Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига крипто-активлар айланмаси соҳасида лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тизимини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 23 майда қабул қилинган
Сенат томонидан 2023 йил 4 августда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, қонунчилик ҳужжатлари билан Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги крипто-активлар айланмаси соҳасида лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартибини, мазкур соҳада фаолиятни амалга оширишга доир лицензиялар берганлик учун давлат божи миқдорларини ва уни тўлаш тартибини белгиловчи, крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш бўйича ваколатли орган этиб белгиланган.
Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолият турлари сифатида майнинг ва крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолияти белгиланган ҳамда фаолиятнинг мазкур турлари лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари асосида амалга оширилиши қайд этилган. Хизматлар провайдерлари турлари сифатида крипто-биржа, майнинг-пул, крипто-депозитарий ва крипто-дўкон белгиланган.
Шу муносабат билан «Давлат божи тўғрисида»ги ва «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига лицензияланадиган фаолиятнинг янги турлари ва кичик турлари (крипто-биржа, майнинг-пул, крипто-депозитарий ва крипто-дўкон) ҳамда рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжат асосида амалга ошириладиган майнинг фаолияти белгиланишини, Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг крипто-активлар айланмаси соҳасида лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш масалаларига доир ваколатлари мустаҳкамланишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Ушбу Қонун крипто-активлар айланмаси соҳасини янада ривожлантиришга ҳамда мазкур соҳада лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январда қабул қилинган «Давлат божи тўғрисида»ги ЎРҚ-600-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, № 1, 1-модда, № 3, 201-модда, № 5, 298-модда, № 10, 593-модда, № 12, 691-модда; 2021 йил, № 1, 13-модда, 4-сонга илова, № 7, 661-модда, № 8, 800, 803-моддалар, № 10, 968-модда; 2022 йил, № 2, 76-модда, № 3, 214, 216-моддалар, № 4, 340-модда, № 5, 463, 464, 467-моддалар, № 12, 1186-модда; 2023 йил, №2, 103-модда, №3, 186-модда, №4, 265, 269-моддалар) 24-моддаси куйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олаётган юридик шахслар давлат божини Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан белгиланадиган миқдорда ва тартибда тўлайди».
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 июлда қабул қилинган «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги УРҚ-701-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, № 7, 661-модда; 2022 йил, № 4, 340-модда, № 5, 465-модда; 2023 йил, № 2, 103-модда, №3, 185-модда) куйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:
1) 1-модда куйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Ушбу Қонуннинг 1 ва 2-иловаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг ваколатларига тааллуқли бўлган лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тегишли фаолият соҳаларидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади»;
2) 1-илованинг 7-позицияси куйидаги таҳрирда баён этилсин:
| « | |||
| 7. | Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш учун лицензия | Крипто-биржа фаолияти; | Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги |
| майнинг-пул фаолияти; | |||
| крипто-депозитарий фаолияти; | |||
| крипто-дўкон фаолияти. | |||
| »; |
3) 2-илова куйидаги мазмундаги 122-позиция билан тўлдирилсин:
| « | |||
| 122. | Майнинг фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома | Майнинг фаолиятини амалга ошириш. | Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги |
| »; |
4) 4-илова:
I бўлимининг 6-позицияси куйидаги таҳрирда баён этилсин:
| « | ||
| 6. | Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш учун лицензия | 300 |
| »; |
II бўлими куйидаги мазмундаги 112-позиция билан тўлдирилсин:
| « | ||
| 112. | Майнинг фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома | 150 |
| »; |
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
4-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
5-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2023 йил 6 сентябрь,
ЎРҚ-866-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.09.2023 й., 03/23/866/0683-сон)