Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш борасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллигини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш, «Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий ҳамда маънавий-маърифий тадбирларни самарали ўтказиш, шунингдек, амалга оширилган ишларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир чора-тадбирлар дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир чора-тадбирлар дастурида белгиланган тадбирларни ўз вақтида ва самарали ўтказиш чораларини кўрсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларига сайлов округларида мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётида олиб борилган тизимли ислоҳотлар ва янгиланган Конституциянинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш ишларини олиб бориш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девонининг Парламент ахборот маркази (М. Пармонова) Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрами муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва унинг органлари томонидан ўтказиладиган тадбирларни оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиб бориш чораларини кўрсин.
5. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. ИНОЯТОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 4 август,
3420-IV-сон