Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисини ўтказиш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 16-моддасига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси 2023 йил 4 июль куни видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши белгилансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби лойиҳасига қуйидаги масалалар киритилсин:
«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ижара ва лизинг муносабатларини тартибга солишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҚЛ-1008-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳақида (иккинчи ўқиш);
«Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиш киритиш ҳақида»ги ҚЛ-1011-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тўғрисида (иккинчи ўқиш);
ҚЛ-1008 ва ҚЛ-1011-сонли Ўзбекистон Республикаси қонунлари лойиҳаларини бирлаштириш тўғрисида;
«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига валютани тартибга солишга, ижара ва лизинг муносабатларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳақида;
«Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ҚЛ-1036-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳақида («Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 77 ва 85-моддаларига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида») (иккинчи ўқиш);
Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А. Абдухакимовнинг «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар ҳолати тўғрисида»ги ахбороти ҳақида;
«Бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазири Ш. Кудбиевнинг жавоби ҳақида;
Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири И. Абдураҳмоновнинг «Илм-фан ва инновациялар соҳасини янада ривожлантириш мақсадида режалаштирилган рақамлаштириш ишларининг бажарилиши ва бундан кутилаётган натижалар тўғрисида»ги ахборотини эшитиш ҳақида.
3. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 3 июль,
3322-IV-сон