Биринчи инстанция судида ишни кўрган судья — Д. Акрамова
Апелляция инстанциясида маърузачи судья — М. Умаров
Апелляция инстанциясида маърузачи судья — М. Умаров
Фарғона вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг
Қарори
4-1501-2302/3769-сонли иқтисодий иш
Фарғона вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судья Б. Мамадалиевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар И. Турсунов ва М. Умаровлардан иборат таркибда, судья катта ёрдамчиси М. Абдусатторовнинг суд мажлиси котиблигида, даъвогар «ХХХХ» фермер хўжалигининг жавобгар «ХХХХ» фермер хўжалигини «ХХХХ» агросаноат фирмаси таъсисчилари сафидан чиқариб юбориш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган иқтисодий иш юзасидан қабул қилинган Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 15 май кунги ҳал қилув қароридан норози бўлиб, даъвогар «ХХХХ» фермер хўжалиги томонидан берилган апелляция шикояти асосида ишни даъвогар раҳбари Д.И., жавобгар вакиллари адвокат А.К. (ордер ва ишончнома асосида) ва А.В. (ишончнома асосида), «ХХХХ» агросаноат фирмаси раҳбари Д.Ю., «ХХХХ ХХХХI» фермер хўжалиги раҳбари М.Х.ларнинг иштирокида, Фарғона вилоят суди биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
«ХХХХ» фермер хўжалиги (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) «ХХХХ» фермер хўжалиги (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)га нисбатан Фарғона туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «ХХХХ» агросаноат фирмаси (бундан буён матнда агрофирма деб юритилади) таъсис ҳужжатларида белгиланган қоидалар ва талабларни бир неча маротаба қўпол равишда мунтазам бузилишига йўл қўйган ва қўяётган, яъни ўз улушини устав фондига киритиш билан боғлиқ бўлган мажбуриятини лозим даражада бажармаган, ўзининг ғайриқонуний ҳаракатлари билан агрофирманинг фаолият кўрсатишига имкон бермаган ва уни жиддий тарзда қийинлаштирган жавобгарни агрофирма таъсисчилари сафидан чиқариб юборишни сўраган.
Биринчи инстанция суди томонидан ишга «ХХХХ» агросаноат фирмаси, таъсисчи «ХХХХ ХХХХI» фермер хўжалиги ва акциядорлик тижорат «XALQ BANKI» (бундан буён матнда учинчи шахслар деб юритилади) низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар сифатида жалб қилинган.
Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 15 майдаги ҳал қилув қарори билан даъво рад этилиб, суд харажатлари даъвогарнинг зиммасига юклатилган.
Биринчи инстанция судининг мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлган даъвогар ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти бериб, апелляция шикоятида биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ноқонуний қабул қилинганлиги, аъвогар томонидан тақдим этилган далолатномада жавобгар раҳбари устав фондини шакллантириш учун берилган қорамолларни боқиш ва сақлаш жавобгарлиги асосида қабул қилиб олганлигига суд эътибор бермаганлиги, қорамолларни жавобгарга боқиш ва сақлаш жавобгарлигида қайтариб топшириш сабаблари ва шартлари даъво аризасида тўлиқ баён қилинганлиги, жавобгарнинг агрофирма устав фондидаги улушини шакллантириш мақсадида банк орқали киритган 22 500 000 сўм пул маблағини ўзининг илтимосига биноан кейинчалик қайтариб ўтказиб бериш шарти билан 20 000 000 сўмини жавобгарнинг банкдаги ҳисоб рақамига қайтарилганлигини тасдиқловчи банк ҳужжатларига суд эътибор бермаганлиги, биринчи инстанция суди жавобгар амалдаги қонун ҳужжатлари ва таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда, миқдорда, усулларда ва муддатларда агрофирма устав фондига ўз хиссасини тўлиқ қўшмаганлигини инобатга олмаганлиги ҳақидаги ва бошқа важларини баён қилган ҳамда Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 15 майдаги ҳал қилув қарорини тўлиқ бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўраган.
Суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган учинчи шахс акциядорлик тижорат «XALQ BANKI»дан вакил суд мажлисига келмади.
Судлов ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 128-моддаси ва 274-моддасининг тўртинчи қисмида белгиланган қоидаларга асосланиб, ишни ушбу учинчи шахс вакили иштирокисиз кўриб чиқиш мумкин, деб ҳисоблайди.
Даъвогар вакили (раҳбари) суд мажлисида берган тушунтиришида апелляция шикоятини қувватлаб, шикоятда баён қилинган важларни келтириб ўтди ва судлов ҳайъатидан апелляция шикоятини қаноатлантиришни сўради.
Суд мажлисида иштирок этган жавобгар вакиллари апелляция шикоятида, шунингдек жавобгар ва учинчи шахслар вакилларининг суд мажлисида келтирган важларига нисбатан эътироз билдириб, берган тушунтиришида жавобгар таъсисчи сифатида мажбуриятини бажариб, агрофирма устав фондидаги ўз улушини тўлиқ шакллантирганлигини, қўшимча равишда яна 22 500 000 сўм пул маблағини ҳам киритганлигини, улуш киритилганлиги далиллар билан тасдиқланишини, агрофирманинг солиқ органига топширган ҳисоботида ҳам унинг устав фонди тўлиқ шаклланганлиги кўрсатилганлигини, агрофирма пул қўринишида киритилган улушни қайтармаганлигини, пуллар жавогардан сотиб олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун бошқа таъсисчилар томонидан ўтказиб берилганлигини, жавобгар агрофирма фаолиятига тўсқинлик қилмаганлигини, апелляция шикояти асоссиз эканлигини, биринчи инстанция суди иш ҳолатларини тўлиқ ўрганиб чиқиб, қонуний қарор қабул қилганлигини билдирди ҳамда судлов ҳайъатидан апелляция шикоятини қаноатлантирмасликни ва биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни сўради.
Учинчи шахс агрофирма вакили (раҳбари) суд мажлисида берган тушунтиришида апелляция шикоятини қўллаб-қувватлаб, жавобгар агрофирмадаги улушини шакллантирмаганлигини, агрофирма биносидан фойдаланиб, йиллар давомида ижара ҳақини тўламасдан келаётганлигини, жавобгар банкдан олган кредитини ўз вақтида қайтармаганлиги учун агрофирма биноси тақиқда турганлигини, шу сабабли хорижий ҳамкорлар агрофирмани мол-мулки йўқ деб шартнома тузмаганлигини, агрофирма биносига ўрнатилган антенналардан тушган ижара ҳақи агрофирма фаолиятини ривожлантириш учун етарли эмаслигини билдирди ҳамда судлов ҳайъатидан апелляция шикоятини қаноатлантириб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишни ва даъвони қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўради.
Суд мажлисида иштирок этган учинчи шахс «ХХХХ ХХХХI» фермер хўжалиги вакили (раҳбари) суд мажлисида берган тушунтиришида апелляция шикоятини қувватлаб, жавобгар агрофирма устав фондидаги улушини шакллантириш мажбуриятини бажармаганлигини ва унинг хатти-ҳаракатлари натижасида агрофирмага зарар етаётганлигини билдириб, судлов ҳайъатидан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишни ва даъвони қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўради.
Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахслар вакилларининг суд мажлисида берган тушунтиришларини тинглаб, иш ҳужжатларини ўрганиб, ишдаги тўпланган далилларни текшириб, уларга баҳо бериб, шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра апелляция шикоятини қаноатлантирмасликни, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топди.
Иш ҳужжатларидан ҳамда ишда иштирок этувчи шахсларнинг суд муҳокамаси давомида берган тушунтиришларидан аниқланишича, «ХХХХ» агросаноат фирмаси 2006 йил 31 мартда 222-сонли реестр рақами билан давлат рўйхатидан ўтказилган.
«ХХХХ» агросаноат фирмасининг 2010 йил 13 октябрда қайта давлат рўйхатидан ўтказилган уставининг 1.1-бандига кўра, агрофирма «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари асосида ташкил этилган бўлиб, уставнинг 1.2-бандида кўрсатилишича агрофирма 2006 йил 31 мартдаги 222-сонли реестр билан рўйхатга олинган «ХХХХ» агросаноат фирмасининг тўлиқ ҳуқуқий ворисдори ҳисобланади.
Агрофирма таъсис ҳужжатлари (2010 йил 13 октябрда қайта давлат рўйхатидан ўтказилган устави ва таъсис шартномаси)га кўра, унинг устав фонди 54 300 000 сўм этиб белгиланган ва таъсисчилар, яъни даъвогар «ХХХХ» фермер хўжалигининг улуши 11,23 фоиз ёки 6 100 000 сўмни, учинчи шахс «ХХХХ ХХХХI» фермер хўжалигининг улуши 2,95 фоиз ёки 1 600 000 сўмни, жавобгар «ХХХХ» фермер хўжалигининг улуши 85,82 фоиз ёки 46 600 000 сўмни ташкил этган.
Шундан сўнг агрофирма тасисчилари сафида ва улушлар миқдорида ўзгаришлар бўлмаган ҳамда жамият таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилмаган.
Қонун 8-моддасининг иккинчи қисмига кўра, жами улушлари жамият устав фондининг (устав капиталининг) камида ўн фоизини ташкил этадиган жамият иштирокчилари ўз мажбуриятларини қўпол бузаётган ёхуд ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан жамиятнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётган ёки уни жиддий тарзда қийинлаштираётган иштирокчини жамиятдан суд тартибида чиқарилишини талаб қилишга ҳақлидирлар.
Мазкур ҳолатда даъвогар агрофирма устав фондининг ўн фоизидан ортиқ улушга эга бўлган таъсисчиси ҳисобланиши сабабли жавобгарни агрофирма таъсисчилари сафидан чиқариб юбориш ҳақидаги даъво талаби билан иқтисодий судга даъво аризаси киритган.
Даъвогар даъво аризасида жавобгар ўз улушини устав фондига киритиш билан боғлиқ бўлган мажбуриятини лозим даражада бажармаганлиги, ғайриқонуний ҳаракатлари билан агрофирманинг фаолият кўрсатишига имкон бермаганлиги ва уни жиддий тарзда қийинлаштирганлиги ҳолатларини ўзининг даъво талабига асос қилиб кўрсатиб, жавобгарни агрофирма таъсисчилари сафидан чиқариб юборишни сўраган.
Бироқ, ишдаги тўпланган далиллардан аниқланишича, жавобгар агрофирма устав фондидаги ўз улушини тўлиқ шакллантирган. Хусусан, жавобгар томонидан агрофирма устав фондидаги улушини шакллантириш мақсадида агрофирмага жами 45 000 000 сўмга баҳоланган 22 бош қорамоллар киритилган бўлиб, бу ҳақда агрофирма таъсисчилари иштирокида 2010 йил 8 октябрь куни далолатнома тузилган.
Шунингдек, агрофирманинг аввалги таъсисчиси «Хасан ва Хусан» фермер хўжалиги ўзининг агрофирма устав фондидаги 20 фоиз ёки 1 600 000 сўм миқдоридаги улушини жавобгар фойдасига воз кечган. Бу ҳолат «Хасан ва Хусан» фермер хўжалигининг ўз улушини жавобгар фойдасига воз кечганлиги ҳақидаги аризаси ва 2010 йил 22 март кунги топшириш-қабул қилиш далолатномаси билан тасдиқланиб, исботланган. Ушбу масала эса агрофирма таъсисчиларининг 2010 йил 22 мартдаги умумий йиғилишида муҳокама қилиниб, «Хасан ва Хусан» фермер хўжалигининг ўз улушидан жавобгар фойдасига воз кечиши мақулланган.
Қолаверса, жавобгар томонидан қўшимча равишда яна жами 22 500 000 сўм пул маблағлари унинг агрофирма устав фондидаги улушини шакллантириш мақсадида 2011 йилда агрофирманинг банк ҳисоб рақамига ўтказилган.
Агрофирманинг солиқ органига топширган ҳисоботида ҳам унинг устав фонди тўлиқ шаклланганлиги кўрсатилган.
Гарчи, даъвогар даъво аризасида даъво талабининг асоси сифатида жавобгар ғайриқонуний ҳаракатлари билан агрофирманинг фаолият кўрсатишига имкон бермаганлиги ва уни жиддий тарзда қийинлаштирганлиги ҳолатларини ҳам кўрсатган бўлса-да, лекин бу ҳолатларни тасдиқловчи бирор-бир асосли далил даъво аризасига илова қилинмаган ёхуд ишни биринчи инстанция судида кўриш мобайнида тақдим этилмаган, бундай далиллар иш материалларида ҳам мавжуд эмас.
Демак, кайд этиб ўтилган ҳолатлардан кўринадики, жавобгар агрофирма устав фондидаги ўз улушини тўлиқ шакллантирган. Жавобгарнинг ғайриқонуний ҳаракатлари билан агрофирманинг фаолият кўрсатишига имкон бермаганлиги ва уни жиддий тарзда қийинлаштирганлиги ҳолатлари эса асосли далиллар билан исботланмаган. Бу эса даъвогарнинг даъво талаби асоссиз эканлигини тасдиқлайди.
Бундай ҳолатда даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантириб бўлмайди ва мазкур талабни қаноатлантириш рад этилиши лозим.
ИПКнинг 68-моддасига мувофиқ, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.
Судлов ҳайъати апелляция шикоятида баён қилинган ва даъвогар вакилининг апелляция инстанцияси суди мажлисида келтириб ўтган жавобгар раҳбари устав фондини шакллантириш учун берилган қорамолларни боқиш ва сақлаш жавобгарлиги асосида қабул қилиб олганлиги, жавобгарнинг ўз улушини шакллантириш мақсадида киритган пул маблағидан 20 000 000 сўм қисмини унинг илтимосига биноан кейинчалик қайтариб ўтказиб бериш шарти билан жавобгарнинг банкдаги ҳисоб рақамига қайтарилганлиги ҳақидаги ҳолатлар ва билдирилган важларни муҳокама қилиб, уларни апелляция шикоятини қаноатлантириш ва биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асосли далил деб ҳисобламайди ва даъвогарнинг келтирган бу важлари билан келишмайди.
Чунки, даъвогар устав фондини шакллантириш учун берилган қорамолларни боқиш ва сақлаш учун жавобгарга берганлиги, шунингдек улушни шакллантириш мақсадида киритилган пул маблағидан маълум қисмини жавобгарнинг илтимосига биноан кейинчалик қайтариш шарти билан жавобгарнинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилганлиги ҳолатлари жавобгарнинг агрофирма устав фондидаги улушини шакллантирмаганлигини англатмайди. Сабаби қорамоллар жавобгарнинг агрофирма устав фондидаги улуши сифатида қабул қилиб олинган, пул маблағлари ҳам улушни шакллантириш мақсадида ўказиб берилган. Кейинчалик уларни жавобгарга турли мақсадлар ёки шартлар билан берилиши ва бунинг натижасида ушбу ҳолатлар бўйича жавобгар ва агрофирма ўртасида келиб чиққан келишмовчиликлар алоҳида даъво тартибида ҳал этилиши лозим бўлиб, улар ушбу иш доирасида ҳал этиладиган низо ҳисобланмайди.
Қолаверса, юқорида таъкидлаб ўтилганидек, жавобгар агрофирма устав фондидаги ўз улушини тўлиқ шакллантирган. Жавобгарнинг ғайриқонуний ҳаракатлари билан агрофирманинг фаолият кўрсатишига имкон бермаганлиги ва уни жиддий тарзда қийинлаштирганлиги ҳолатларини тасдиқловчи далиллар даъво аризасига илова қилинмаган ёки ишни биринчи инстанция судида кўриш мобайнида тақдим этилмаган, иш материалларида эса бундай далиллар мавжуд эмас.
Апелляция шикояти асосида ишни қайта кўриш бўйича ўтказилган суд мажлиси муҳокамаларида ҳам даъвогар ёки унинг тарафида иштирок этган учинчи шахс вакиллари жавобгарга нисбатан билдирилган даъво талабига асос қилиб келтирган ҳолатларни асосли далиллар билан исботлаб бера олмади.
Ваҳоланки, қайд этиб ўтилган процессуал ҳуқуқ нормаси талабига кўра, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.
Юқоридагиларга кўра, биринчи инстанция суди моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаган ҳолда иш ҳолатларига мувофиқ, даъвони рад этиш ҳақида тўғри хулосага келиб, қонуний ва асослантирилган ҳал қилув қарори қабул қилган. Шу сабабли биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас.
Судлов ҳайъати даъвогарнинг апелляция шикоятида баён қилинган бошқа важлари ҳам биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўла олмайди деб ҳисоблайди.
ИПК 278-моддасининг 1-бандига кўра, апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга ҳақли.
Апелляция шикоятини кўриб чиқиш мобайнида аниқланган ҳолатлар ҳамда кўрсатиб ўтилган ҳуқуқ нормаларига асосланиб, судлов ҳайъати даъвогарнинг апелляция шикоятини қаноатлантирмаслик, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақидаги тўхтамга келди.
ИПК 118-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади.
Судлов ҳайъати апелляция шикоятини қаноатлантирилмаслик ҳақидаги тўхтамга келганлиги сабабли қайд этиб ўтилган ҳуқуқ нормасига асосланиб, ишни апелляция инстанциясида қайта кўриш билан боғлиқ суд харажатларини даъвогарнинг зиммасига юклаган ҳолда апелляция шикояти беришда тўланган 750 000 сўм давлат божи ва 33 000 сўм почта харажатини унинг зиммасида қолдиришни лозим топди.
Юқоридагиларга асосан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 68, 118, 260, 274, 276 — 278, 280-моддаларини қўллаб, апелляция инстанцияси судлов ҳайъати қарор қилди:
«ХХХХ» фермер хўжалигининг апелляция шикояти қаноатлантирилмасин.
Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 15 май кунги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилсин.
Апелляция шикояти беришда тўланган 750 000 сўм давлат божи ва 33 000 сўм почта харажати «ХХХХ» фермер хўжалиги зиммасида қолдирилсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Мазкур қарор устидан у қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят бериш (протест келтириш) мумкин.
Раислик қилувчи Б. МАМАДАЛИЕВ
Ҳайъат аъзолари И. ТУРСУНОВ
М. УМАРОВ
Фарғона ш.,
2023 йил 10 июль,
4-1501-2302/3769-сон