Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш. Хамраевнинг «Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган концепциясини амалга ошириш юзасидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш. Хамраевнинг «Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган концепциясини амалга ошириш юзасидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, соҳада замонавий бошқарув тизимини йўлга қўйиш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Глобал иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг ўсиши ва иқтисодиёт тармоқларининг кенгайиши, уларнинг сувга бўлган талаби ортиб бориши ва сув ресурсларининг тақчиллиги йилдан-йилга кучайиб бораётган бир даврда сув хўжалигини ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар ва комплекс тадбирларни ўз ичига олган Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган концепциясининг (бундан буён матнда Концепция деб юритилади) қабул қилингани сув хўжалиги тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам ер, ер ости бойликлари, сув ва бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойлик эканлиги, улардан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва улар давлат муҳофазасида бўлиши белгиланган.
Шунингдек янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида сув хўжалигини бошқариш, соҳада капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш ва сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилишни ўз ичига олган яхлит республика ижро этувчи ҳокимият органи тизими шакллантирилди, бу эса Концепцияда белгиланган вазифалар тўлақонли амалиётга жорий этилишига хизмат қилмоқда.
Концепциядаги вазифаларнинг ижросини таъминлаш юзасидан олиб борилган ишлар натижасида соҳанинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиб, ўтган даврда жами 19 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.
Жумладан, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилишни жадаллаштириш ва сувдан оқилона фойдаланишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида сув ресурсларини муҳофаза қилиш, сувдан фойдаланишда самарадорликни ошириш, сув хўжалиги соҳасига инвестиция маблағларини кенг жалб қилиш, айниқса, соҳада рақамли технологияларни кенг жорий этиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Концепция доирасида Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг грант маблағлари ҳисобидан 61 та сув хўжалиги объектида сув ресурсларини онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи «ақлли сув» қурилмалари, 15 та кичик метеостанция ҳамда жойлардаги вазиятни визуал назорат қилиш имконини берувчи кузатув камералари ўрнатилган.
Бундан ташқари, сув ресурсларини мониторинг қилиш маркази ташкил этилиб, 1 446 та насос станциясида сув миқдорини онлайн мониторинг қилиш қурилмалари ўрнатилган. Натижада сув ҳисоб-китобини онлайн тарзда юритиш, сувни оператив бошқариш, сув ресурслари беҳуда сарф этилишининг олдини олиш ҳамда электр энергияси сарфини мониторинг қилиш имкони яратилган.
Сув ресурсларини бошқаришда сув тежайдиган ва рақамли технологияларнинг кенг жорий этилиши ҳамда қатор ирригация тадбирларининг ўз вақтида амалга оширилиши натижасида 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида жами 3,1 млрд. метр куб сув тежалишига эришилган.
Ушбу сув тежайдиган технологияларнинг жорий этилганлиги сувни 40 — 50 фоизгача, минерал ўғитларни 25 — 30 фоизгача, ёқилғи-мойлаш материалларини 30 — 35 фоизгача ҳамда иш ҳақини 25 фоизга камайтириш, шунингдек ҳосилдорликни бир неча баробарга ошириш имконини бермоқда.
Шу билан бирга таҳлиллар Концепцияда белгиланган устувор мақсадлар ҳамда вазифаларни амалга ошириш жараёнида айрим камчиликларга йўл қўйилганлигини, ҳал этилиши лозим бўлган масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, 2021 — 2022 йилларда ирригация ва мелиорация соҳасида қуриш ва реконструкция қилиш ишларини олиб бориш бўйича белгиланган режа кўрсаткичлари тўлиқ бажарилмаган. Бунда, 788,8 км. Каналлар ва гидротехника иншоотларида режага нисбатан 77 фоиз, 36,3 км. насос станцияларининг босимли қувурлари ва сув омборида режага нисбатан 85 фоиз ҳамда 96 та суғориш қудуқларида режага нисбатан 59 фоиз ишлар амалга оширилган.
Соҳага рақамли технологияларни жорий қилиш мақсадида сув хўжалиги объектида «ақлли сув» қурилмалари ҳамда насос станциясида сув ресурсларини онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи ҳисоблагич ўрнатиш борасидаги ишлар ҳам тўлиқ якунига етказилмаган.
Шунингдек соҳага давлат-хусусий шериклик механизми ва сув ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш тамойилларини жорий этиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижросига етарлича эътибор қаратилмаган. Хусусан, Концепцияда сув хўжалигида бозор иқтисодиёти тамойилларини, жумладан, сувни етказиш харажатларининг бир қисмини босқичма-босқич сув истеъмолчилари томонидан қоплаш тизимини жорий қилиш белгиланган бўлсада, бугунги кунда сув етказиб беришга хизмат қилувчи иншоотларнинг моддий-техника базасини яхшилаш борасидаги ишлар фақат давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.
Жорий йилда мелиорация объектларини таъмирлаш-тиклаш лойиҳалари учун ажратилган 421,6 млрд. сўм маблағнинг 62,6 млрд. сўми ёки йиллик лимитнинг бор йўғи 15 фоизи ўзлаштирилган. Бу эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сув билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Шунингдек сув хўжалиги соҳасини ривожлантириш мақсадида илмий тадқиқотлардан кенг фойдаланиш ва инновацион ишланмаларни жорий этиш борасидаги ишлар ҳам қониқарли даражада эмас.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш. Хамраевнинг «Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган концепциясини амалга ошириш юзасидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги (Ш. Хамраев):
ирригация ва мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда соҳага рақамли технологияларни кенг жорий қилиш борасида белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш;
сув хўжалигида бозор иқтисодиёти тамойилларини, аутсорсинг ва давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш ҳисобидан сув иншоотларини модернизация қилиш, сув хўжалиги ташкилотларининг моддий-техника базасини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштириш;
Концепция доирасида ҳудудларда сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш бўйича белгиланган режаларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини доимий назоратга олиш;
сув ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш тамойилларини жорий қилиш, аҳолини сув билан кафолатли таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларига сувни барқарор етказиб бериш;
сув хўжалиги соҳаси ходимларининг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув хўжалиги соҳасига илмий тадқиқотлардан кенг фойдаланиш ва инновацион ишланмаларни жорий этиш, тажриба конструкторлик ишларини амалиёт билан уйғунлаштириш;
сув истеъмолчилари ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтириш, бу борада соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш;
сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва сув тежовчи технологияларнинг самарадорлиги ҳақида тизимли тушунтириш ҳамда тарғибот ишларини самарали йўлга қўйиш чораларини кўрсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси Концепция доирасида амалга оширилаётган ишлар устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари ўз йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, Концепцияда назарда тутилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш борасида назорат-таҳлил тадбирларини ўтказсин ҳамда давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини мунтазам эшитиб борсин.
5. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Хаитов зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 25 июль,
3376-IV-сон