Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2023 йил биринчи чорагида бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи тўғрисида
2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг (бундан буён матнда давлат дастури деб юритилади) 2023 йил биринчи чорагида бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) таъкидлайдики, ўтган даврда аҳолининг ҳаёт даражасини янада юксалтириш, миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш, юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, таълим сифатини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилган.
Хусусан, давлат дастуридаги тадбирларнинг бажарилишини таъминлаш ва доимий мониторинг олиб бориш юзасидан яхлит тизим яратилган, тегишли тақвим-жадвал тасдиқланган. Давлат дастурининг бажарилиши ҳар ойда таҳлил қилиниб, топшириқлар ижроси юзасидан ҳафталик мониторинг юритилган ҳамда масъулларнинг ҳисоботларини эшитиб бориш тартиби жорий этилган.
Давлат дастурида белгиланган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ишлаб чиқилишида ҳукумат ва парламент яқин ҳамкорликда фаолият олиб борган. Қонунчилик палатасининг қўмиталари ва ҳукумат томонидан назорат-тахдил тадбирлари доирасида кўтарилган масалаларни биргаликда ҳал этиш амалиётидан унумли фойдаланилган.
Ҳисобот даврида давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижроси юзасидан жами 41 та ҳужжат қабул қилинган.
Давлат дастури доирасида амалга оширилган ишлар таҳлили, статистик кўрсаткичлар иқтисодий-ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш борасида сезиларли натижаларга эришилганлигини кўрсатмокда.
Жумладан, ялпи ички маҳсулот ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 105,5 фоизга ўсган. Давлат бюджети даромадлари 47,3 трлн. сўмга ижро этилган. Аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида Давлат бюджетидан ижтимоий соҳаларга йўналтирилган харажатлар 18,1 трлн, сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22,3 фоизга ошган.
Ҳисобот даврида жами қиймати 2,55 млрд. долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилган, товарлар ва хизматлар экспорти 3,2 млрд. долларга етган. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 6,2 трлн. сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилган.
Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш борасида белгилаб берилган устувор йўналишлар доирасида Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жорий этиладиган ҳамда мақбуллаштириладиган 72 турдаги давлат хизматлари ва сервисларини электрон шаклга ўтказиш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланган.
Аҳолига рақамли хизматлар кўрсатиш сифатини янада ошириш, соҳа, тармоқ ва ҳудудларни рақамли трансформация қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасини мутлақо янги тизим асосида йўлга қўйиш тўғрисида»ги фармони лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Адвокатура институтининг ролини ошириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг малакали ҳуқуқий хизматларга бўлган талабини қондириш мақсадида «Адвокатура тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш ва қушимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган.
Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш борасида ишсиз хотин-қизларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга давлат ҳисобидан ўқитиш мақсадида 78 минг нафар хотин-қизларнинг аниқ рўйхати шакллантирилган.
Тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлигини янада ошириш, репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида 46 та туманлараро перинатал марказни тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш бўйича тегишли шартномалар имзоланган.
Хорижий давлатларда меҳнат қилиб қайтган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни реинтеграция қилиш мақсадида 80,2 минг нафарга яқин фуқаронинг бандлиги таъминланган.
Мамлакатимизнинг халқаро муносабатларда тенг ҳуқуқли субъект сифатидаги ролини янада ошириш, хорижий давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, 300 дан ортиқ турли даражадаги тадбирлар, икки ва кўп томонлама учрашувлар ўтказилган.
Шу билан бирга давлат дастурида жами 59 та яхлит ва кичик банднинг ижросини жорий йилнинг биринчи чорагида таъминлаш белгиланган бўлиб, шундан 53 тасининг ижроси тўлиқ бажарилган, 6 тасининг ижросини таъминлашга доир ишлар якунланмаган.
Жумладан, таълим ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг янги тизимини жорий этиш бўйича ишлаб чиқилган норматив-хуқуқий ҳужжат лойиҳасини қабул қилиш билан боғлиқ ишлар охирига етказилмаган (159-банд).
Республиканинг барча ҳудудларида, айниқса, чекка қишлоқ ва маҳаллаларда истиқомат қиладиган аҳолига маданий дам олиш хизматлари кўрсатиш даражасини ошириш дастурини тасдиқлаш бўйича (235-банд) норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳанузгача қабул қилинмаган.
Бундан ташқари, давлат дастуридаги қатор бандларнинг ижро муддатлари йил давомида деб белгиланган бўлса-да, ушбу бандларнинг бажарилиши ҳолати ҳақидаги маълумотлар етарлича акс эттирилмаган.
Давлат дастури айрим бандларининг ижроси, хусусан, 750 мингта янги деҳқон хўжаликларини тадбиркорга, ер эгасига айлантириш (99-банд), қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсиш суръатларини камида 5 фоизга етказиш (103-банд), меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқаролар бандлигини таъминлаш ва реинтеграция қилиш чораларини кўриш (267.1-банди) каби муҳим вазифалар баёнлар, «йўл харита»лари, чора-тадбирлар дастурлари қабул қилинганидан келиб чиқиб, бажарилди, деб кўрсатилган. Бироқ мазкур бандларда белгиланган вазифаларнинг долзарблигидан келиб чиққан ҳолда бу каби бандларни уларнинг ижроси тўлиқ таъминланиб, аниқ натижаларга эришилмагунига қадар ижросини назоратдан олмаслик муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек аҳоли, шу жумладан ёшлар бандлигини таъминлаш, таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш, камбағалликни қисқартириш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолига электр энергиясини етказиб бериш, қурилишлар сифатини ошириш, бепул давлат хизматлари кўрсатишни кенгайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигига ва экологик барқарорликка эришиш борасидаги ишларни жадаллаштириш каби масалаларга ҳам ҳукумат томонидан қўшимча чоралар кўрилиши зарур.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 81-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2023 йил биринчи чорагида бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 февралдаги «2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги Фармонида ҳамда давлат дастурида назарда тутилган вазифаларнинг ўз муддатида ва сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан Хукумат аъзолари, мутасадди вазирлик ҳамда идоралар раҳбарларининг масъулиятини янада ошириш;
давлат дастурининг ижроси якунланмаган бандларида назарда тутилган вазифаларнинг бажарилишини охирига етказиш юзасидан зарур чорапар кўриш;
давлат дастурида жорий йилнинг II чорагида ижро этилиши назарда тутилган тадбирларнинг бажарилиши устидан тизимпи мониторинг олиб бориш;
давлат дастури доирасида белгиланган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталар билан яқин ҳамкорликни янада кенгайтириш;
«йўл хариталари», баёнлар, чора-тадбирлар дастурлари қабул қилинганлигидан келиб чиқиб, ижроси бажарилди деб кўрсатилган бандларда белгиланган вазифаларнинг долзарблигини инобатга олган ҳолда уларнинг ижроси юзасидан ҳар чоракда батафсил маълумот киритиб бориш;
сиёсий партиялар фракциялари аъзолари томонидан муҳокамалар жараёнида кўтарилган масалаларни ҳал қилиш юзасидан қўшимча чораларни кўриш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига:
давлат дастури доирасида амалга оширилган ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини сайловчиларга етказиш;
давлат дастурида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, шу жумладан инсон манфаатларини таъминлаш, таълим сифатини янада ошириш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган тадбирларнинг самарали ташкил қилиниши ҳамда ушбу тадбирлар учун ажратилаётган бюджет маблағларининг мақсадли ўзлаштирилиши устидан таъсирчан парламент ва депутат назоратини ўрнатиш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари давлат дастуридаги ижроси тўлиқ таъминланмаган бандларнинг бажарилиши устидан ўз фаолият йўналишидан келиб чиққан ҳолда, таъсирчан парламент назоратини амалга оширсин.
5. Ушбу Қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилсин.
6. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Узбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Хаитов зиммасига юклатилсин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 11 май,
3158-IV-сон