Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
«Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш бўйича ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А. Раматовнинг жавоби ҳақида
«Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. «Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш бўйича ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Раматов томонидан юборилган ёзма жавоб маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситасини тўхташ жойига жойлаштириш юзасидан тузиладиган далолатноманинг ҳамда транспорт воситасини олиб чиқиш учун рухсатноманинг тўхташ жойига реал вақт режимида электрон ахборот алмашинуви асосида тақдим этилишини қонунчиликда белгилаш;
қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларининг тўхташ жойлари белгиланган талабларга жавоб берадиган даражада бўлишини таъминлаш устидан назоратни кучайтириш;
транспорт воситаларини олиб келиш (ташиш) ва сақлаш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун тўловларнинг чекланган миқдорлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланиши юзасидан чоралар кўриш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ёзма жавоб маълумотида қайд этилган, парламент сўровини кўриб чиқиш натижалари бўйича белгиланган чора-тадбирларнинг ижро этилишини таъминлаш юзасидан парламент назоратини амалга оширсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу Қарорнинг ижроси юзасидан жорий йилнинг 1 октябрига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ахборот тақдим этсин.
5. Мазкур Қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 4 май,
3149-IV-сон