрсатилганлигини, шунингдек ҳал қилув қарорида 2021 йил 9 апрелда бўлиб ўтган Қарши туманлараро маъмурий судининг суд мажлисида даъвогар Қ.З. иштирок этганлиги, 2009 йил 24 (25) майдаги йиғилиш қарори ҳақида ўз фикрларини билдирганлиги кўрсатилганлигини, ушбу ҳолат ҳам нотўғри эканлигини баён қилиб, апелляция шикоятини қаноатлантиришни сўради.
Учинчи шахс «АСН» масъулияти чекланган жамияти таъсисчи апелляция шикоятида келтирилган важларни қўллаб-қувватлаб, қаноатлантиришни сўради.
Иккинчи жавобгар «КАСН» хусусий корхонаси вакили апелляция шикоятида келтирилган важларга қарши эътирозлар билдириб, унинг асоссиз эканлигини, суд томонидан даъво муддатини қўллаш ҳақида ариза асосли равишда қаноатлантирилганлигини, даъвогар умумий йиғилиш қарори ўтказилганлигидан маъмурий судда билганлигини баён қилиб, апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этишни ва суд ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни сўради.
Суд мажлиси тайинланган кун ва вақти ҳақида ажрим нусхаси жамият таъсисчиларига, «АСН» масъулияти чекланган жамияти таъсисчиларига, Давлат хизматлари маркази Китоб туман бўлимига ва вилоят матлубот савдо ташкилотига етказилган бўлсада, суд муҳокамасида иштирок этмади.
Мазкур ҳолатда судлов ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (кейинги ўринда — ИПК деб юритилади)нинг 128, 274-моддаларига асосан ишни уларнинг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топди.
Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришларини эшитиб, иш ҳужжатларини ва тақдим этилган далилларни моддий ва процессуал қонун ҳужжатлари асосида ўрганиб чиқиб, муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан апелляция шикоятини қаноатлантиришни, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриб чиқиш учун юборишни лозим топди.
Иш ҳужжатлари ва суд муҳокамаси давомида аниқланган ҳолатларга кўра «КН» ишлаб чиқариш масъулияти чекланган жамияти таъсисчиларининг 2009 йил 24 майда умумий йиғилиши ўтказилиб, жамиятнинг барча мол-мулклари, бухгалтерия актив-пассив айланма маблағлари, дебитор-кредитор қарзлари жамият раисининг таклифи билан ҳуқуқий вориси «АСН» хусусий корхонаси балансига ўтказилган ҳамда «КН» ишлаб чиқариш масъулияти чекланган жамиятининг фаолияти тугатилган.
«КН» масъулияти чекланган жамиятининг таъсис шартномасида даъвогар Қ.З.нинг улуши 539 682,5 сўмни ташкил этиши қайд этилган.
Китоб туман давлат хизматлари маркази томонидан «КН» масъулияти чекланган жамияти ҳамда «АСН» масъулияти чекланган жамиятининг 2020 йил 17 июлдаги 1-сонли қўшма йиғилиш қарорига асосан «КН» масъулияти чекланган жамияти «АСН» масъулияти чекланган жамиятига қўшилганлиги сабабли «КН» масъулияти чекланган жамиятининг ҳуқуқий вориси этиб «АСН» масъулияти чекланган жамияти қайд этилганлиги ва «АСН» масъулияти чекланган жамияти таъсисчилари тўғрисида маълумот тақдим этилган.
Ишга иккинчи жавобгар сифатида жалб этилган «КАСН» хусусий корхонаси томонидан 2023 йил 5 июнда даъво талабига нисбатан даъво муддатини қўллаш ҳақида ариза тақдим этилган.
Суднинг 2023 йил 13 июлдаги ҳал қилув қарорига асосан даъво муддатини қўллаш ҳақидаги ариза қаноатлантирилиб, даъво талабини қаноатлантириш рад этилган.
Судлов ҳайъати апелляция шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан ўрганиб чиқиб, биринчи инстанция суди иккинчи жавобгар «КАСН» хусусий корхонасининг даъво муддатини қўллаш ҳақидаги аризасини қаноатлантириб, даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида барвақт хулосага келган ҳамда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини бузган деб баҳолайди.
Сабаби, суд ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида «иккинчи жавобгар «КАСН» МЧЖнинг даъво муддатини қўллаш ҳақидаги аризаси қаноатлантирилсин» деб қайд этилган.
Ҳолбуки, низо юзасидан даъво муддатини қўллаш ҳақидаги ариза «КАСН» хусусий корхонаси томонидан берилган бўлиб, суднинг 2023 йил 5 июндаги ажрими билан ишга иккинчи жавобгар сифатида ушбу хусусий корхона жалб этилган.
Мазкур ҳолатда биринчи инстанция суди иш ҳолатларидан келиб чиқиб, «КАСН» масъулияти чекланган жамиятини ишга жалб этиш ёки этмаслик чораларини кўрмаган ҳамда ушбу ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги юридик шахс мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқламаган.
Бундан ташқари, даъво талабида жамияти таъсисчиларининг 2009 йил 24 майдаги 1-сонли умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топиш сўралган бўлсада, суд ҳал қилув қарорида «даъвогар Қ.З. даъво аризасида ва суд мажлиси муҳокамасида жамият таъсисчиларининг 2009 йил 24 майдаги 1-сонли умумий йиғилиш қарори ҳақида 2023 йил март ойида билганлигини маълум қилган бўлса-да, суд даъвогарнинг ушбу важи билан келишмаслиги, чунки 2021 йил 9 апрель куни 4-1801-2104/236-сонли иш бўйича Қарши туманлараро маъмурий судининг суд мажлиси муҳокамаси иштирок этган Қ.З. 2009 йилни 25 (24) майдаги йиғилиш қарори ҳақида ўз фикрларини билдирганлиги суд қарорида акс этганлиги» билан боғлиқ ноаниқ ҳолатлар баён этилган.
ИПКнинг 48-моддасига асосан низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорини қабул қилгунига қадар, агар иш ушбу шахсларнинг тарафлардан бирига нисбатан ҳуқуқ ёки мажбуриятларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, даъвогар ёхуд жавобгар тарафида ишга киришиши мумкин. Улар тарафнинг илтимосномасига ёки суднинг ташаббусига кўра ҳам ишда иштирок этишга жалб қилиниши мумкин.
Шу сабабли судлов ҳайъати апелляция шикоятини асосли деб ҳисоблаб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишни ҳамда ишни янгидан кўриш учун юборишни лозим топди.
ИПКнинг 66-моддасига кўра иш бўйича далиллар ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда назарда тутилган тартибда олинган фактлар ҳақидаги маълумотлар бўлиб, улар асосида суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг талаблари ва эътирозларини асословчи ҳолатлар, шунингдек низони тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар мавжудлигини ёки мавжуд эмаслигини аниқлайди. Бундай маълумотлар ёзма ва ашёвий далиллар, экспертларнинг хулосалари, мутахассисларнинг маслаҳатлари (тушунтиришлари), гувоҳларнинг кўрсатувлари, ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари билан аниқланади.
Ушбу кодекснинг 74-моддасига мувофиқ суд далилларга ишнинг барча ҳолатларини жамлаб, уларни суд мажлисида қонунга амал қилган ҳолда ҳар томонлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқишга асосланган ўз ички ишончи бўйича баҳо беради. Ҳар бир далил ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи-назаридан, далилларнинг йиғиндиси эса етарлилиги нуқтаи-назаридан баҳоланиши лозим. Агар текшириш натижасида далилнинг ҳақиқатга тўғри келиши аниқланса, у ишончли деб тан олинади.
ИПКнинг 278-моддаси биринчи қисми 5-бандида апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ушбу Кодекс 279-моддаси тўртинчи қисмининг 4-бандида назарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун юборишга ҳақли эканлиги белгиланган.
ИПК 279-моддасининг биринчи қисмига кўра ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги ҳамда моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги асос бўлади.
ИПКнинг 118-моддасига асосан суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади.
Биринчи инстанция суди ишни янгидан кўришда моддий ва процессуал қонун ҳужжатларини тўғри қўллаган ҳолда иш учун муҳим ҳолатларни аниқлаши, ишдаги ҳужжатларни тўлиқ текшириб, низо юзасидан тарафларнинг ҳар бир важига асослантирилган ҳуқуқий баҳо бериши, иш ҳолатларидан келиб чиқиб, ишга «КАСН» масъулияти чекланган жамиятини жалб этиш ёки этмаслик чораларини кўриши ҳамда ушбу ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги юридик шахс мавжуд ёхуд мавжуд эмаслигини аниқлаши лозим бўлади.
Юқоридагиларга кўра, судлов ҳайъати апелляция шикоятини қаноатлантириб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишни ҳамда ишни янгидан кўриш учун Ғузор туманлараро иқтисодий судига юборишни лозим топди.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 66, 68, 74, 118, 260, 276 — 280-моддаларига асосланиб, судлов ҳайъати қарор қилди:
Даъвогар З.Қ.Ш.нинг апелляция шикояти қаноатлантирилсин.
Чироқчи туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 13 июлдаги ҳал қилув қарори бекор қилинсин.
Мазкур иқтисодий иш янгидан кўриш учун Ғузор туманлараро иқтисодий судига юборилсин.
Ишни янгидан кўришда биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси учун олдиндан тўланган суд харажатлари масаласи ҳал этилсин.
Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Мазкур қарордан норози томон Ўзбекистон Республикаси Олий судига кассация тартибида шикоят (протест келтириши) бериши мумкин.
Раислик қилувчи М. БОЗОРОВ
ҳайъат аъзолари Н. ХЎЖАҚУЛОВ
Ҳ. ТУРСУНОВ
Қарши ш.,
2023 йил 12 сентябрь,
4-182-2302/900-сон