Самарқанд вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг
қарори
Биринчи инстанция судида ишни кўрган судья — Ж. Юсупов
Апелляция инстанциясида маърузачи судья — Ш. Мамадияров
Апелляция инстанциясида маърузачи судья — Ш. Мамадияров
Самарқанд вилояти суди иқтисодий ишлар бўйича апелляция инстанцияси судлов ҳайъати Ш. Мамадияров раислигида, судьялар И. Хамроқулов ва Ў. Мурадовдан иборат таркиб, судья катта ёрдамчиси А. Қахоров котиблигида, Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 16 июндаги ҳал қилув қарори устидан Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси СВҲБнинг берган апелляция шикоятини даъвогар «KС» МЧЖ вакиллари Д.А., Б.Р. (2022 йил 18 августдаги 301-сонли ва 302-сонли ишончнома асосида) ва жавобгар «КПТ» акциядорлик жамияти вакили Ж.С. (2023 йил 15 июндаги 47-сонли ишончнома асосида) иштирокида Самарқанд вилояти суди биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси СВҲБ (матнда «Палата» дейилади) даъвогар «KС» МЧЖ (матнда «даъвогар» дейилади) манфаатида Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар «КПТ» акциядорлик жамияти (матнда «жавобгар» дейилади)га 124 039 та, ҳар бирининг донаси 50 781 сўмдан, жами 6 298 824 459 сўмлик акцияларни қайтариб сотиб олиш мажбуриятини юклашни сўраган.
Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 16 июндаги ҳал қилув қарори билан даъво аризани қаноатлантириш рад этилган.
«Палата»нинг «даъвогар» манфаатида берган апелляция шикоятида Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 16 июндаги ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво аризани қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилиш сўралган.
«Палата»нинг апелляция шикоятида ишни вакилининг иштирокисиз кўриш сўралганлиги боис, судлов ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (матнда «ИПК» дейилади) 274-моддаси тўртинчи қисмига асосан, ишни «Палата» вакили йўқлигида кўриш мумкин деб топади.
Суд мажлисида иштирок этган даъвогар вакили апелляция шикоятини қўллаб-қувватлаб, «жавобгар» акциядорларнинг 2021 йил 19 февралдаги умумий йиғилиши тўғрисида корпоратив веб-сайтда эълон бермаганлиги, электрон хабар бериш орқали «даъвогар»ни хабардор қилмаганлиги, қабул қилинган қарорни ҳам веб-сайтда чоп этмаганлигини, шу умумий йиғилишда «даъвогар»нинг собиқ ҳуқуқшуноси қатнашганлиги фотосурат билан тасдиқланмаслигини, уни қачон ва қаерда олинганлиги номаълумлиги, ҳуқуқшуносга «даъвогар» номидан иштирок этишга ишончнома берилмаганлигини, акциядорлар умумий йиғилиши белгиланган муддатида эмас, балки кейинги йилда чоп этилганлигини эътироф этиб апелляция шикоятини қаноатлантиришни сўради.
Суд мажлисида иштирок этган «жавобгар» вакили оғзаки илтимоснома бериб, «жавобгар»нинг корпоратив муносабатларга оид ходими Тошкент шаҳридалиги сабабли суд мажлисини кейинга қолдиришни сўради.
Судлов ҳайъати суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш имкони борлиги, бироқ «жавобгар» бундан фойдаланиш чорасини кўрмаганлиги, масъул ходимда иш учун аҳамият касб этувчи қандай далил мавжудлиги аниқланмаганлиги боис суд мажлисини кейинга қолдириш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантиришни рад этди.
Шундан сўнги муҳокама жараёнида «жавобгар» вакили апелляция шикоятига эътироз билдириб, акциядорларнинг 2021 йил 19 февралдаги умумий йиғилишида «даъвогар»нинг собиқ ҳуқуқшуноси тингловчи сифатида иштирок этиб, кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилганлигини, «даъвогар» билан «пахта завод» ва «пахта пункти»ни олди сотдиси юзасидан иккита шартнома тузиш тасдиқланганлигини, умумий йиғилиш қарори веб-сайтда эълон қилинганлигини эътироф этиб, апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад қилишни сўради.
Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришларини эшитиб, қуйидаги асосларга кўра биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.
Даъво аризада — «жавобгар» акциядорларнинг 2021 йил 19 февралдаги умумий йиғилиши тўғрисида акциядорлар учун веб-сайтда эълон жойлаштирмаганлиги, унинг жойи ва вақти, шунингдек кун тартибидаги масалалар ҳақида «даъвогар»га хабар бермаганлиги кўрсатилиб, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги 2014 йил 6 майдаги ЎРҚ-370-сонли Ўзбекистон Республикаси Қонуни (матнда «Қонун»)нинг 40-моддаси тўртинчи қисми даъвонинг асосига келтирилган.
Аниқланишича, акциядорларнинг навбатдан ташқари 2021 йил 19 февралда ўтган умумий йиғилиши ҳақида «жавобгар» веб-сайтда эълон жойлаштирмаган, «даъвогар»га бу ҳақда хабар юбормаган. Биринчи инстанция суди бу ҳолатни аниқлаган ва тўғри эътироф этган.
Мазкур умумий йиғилишда «даъвогар»нинг собиқ ҳуқуқшуноси «тингловчи» сифатида қатнашганлиги тўғрисида «жавобгар» вакилининг важи билан «ИПК»нинг 72-моддасига мувофиқ келишиб бўлмайди. Чунки, Қонунда ва жамият уставида белгиланган тарзда умумий йиғилишнинг вақти ва жойи, кун тартиби ҳақида веб-сайтда эълон жойлаштирилганлиги, бундай ахборотлар «даъвогар»га электрон тарзда хабар берилганлиги, ҳуқуқшуносга акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этишига ваколат берилганлиги, овоз бериш ҳақида бюллетень тўлдирганлиги ҳақида далиллар тақдим этилмади. Ваҳоланки, қонунчиликка мувофиқ муайян далиллар билан тасдиқланиши керак бўлган иш ҳолатлари бошқа далиллар билан тасдиқланиши мумкин эмас. Шу сабабли тақдим этилган фотосурат ҳуқуқшуносни акциядорлар умумий йиғилишида қатнашганлигини, агар қатнашган бўлса унинг ваколатли бўлганлигининг далили бўла олмайди.
Қонуннинг 40-моддаси тўртинчи қисмига кўра, жамиятнинг уставига овоз берувчи акциялар эгалари бўлган акциядорларнинг ҳуқуқларини чекловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки янги таҳрирдаги уставини тасдиқлаш тўғрисида акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қарорлар қабул қилишда, агар улар қарши овоз берган бўлса ёхуд овоз беришда узрли сабабларга кўра иштирок этмаган бўлса ўзларига тегишли акцияларнинг ҳаммаси ёки бир қисми жамият томонидан қайтариб сотиб олинишини талаб қилишга ҳақлидирлар.
Ушбу моддий ҳуқуқ нормаси «даъвогар»нинг даъво талабини қаноатлантиришга асос бўла олмайди. Демак, биринчи инстанция суди даъво аризани қаноатлантиришни асосли равишда рад этган. Чунки, юқоридаги қонун нормасида — жамиятнинг уставига акциядорларнинг ҳуқуқларини чекловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки янги таҳрирдаги уставини тасдиқлаш тўғрисида қарорлар қабул қилинган ҳоллардагина акцияларнинг ҳаммаси ёки бир қисмини жамият томонидан қайтариб сотиб олинишини талаб қилишни назарда тутилади.
Акциядорларнинг 2021 йил 19 февралдаги умумий йиғилишининг кун тартибида олтита масала кўрилган. Хусусан, 1-саноқ комиссияси таркибини тасдиқлаш; 2-умумий йиғилиш регламентини тасдиқлаш; 3 ва 4-йирик битим тузишни тасдиқлаш; 5-бир дона акциянинг бозор қийматини тасдиқлаш; 6-акцияларни бозор қиймати бўйича қайтариб сотиб олиш тартибини белгилаш.
Бундан кўринадики, акциядорларнинг 2021 йил 19 февралдаги умумий йиғилишида жамиятнинг уставига акциядор бўлган «даъвогар»нинг ҳуқуқларини чекловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки янги таҳрирдаги уставини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинмаган.
Аксинча, акциядорлар умумий йиғилишининг кун тартибидаги 3 ва 4-масалаларнинг муҳокамаси натижасига кўра, жамият («жавобгар»)нинг айнан «даъвогар»га наф берувчи йирик битим тузиши тасдиқланган. Бунинг оқибатида эса тарафлар ўртасида 2021 йил 13 апрелда 1 ва 2-сонли олди-сотди шартнома (йирик битим)лар тузилган. Бу шартномалар айни вақтда кучида бўлиб, «даъвогар» пахта тозалаш заводини ва пахта пунктини ҳамда улардаги мол-мулкларни сотиб олган.
Ишнинг бундай ҳолатларида эса биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун ИПКнинг 279-моддасида белгиланган асослар мавжуд эмас.
ИПК 118-моддасига асосан суд харажатлари «даъвогар» зиммасига юклатилади ва ундирилади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 118, 278, 280-моддаларига асосланиб, судлов ҳайъати қарор қилди:
Жавобгар «КПТ» акциядорлик жамияти вакилининг суд мажлисини кейинга қолдириш тўғрисидаги илтимосномасини қаноатлантириш рад этилсин.
Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 16 июндаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси СВҲБнинг апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилсин. Даъвогар «KС» МЧЖдан республика бюджетига 1 650 000 сўм давлат божи ундирилсин. Даъвогар «KС» МЧЖ томонидан 33 000 сўм почта харажати тўланганлиги инобатга олиниб, зиммасида қолдирилсин.
Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Қарор устидан бир йил муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят бериш (протест келтиришга) мумкин.
Раислик қилувчи Ш. МАМАДИЯРОВ
Ҳайъат аъзолари И. ХАМРОҚУЛОВ
Ў. МУРАДОВ
Самарқанд ш.,
2023 йил 2 август,
4-1402-2301/915-сон