Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
ҚЎШМА ҚАРОРИ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг 2021-2022 йиллардаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг (бундан буён матнда Парламент комиссияси деб юритилади) ахборотини эшитиб, 2021-2022 йиллар давомида муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди (бундан буён матнда Жамоат фонди деб юритилади) томонидан 2021 йилда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун жами 76,6 млрд сўм маблағ ажратилган. Ажратилган маблағлар ҳисобидан 474 та лойиҳа ва дастурлар молиялаштирилган.
Жумладан, 2021 йилда 160 нафар ташкилотга йиллик фаолияти дастурларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг девонлари харажатларини қоплаш ҳамда ижтимоий аҳамиятга молик тадбирларни амалга ошириши учун Парламент комиссиясининг қарорларига мувофиқ 50,4 млрд сўм давлат субсидияси ажратилган.
Шунингдек, Парламент комиссияси қарорлари билан 23 та ташкилотнинг давлат ижтимоий буюртмаси 14,3 млрд сўмга қўллаб-қувватланган.
Мазкур қўллаб-қувватлаш таълим, маданият, тиббиёт, экология, кадастр, қурилиш, коммунал хўжалиги, бандлик ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш каби соҳаларда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллигини ошириш, ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратининг самарадорлигини кучайтиришга қаратилди.
Бундан ташқари, 2021 йилда грант танловлари натижаларига кўра жами 290 та лойиҳа учун 11,9 млрд сўм давлат гранти ажратилган.
2022 йилда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун жами 97,7 млрд сўм ажратилган. Жумладан, 2022 йилда 36 та нодавлат нотижорат ташкилотига 71,7 млрд сўм давлат субсидияси ажратилган бўлиб, ушбу маблағлар «2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси» мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида тарғиб қилиш, ёшларнинг салоҳиятини юксалтириш, миллий маданий марказларни қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахсларга маънавий-маърифий ва инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатиш каби мақсадларга йўналтирилган.
2022 йилда давлат ижтимоий буюртмаси бўйича 17 та нодавлат нотижорат ташкилотига 14,0 млрд сўм ажратилган. Ушбу лойиҳалар асосида 900 нафар хотин-қизларнинг касбий малакасини ошириш ва бандлигини таъминлаш, «Биз биргамиз» шиори остида ногиронлиги бўлган 3 859 нафар шахснинг ҳунармандчилик маҳсулотларини сотиши учун қулай шарт-шароит яратиш, Хоразм вилоятининг 12 та маҳалласида «воркаут» майдончалари ва «Саломатлик мактаби»ни ташкил этиш, Нукус, Термиз, Гулистон ва Бухоро шаҳарларидаги 8 та маҳаллада чиқиндиларни тўплаш ва саралаш жойларини ташкил этиш каби бир қатор ишлар олиб борилмоқда.
2022 йилда грант танловлари натижаларига кўра жами 160 та лойиҳа учун 12 млрд сўм давлат гранти ажратилган.
2022 йил давомида Парламент комиссияси аъзолари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияларига услубий кўмаклашиш ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига ёрдам кўрсатиш мақсадида жойларда 30 маротаба «маҳорат дарслари» ўтказилган.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига 52 та очиқ танлов ташкил этишга ва натижаларига кўра 243 та лойиҳа ва дастурларни 9,9 млрд сўмга молиялаштирилишига, 137 та миллий маданий марказларига 4,9 млрд сўм миқдорида давлат субсидияси ажратилишига бевосита услубий-амалий кўмак берилган.
2022 йил 26 декабрда 36 та субсидия олувчи ташкилотнинг ҳисоботлари Парламент комиссияси томонидан эшитилган.
Жамоат фонди томонидан ҳудудларда соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, таълим ва бандлик масалаларида 40 та жамоатчилик эшитуви ўтказилган.
Шу билан бирга, Парламент комиссиясининг нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситаларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини янада ривожлантириш, уларнинг мамлакатда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнларидаги иштирокини янада кенгайтиришга кўмаклашиш борасидаги фаолиятида ҳали эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар ҳам мавжуд.
Хусусан, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, шу жумладан, иш фаолиятида махсус дастурий маҳсулотларни яратиш ва Жамоат фонди фаолиятига жорий этиш масалаларига етарли даражада эътибор қаратилмаган.
Шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари фаолиятини самарали ташкил этиш ва уларга зарур услубий кўмак бериш борасидаги ишлар лозим даражада олиб борилмаган. Айрим халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари раислари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг котибиятига боғланиб қолган бўлиб, ўзлари мустақил фаолият юрита олмайди.
Бундан ташқари, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамасини ҳамда жамоатчилик экспертизасини ташкил этишда давлат органларига ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилган ишлар ахборотда етарлича ёритиб берилмаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қиладилар:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг 2021-2022 йилларда амалга оширган ишлари тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Парламент комиссияси раиси А. Шадманов ва Жамоат фонди директори О. Хусановга:
давлат субсидияси, давлат ижтимоий буюртмаси ва давлат гранти шаклида ажратилган маблағлар ҳисобига амалга оширилган дастур ва лойиҳаларнинг натижадорлигини тизимли равишда мониторинг қилиб бориш;
молиялаштирилаётган дастурлар, лойиҳалар амалга оширилишининг бориши ва натижалари тўғрисида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ҳисоботларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ахборотини Парламент комиссияси мажлисларида эшитиш ҳамда мазкур тадбирларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш;
оммавий ахборот воситалари учун давлат грантлари, давлат ижтимоий буюртмаларининг сони ва миқдорини ошириб бориш ҳамда бу борада алоҳида танловлар ўтказиш;
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияларига уларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш борасида зарур услубий кўмак бериб бориш;
фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш ҳамда фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги иштироки бўйича кенг жамоатчилик орасида муҳокамалар ташкил этиш;
ўз фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш, Жамоат фондининг веб-сайтини янгилаш, иш фаолиятини юритишга доир махсус дастурий маҳсулотларни жорий этиш ва 2023 йил якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгашига ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгашига ахборот киритиш чораларини кўрсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига улар ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари фаолиятини самарали ташкил этиш тавсия қилинсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари билан ижтимоий аҳамиятга молик дастурлар ҳамда лойиҳаларни амалга оширишдаги ҳамкорликни кучайтириш тавсия этилсин.
5. Ушбу Қўшма қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари З. Ибрагимова ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу Қўшма қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 14 апрель,
3084-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2023 йил 14 апрель,
КҚ-485-IV-сон