Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси бўйича 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2022 йил 28 декабрдаги СҚ-682-IV-сонли Қарори билан тасдиқланган 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2023-йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ижросини таъминлаш борасида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида муайян ишлар амалга оширилган.
Хусусан, аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳудудий бўлимларига мурожаат қилган шахсларнинг 1313 нафарига психологик, 757 нафарига ҳуқуқий, 149 нафарига тиббий, 359 нафарига бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан давлат органларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга оид маслаҳат-кенгаш органлари фаолиятини ташкил этиш бўйича намунавий Низом ҳамда услубий қўлланма ишлаб чиқилган.
Хотин-қизларнинг сиёсий малакасини ошириш, уларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш, илм-фанни ривожлантириш, аёллар малакасини ошириш мақсадида 60 нафар олима хотин-қиз иштирокида «PhD сари қадам» мавзусида ўқув курси, 420 нафардан зиёд хотин-қизлар иштирокида «Келажак: илмли қизлар ҳамжамияти» таълим-алмашинув дастури йўлга қўйилган.
Инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик масалалари бўйича раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакавий салоҳиятини кучайтириш бўйича ўқув курслари (соатлари) жорий қилинган.
Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари томонидан меҳнат жамоаларида зўравонлик ва уларнинг олдини олиш бўйича 56 та қисқа муддатли семинар-тренинг ташкил этилиб, 2016 нафар иштирокчи қамраб олинди.
Сиёсий партиялар томонидан сиёсий фаол аёллар тўғрисида 100 дан ортиқ медиа маҳсулотлар тайёрланиб, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган. Партияларнинг ижтимоий-сиёсий нашрларида гендер тенглик мавзусига доир 350 дан зиёд материаллар чоп этилган.
Хотин-қизлар ҳуқуқлари чекланишининг, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олишга, аёлларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган 10 мингга яқин тарқатма материаллар, 3 мингдан зиёд баннер, қарийб 400 та видеоролик тайёрланган, шунингдек, маҳаллаларда, таълим муассасаларида, корхона ва ташкилотларда 17 мингдан ортиқ учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилган.
Шу билан бирга, 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2023 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурида белгиланган айрим вазифалар ўз муддатларида ижро этилмаган.
Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгашига номзодлар юзасидан эълон қилинган танловларга Миллий кадрлар захирасидаги хотин-қизларнинг номзодларини жалб қилиш чоралари кўрилмаган. Давлат улушига эга 61 та корхонадаги 306 та аъзолик ўрни учун талабгорлардан атиги 11 нафарини (1,5 фоизи) аёл номзодлар ташкил этган.
Давлат органлари ва ташкилотларида, шунингдек, ҳудудлардаги корхона, ташкилот ва муассасаларда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш бўйича маслаҳат-кенгаш органлари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ишлар етарли даражада олиб борилмаган.
Халқаро рейтингларда, шу жумладан, Жаҳон иқтисодий форуми (Global Gender Gap (GGG) Index World Economic Forum), Аёллар тадбиркорлиги Глобал индекси (Global Women Entrepreneurship Development Index), Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Ижтимоий институтлар ва гендер индексида (OECD SIGI Index) Ўзбекистон ўрнини яхшилаш бўйича Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан шу кунга қадар бирор-бир амалий иш қилинмаган.
Шунингдек, тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахсларда тажовузкорликни камайтириш ва ғазабни бошқариш орқали уларнинг хулқ-атворини ўзгартириш бўйича психокоррекция, реабилитация тадбирлари самарали олиб борилмаганлиги сабабли 2023 йил 7 ойи давомида ҳимоя ордерлари зўравонлик ўтказган шахсларга нисбатан 439 та ҳолатда узайтирилган бўлса, 356 та ҳолатда такроран тазйиқ ва (ёки) зўравонлик содир этган шахслардан жабр кўрганларга ҳимоя ордерлари расмийлаштириб берилган.
Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахсларни тузатиш дастурини қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш зарурати туғилмоқда.
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 16-моддасига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси М. Кадирханованинг 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2023 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ижроси тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлигига 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2023 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурида белгиланган айрим вазифалар ижроси таъминланмаганлиги кўрсатиб ўтилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда хотин-қизларга нисбатан зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахсларнинг ц дастуридан ўтиш механизмларини мустаҳкамлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқиб, Ҳукуматга киритсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси қисқа муддатда:
медиа маҳсулотларни гендер тенгликни таъминлаш юзасидан мониторинг қилиш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
оммавий ахборот воситалари орқали хотин-қизларнинг ҳуқуқларини поймол қилишга қаратилган медиа маҳсулотлар тарқалишининг олдини олиш бўйича таъсирчан чораларни кучайтириш юзасидан аниқ таклифларни шакллантирсин ва бир ой муддатда Олий Мажлис Сенатига киритсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги бир ой муддатда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Давлат бошқаруви академияси билан биргаликда илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда давлат бошқарувида хотин-қизларнинг улушини ошириш бўйича 2023-2024-йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси ўз тизимларидаги ходимлар орасида хотин-қизларнинг улушини ошириш бўйича қабул қилган чора-тадбирларининг натижадорлигини танқидий таҳлил қилган ҳолда уларни камида 30 фоизга етказиш бўйича қўшимча чораларни белгиласин ва амалга оширсин.
Бунда олий таълим муассасалари битирувчиларини танлов асосида вазирлик (идора) ҳамда унинг қуйи тузилмаларида стажировка ўташини йўлга қўйиш, иш режимларини хотин-қизлар учун мослашувчан этиб белгилаш масалаларини инобатга олсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси билан биргаликда икки ой муддатда эркаклар ва аёллар меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича сақланиб қолаётган тафовутнинг асосий омиллари ва сабабларини ҳар томонлама пухта ўрганиб, таҳлил қилсин ва натижалари бўйича аниқланган ҳар бир муаммоли ҳолатларни бартараф этиш бўйича Ҳукуматга тегишли таклифларни киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси:
икки ой муддатда ижтимоий ва сиёсий фаол, салоҳиятли хотин-қизлар рўйхатини шакллантирсин ҳамда улар малакаси ва касбий маҳорати оширилишини, турли лавозимларга тавсия этилишини таъминласин;
бир ой муддатда иқтисодиёт тармоқлари кесимида ҳар бир тармоқдан 1 тадан корхона, ташкилот ва муассасада хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш бўйича маслаҳат-кенгаш органлари фаолиятини намунали йўлга қўйиш ҳамда ушбу амалиётни 2024 йилнинг 1 апрелига қадар тармоқдаги бошқа корхона ва ташкилотларда ҳам оммалаштириш чораларини кўрсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгашига номзодлар юзасидан эълон қилинган танловларга Миллий кадрлар захирасидаги хотин-қизларнинг номзодларини жалб қилиш чораларини кўрсин ҳамда оммавий ахборот воситалари, Интернет ижтимоий тармоқларида танловни кенг тарғиб қилиш ишларини кучайтирсин.
Бунда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Миллий кадрлар захирасидаги хотин-қизларни Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабининг корпоратив бошқарув бўйича ўқув курсларига кенг жалб этиш чораларини кўрсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда гендер тенгликни таъминлашга оид Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашга тўсқинлик қилаётган мавжуд муаммоларни таҳлил қилиб, уларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқсин.
11. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси, Ўзбекистон экологик партияси давлат ташкилотларини демократик тамойиллар асосида шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш (сиёсий партияларга давлат бошқаруви органлари раҳбарлигига номзод кўрсатиш ва бошқалар) бўйича илғор хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш, шунингдек, таклифлар ишлаб чиқиб, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясига киритиш тавсия этилсин.
12. Вазирлик, идоралар ва ташкилотлар мазкур Қарор ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида 2023 йилнинг 1 декабрига қадар Сенатга ахборот киритсин.
13. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси М. Кадирханова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2023 йил 12 сентябрь,
KҚ-570-IV-сон