Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
«Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 16 майда қабул қилинган
Сенат томонидан 2023 йил 5 августда маъқулланган
Сенат томонидан 2023 йил 5 августда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда волонтёрлик фаолиятини ривожлантиришга, фуқароларнинг ижтимоий ташаббусларини қўллаб-қувватлашга, уларнинг ижтимоий вазифаларни ҳал этишдаги масъулиятини, бирдамлигини ва ўзаро ёрдам бериш кўникмаларини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди.
Шу билан бирга волонтёрлик фаолиятини янада ривожлантириш ушбу фаолиятнинг қўллаб-қувватланишини, волонтёрлик фаолиятини амалга оширувчи субъектлар билан давлат органларининг ҳамкорлиги кучайтирилишини, ижтимоий вазифаларни ҳал қилишда волонтёрларга кўмаклашилишини, уларнинг хизматлари эътироф этилишини ҳамда уларнинг фаолиятини рағбатлантириш механизмлари такомиллаштирилишини талаб қилмоқда.
Ушбу Қонун билан «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига волонтёрлик фаолияти соҳасидаги давлат мақсадли дастурларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва уларнинг бажарилишини таъминлаш, шунингдек мазкур соҳадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш бўйича ваколатлар берилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бундан ташқари ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлигини волонтёрлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгилаш, унинг мазкур соҳадаги ваколатларини аниқлаштириш, шунингдек республика ижро этувчи ҳокимият органларининг волонтёрликни қўллаб-қувватлаш ва унга кўмаклашиш бўйича ваколатларини аниқлаштириш назарда тутилмоқда.
Ушбу Қонун волонтёрлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга, волонтёрлик фаолиятини ривожлантириш соҳасида республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ваколатларини белгилашга, шунингдек волонтёрлик фаолиятини янада рағбатлантиришга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 декабрда қабул қилинган «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги ЎРҚ-585-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 12, 879-модда; 2021 йил, 4-сонга илова) қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
1) 3-модданинг тўққизинчи хатбошисидаги «давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари» деган сўзлар «давлат ҳокимияти органлари, республика ижро этувчи ҳокимият органлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
2) 9-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
волонтёрлик фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;
волонтёрлик фаолияти соҳасидаги давлат мақсадли дастурларини тасдиқлайди ва уларнинг бажарилишини таъминлайди;
волонтёрлик фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ваколатлари доирасида қабул қилади;
волонтёрлик фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширувчи республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ишини йўналтиради ва мувофиқлаштиради;
волонтёрлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқади;
волонтёрлик фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга ва тажриба алмашишга кўмаклашади»;
3) қуйидаги мазмундаги 91 ва 92-моддалар билан тўлдирилсин:
«91-модда. Махсус ваколатли давлат органининг волонтёрлик фаолияти соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги волонтёрлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади).
Махсус ваколатли давлат органи:
волонтёрлик фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади;
волонтёрлик фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ўз ваколатлари доирасида ишлаб чиқади;
волонтёрлик фаолияти соҳасидаги давлат мақсадли дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;
волонтёрлик фаолияти соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади;
волонтёрлик фаолиятини ахборот ва маслаҳат жиҳатидан, шунингдек ўқув-услубий жиҳатдан ўз ваколатлари доирасида қўллаб-қувватлайди;
жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек давлат органлари билан волонтёрлик фаолияти соҳасида ҳамкорлик қилади;
волонтёрлик фаолияти соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.
Махсус ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
92-модда. Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг волонтёрлик фаолияти соҳасидаги ваколатлари
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари:
волонтёрлик фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади;
волонтёрлик фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда ўз ваколатлари доирасида иштирок этади;
волонтёрлик фаолияти соҳасидаги давлат мақсадли дастурларини ўз ваколатлари доирасида амалга оширади;
жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек давлат органлари билан волонтёрлик фаолияти соҳасида ҳамкорлик қилади.
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари волонтёрлик фаолияти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат ижтимоий буюртмаларини бериши мумкин»;
4) 10-модданинг биринчи қисми:
қуйидаги мазмундаги тўртинчи ва бешинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:
«волонтёрлик фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда ўз ваколатлари доирасида иштирок этади;
волонтёрлик фаолияти соҳасидаги давлат мақсадли дастурларини ўз ваколатлари доирасида амалга оширади»;
тўртинчи ва бешинчи хатбошилари тегишинча олтинчи ва еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
5) 14-модданинг тўртинчи қисми «шунингдек энг кўп ўзини кўрсатган волонтёрларни рағбатлантириш ва (ёки) мукофотлаш учун номзодларни» деган сўзлардан кейин «махсус ваколатли давлат органига» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
6) 19-модда:
қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Махсус ваколатли давлат органи волонтёрларнинг волонтёрлик фаолияти соҳасидаги хизматларини эътироф этишга доир тадбирларни ўтказади»;
иккинчи қисми учинчи қисм деб ҳисоблансин;
7) 24-модданинг учинчи хатбошисидаги «давлат бошқаруви органлари» деган сўзлар «республика ижро этувчи ҳокимият органлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2023 йил 18 август,
ЎРҚ-863-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2023 й., 03/23/863/0627-сон)