Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А. Абдухакимовнинг «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар ҳолати тўғрисида»ги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А. Абдухакимовнинг «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар ҳолати тўғрисида»ги ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, кейинги йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларни ҳал этиш ва уларнинг салбий оқибатларини бартараф қилиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларидан келиб чиқиб, шунингдек мамлакатимизда амалга оширилган маъмурий ислоҳотлар доирасида Табиат ресурслари вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига айлантирилди ва унинг ваколатлари, вазифа ва функциялари, фаолиятининг устувор йўналишлари белгиланди.
Вазирлик ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишда қонунчиликка риоя этилиши юзасидан давлат экологик назоратини амалга ошириши ҳамда ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш доирасида мутасадди идоралар билан ҳамкорликда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида бир қатор ишларни амалга оширган.
Хусусан, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида республика миқёсида 2022 йилда 202,7 млн. туп, 2023 йил баҳор мавсумида 127,7 млн. туп дарахт кўчатлари экилган.
2022 йилда 186 та туман ва шаҳарда 588 гектар майдонда «яшил боғлар», 662 гектар майдонда «яшил жамоат парклари» барпо этилган. Экилган дарахтлар кўкарувчанлигини таъминлаш учун 120 км. суғориш тармоқлари барпо этилган ва 155 та сув чиқариш қудуғи қазилган ҳамда ободонлаштириш бошқармалари 45 та махсус техника ва механизмлар билан таъминланган.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш мақсадида кўчат етиштириш ишларига тадбиркорлик субъектлари ва ишсиз фуқаролар кенг жалб этилган. Жумладан, жорий йилда аҳоли томорқаларида 55 млн. тупдан зиёд, тадбиркорлик субъектлари томонидан 49 млн. тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт ҳамда бута кўчатлари етиштирилган.
Кўчатлар нархларининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида 1 043 та кўчат ярмаркаси ва савдо нуқтаси барпо этилган, олимлар ва тажрибали мутахассислардан иборат эксперт гуруҳлари томонидан 1 353 та амалий семинар ўтказилиб, кўчат экиш ишларида аҳолига амалий ёрдам кўрсатилган.
Мевали ва манзарали дарахтлар кўчатларини экиш ва парвариш қилишга оид 1 000 нусхада илмий қўлланма тайёрланиб, жойлардаги мутасаддиларга тарқатилган.
Шу билан бирга аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш борасида бир қатор соҳаларда охирига етказилмаган ишлар мавжуд.
Вазирлик томонидан дарахтларни тўлиқ рақамлаштириш йўли билан хатловдан ўтказиш ишлари якунига етказилмаган.
«Экологик экспертиза тўғрисида»ги Қонунни бугунги кун талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириш бўйича манфаатдор идоралар билан бирга таклифлар ишлаб чиқилмаган.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 2022 йилда айрим туман ва шаҳарларда дарахт ҳамда бута кўчатларини экиш борасида белгиланган режа кўрсаткичлари бажарилмасдан қолган.
Кўчатларни суғориш тизимини ҳисобга олмасдан экилганлиги, 2022 йил баҳор мавсумида экилган кўчатларни сувсизликдан қуриш ҳолатлари аниқланган.
Ўрмончилик ва ўрмон кўчатчилигини ривожлантириш, кўчатхоналар сонини ошириш, илмий ёндашув асосида ҳудудларда иқлимга мос, кам сув талаб қиладиган дарахт навларини кўпайтириш ишлари талаб даражасида эмас.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А. Абдухакимовнинг «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар ҳолати тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги:
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида республикадаги дарахтларни тўлиқ рақамлаштириш орқали хатловдан ўтказишни якунига етказиш;
«Экологик экспертиза тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини бугунги кун талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириш, шунингдек қонунчилик ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишларнинг ҳаққонийлиги ва натижадорлигини назорат қилиш ҳамда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш;
ўрмончилик ва ўрмон кўчатчилигини ривожлантириш, кўчатхоналар сонини ошириш, илмий ёндашув асосида ҳудудларда иқлимга мос, кам сув талаб қиладиган дарахт навларини кўпайтириш;
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари билан жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишда ҳамкорлик қилиш чораларини кўрсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишларни тизимли муҳокама қилиб бориш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар устидан таъсирчан парламент назоратини амалга оширсин.
5. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Х. Гаппоров зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 4 июль,
3331-IV-сон