Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитиб, бу борада муайян ишлар амалга оширилганини таъкидлайди.
«Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2022 йилдаги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг банк тизимини ислоҳ қилиш бўйича қарор ва фармонларида белгилаб берилган устувор вазифаларнинг ижросига қаратилган.
Хусусан, пул-кредит сиёсати ва макропруденциал чораларни инфлацияга монетар омиллар таъсири даражасини қисқартириш, банк тизимида потенциал хатарлар таъсирини минималлаштириш, мамлакатда макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор берилган.
Ташқи иқтисодий ноаниқликлар ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субектларининг инфлацион кутилмаларидан келиб чиқиб, ҳисобот йилида пул-кредит сиёсатининг қатъийлик даражаси турлича шаклланган. 2022 йил март ойида асосий ставка йиллик 17 фоизгача кўтарилган бўлса, II чоракдан бошлаб макроиқтисодий шароитларнинг барқарорлашуви, айрим инфлацион хатарларнинг юзага келиш эҳтимолининг пасайиши ҳисобига Марказий банкнинг асосий ставкаси йиллик 15 фоизгача тушурилган. Банк тизими умумий ликвидлигининг ортиб бориши шароитида пул-кредит сиёсати инструментларига тегишли ўзгартиришлар киритиб борилган.
Амалга оширилган ушбу чора-тадбирлар инфлация даражаси юқори суръатларда ўсишини жиловлаш имконини берди ва 2022 йил якунлари бўйича инфлация 12,3 фоиз даражасида қайд этилган.
Ҳисобот йилида иқтисодиётни молиялаштиришда хусусий инвестицияларни рағбатлантириш, тадбиркорлик субектларининг ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва юқори қўшилган қийматли янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш ишлари изчил давом эттирилган.
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадларига 203 трлн сўм ёки 2021 йилга нисбатан 22 фоизга кўп кредит маблағлари ажратилди, кредит қўйилмалари қолдиғи 403 трлн сўмга етган.
Ажратилган кредитларнинг 43,7 фоизи саноатни ривожлантиришга, 22 фоизи савдо ва умумий овқатланиш, 11,6 фоизи қишлоқ хўжалиги, 5,7 фоизи қурилиш ҳамда 5,2 фоизи транспортва коммуникация соҳаларига йўналтирилган.
Шунингдек, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 424 мингдан ортиқ лойиҳаларга 9,9 трлн сўмдан ортиқ имтиёзли кредит маблағлари ажратилган.
Аҳолига ажратилган кредитлар 2021 йилга нисбатан 1,6 баробарга ўсиб, 65,3 трлн сўмни ташкил қилган. Кредит маблағларининг 25,6 фоизини микроқарз, 22 фоизини ипотека кредитлари, 33 фоизини истеъмол кредитлари, 14 фоизини микрокредитлар ташкил этган.
2022 йилда банкларнинг капиталлашув даражаси 12 фоизга ошиб, йил якунлари бўйича қарийб 80 трлн сўмга, устав капитали 9 фоизга ўсиб, 60 трлн сўмга етган.
Банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси доирасида давлат иштирокидаги банкларни трансформация қилишга қаратилган ишлар давом эттирилиб, «Ипотекабанк» ва «Ўзагроэкспортбанк»даги давлат улушини хорижий инвесторларга сотиш жараёнлари якунланган.
Натижада банк сектори активлари умумий ҳажмида давлат улуши мавжуд банклар активлари 2021 йилдаги 81,5 фоиздан 2022 йилда 78,2 фоизгача пасайган.
Аҳолига республика ва хорижий тўлов тизимлари инфратузилмасида бир карта орқали ҳисоб-китобларни амалга ошириш имкониятини берувчи кобейджинг банк карталари сони 2021 йилга нисбатан 2,7 баробарга ошган ва 1,7 миллионга етган.
Шу билан бирга, ўрганишлар Марказий банк томонидан тижорат банклари фаолиятини назорат қилиш ва тартибга солиш ишлари етарли даражада эмаслигини кўрсатмоқда.
Хусусан, 2022 йилда базавий инфлация даражаси (13,8 фоиз) умумий инфлация даражасидан (12,3 фоиз) юқори даражада шаклланган ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфлацион кутилмалари юқорилигича сақланиб қолган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 февралдаги «Сунъий интеллект технологияларини жадал жорий етиш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–4996-сонли қарорида белгиланган тижорат банклари фаолиятини мониторинг қилиш самарадорлигини ошириш ва улар томонидан тартибга солиш талаблари (SubTech ва RegTech) бажарилишини соддалаштириш ишлари Марказий банк томонидан якунига етказилмаган.
Банк тизимида ахборот айирбошлашни рақамлаштириш ишлари суст ташкил этилиб, Марказий банк ва унинг ҳудудий бош бошқармалари ҳамда тижорат банклари ва уларнинг филиалларида аксарият ҳисоботлар қоғоз шаклида юритилиши оқибатида ҳисоботлар унификация қилинмаган.
Тўлов тизимлари билан боғлиқ киберхавфсизлик хатарларини аниқлаш, уларнинг олдини олиш ҳамда кибертаҳдидлар ва молиявий фирибгарликка қарши таъсирчан чоралар кўриб борилган бўлса-да, турли фирибгарлик йўллари билан фуқароларнинг банк карталаридаги маблағларни ўзлаштириш ҳолатлари ҳамон сақланиб қолмоқда.
Шунингдек, банк ва масъул ташкилотлар ходимлари томонидан фуқароларни хабардор қилмай (уларнинг розилигисиз) уларнинг номига сохта ҳужжатлар расмийлаштириш йўли билан кредитлар олиш, кредит маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари кузатилмоқда.
«Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонуннинг 69-моддасига зид равишда 2022 йилнинг январь-сентабрь ойларида банклар ва бошқа кредит ташкилотларига қўлланилган 36 та санкция тўғрисидаги маълумотлар Марказий банкнинг расмий веб-сайтида тўлиқ эълон қилинмаган ва ундаги маълумотлар мунтазам равишда янгилаб борилмаган.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларига кредит ажратиш жараёнида шаффофлик йўқлиги, инсон омилининг юқорилиги кредит олиш жараёнини қийинлаштириб, бюрократик тўсиқлар пайдо бўлишига олиб келган. Хусусан, ҳисобот йилида Марказий банкка келиб тушган мурожаатларнинг 4 979 таси (93,9 фоизи) бевосита тижорат банклари фаолиятига оид бўлиб, шундан жами мурожаатларнинг 59 фоизи (3 128 таси) кредит муносабатлари билан боғлиқ масалалар ҳиссасига тўғри келган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 декабрдаги «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–55-сонли қарорига асосан 2022 йил 1 мартдан бошлаб дастурлар доирасида кредитлаш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда Ягона електрон платформа орқали ажратиб келинишига қарамасдан инсон омили аралашуви чекланмаган ва кредит ажратиш жараёнининг кетма-кетлиги таъминланмаган.
Жумладан, Фарғона вилоятида тижорат банклари филиаллари томонидан 15 та ҳолатда 415,8 млн сўмлик кредитлар 2022 йилда ажратилган бўлиб, кредит шартномалари йил ўтгандан сўнг 2023 йил феврал ойида имзоланиб oilakredit.uz дастурига юкланган.
«Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунга кўра банклар коррупциянинг олдини олиш чоралари, банк ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилмаслиги белгиланган бўлишига қарамасдан, ҳисобот даврида Фарғона вилоятида прокуратура органлари томонидан 28 млрд сўмлик кредитларни мақсадсиз сарфлаш ва талон-тарож қилиш ҳолатлари юзасидан 69 та жиноят иши қўзғатилган.
Жиноятларни содир етган 43 нафар банк ходимининг 24 нафари банк маблағларини талон-тарож қилганлиги, 6 нафари фирибгарлик ва 13 нафари мансаб ваколатини суиистеъмол қилганлиги учун айбланган.
Шунингдек, мазкур Қонун талабларига риоя қилинмаган ҳолда Фарғона вилояти тижорат банклари филиаллари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси органлари иш юритувидаги 13 та ижро иши бўйича 27 млрд сўмлик гаров мулклари ҳозирги кунга қадар тижорат банклари томонидан балансга олиш чоралари кўрилмаган ҳамда жами 20 та ҳолатда 72 млрд сўмлик ижро ишлари ижросиз чақириб олинган.
Мазкур ҳолатлар Марказий банк томонидан тижорат банклари фаолияти устидан пруденциал назоратни таъминлашда алоҳида эътибор қаратишни талаб этади.
Юқорида қайд этилганлардан келиб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 9-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки:
а) нархлар барқарорлигини таъминлаш ҳамда пул-кредит сиёсати инструментларини такомиллаштириш мақсадида:
2023 йилда инфлация даражасини 9,5 фоиздан ошмаслигини таъминлаш бўйича ҳукумат билан биргаликда тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин;
пул бозорида инфлация прогнозига нисбатан реал фоиз ставкаларининг 2-3 фоиз даражасида ижобийлигини таъминлаш ва нисбатан қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолган ҳолда инфлациянинг монетар омиллари пасайтириш чораларини кўрсин;
инфлацияга номонетар омиллар таъсирини пасайтириш ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир омилнинг юзага келиш сабабларини чуқур таҳлил этган ҳолда уларни бартараф етиш бўйича асослантирилган таклифларни ҳукумат, тегишли вазирлик ва идораларга киритиб борсин;
банклар ўртасида қисқа муддатли ресурсларнинг самарали қайта тақсимланишини таъминлаш мақсадида банклараро РЕПО бозори фаолиятини ривожлантирсин;
б) халқаро банк-молия тизимларида юз бераётган салбий ҳолатлар мамлакатимиз банк тизимида такрорланмаслигига йўл қўймаслик мақсадида:
банклар фаолиятида таваккалчиликка асосланган назорат тизими доирасида мавжуд хатарларни аниқлаш, банк тизими молиявий барқарорлиги ва банклардаги кредит хатарлари динамикаси тўғрисида ўрганишлар ўтказиб борсин;
таваккалчиликларни бошқариш ва уларнинг самарадорлигини баҳолаш мақсадида ҳар бир банкнинг кредит портфелидаги аҳамиятли 20 та йирик қарздорнинг банклар молиявий ҳолатига таъсири бўйича доимий мониторинг ўрнатсин;
д) аҳолига хизмат кўрсатиш турларини кенгайтириш ва сифатини яхшилаш, тўлов тизимлари ишлашининг барқарорлигини ва банк тизимида киберхавфсизликни таъминлаш борасида:
тўлов хизматлари истеъмолчиларининг молиявий хавфсизлигини таъминласин ва молиявий фирибгарлик тўғрисида хабардорлигини ошириб борсин;
виртуал кассага эга бўлган савдо корхоналарида POS терминаллари орқали банк картасидан нақд пул бериш амалиётини (cash-out on POS) синов тарзида жорий қилсин;
коммунал, давлат божлари ва жарималар бўйича чакана тўловларни амалга оширишда аҳолидан қўшимча воситачилик ҳақи олиниши амалиётини қайта кўриб чиқсин;
аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган банк ва тўлов хизматларининг тури ва сифатини ошириб борсин;
банк карталари ва бошқа тўлов воситаларидан фойдаланишнинг жалб этувчанлигини ошириш орқали нақд пулсиз ҳисоб-китоблар кўламини ошириш чораларини кўрсин;
е) Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги билан биргаликда:
тижорат банклари фаолиятини мониторинг қилиш самарадорлигини ошириш ва улар томонидан тартибга солиш талаблари (SubTech ва RegTech) бажарилишини соддалаштириш, шунингдек, банк хизматлари кўрсатиш сифатини таҳлил қилиш ва кредит таваккалчиликларини баҳолаш учун сунъий интеллект технологияларини жорий қилишни жадаллаштирсин;
оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформасидан фойдаланиш, шу жумладан, кредитларни ажратиш ва расмийлаштириш жараёнларини такомиллаштириб, унда инсон омилини камайтириш ҳамда тўлиқ автоматлаштириш чораларини кўрсин;
ф) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Персоналлаштириш агентлиги билан биргаликда:
банклар томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субектларига кредит ажратилишида мижознинг (фуқаронинг) биометрик маълумотлари (биографик маълумотлар, рақамли фотосурат ва қўл бармоқ изи) асосида верификация қилиш тизимини татбиқ этиш ҳамда ушбу амалиётни жорий йилнинг охиригача синов тариқасида ваколатли банкларда, 2025 йилдан бошлаб эса, барча тижорат банкларида ишга тушириш;
верификация қилиш жараёнини йўлга қўйиш учун Персоналлаштириш агентлиги ва Ички ишлар вазирлигининг тегишли ахборот тизимларини ягона электрон платформа билан тўлиқ интеграция қилиш чораларини кўрсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига:
ҳудудлардаги инвестиция лойиҳалари доирасида кредитларнинг ажратилиши, уларнинг мақсадли ишлатилиши юзасидан доимий назорат ўрнатиш;
кредитларни ажратишда йўл қўйилаётган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан депутатлик назоратини кучайтириш, зарур бўлганда депутатлик сўровлари киритиш ҳамда давлат дастурлари доирасида ажратилган кредит маблағларининг мақсадли ишлатилиши борасида амалга оширилган ишлар бўйича Марказий банкнинг ҳудудий бош бошқармалари раҳбари ахборотини эшитиб бориш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (М. Нурмуратов) мазкур Қарор ижроси юзасидан 2024 йилнинг 15 февралига қадар ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот тақдим этсин.
5. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Буджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси (Э. Гадоев) зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2023 йил 2 июнь,
СҚ-742-IV-сон