Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталарининг 2023 йил иккинчи ярим йиллигига мўлжалланган иш режаларини тасдиқлаш тўғрисида
Бугунги кунда олиб борилаётган шиддатли ислоҳотлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, унинг қўмиталари фаолияти самарадорлигини янада оширишни, депутатларнинг халқ билан доимий мулоқотини сифат жиҳатидан янги даражага кўтаришни, қуйи палатанинг қонун ижодкорлигига, парламент назоратига доир фаолиятини кучайтиришни тақозо этмоқда.
Мамлакатимиз Президенти Ш.М. Мирзиёев раислигида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишларида белгилаб берилган устувор вазифалар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталари олдига янгидан-янги вазифаларни қўймоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан назорат-таҳлил тадбирларини ва уларнинг якунларига бағишланган муҳокамаларни асосан жойларда ташкил этиш, ҳудудлардаги тизимли муаммоларни фаолият йўналишларидан келиб чиққан ҳолда ўрганиб бориш, уларни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда жойида ҳал этишга алоҳида аҳамият қаратиш мақсадга мувофиқ.
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталарининг 2023 йил иккинчи ярим йиллигига мўлжалланган иш режалари (бундан буён матнда Иш режалари деб юритилади) 1 — 12-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
2. Иш режаларида назарда тутилган вазифа ва тадбирларни ўз вақтида, сифатли бажариш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталари раислари ва Девони раҳбари масъул эканлиги белгилаб қўйилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девони Қўмиталар ҳузуридаги котибиятлар Иш режаларининг ижроси юзасидан ҳар ойнинг 25 санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девонининг Назорат-таҳлил бўлимига ахборот тақдим этилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталарига:
Иш режаларида назарда тутилган вазифалар ва тадбирларнинг бажарилиши ҳолатини ўз йиғилишларида ҳар ойда камида бир маротаба муҳокама қилиб бориш;
Иш режаларида назарда тутилган тадбирлар хусусида тегишли вазирлик ва идораларни хабардор қилиш тавсия этилсин.
5. Иш режаларида назарда тутилган вазифалар ва тадбирларнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2023 йил 4 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталарининг 2023 йил иккинчи ярим йиллигига мўлжалланган иш режаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 3421-IV-сонли Қарори ўз кучини йўқотган деб топилсин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 28 август,
3465-IV-сон