Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларидаги сайловчилар билан учрашувларини бошқа вақтга кўчириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Регламентининг 267-моддасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) депутатларининг сайловчилар билан сайлов округларидаги ишлари учун мўлжалланган вақтни белгилаши, Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларидаги сайловчилар билан учрашувлари учун, қоида тариқасида, ҳар ойнинг охирги ҳафтаси ажратилиши назарда тутилган.
Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг депутатларнинг сайлов округларида сайловчилар билан 2023 йил май ойининг охирги ҳафтасида белгиланган учрашувларини жорий йилнинг июнь ойига кўчириш тўғрисидаги таклифларини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланганлигини ва мазкур кампания муносабати билан сиёсий партиялар юқори турувчи органларининг мажлислари ўтказилишини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларида сайловчилар билан 2023 йил май ойининг охирги ҳафтасида белгиланган учрашувларини жорий йил июнь ойининг бошига кўчириш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларида сайловчилар билан 2023 йил май ойининг охирги ҳафтасида белгиланган учрашувлари жорий йилнинг 7 — 12 июнь кунларига кўчирилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девонининг Назорат-таҳлил бўлими (Ж. Жумаев) Қонунчилик палатаси депутатларини сайлов округларига чиқишдан олдин зарур ахборот-таҳлилий материаллар ва маълумотлар билан таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девонининг Ташкилий ишлар ва кадрлар бўлими (Ф. Қуватов) Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларидаги ишларини самарали ташкил этиш бўйича барча зарур чоралар кўрсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девонининг Парламент ахборот маркази (М. Пармонова) Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларидаги фаолияти оммавий ахборот воситаларида ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг ёритилишини таъминласин.
6. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. Иноятов зиммасига юклатилсин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 22 май,
3222-IV-сон