Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб шуни қайд этадики, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг (бундан буён матнда Давлат бюджети деб юритилади) ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси «2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган бюджет параметрлари доирасида амалга оширилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари ижросини таъминлашга йўналтирилган.
2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ҳажми 469,6 трлн. сўмни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 5,6 фоизга ўсган. Ташқи савдо айланмаси 29,2 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 19,4 фоизга ўсган. Аҳолининг реал даромадлари 6,5 фоизга ошиб, умумий даромадлар аҳоли жон бошига 9,3 млн. сўмни ташкил этган.
Дунёда кечаётган кескин сиёсий ва иқтисодий вазият, айрим ривожланган мамлакатларнинг иқтисодиётида кузатилаётган салбий тебранишлар таъсирига қарамасдан мамлакатимизда Давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш чоралари кўрилган. Ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари 102,3 трлн. сўмни ташкил этиб, белгиланган параметрларга нисбатан 106,3 фоизни, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса 111,1 фоизни ташкил қилган.
Давлат бюджети харажатларининг ижроси (давлат мақсадли жамғармаларисиз) 129,1 трлн. сўмга бажарилган ва режага нисбатан 92,5 фоизни ташкил этган. Шу билан бирга маҳаллий бюджетлар ихтиёрида 2,3 трлн. сўм маблағлар қолдирилган.
Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилганлик тамойили сақлаб қолинган ҳолда, умумий харажатларнинг 64,4 трлн. сўми ёки 50 фоизи ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун сарфланган. Бунда ижтимоий харажатларнинг 90,1 фоизи ижтимоий соҳани ривожлантириш ва аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш харажатларига йўналтирилган. Шунингдек, аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган «Ташаббусли бюджет» ва «Менинг йўлим» дастурларининг лойиҳалари жамоатчилик фикри асосида шакллантирилиб, уларга 1,9 трлн. сўм бюджет маблағлари йўналтирилган.
Эришилган ижобий натижалар билан бирга Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш борасида айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилган.
Давлат бюджетининг харажатлар қисми соҳалар кесимида белгиланган режага асосан тўлиқ ижро этилмаган. Жумладан, ижтимоий соҳада фанни молиялаштириш учун ажратилган маблағларнинг 90,5 фоизи, аҳоли бандлиги даражасини ошириш учун ажратилган маблағларнинг 82,7 фоизи, иқтисодиёт соҳасида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун ажратилган маблағларнинг 40,1 фоизи, аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини амалга ошириш учун ажратилган маблағларнинг 78,7 фоизи, табиатни муҳофаза қилиш учун ажратилган маблағларнинг 81,4 фоизи ҳамда инвестиция харажатларини молиялаштириш учун ажратилган маблағларнинг 71 фоизи ўзлаштирилган.
Республика бюджетидан ривожлантириш дастурларига ажратилган маблағлар режаси 96 фоизга ижро этилганлигига қарамай, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида бу кўрсаткич 41 фоизни, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида 52 фоизни, Транспорт вазирлигида 46 фоизни, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида 50 фоизни, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида 36 фоизни, Маданий мерос агентлигида эса 19 фоизни ташкил қилган.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан оналар ва болалар, репродуктив ёшдаги аёллар саломатлигини сақлаш учун зарур дори воситалари ва тиббий буюмлар («К» витамини, сурфактант ва бошқалар) билан таъминлаш учун ажратилган маблағларнинг атиги 4,3 фоизи ўзлаштирилган, нейросенсор карлик ёки заиф эшитадиган болаларда кохлеар имплантатлардан фойдаланган ҳолда операциялар ўтказиш учун харажатлар амалга оширилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини янада яхшилаш учун ажратилган маблағларнинг 13,9 фоизи, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ривожлантириш дастурлари учун ажратилган маблағларнинг 40,7 фоизи, мактабларда маънан эскирган компьютер синфларини янгилаш учун ажратилган маблағларнинг 14,4 фоизи, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун субсидияларга ажратилган маблағларнинг 56,8 фоизи ўзлаштирилган, холос.
Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги томонидан тизимдаги муҳофаза этиладиган ҳудудларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун харажатлар амалга оширилмаган.
Ҳисобот даврида бюджет ташкилотларида (Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Ёшлар сиёсати ва спорт, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Транспорт вазирликлари ва бошқалар) бюджет интизомига риоя этилиши юзасидан амалга оширилган давлат молиявий назорати тадбирларида ўтган йиллар бўйича жами 377,4 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилган. Жумладан нақд пул маблағлари, озиқ-овқат ва дори-дармон воситалари, товар моддий бойликлар камомади ва пул маблағларини пластик карталарга ўтказиш орқали 55,9 млрд. сўмлик, иш ҳақи ҳамда мукофот ва моддий ёрдам пуллари ортиқча тўланганлиги туфайли 58,6 млрд. сўмлик, қурилиш соҳасида 122,3 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган.
Шунингдек давлат харидларини амалга оширишда 107 млрд. сўмлик ҳамда бюджет субсидиялари беришда 95,6 млрд. сўмлик ортиқча харажатларга йўл қўйилган.
Мамлакатимизда куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида электр энергия ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, кўмир ва бошқа ёқилғи-энергия ресурсларини ғамлаш борасида барча имкониятлар ишга солинаётган бир пайтда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан Давлат бюджетидан иссиқлик таъминоти объектларини қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш харажатларига ажратилган маблағнинг атига 41 фоизи ўзлаштирилган, холос.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларини, шунингдек инфляция даражасини белгиланган меъёрларда сақлаб туриш, Давлат бюджети даромадларининг прогноз кўрсаткичларини таъминлаш ҳамда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган тизимли чораларни давом эттириш;
Давлат бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган ривожлантириш ҳамда инвестиция дастурларининг ўз вақтида ижро этилиши устидан назоратни таъминлаш;
«Ташаббусли бюджет», «Менинг йўлим», «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш учун ажратилган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланиш механизмларини такомиллаштириш, шунингдек ушбу мақсадлар учун ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш устидан таъсирчан назорат тизимини ўрнатиш чораларини кўриш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:
тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда Давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш, бюджетга қўшимча даромадлар манбаларини аниқлаш;
Давлат бюджетида кўзда тутилган харажатларни ўз вақтида молиялаштириш, ортиқча тўловларга йўл қўймаслик;
бюджет ташкилотлари ва бюджетдан маблағ олувчилар томонидан бюджет интизомини бузиш, камомадга ва мақсадсиз харажатларга йўл қўйиш ҳолатларини олдини олиш чораларини кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг тегишли ҳисобот давридаги ижроси масалалари кўриб чиқилаётганда Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг натижадорлигини фаолият йўналишларидан келиб чиқиб ўрганиш ва бу борада депутат назоратини кучайтириш чораларини кўриш тавсия этилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари давлат органлари раҳбарларининг давлат бюджетида назарда тутилган ривожланиш дастурлари ҳамда бюджет маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳалар ижросини таъминлаш борасидаги ахборотини ўз йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, мунтазам равишда эшитиб борсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатларига ўз сайлов округларида бюджет маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган дастурлар ва инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ҳамда амалга оширилаётган лойиҳалар сифатини назорат қилишга бағишлаб халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан ўтказиладиган сессияларда иштирок этиш тавсия қилинсин.
7. Ушбу Қарор эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 22 август,
3459-IV-сон