Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) таъкидлайдики, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг (бундан буён матнда Давлат бюджети деб юритилади) ижроси «2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган бюджет параметрлари доирасида амалга оширилган.
Дунёда юзага келган мураккаб вазият, халқаро транзит ва логистикадаги муаммолар, жаҳон иқтисодиётидаги ўзгаришлар, мамлакатимизда кузатилган аномал совуқ ва энергия тақчиллиги қармасдан, ҳукумат томонидан ўз вақтида кўрилган барча зарур чора-тадбирлар Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ўсиш суръатларини сақлаб қолиш имкониятини берди.
Хусусан, ўтган даврда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида аномал совуқ ва энергия инқирозидан талафот кўрган тадбиркорлик субъектларига 13 трлн. сўм миқдорда кредитлар ажратилган, 1 210 нафар тадбиркорнинг кредит тўловлар бўйича қарздорлик муддатлари узайтирилган ва уларга солиқ қарзини бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган. Иқтисодиётда солиқ юкининг пасайганлиги эвазига тадбиркорлар фаоллигининг ошиши ҳамда инвестициявий фаолликнинг кучайиши бюджет даромадлари барқарорлигини таъминлашга ижобий таъсир кўрсатган.
Натижада жорий йилнинг биринчи чорагида юқори иқтисодий ўсиш суръатлари таъминланиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,5 фоизга ўсган. Давлат бюджети даромадлари ҳисобот даврида режага нисбатан 102,8 фоизга ёки 1,3 трлн. сўмга ошириб бажарилган.
Мамлакатимизда ижтимоий давлат принципларига амал қилинган ҳолда Давлат бюджети ижтимоий харажатларининг 93,4 фоизи ижтимоий соҳани ривожлантириш ва аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш харажатларига йўналтирилган.
«Очиқ бюджет» портали орқали «Ташаббусли бюджет» ва «Менинг йўлим» лойиҳалари бюджет маблағларини аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган лойиҳаларга устувор равишда йўналтиришга ва уларнинг натижадорлигини таъминлашга замин яратмоқда.
Шу билан бирга, Давлат бюджетининг ижросини таъминлаш борасида баъзи камчиликларга ҳам йўл қўйилган. Жумладан, ўз ечимини кутаётган кўплаб масалалар учун Давлат бюджетидан етарлича маблағлар ажратилган бўлса-да, бироқ айрим вазирликлар ва идоралар томонидан маблағлар ўз вақтида ва тўлиқ ўзлаштирилмасдан колмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан нефрология ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш учун харажатлар 30 фоизга ўзлаштирилган. Буйрак ва жигар трансплантацияси бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилган беморларни дори воситалари билан таъминлаш, кам учрайдиган (орфан) ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳамда вирусли гепатитнинг «С» ва «В» турларини эрта ташхислаш ва вирусга қарши махсус даволаш ишларини ташкил этиш учун ажратилган маблағларни ўзлаштириш бўйича етарлича ишлар амалга оширилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан давлат ривожлантириш дастурлари учун ажратилган бюджет маблағлари 11 фоизга бажарилган бўлса, авиаташувчиларга маҳаллий йўналишлардаги авиақатновларда чипта нархининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар ва кичик авиация транспорти қатнови бўйича кўрилган зарарларни қоплаш учун ажратилган маблағлар умуман ишлатилмаган.
2023 йил учун вазирлик ва идораларнинг бюджет харажатлари ва давлат ривожлантириш дастурларининг мақсадли индикаторлари тасдиқланмаган. Бюджетни шакллантириш, тузиш, кўриб чиқиш, қабул қилиш, тасдиқлаш ва ижро этиш ҳамда унинг ижросини назорат қилиш, ҳисоботларни тайёрлаш ва тасдиқлаш жараёнларини автоматлаштириш бўйича бошланган ишлар якунига етказилмаган.
Вазирликлар ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар, бюджет ташкилотлари томонидан бюджет жараёнига оид тегишли маълумотларни уларнинг расмий веб-сайтларига жойлаштиришга доир ишлар лозим даражада ташкил этилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатларини ва Давлат бюджети даромадларининг прогноз кўрсаткичларини таъминлаш ҳамда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган тизимли чораларни давом эттириш;
вазирликлар ва идоралар томонидан давлат ривожлантириш дастурлари учун ажратилган маблағларнинг ўз вақтида самарали ўзлаштирилишини таъминлаш;
биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг 2023 йил учун бюджет маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ мақсадли индикаторлари тасдиқланишини таъминлаш чораларини кўриш тавсия қилинсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:
солиқларнинг йиғилувчанлик даражасини ошириш, боқиманда қарздорликларни камайтириш ҳамда ортиқча тўловларга йўл қўймаслик;
Давлат бюджети барқарорлигини таъминлаган ҳолда бюджет ташкилотлари ва бюджетдан маблағ олувчиларнинг Давлат бюджетида кўзда тутилган харажатларини ўз вақтида молиялаштириш;
бюджет ташкилотлари ва бюджетдан маблағ олувчилар томонидан бюджет интизоми бузилиши, камомад ва мақсадсиз харажатларга йўл қўйилиши ҳолатларини бартараф этиш;
бюджетни шакллантириш, тузиш, кўриб чиқиш, қабул қилиш, тасдиқлаш ва ижро этиш ҳамда унинг ижросини назорат қилиш, ҳисоботларни тайёрлаш ва тасдиқлаш жараёнларини автоматлаштириш бўйича бошланган ишларни якунига етказиш чораларини кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Транспорт вазирлиги соҳага ажаратилаётган Давлат бюджети маблағларининг ўз вақтида ва тўлиқ ўзлаштирилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг тегишли ҳисобот давридаги ижроси кўриб чиқилаётганда ўз фаолият йўналишларидан келиб чиқиб, Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг натижадорлигини ўрганиш ва бу борада депутатлар назоратини кучайтириш чораларини кўриш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари ўз фаолияти йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, Давлат бюджетида назарда тутилган давлат ривожлантириш дастурлари бўйича ажратилган маблағларнинг ўз вақтида ўзлаштирилмаслик ҳолатларини ва сабабларини таҳлил қилган ҳолда вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг ахборотини қўмита йиғилишларида эшитиб борсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатларига жойларга чиқиш давомида «Ташаббусли бюджет», «Менинг йўлим», «Обод маҳалла», «Обод қишлоқ» дастурларига киритилган лойиҳаларни молиялаштиришга ҳамда амалга оширилаётган лойиҳалар сифатини назорат қилишга бағишланган халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг йиғилишларида иштирок этиш тавсия этилсин.
8. Ушбу Қарор эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 14 июнь,
3277-IV-сон