ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
Қарори
4-10-2302/24-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанция судида ишни кўрган судья — А. Усманов
Апелляция инстанцияси судида маърузачи судья — Р. Сагатов
Апелляция инстанцияси судида маърузачи судья — Р. Сагатов
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Р. Хайдаровнинг раислигида, ҳайъат аъзолари И. Таджиев ва Р. Сагатовдан иборат таркибда, З. Қодировнинг котиблигида, даъвогар вакили — адвокат Д. Ахматов (2022 йил 21 июндаги ишончнома ва ордер асосида), жавобгарлар Ш. Тнинг ишончли вакили — адвокат Ж. Хўжамкулов (2023 йил 24 февралдаги 1035-сонли ордер асосида), «ST G i c» компанияси вакиллари — Б.Б (2023 йил 23 мартдаги № 5-сонли ишончномага асосан) ва адвокат Ж. Хўжамкулов (2023 йил 24 февралдаги 1036-сонли ордер асосида), «D b» масъулияти чекланган жамияти вакили А.Г (2022 йил 12 декабрдаги 12/2-сонли ишончнома ва 2023 йил 31 мартдаги 1048-сонли ордер асосида), «Т э н ў» МЧЖ инженер-мутахассиси С.Снинг иштирокида, Тошкент шаҳар Адлия бошқармаси Давлат хизматлари маркази ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган ҳолда, даъвогар «C h f LLC» компаниясининг жавобгарлар «D b» масъулияти чекланган жамияти, «ST G i c» компанияси, М.Ў ва Ш.Тга нисбатан битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризалари ҳамда «ST G i c» компанияси ва Ш.Тнинг битимларни ҳақиқий деб топиш тўғрисидаги қарши даъво аризалари бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 7 апрелдаги ҳал қилув қарори устидан Ш.Т ва «ST G i c» компанияси томонидан берилган апелляция шикоятлари асосида ишни Ўзбекистон Республикаси Олий суди биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
«C h f LLC» компанияси (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) жавобгарлар «D b» масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда МЧЖ деб юритилади), «ST G i c» компанияси (бундан буён матнда Компания деб юритилади) ва М.М.Ўга нисбатан иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, М.Ў ва Компания ўртасида 2020 йил 1 декабрда тузилган МЧЖ устав фондининг 60 фоиз миқдоридаги 9 773 598 030,61 сўм қийматига тенг улушни олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган (4-10-2302/24-сонли иш).
Суднинг 2023 йил 24 февралдаги ажрими билан ишга қўшимча жавобгар сифатида Т.Ш.Ф ў жалб қилинган.
Ўз навбатида Компания судга қарши даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 2020 йил 1 декабрдаги МЧЖ устав фондининг 60 фоиз миқдоридаги 9 773 598 030,61 сўм қийматига тенг улушни олди-сотди шартномасини ҳақиқий деб топишни сўраган.
Суднинг 2023 йил 30 мартдаги ажрими билан Компаниянинг қарши даъво аризаси иш юритишга қабул қилинган.
Суднинг 2023 йил 31 мартдаги ажрими билан Тошкент шаҳар Адлия бошқармаси Давлат хизматлари маркази ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган.
Шунингдек, даъвогар жавобгарлар М.Ў ва Ш.Тга нисбатан иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, М.Ў ва Ш.Т ўртасида 2020 йил 1 декабрда тузилган МЧЖ устав фондининг 5 фоиз миқдоридаги 814 454 479,93 сўм қийматига тенг улушни олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган (4-10-2302/25-сонли иш).
Суднинг 2023 йил 24 февралдаги ажрими билан ишга қўшимча жавобгар сифатида Компания жалб қилинган.
Ўз навбатида Ш.Т судга қарши даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 2020 йил 1 декабрдаги МЧЖ устав фондининг 5 фоиз миқдоридаги 814 454 479,93 сўм қийматига тенг улушни олди-сотди шартномасини ҳақиқий деб топишни сўраган.
Суднинг 2023 йил 24 февралдаги ажрими билан Ш.Тнинг қарши даъво аризаси иш юритувига қабул қилинган.
Суднинг 2023 йил 3 апрелдаги ажрими билан 4-10-2302/25-сонли иқтисодий иш 4-10-2302/24-сонли иш билан бирлаштирилиб, ишга 4-10-2302/24-сонли рақам берилган.
Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 7 апрелдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаблари тўлиқ қаноатлантирилган, Ш.Т ва Компаниянинг қарши даъво аризаларини қаноатлантириш рад этилган.
Мазкур суднинг ҳал қилув қароридан норози бўлиб жавобгарлар Ш.Т ва Компания Олий судга апелляция шикоятлари билан мурожаат қилган ва унда суд ҳужжатини бекор қилиб, даъвогарнинг даъвосини қаноатлантиришни рад этиш ҳамда Ш.Т ва Компаниянинг қарши даъволарини қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятларда биринчи инстанция суди олди-сотди шартномаси жамият уставининг 6.7.9-бандига мувофиқ нотариал тартибда тасдиқланмаганлиги, М.У ўзининг 65 фоизлик улушини шакллантирмаганлигини асос қилиб олганлиги, ушбу суднинг хулосаси асоссиз эканлиги, даъвогарнинг имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига риоя қилинганлиги, даъвогарнинг ушбу улушни сотилиши билан ҳеч қандай ҳуқуқлари бузилмаганлиги, даъвогар битим бўйича тараф ҳисобланмаслиги ва бундай даъво билан мурожаат этишга ҳақли эмаслиги, «Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) 20-моддасининг биринчи қисмида ҳамда уставнинг 3.1-бандида назарда тутилган ўзининг жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) ўз улушини ёки унинг бир қисмини жамиятнинг бир ёхуд бир неча иштирокчисига сотишга ёки бошқача тарзда уларнинг фойдасига воз кечиш ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда ўзининг жамиятдаги номинал қийматдаги 65 фоиз улушини дастлаб жамиятнинг иккинчи иштирокчиси, яъни даъвогарга 2020 йил 24 ноябрда сотиб олишни таклиф қилганлиги, бироқ даъвогар ўзининг ишончнома асосида ҳаракат қилиб турган қонуний вакили А.Н орқали ушбу улушдан бош тортганлиги сабабли ушбу улушни сотиб олиш бўйича МЧЖга таклиф берилганлиги, 2020 йил 28 ноябрда МЧЖ ҳам ушбу таклифни рад қилганлиги, шундан сўнг М.У ўзининг улушини Ш.Т ва Компанияга сотиб олиш учун таклиф қилганлиги ва улар рози бўлганлиги учун тарафлар ўртасида 2020 йил 1 декабрда 1 ва 2-сонли шартнома тузилганлиги, 2020 йил 1 декабрдаги жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши 100 фоиз овози билан М.У нинг номинал қийматдаги 65 фоиз улуши Ш.Т ва Компанияга сотилганлиги ҳамда Ш.Т ва Компания шу асосда иштирокчилар сафига 5 фоиз улуш билан кирганлиги, шу муносабат билан таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилиши мақулланганлиги, ушбу йиғилиш баённомаси қонуний кучда эканлиги ва Давлат хизматлари агентлиги томонидан 2020 йил 1 декабрда давлат рўйхатидан ўтказилганлиги, даъвогарнинг ишончли вакили А.Нга берилган ишончномалар 2021 йил 9 декабрга қадар амалда бўлганлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сонли қарори билан тасдиқланган «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низом талабларига кўра, иштирокчи ўзининг улушини бошқа шахсга ўтказишга оид битимлар нотариал тартибда расмийлаштирилиши назарда тутилмаганлиги, шунга қарамасдан 2023 йил 2 мартда шартнома нотариал тартибда расмийлаштирилганлиги, даъвогар ушбу битим амалга оширилганлиги тўғрисида 2020 йил 1 декабрдан бугунги кунга қадар билганлиги, кейинчалик ҳам барча йиғилиш қарорларида қатнашиб келиб, ҳеч қандай эътироз билдирмаганлиги, бундан ташқари, Ш.Т ва Компаниянинг улуши борлиги ва унга қўшимча ҳисса эвазига кўпайтиришга маьқуллаш овозини бериб келган бўлса-да, бундай даъволар билан жамият ривожланишига тўсиқ яратиб келинаётганлиги, даъвогарнинг ишончли вакили барча масалаларда даъвогарнинг ўзи билан маслаҳатлашиб йиғилиш қарорларида овоз бериб келганлиги, тарафлар томонидан унинг барча асосий шартлари бўйича келишувга эришилганлиги, уни тузишга қонун ҳужжатларида чеклов (тақиқ) белгиланмаганлиги, шунга асосан тарафлар ўртасида тузилган 1 ва 2-сонли шартнома ҳақиқий ҳисобланишини кўрсатган.
Суд мажлисида жавобгарлар Ш.Тнинг, Компаниянинг ва МЧЖнинг вакиллари апелляция шикоятини қўллаб-қувватлаб, уни қаноатлантириб беришни, суд ҳужжатини бекор қилиб, жавобгарларнинг қарши даъво талабларини қаноатлантиришни сўрашди.
Суд мажлисида даъвогар вакили апелляция шикоятига эътироз билдириб, уни қаноатлантиришни рад этишни, суд ҳужжатини ўзгаришсиз қолдиришни сўради.
Суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинган Тошкент шаҳар Адлия бошқармаси Давлат хизматлари маркази ва М.Ў вакили суд мажлисига келмади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди.
Шунинг учун судлов ҳайъати ишни уларнинг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади.
Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахслар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра жавобгарларнинг апелляция шикоятларини қисман қаноатлантиришни ва биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларига кўра, 2020 йил 28 августда даъвогар таъсисчи сифатида 4 072 753 342,76 сўм ёки 34,18 фоиз улуш билан МЧЖнинг таъсисчилар сафига киритилган. 2020 йил 27 августда эса даъвогарнинг МЧЖдаги улуши 61,59 фоизга ўзгартирилиб, устав фондидаги улуши оширилган. Ўз навбатида, М.Ўнинг МЧЖдаги улуши эса 2 540 177 500 сўм ёки 38,41 фоизга тенг бўлган.
Кейинчалик, МЧЖ таъсисчиларининг 2020 йил 23 ноябрдаги навбатдан ташқари йиғилиш баённомасига асосан қурилиш материаллари киритилиши йўли билан М.Ўнинг МЧЖнинг устав фондидаги улуши 12 216 977 500 сўмга ёки 75 фоизга оширилган ва МЧЖ таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартишлар давлат рўйхатидан ўтказилган. Натижада, М.Ўнинг МЧЖдаги улуши 12 216 977 500 сўм ёки 75 фоизга, даъвогарнинг улуши эса 4 072 753 342 сўм ёки 25 фоизга тенг бўлган.
Шундан сўнг, МЧЖ таъсисчиларининг 2020 йил 1 декабрдаги навбатдан ташқари йиғилиш баённомасига асосан М.Ў ўзининг МЧЖ устав фондининг 5 фоиз миқдоридаги, яъни 814 454 479,93 сўм қийматга тенг улушини 2020 йил 1 декабрдаги 1-сонли олди-сотди шартномасига асосан Т.Ш.Ф ў га, МЧЖ устав фондининг 60 фоиз миқдордаги, яъни 9 773 598 030,61 сўм қийматга тенг улушини 2020 йил 1 декабрдаги 2-сонли олди-сотди шартномасига асосан Компанияга сотган. Натижада, М.Ўнинг МЧЖдаги улуши 10 фоизга, даъвогарнинг улуши 25 фоизга, Компаниянинг улуши 60 фоизга ва Ш.Тнинг улуши эса 5 фоизга тенг миқдорда белгиланган ҳамда МЧЖ таъсисчиларининг таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартишлар давлат рўйхатидан ўтказилган.
Қонуннинг 20-моддасида жамият иштирокчисининг жамият устав фондидаги (устав капиталидаги) улушининг (улуши бир қисмининг) жамиятнинг бошқа иштирокчиларига ва учинчи шахсларга ўтиши тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра, жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушдан (улушнинг бир қисмидан) бошқа шахснинг фойдасига воз кечиш, агар уни нотариал шаклда амалга ошириш тўғрисидаги талаб жамиятнинг уставида назарда тутилмаган бўлса, оддий ёзма шаклда амалга оширилиши керак. Жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушдан (улушнинг бир қисмидан) ўзганинг фойдасига воз кечишга доир битимнинг ушбу моддада ёки жамиятнинг уставида белгиланган шаклига риоя этмаслик унинг ҳақиқий эмас деб топилишига олиб келиши белгиланган.
Даъвогарнинг М.Ўнинг ўз улушининг бир қисмини Ш.Тга ва Компанияга сотиш ҳақидаги 1 ва 2-сонли олди-сотди шартномалари нотариал тартибда расмийлаштирилмаганлиги ҳақидаги важи билан келишиб бўлмайди. Чунки, МЧЖ таъсисчиси М.Ў ўзининг улушидан воз кечмаган, балки олди-сотди шартномаси асосида имтиёзли ҳуқуққа риоя қилган ҳолда учинчи шахсларга сотган. Бу эса, Қонунда ёки МЧЖ уставида таъсисчининг ўз улушини сотганда нотариал расмийлаштирилиши лозимлиги ҳақидаги қоида мавжуд эмас.
Шу билан бирга, даъвогар мазкур битимлар бўйича битим тарафи ҳисобланмайди.
Бундан ташқари, даъвогарнинг битимлар бўйича нотариал тартибда расмийлаштирилмаганлиги асоси билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эмас. Чунки, тарафлар ўртасида тузилган олди-сотди шартномалари нотариал тартибда расмийлаштириш уларнинг эрки ҳисобланади ва уларга шартномани нотариал тартибда расмийлаштиришнинг мажбурийлиги Қонунда ёки МЧЖ уставида белгиланмаган.
Қолаверса, тарафлар ўртасида тузилган 2020 йил 1 декабрдаги 1 ва 2-сонли улушнинг олди-сотдиси ҳақидаги шартномалар биринчи инстанция суди томонидан ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар, яъни 2023 йил 2 мартда нотариал тартибда расмийлаштирилган.
Шунингдек, даъвогарнинг ишончли вакил А.Ннинг МЧЖ таъсисчиларининг 2020 йил 23 ноябрдаги ва 2020 йил 1 декабрдаги навбатдан ташқари йиғилишида даъвогар номидан М.Ўни улушини кўпайтириш ва унинг улушини сотиш ҳақидаги навбатдан ташқари йиғилишда иштирок этишга ваколати бўлмаганлиги ҳақидаги важи билан ҳам келишиб бўлмайди. Чунки, даъвогар томонидан ишончли вакилига 2020 йил 15 июлда берилган ишончномада МЧЖ умумий йиғилишларида иштирок этиш ва даъвогар номидан умумий йиғилиш қарорлари, таъсис ҳужжатлари ва уставга имзо қўйиш ваколатлари берилган ва А.Нга берилган ишончнома 2021 йил 9 декабрга қадар амал қилган.
Демак, МЧЖ таъсисчиларининг 2020 йил 23 ноябрдаги ва 1 декабрдаги навбатдан ташқари умумий йиғилиш ўтказилган вақтда А.Нда даъвогар номидан иштирок этиш ва ҳужжатларга имзо қўйиш ваколати мавжуд бўлган.
Даъвогарнинг М.Ўнинг устав фондидаги 60 фоиз улуши шакллантирилмаганлигига қарамасдан учинчи шахсларга шаклланмаган 60 улушни асоссиз сотганлиги ҳақидаги важи билан ҳам келишиб бўлмайди. Чунки, М.Ўнинг 60 фоиз улуш киритилганлиги ҳақидаги таъсис ҳужжатлари давлат рўйхатидан ўтказилган. Яъни, МЧЖнинг таъсис ҳужжатларини бекор қилиш учун асос бўлган ҳужжатлар мавжуд эмас.
Мазкур ҳолатда, даъвогар М.Ўнинг 60 фоиз улуши шакллантирилмаганлиги ҳақида бирор-бир ҳужжат тақдим этмаган, балки М.Ў томонидан МЧЖга белгиланган миқдорда шағал қурилиш маҳсулоти олиб кирилмаганлиги ҳақида оғзаки ҳисоб-китобларга таянган. Бу эса, улуш шакллантирилмаганлиги ҳақида хулосага келиш учун асос бўла олмайди.
Бундан ташқари, М.Ўнинг улушини кўпайтириш ҳақидаги МЧЖ таъсисчиларининг 2020 йил 23 ноябрдаги навбатдан ташқари йиғилишида даъвогарнинг ишончли вакили А.Н иштирок этган ва бир овоздан М.Ўнинг улушини 75 фоизга кўпайтириш ҳақида таъсисчиларнинг 100 фоиз овози билан қарор қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 43-моддасининг олтинчи қисмига мувофиқ, таъсис ҳужжатларидаги ўзгартишлар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб, қонунда белгиланган ҳолларда эса — давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи орган ана шундай ўзгартишлар ҳақида хабардор қилинган пайтдан бошлаб учинчи шахслар учун кучга эга бўлади.
Демак, М.Ўнинг улушини кўпайтириш тўғрисидаги МЧЖнинг қарори ва таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартишлар белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган. Яъни таъсисчилар йиғилишида қабул қилинган қарорлар бўйича таъсисчилар ёки уларнинг ишончли вакиллари томонидан эътирозлар билдирилмаган.
Бундай ҳолатда, биринчи инстанция суди жавобгарларнинг важларига тегишли тартибда баҳо бермаган ва даъвогарнинг даъво аризаларини қаноатлантириш ҳақида барвақт хулосага келган.
Ўз навбатида, жавобгарлар Компания ва Ш.Т иқтисодий судга қарши даъво аризалари билан мурожаат қилиб, тарафлар ўртасида тузилган 1 ва 2-сонли битимларни ҳақиқий деб топишни сўраган. Бунга асос қилиб, қарши даъво аризада ФК 112-моддасининг иккинчи қисмига кўра, агар тарафлардан бири нотариал тасдиқлаш талаб қилинадиган битимни тўла ёки қисман бажарган бўлса, иккинчи тараф эса — битимни нотариал расмийлаштиришдан бош тортса, суд битимни бажарган тарафнинг талаби бўйича уни ҳақиқий деб ҳисоблашга ҳақлилигини келтириб ўтган.
Биринчи инстанция суди дастлабки даъво талабининг қаноатлантирилиши қарши даъво аризаларида келтирилган важларни асоссиз эканлигини англатиши ҳақидаги хулосага келиб, жавобгарларнинг қарши даъво аризаларини қаноатлантиришни рад этишни лозим топган.
Ваҳоланки, биринчи инстанция суди томонидан ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар тарафлар ўртасида тузилган 1 ва 2-сонли улушни олди-сотди шартномалари нотариал тартибда расмийлаштирилган.
Бундай ҳолатда, тарафлар ўртасидаги 1 ва 2-сонли шартномаларни ҳақиқийлиги ҳақидаги низо қарши даъво аризаси билан мурожаат қилингандан сўнг тинч йўл билан бартараф қилинган.
Демак, жавобгарларнинг қарши даъво аризаларида кўрсатилган важлар жавобгарлар томонидан бартараф этилганлиги, яъни шартномалар нотариал тартибда расмийлаштирилганлиги сабабли биринчи инстанция суди томонидан уларни қаноатлантиришни рад этиш ҳақида тўғри хулосага келган деб ҳисоблайди.
ИПК 279-моддасининг биринчи қисмида моддий ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
ИПК 278-моддасининг биринчи қисми 3-бандига кўра, апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини ўзгартиришга ҳақли.
Баён этилганлардан келиб чиқиб, судлов ҳайъати жавобгарларнинг апелляция шикоятларини қисман қаноатлантиришни, иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатини ўзгартиришни лозим топади. ИПКнинг 118-моддасига асосан суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади. Даъвогар ва жавобгарларнинг даъво ва қарши талабларини қаноатлантириш рад этилганлиги сабабли, биринчи ва апелляция инстанцияси учун тўланган суд харажатлари уларнинг зиммасида қолдирилади.
Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 278 — 280-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қарор қилди:
Ш.Т ва «ST G i c» компаниясининг апелляция шикоятлари қисман қаноатлантирилсин.
Тошкент шаҳар судининг 2023 йил 7 апрелдаги ҳал қилув қарори ўзгартирилсин.
Ҳал қилув қарорининг Ў.М.М билан Т.Ш.Ф ў ўртасида 2020 йил 1 декабрда тузилган «D b» МЧЖ устав фондининг 5 фоиз миқдоридаги улушнинг олди-сотди қилиш тўғрисидаги 1-сонли шартнома ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда Ў.М.М билан «ST G i c» компанияси (Канада) ўртасида 2020 йил 1 декабрда тузилган «D b» МЧЖ устав фондининг 60 фоизи миқдоридаги улушнинг олди-сотди қилиш тўғрисидаги 2-сонли шартномани ҳақиқий эмас деб топиш қисмлари бекор қилинсин.
Даъвогарнинг Ў.М.М билан Т.Ш.Ф ў ўртасида 2020 йил 1 декабрда тузилган «D b» МЧЖ устав фондининг 5 фоиз миқдоридаги улушнинг олди-сотди қилиш тўғрисидаги 1-сонли шартномани ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда Ў.М.М билан «ST G i c» компанияси (Канада) ўртасида 2020 йил 1 декабрда тузилган «D b» МЧЖ устав фондининг 60 фоизи миқдоридаги улушнинг олди-сотди қилиш тўғрисидаги 2-сонли шартномани ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво талабларини қаноатлантириш рад этилсин.
Тошкент шаҳар судининг 2023 йил 7 апрелдаги ҳал қилув қарорининг суд харажатларини тақсимлаш қисми бекор қилинсин.
Ҳал қилув қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи: Р. ХАЙДАРОВ
ҳайъат аъзолари: И. ТАДЖИЕВ
Р. САГАТОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 15 июнь,
4-10-2302/24-сон