Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига мувофиқ:
1. 2023 йил 6 июнь куни Самарқанд шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қатар Давлати Ҳукумати ўртасидаги инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим тасдиқлансин.
2. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ушбу халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган этиб белгилансин.
3. Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси томонидан ушбу халқаро шартноманинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари бажарилганлиги ҳамда уни амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган тўғрисида Қатар томонига тегишли билдиришнома юборсин.
4. Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга кирганидан кейин унинг қоидалари амалга оширилиши устидан белгиланган тартибда назоратни таъминласин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2023 йил 28 август,
ПҚ-287-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.08.2023 й., 07/23/287/0660-сон)