Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг 2023 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2023 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, ҳисобот даврида Қўмита томонидан қонун ижодкорлиги фаолияти самарадорлигини оширишга, қонун лойиҳаларини тайёрлашда халқаро тажрибадан унумли фойдаланишга, шунингдек мамлакатимизда иқтисодий барқарорликни таъминлаш, самарали бюджет ва солиқ сиёсатини юритишнинг муҳим масалалари юзасидан қонунчиликни такомиллаштиришга эътибор қаратилган.
Ўтган даврда Қўмита 14 та қонун лойиҳасига масъул бўлиб, уларнинг 12 таси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) томонидан қабул қилинган ҳамда маъқуллаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилган.
Қўмита аъзолари томонидан «Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритилган. Қонун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш тўғрисидаги ахборотни туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг расмий веб-сайтларига ва «Очиқ бюджет» ахборот порталига жойлаштириш, шунингдек тадбирларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш орқали бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлашга хизмат қилади.
Ҳисобот даврида қўмита масъуллигида бўлган қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш ҳамда маромига етказиш мақсадида 65 та ишчи гуруҳ йиғилишлари ўтказилган.
Қонунларнинг ва қонуности ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолатини ўрганиш, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш, Қонунчилик палатаси ва Қўмита қарорлари ижросини ўрганиш бўйича қўмита томонидан 10 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилган.
2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 257 та мурожаат қўмита аъзолари томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилган. Қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан келиб тушган таклифлар алоҳида ўрганилган.
Қўмита фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, соҳага оид қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Қўмитанинг фаолияти оммавий ахборот воситаларида жами 808 маротаба ёритилган.
Жумладан, телевидение орқали 60 маротаба, радио орқали 83 маротаба интервью ва эшиттиришлар ёритилган, 72 маротаба газета ва журналларда, 243 маротаба интернет нашрларида мақола ҳамда 350 маротаба ижтимоий тармоқларда фикр-мулоҳазалар билан чиқишлар қилинган.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг 2023 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ахборот маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасига:
назорат-таҳлил тадбирлари доирасида қабул қилинган қарорларнинг ижросини мониторинг қилиш борасидаги ишларни янада кучайтириш;
Қўмита аъзоларининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш;
Қўмита масъул бўлган қонун лойиҳалари юзасидан қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзоларини жалб қилган ҳолда муҳокамаларни ташкил этиб бориш;
2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг Қўмита фаолиятига тааллуқли бўлган бандларининг ижро этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш чораларини кўриш тавсия этилсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Хаитов зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 24 июль,
3371-IV-сон