Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалар ва халқаро ташкилотларга аъзолик бўйича мажбуриятларини бажаришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Мамлакатимизда атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш, биологик хилма-хилликнинг барқарорлигини таъминлаш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ривожлантириш ва кенгайтириш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни комплекс бошқариш ҳамда санитария ҳолатини яхшилаш борасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, халқаро нормаларни миллий қонунчиликка уйғунлаштириш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида техник ва технологик жараёнлар оқибатида юзага келаётган муаммоларни ҳал этишга янгича ёндашувларни татбиқ этиш ҳамда атроф муҳитнинг хавфсиз даражасини сақлаб қолиш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш борасидаги халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларида фаол иштирок этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси янги халқаро шартнома ва халқаро ташкилотларга аъзо бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалар ҳамда халқаро ташкилотлар талабларидан келиб чиқадиган мажбуриятларининг самарали бажарилишини таъминлаш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикасининг «Турғун органик ифлослантирувчи моддалар ҳақидаги Стокгольм конвенциясини (Стокгольм, 2001 йил 22 май) ратификация қилиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси томонидан Турғун органик ифлослантирувчи моддалар ҳақидаги Стокгольм конвенцияси ратификация қилинганлиги;
Ўзбекистон Республикаси 2021 йил 20 октябрь куни Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқига аъзо бўлганлиги;
халқаро шартнома ва халқаро ташкилот талабларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси аъзолик бадалини тўлаб бориш юзасидан мажбурият олганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 2023 йил учун Турғун органик ифлослантирувчи моддалар ҳақидаги Стокгольм конвенцияси ҳамда Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқига Ўзбекистон Республикасининг аъзолик бадалини бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
3. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2024 йилдан бошлаб Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг сўровига асосан аъзолик бадалларини тўлаш учун зарур бўлган маблағлар Давлат бюджетининг прогноз параметрларида назарда тутиб борилишини таъминласин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 майдаги ПФ-90-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.06.2025 й., 06/25/90/0486-сон)
5. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2023 йил 31 май,
ПҚ-172-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
(илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 майдаги ПФ-90-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.06.2025 й., 06/25/90/0486-сон)
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.06.2023 й., 07/23/172/0319-сон; 02.06.2025 й., 06/25/90/0486-сон)