Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) ваколатлари доирасидаги ишларни пухта, самарали ва режали ташкил этиш мақсадида Қонунчилик палатасининг 2023 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолиятининг асосий йўналишлари тасдиқланди.
Ҳисобот даврида Қонунчилик палатаси томонидан жами 89 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, 49 та қонун қабул қилинди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилди. Шундан 10 таси янги, 26 таси яхлит, 7 таси жамланма (16 та қонун лойиҳасини ўз ичига олган), 6 таси ратификация қилишга доир қонунлардир.
Шунингдек мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантиришга, бутун бир соҳаларни тартибга солишга қаратилган бир қатор қонунлар ҳам қабул қилинди. Хусусан, «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Йўл ҳаракати тўғрисида»ги, «Рақобат тўғрисида»ги, «Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида»ги, «Пробация тўғрисида»ги, «Ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир.
Давлат бюджетининг самарали бажарилишини таъминлаш, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан таъсирчан назорат ўрнатилиб, ҳукуматнинг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги тегишли ҳисоботлари эшитиб борилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги парламент комиссиялари томонидан Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилиши, инсон ҳуқуқлари соҳасида мамлакатимизнинг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши ҳамда бу борада белгиланган устувор вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан парламент назорати олиб борилди.
Шунингдек Қонунчилик палатасининг Россия Федерацияси Федерал Мажлисининг Давлат Думаси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сингапур Республикаси Парламенти ҳамда Вьетнам Социалистик Республикаси Миллий мажлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлари тузилди.
Жумладан, парламент назоратининг барча шаклларидан бирдек самарали фойдаланилмаяпти. Сиёсий партиялар фракциялари томонидан электорат манфаатларидан келиб чиқиб, сайловчиларни ўйлантираётган, жойларда долзарб бўлиб турган масалалар юзасидан мансабдор шахсларнинг ахборотини эшитиш бўйича ташаббускорликни кучайтириш мақсадга мувофиқ.
Шунингдек амалдаги қонунчиликни янгиланган Конституцияга мувофиқлаштириш ишларини жонлантириш, аҳолини ўйлантираётган масалаларни парламент назоратининг таъсирчан шаклларидан фойдаланган ҳолда ҳал этиш борасидаги ташаббускорликни ошириш, шу жумладан Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси устидан назоратни янада кучайтириш мақсадга мувофиқ.
2. Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига:
ўз партияларининг дастурий мақсад ва вазифаларидан ҳамда сиёсий партиялар электоратлари томонидан кўтарилаётган масалалардан келиб чиқиб, фракция аъзолари томонидан қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Қонунчилик палатасига киритиш ташаббуси билан чиқиш;
эксперт гуруҳларини қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш жараёнига, назорат-таҳлил тадбирларига фаол жалб этиш;