Навоий вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг
қарори
Биринчи инстанциясида ишни кўрган судья — Б. Джумаев
Апелляция инстанциясида маърузачи судья — Т. Қаҳҳоров
Апелляция инстанциясида маърузачи судья — Т. Қаҳҳоров
Навоий вилоят судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Т. Абдрамановнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Х. Турсунов ва Т. Қаҳҳоровлардан иборат таркибда, судья катта ёрдамчиси Г. Тоғаеванинг суд мажлиси котиблигида, Навоий вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси Т. Кенжаев, даъвогар вакили А. Кенжаев (адвокатлик ордери ва ишончномага асосан), жавобгар «ХПХ» хусусий корхонаси раҳбари У.М. иштирокида, Кармана туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 13 март кунидаги ҳал қилув қарори устидан Навоий шаҳар прокурори томонидан келтирилган апелляция протестини, Навоий вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати биносида, видеоконференцалоқа режимида ўтказилган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
Устави 2018 йилнинг 15 сентябрь кунида қайта рўйхатдан ўтказилган «НИҚУ» масъулияти чекланган жамиятнинг (кейинги ўринларда жамият деб номланади) устав жамғармаси 5.842.195.338 сўмни ташкил этиб, жамият таъсисчилари ўртасида қуйидагича тақсимланган:
1. «ҚР» МЧММТП — 1.420.800 сўм — 1,46 %, 2. Д.А. 73.13.800 сўм — 1,25 %, 3. А.А. 555.200 сўм — 0,57%, 4. Б.А. 299.200 — 0,31 %, 5. Ш.Б. 32.000 сўм — 0,03%, 6. Д.Б. 28.000 сўм — 0,03 %, 7. Д.Д. 104.000 сўм — 0,11%, 8. М.Д. 696.000 сўм — 0,71%, 9. Х.К. 8.000 сўм — 0,01%, 10. С.О. 20.600.000 сўм — 21,10%, 11. З.Н. 208.000 сўм — 0,21 %, 12. Ш.Н. 75.200 сўм — 0,08 %, 13. Ж.Т. 14.400 сўм — 0,01%, 14. А.Т. 174.400 сўм — 0,18 %, 15. С.Х. 12.800 сўм — 0,01%, 16. М.Ш. 256.000 сўм — 0,26 %, 17. «BBSC» МЧЖ 5.744.578.738 сўм — 98,33 %.
Жамият таъсисчиларининг 2018 йил 25 июнда ҳамда 2018 йил 30 август кунлари ўтказилган умумий йиғилишда жамият устав фондини кўпайтириш, жамиятнинг таъсис ҳужжатларига ўзгартириш киритиш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, 2018 йил 18 сентябрдаги 5-сонли йиғилиш баёнида эса «Хатирчи пилла хазинаси» хусусий корхонаси билан жамият ўртасида «корхонани сотиш шартномаси» тузишга розилик берилган.
Жамият ва «Хатирчи пилла хазинаси» хусусий корхонаси ўртасида бутун бир корхонани мулкий мажмуа сифатида сотиш тўғрисида 2018 йил 24 сентябрда тузилган 105-сонли шартномага кўра жамиятга тегишли бўлган Кармана тумани Хўжа Хисрав маҳалла фуқаролар йиғини, Пиллакор кўчаси 1-уйда жойлашган умумий ер майдони 21.057,6 м², умумий фойдали майдони 6.303,92 м², ишчи майдони 628,83 м² бўлган бино ва иншоатлар асосий воситалар ҳамда Кармана тумани Тошкент берк кўчаси ҳудудида жойлашган умумий майдони 10.205,69 м², ишчи майдони 1.481,27 м², фойдали майдони 1.481,27 м² бўлган лаборатория биносини «ХПХ» хусусий корхонасига жами 10.000.000.000 сўмга сотилган.
Жамиятнинг мазкур умумий йиғилиш қарорлари ва у томонидан тузилган олди сотди шартномасидан норози бўлган даъвогарлар А.Д.Д. ва О.С.А.лар жавобгар жамият, «ХПХ» хусусий корхонаси ва «BBSC» масъулияти чекланган жамиятига нисбатан судга даъво ариза билан мурожаат этиб «НИҚУ» масъулияти чекланган жамиятининг 2018 йил 25 июндаги 4-сонли, 2018 йил 30 августдаги 4-сонли ва 2018 йил 18 сентябрдаги 5-сонли умумий йиғилиш қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ва жамият ва «ХПХ» хусусий корхонаси ўртасида тузилган бутун бир корхонани мулкий мажмуа сифатида сотиш тўғрисида 2018 йил 24 сентябрда тузилган 105-сонли шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ва битимнинг ҳақиқий эмаслик оқибатларини қўллашни сўраган.
Суднинг ажрими билан ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида «ҚР» ММТП, А.А.Ж., А.Б., Б.Ш., Б.Д., Д.Д., Д.М., Қ.Х., Н.З., Н.Ш., Т.Ж., Т.А., Х.С.Х., Ш.Ш.М., А.И.А., Ж.З.А., К.З.А., Р.С.С., А.О.. М.А.А., С.Ш., А.Х.Ҳ., Ж.А.С., Р.Г.Ҳ., А.Ж., Э.К.Ҳ., С.М.М., К.М.М., «МА» МЧЖ МТП, «ЯҚШ» ММТП, «НШ» ММТП, «ЖФ» МЧЖ МТП, «ZBIE CO LTD», «DB» МЧЖ ва «АКМСР» МЧЖ, «АКМСР» МЧЖ Бухоро филиали, мутахассис сифатида Кармана туман адлия бўлими ва Навоий вилоят кадастрлар палатаси Навоий вилоят бошқармаси жалб этилган.
Кармана туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 13 март кунидаги ҳал қилув қарорига асосан даъво талаби қисман қаноатлантирилиб, жамиятининг 2018 йил 25 июндаги 4-сонли, 2018 йил 30 августдаги 4-сонли ва 2018 йил 18 сентябрдаги 5-сонли навбатдан ташқари умумий йиғилиш қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган.
Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.
Навоий шаҳар прокурори томонидан келтирилган протестда суднинг ҳал қилув қарорини даъвони рад этиш қисмини бекор қилиб, даъво талабини қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўраган.
Суд муҳокамасида прокурор протестни қўллаб қувватлаб, уни қаноатлантиришни сўради.
Суд муҳокамасида даъвогар вакили прокурорнинг протестида кўрсатилган ҳолатларни қўллаб қувватлаб, протестни қаноатлантиришни, шунингдек, тарафлар ўртасида тузилган шартнома нотариал тасдиқланиши шарт бўлсада мазкур талабга риоя этилмаганлиги сабабли мазкур битим ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим эканлиги сабабли, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво талабларини тўлиқ қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилишни сўради.
Суд муҳокамасида жавобгар «ХПХ» хусусий корхонаси вакили низолашилаётган, олди сотди қилинган корхона Кармана тумани ҳудудида жойлашганлигидан келиб чиқиб Навоий шаҳар прокурори мазкур битим юзасидан қабул қилинган ҳал қилув қарорига протест киритиш ваколатига эга эмаслиги, қолаверса «ХПХ» хусусий корхонаси томонидан олди сотди қилинган кўчмас мулк кадастр ҳужжатлари тайёрланиб, корхона номига давлат рўйхатидан ўтказилгач, кўчмас мулкни гаровга қўйиб кредит олинганлиги, ҳозирда корхонани ишлатиб келаётганлиги ва кредит маблағларини бир қисмини ҳам тўлаб қўйганлигини баён этди.
Судлов ҳайъати, прокурорнинг ҳамда тарафлар вакилларини фикрлари ва тушунтиришларини эшитиб, иш ҳужжатларини ўрганиб ва прокурор протестини муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра апелляция протестини қисман қаноатлантириб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни биринчи инстанция судида янгидан кўриб чиқиш учун юборишни лозим топади.
Аниқланишича, жамият таъсисчиларининг 2018 йил 18 сентябрдаги 5-сонли йиғилиш баёнига асосан, жамият билан «ХПХ» хусусий корхонаси ўртасида бутун бир корхонани мулкий мажмуа сифатида сотиш тўғрисида 2018 йил 24 сентябрда тузилган 105-сонли шартномага кўра «ХПХ» хусусий корхонаси томонидан жамиятдан сотиб олинган Кармана тумани Хўжа Хисрав маҳалла фуқаролар йиғини Пиллакор кўчаси 1-уйда жойлашган бино ва иншоатлар асосий воситалар ҳамда Кармана тумани Тошкент берк кўчаси ҳудудида жойлашган Лаборатория биноси «Хатирчи пилла хазинаси» хусусий корхонаси номига давлат рўйхатидан ўтказилган.
ТИФ «Ўзмиллий банк» Навоий бўлими ва «ХПХ» хусусий корхонаси ўртасида 2018 йилнинг 18 декабрь кунида тузилган 18/115-сонли кредит шартномасига кўра «Ипак қурти ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида ипак қурти заводи ва лабораторияни (бино иншоат ускуналари билан) харид қилиш» мақсадида ажратиладиган 7.000.000.000 сўм кредит маблағларини қайтариш таъминоти сифатида тарафлар ўртасида 2018 йилнинг 18 декабрь кунида тузилиб, нотариал тасдиқланган ипотека шартномасига асосан «ХПХ» хусусий корхонаси номига давлат рўйхатидан ўтказилган юқорида қайд этилган кўчмас мулклар гаровга қўйилган.
Даъво талаби эса «ХПХ» хусусий корхонаси томонидан сотиб олиниб, кейинчалик кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган кўчмас мулкни сотиш тўғрисидаги жамият таъсисчиларини умумий йиғилиш қарори ва тарафлар ўртасида тузилган олди сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топишга ва битимни ҳақиқий эмаслик оқибатларини қўллашга қаратилган. Бу эса бевосита кўчмас мулкни гаровга қўйиш билан боғлиқ ипотека шартномаси бўйича гаровга олувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир кўрсатади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 48-моддаси биринчи қисмига кўра низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорини қабул қилгунига қадар, агар иш ушбу шахсларнинг тарафлардан бирига нисбатан ҳуқуқ ёки мажбуриятларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, даъвогар ёхуд жавобгар тарафида ишга киришиши мумкин. Улар тарафнинг илтимосномасига ёки суднинг ташаббусига кўра ҳам ишда иштирок этишга жалб қилиниши мумкин.
Суд томонидан мазкур низо юзасидан қабул қилинадиган қарор ипотека шартномаси бўйича гаровга олувчи тараф бўлган ТИФ «Ўзмиллий банк»нинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилсада, биринчи инстанция суди томонидан ТИФ «Ўзмиллий банк»ни ишга жалб этмасдан, процессуал ҳуқуқ нормаларини бузган. Бу эса асоссиз қарор қабул қилинишига сабаб бўлган.
Ваҳоланки, «ХПХ» хусусий корхонасининг 2023 йилнинг 9 март кунида судга берган аризасида, корхона томонидан ТИФ «Ўзмиллий банк» билан тузилган кредит шартномаси асосида жамиятга тегишли бўлган кўчмас мулкларни сотиб олиш мақсадида кредит олганлигини маълум қилган.
ИПК 276-моддасига мувофиқ, суд ишни апелляция инстанциясида кўриш чоғида биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг қонунийлигини ва асослилигини текширади. Суд янги далилларни текшириши ва янги фактларни аниқлаши мумкин. Апелляция инстанциясининг суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини тўлиқ ҳажмда текшириши шарт.
ИПК 279-моддаси учинчи қисми 4-бандида ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ҳар қандай ҳолда бекор қилишнинг асоси сифатида белгиланган. ИПК 278-моддасида апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича, ушбу Кодекс 279-моддаси тўртинчи қисмининг 4-бандида назарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун юборишга ҳақли эканлиги белгиланган.
Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати биринчи инстанция суди томонидан иш учун аҳамиятли барча ҳолатлар аниқланмасдан, процессуал ҳуқуқ нормаларига риоя этилмаган ҳолда қарор қабул қилинган деб ҳисоблаб, апелляция протестини қисман қаноатлантириб, ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва ишни биринчи инстанция судида янгидан кўриб чиқиш учун Кармана туманлараро иқтисодий судига юборишни лозим топади.
ИПК 280-моддаси қоидаларига кўра, апелляция инстанцияси судининг қарорида агар иш янгидан кўриш учун юборилаётган бўлса, биринчи инстанция суди томонидан бажарилиши керак бўлган ҳаракатлар кўрсатилиши, суднинг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун юборилган тақдирда, суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масала ишни янгидан кўраётган суд томонидан ҳал этилиши белгиланган.
Шунга кўра, биринчи инстанция суди ишни кўришда қабул қилинадиган суд ҳужжати ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир қилиши мумкин бўлган шахсларни ишга жалб этиши, низони тўғри ҳал этиш билан боғлиқ далилларни тўплаб, низога нисбатан моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаган ҳолда суд ҳужжатини қабул қилиши, ишни биринчи инстанция ва апелляция инстанциясида кўриш билан боғлиқ ҳолдаги суд харажатларини ишни кўриш натижаларига кўра ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда тақсимлаши лозим бўлади.
Юқоридагиларга кўра ҳамда ИПКнинг 276, 278 — 280-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қарор қилади:
Кармана туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 13 мартдаги ҳал қилув қарори бекор қилинсин ва ишни биринчи инстанция судида янгидан кўриш учун Кармана туманлараро иқтисодий судига юборилсин.
Навоий шаҳар прокурорининг апелляция протести қисман қаноатлантирилсин.
Қарор қабул қилинган вақтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Қарор устидан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий судига кассация тартибида шикоят (протест) берилиши мумкин.
Раислик қилувчи Т. АБДРАМАНОВ
ҳайъат аъзолари Х. ТУРСУНОВ
Т. ҚАҲҲОРОВ
Навоий ш.,
2023 йил 12 июнь,
4-2101-2302/1876-сон