Навоий вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси
Қарори
Биринчи инстанциясида ишни кўрган судья — А. Хамидов
Апелляция инстанциясида маърузачи судья — Т. Қаҳҳоров
Навоий вилоят судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Т. Абдрамановнинг раислигида, ҳайъат аъзолари С. Жакеев ва Т. Қаҳҳоровлардан иборат таркибда, судья катта ёрдамчиси Н. Исмаиловнинг суд мажлиси котиблигида, даъвогар вакили Р.Б (ордерга асосан), жавобгар «D» МЧЖ вакили А.А (ордерга асосан), жавобгар Н.Ннинг вакили У.Н (ишончномага асосан), учинчи шахслар вакиллари Кадастр агентлигининг давлат кадастрлари палатаси Навоий вилоят бошқармаси Кармана филиали ходими Б.А, Кармана тумани адлия бўлими давлат хизматлари маркази ходими А.Улар иштирокида Кармана туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 9 февраль кунидаги ҳал қилув қарори устидан даъвогар Т.Г.С томонидан келтирилган апелляция шикоятини, Навоий вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати биносида, видеоконференцалоқа режимида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
«D» МЧЖ (матнда кейинги ўринларда жамият деб номланади) Кармана тумани ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекцияси томонидан 2015 йил 14 августда 017124 сон реестр рақами билан давлат рўйхатидан ўтказилган ва жамиятнинг устав жамғармаси 5.000.000 сўм белгиланилиб, унинг ягона таъсисчиси Н.У.Н бўлган.
Жамият таъсисчисининг 2015 йил 24 августдаги 1-сонли умумий йиғилиш қарорига асосан жамият таъсисчиси У.Н.Н ўзининг барча мол-мулкларини олган ҳолда таъсисчилар сафидан чиқарилиб, жамиятга янги таъсисчи сифатида Н.Н киритилган ва у ўзига тегишли бўлган Кармана тумани, «Янги ариқ» ҚФИ, «Аргун» маҳалласида жойлашган савдо дўкони билан жамият устав жамғармасини 20.362.820 сўмга шакллантирган.
Жамият таъсисчисининг 2018 йил 20 апрелдаги 1-сонли қарорига асосан жамиятнинг таъсисчилари сафига Д.Ф.М ўзининг 100.000 сўм пул маблағи билан киритилган. Жамиятнинг янги таҳрирдаги устави 2018 йил 23 апрель куни Навоий вилояти, Кармана тумани, Ягона дарча марказидан давлат рўйхатидан ўтказилган ва унга кўра жамият таъсисчилари Н.Н ва Д.Ф.Млар ҳисобланиб, жамиятнинг устав фонди 20.462.820 сўм, шундан Н.Ннинг улуши 20.362.820 сўм ёки 99,511 фоиз, Д.Ф.Мнинг улуши 100.000 сўм ёки 0,489 фоиз этиб белгиланган.
Жамият иштирокчиларидан бири, яъни Д.Ф.М 2021 йил 10 август куни вафот этиб, ундан қолган мол-мулкларга нисбатан нотариал идорада мерос иши очилган, Тошкент шаҳар, Олмазор туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Ф.Х.Н томонидан 2022 йил 6 май куни расмийлаштирилган «Қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида»ги гувоҳномага кўра, марҳум Д.Ф.Мнинг жамият устав фондидаги 100.000 сўм миқдоридаги улушига унинг хотини Т.Г.С (матнда кейинги ўринларда даъвогар деб номланади) меросхўр эканлиги тасдиқланган.
Жамиятда қолган бир иштирокчи яъни Н.Н раислигида 2022 йил 30 апрель кунида ўтказилган 2-сонли умумий йиғилиш баёнида қўйидаги масалалар бўйича қарор қабул қилинган:
жамиятнинг марҳум таъсисчиси Д.Ф.Мга тегишли 100.000 (бир юз минг) сўм миқдоридаги 0,5 % улуши жамият ихтиёрига ўтказилсин. Қонуннинг 20-моддаси 14-15-16-қисмларида кўрсатиб ўтилганлиги бўйича яқинлари томонидан мерос ишлари очилганида олдинги охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланадиган улушининг ҳақиқий қийматининг тўлаши ёхуд уларнинг розилиги билан уларга худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида бериши шарти мажбурияти юклатиш.
жамият таъсисчиси томонидан белгиланган 20.662.820 (йигирма миллион тўрт юз олтмиш икки минг саккиз юз йигирма) сўм этиб белгиланган устав фондини 20.362.820 (йигирма миллион уч юз олтмиш икки минг саккиз юз йигирма) сўмдан 300.000 (уч юз минг) сўмга камайтириш. Жамият таъсисчиларининг 20.04.2018 йилдаги 1-сон умумий йиғилиш баёни билан тузилган ва Кармана туман давлат хизматлари марказида рўйхатдан ўтган таъсис шартномасини бекор қилиш.
жамиятнинг устав фонди жами 300.000 (уч юз минг) сўм этиб белгилаш.
«D» МЧЖ раҳбари Н.Н улуши 200.000 (икки юз минг) сўм, яъни 66,7 % улуш АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» Навоий филиалининг 29.04.2022 йилдаги № 01-250/11-сонли «пул маблағи». Марҳум Д.Ф.Мнинг улуши 100.000 (бир юз минг) сўм 33,3% этиб белгилаш.
жамиятнинг янги таҳрирдаги устави Кармана туман давлат хизматлари маркази томонидан рўйхатдан ўтказиш.
Даъвогар жавобгарлар «D» МЧЖ ҳамда жамият иштирокчи (таъсисчи)си Н.Нга нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жамият таъсисчиларининг 2022 йил 30 апрелдаги 2-сонли умумий йиғилиш баёнини ҳақиқий эмас деб топишни ва унинг ҳақиқий эмаслик оқибатларини қўллашни сўраган.
Суднинг ажрими билан ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида Навоий вилоят Адлия бошқармаси ва Кадастр агентлигининг давлат кадастрлари палатаси Навоий вилоят бошқармаси жалб қилинган.
Суднинг 2023 йил 9 февраль кунидаги ҳал қилув қарорига асосан даъвогарнинг даъвоси қисман қаноатлантирилиб, «D» масъулияти чекланган жамиятининг 2022 йил 30 апрелдаги умумий йиғилиши қарорининг 3-бандидаги «Жамият таъсисчиларининг 20.04.2018 йилдаги 1-сон умумий йиғилиш баёни билан тузилган ва Кармана туман давлат хизматлари марказида рўйхатдан ўтган таъсис шартномасини бекор қилинсин» қисми ва 4-бандидаги «D» МЧЖ раҳбари Н.Н улуши 200.000 (икки юз минг) сўм, яъни 66,7 % улуш, АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» Навоий филиалининг 29.04.2022 йилдаги № 01-250/11-сонли «пул маблағи». Марҳум Д.Ф.Мнинг улуши 100.000 (бир юз минг) сўм 33,3% этиб белгилансин» қисми ҳақиқий эмас деб топилган. Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.
Бундан норози бўлган даъвогар апелляция шикояти бериб, суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво талабини тўлиқ қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилишни сўраган.
Суд муҳокамасида даъвогар вакили апелляция шикоятини қўллаб қувватлаб, жамиятга тегишли бўлган кўчмас мулк Ф.Дга олди-сотди қилинганлигини буни тасдиқловчи гувоҳлар ҳамда овозли ёзув стенограммаси борлиги, иш бўйича гувоҳларни суд муҳокамасида сўроқ қилиш лозимлигини баён этди.
Суд муҳокамасида жавобгарлар вакиллари апелляция шикоятига эътироз билдириб уни қаноатлантиришни рад этиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдиришни сўради.
Судлов ҳайъати иш бўйича тарафлар ва ишда иштирок этувчи шахслар вакилларини кўрсатмалари ва фикрларини эшитиб, иш ҳужжатларини ўрганиб ва шикоят важларини муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни, апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад қилишни лозим топди:
«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни (кейинги 5финларда Қонун деб юритилади) 20-моддасининг ўн тўртинчи қисмига кўра, жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушлар жисмоний шахсларнинг меросхўрларига ва жамиятнинг иштирокчилари бўлган юридик шахсларнинг ҳуқуқий ворисларига ўтади.
Мазкур қоида жамият уставининг 7.4-банди тўққизинчи хатбошисида ҳам ўз аксини топган.
Нотариал тартибда берилган гувоҳномага кўра марҳум Д.Ф.Мнинг жамият устав фондидаги 100.000 сўм миқдоридаги улушига унинг хотини Т.Г.С меросхўр эканлигини тасдиқланганлиги фактини ўзи марҳум Д.Ф.Мнинг жамият устав фондидаги 100.000 сўм миқдоридаги улушини унинг меросхўрига яъни даъвогарга ўтганлигини англатмайди.
Қонуннинг 20-моддаси ўн олтинчи қисмига кўра, жамиятнинг уставида ушбу модданинг ўн тўртинчи ва ўн бешинчи қисмларида белгиланган улушнинг (улушнинг бир қисмининг) ўтиши ва тақсимланишига фақат жамиятнинг қолган иштирокчилари розилиги билан йўл қўйилиши назарда тутилиши мумкин.
Мазкур модданинг ўн саккизинчи қисмига кўра, жамиятнинг уставида жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушдан (улушнинг бир қисмидан) жамиятнинг иштирокчилари ёки учинчи шахслар фойдасига воз кечиш, улушнинг (улушнинг бир қисмининг) меросхўрларга ёки ҳуқуқий ворисларга ўтиши ёхуд тугатилаётган юридик шахснинг иштирокчилари ўртасида улушнинг (улушнинг бир қисмининг) тақсимланиши учун жамият иштирокчиларининг розилигини олиш зарурлиги назарда тутилган тақдирда, агар жамият иштирокчиларига мурожаат этилган пайтдан эътиборан ўттиз кун ичида ёки жамиятнинг уставида белгиланган бошқа муддат ичида жамиятнинг барча иштирокчиларининг ёзма розилиги олинган бўлса ёхуд жамият иштирокчиларининг бирортасидан ҳам розилик беришга ёзма раддия олинмаган бўлса, бундай розилик олинган деб ҳисобланади.
Жамият уставининг 7.4-банди ўн иккинчи хатбошисида ҳам устав фондидаги (устав капиталидаги) улушдан (улушнинг бир қисмидан) жамиятнинг иштирокчилари ёки учинчи шахслар фойдасига воз кечиш, улушнинг (улушнинг бир қисмининг) меросхўрларга ёки ҳуқуқий ворисларга ўтиши ёхуд тугатилаётган юридик шахснинг иштирокчилари ўртасида улушнинг (улушнинг бир қисмининг) тақсимланиши учун жамият иштирокчиларининг розилигини жамият иштирокчиларига мурожаат этилган пайтдан бошлаб уч ой муддат давомида жамиятнинг барча иштирокчиларидан бирортасидан розилик олинган бўлса ёки жамият иштирокчиларининг бирортасидан розилик беришга ёзма раддия олинган бўлмаса, бундай розилик олинган деб ҳисобланиши билан боғлиқ қоида белгиланган.
Юқоридаги қонун талаби ва жамият устави қоидасига кўра марҳум Д.Ф.Мнинг жамият устав фондидаги 100.000 сўм миқдоридаги улушини унинг меросхўрига ўтиши ҳамда меросхўрни жамиятга иштирокчи бўлиб кириши учун жамиятнинг иккинчи таъсисчиси Н.Ннинг розилиги талаб этилади.
Мазкур масала жамиятнинг 30.04.2022 йилда ўтказилган умумий йиғилишда кўриб чиқилиб, унда жамият иштирокчиси томонидан марҳум Д.Ф.Мнинг жамият устав фондидаги 100.000 сўм миқдоридаги улушини унинг меросхўрларига ўтишига розилик берилмасдан, жамият ихтиёрига ўтказилиши тўғрисида қарор қабул қилинган.
Бундай ҳолда марҳум иштирокчини меросхўрларига мерос гувоҳномаси расмийлаштирилганлиги ёки йўқлигини аҳамиятга эга эмас.Чунки, бу даврда меросхўрлар жамият иштирокчиси мақомига эга бўлмайди, шу сабабдан улар жамият умумий йиғилишига ҳам чақирилиши талаб этилмайди ва унинг овози ҳисобга олинмайди.
Зеро, Қонуннинг 33-моддаси биринчи қисмида жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишини чақирувчи орган ёки шахслар уни ўтказишдан камида ўттиз кун олдин бу ҳақда жамиятнинг ҳар бир иштирокчисини жамият иштирокчиларининг рўйхатида кўрсатилган манзил бўйича буюртма хат билан ёки жамиятнинг уставида назарда тутилган бошқа усулда хабардор қилиши шартлиги, 34-моддаси учинчи қисмида эса жамиятнинг иштирокчилари ёки уларнинг вакиллари кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилишда иштирок этиш ва қарорларни қабул қилишда овоз бериш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.
Ваҳоланки, жамиятнинг марҳум иштирокчиси Ф.М.Днинг меросхўрлари иштирокчи эмаслиги ҳамда уларнинг жамиятда овоз бериш ҳуқуқи мавжуд бўлмаганлиги сабабли уларни жамият таъсисчиларининг умумий йиғилиш тўғрисида хабардор қилиш шарт бўлмасада, жамият иштирокчиси Н.Н томонидан улар жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши 2022 йил 30 апрелда ўтказилиши, йиғилиш кун тартибига МЧЖнинг устави ва таъсис шартномасини ҳамда устав фондига ўзгартириш киритиш, шунингдек янги таҳрирдаги уставини тасдиқлаш масалалари кўрилиши тўғрисида хабардор этган бўлиб, лекин меросхўрлар томонидан мазкур ҳолатларга муносабат билдирмаган.
Қонуннинг 16-моддаси иккинчи қисмига кўра жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг жамият иштирокчилари умумий овозлари сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан (агар жамиятнинг уставида бундай қарорни қабул қилиш учун овозларнинг бундан кўпроқ сони зарурлиги назарда тутилган бўлмаса) қабул қилинган қарорига биноан амалга оширилиши белгиланган.
Жамиятнинг марҳум таъсисчиси Ф.М.Д томонидан жамиятнинг ҳисоб рақамига 443.465.200. сўм пул маблағлари жамият устав фондини шакллантириш учун тўланган бўлсада, лекин мазкур маблағлар ҳисобидан Ф.М.Днинг жамият устав фондидаги улуши расман кўпайтирилмаган. Шундай экан, бу маблағлар марҳум Ф.М.Днинг бутун мол-мулкига очилган мерос иши бўйича ҳам мерос массасига киритилмаган. Бундай ҳолда Ф.М.Д томонидан жамиятнинг ҳисоб рақамига тўланган 443.465.200 сўм пул маблағлари, жамиятнинг марҳум таъсисчиси Ф.М.Днинг меросхўрлари олдидаги кредиторлик қарзи ҳисобланади.
Қонуннинг 20-моддаси биринчи қисмига кўра жамият иштирокчиси жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) ўз улушини ёки унинг бир қисмини жамиятнинг бир ёхуд бир неча иштирокчисига сотишга ёки бошқача тарзда уларнинг фойдасига воз кечишга ҳақли. Бундай битимни тузиш учун, агар жамият уставида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, жамиятнинг ёки жамият бошқа иштирокчиларининг розилиги талаб қилинмайди.
Кармана тумани 1-сон давлат нотариал идорасида 23.04.2018 йилда тасдиқланган розилик аризасига кўра Н.Н жамиятдаги 100 % улушини Ф.Дга қолдириб, жамият таъсисчилигидан чиқишга розилик билдирган бўлса-да, улушдан воз кечилганлик ва улушнинг иккинчи таъсисчига ўтиши масаласи жамият умумий йиғилишида кўриб чиқилиб, жамиятнинг таъсис ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилмаган ва у белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилмаган.
Қонуннинг 11-моддаси тўртинчи қисмига кўра жамиятнинг таъсис ҳужжатларига ўзгартишлар жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши қарорига биноан киритилади. Жамиятнинг таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартишлар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.
Бундан ташқари даъвогар апелляция шикоятида жамиятга тегишли бўлган кўчмас мулк жамиятнинг 30.04.2022 йилдаги 2-сонли баённомаси асосида 30.04.2022 йилдаги 1-сонли топшириш қабул қилиш далолатномасига асосан қонун талабларига зид равишда, меросхўрларнинг розилигисиз жамиятнинг бошқа иштирокчиси Н.Нга бериб юборилганлиги, топшириш қабул қилиш далолатномаси эгаликни белгиловчи ҳуқуқий битим бўлганлиги сабабли, биринчи инстанция суди мазкур далолатномани ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим эканлигига ҳуқуқий баҳо бермаганлигини баён этган.
Ишдаги мавжуд ҳужжатларга кўра жамиятга тегишли бўлган Кармана тумани, Аргун МФЙ, И. Каримов кўчаси 270-уйда жойлашган бино иншоат жамиятнинг 30.04.2022 йилдаги 2-сонли баённомаси асосида тузилган 30.04.2022 йилдаги 1-сонли топшириш қабул қилиш далолатномасига асосан Н.Н номига давлат рўйхатидан ўтказилган.
Мазкур ҳолда топшириш қабул қилиш далолатномаси жамиятнинг умумий йиғилиш қарори асосида расмийлаштирилган ҳужжат бўлиб, далолатноманинг ўзи мулк ҳуқуқини тасдиқловчи мустақил ҳужжат ёки битим ҳисобланмайди. Шу сабабдан ҳам кўчмас мулкни топшириш қабул қилиш далолатномасига битимга оид нормалар, шу жумладан битимнинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ қоидалар қўлланилмайди.
Қолаверса, жамиятга тегишли бўлган кўчмас мулкни олди сотдиси билан боғлиқ низо корпоратив низо ҳисобланмаслиги ва у манфаатдор тарафнинг даъвоси бўйича алоҳида низо сифатида судда кўрилиши мумкинлиги сабабли, судлов ҳайъати даъвогар вакилини кўчмас мулкни ҳақиқатда кимнинг эгалигида бўлганлигини тасдиқловчи гувоҳларнинг суд муҳокамасида сўроқ қилиш тўғрисида илтимосномасини рад этишни лозим топди.
Даъвогар жамият таъсисчиси Н.Н ва унинг ўғли У.Нларга нисбатан турмуш ўртоғининг вафотидан фойдаланиб, жамиятнинг янги таҳрирдаги уставини Кармана тумани давлат хизматлари марказидан давлат рўйхатидан ўтказиб олганлиги, ҳужжатларни қалбакилаштириб, турмуш ўртоғини 100 % лик улушни 66,7 % ни қўлга киритиб, жамият директори С.Сни ўрнига ўзи директор бўлиб олганлиги, бу билан жамиятнинг банкдаги ҳисоб рақамидаги пул маблағлари ҳамда жамият балансидаги кўчмас мулкларни қўлга киритганлиги юзасидан қонуний чора кўришни сўраб ички ишлар идораларига қилган мурожаати юзасидан Кармана тумани ИИБ тергов бўлими томонидан олиб борилган суриштирув ҳаракатлари натижасида даъвогарнинг мурожаатида қайд этилган важлар ўз тасдиғини топмаганлиги сабабли Кармана тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлимининг 2022 йилнинг 25 июнь кунидаги қарорига кўра жамият таъсисчиси Н.Н, У.Н ва бошқаларнинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168, 228-моддасида кўрсатилган жиноят таркиби ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлмаганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 86-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатиш рад этилган.
Бундан ташқари, Навоий вилоят адлия бошқармаси томонидан «D» МЧЖни жамият таъсисчисининг 30.04.2022 йилдаги умумий йиғилиш қарорига асосан қайта давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби қонунийлиги юзасидан ўтказилган хизмат текширувида ҳам жамият таъсисчисининг умумий йиғилиш қарорини қабул қилиши ва у асосда жамиятни қайта рўйхатдан ўтказиш жараёнларини қонунийлиги ўрганиб чиқилиб, бошқарманинг 21.06.2022 йилдаги хулосасига кўра мазкур жараёнлар қонуний деб ҳисобланган.
Юқоридагиларга кўра судлов ҳайъати биринчи инстанция суди томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ аниқланганлиги, ушбу ҳолатлар исботланганлиги, ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосалар иш ҳолатларига мувофиқ келиши ҳамда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари бузилмаганлигини инобатга олиб, суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартиришга асослар мавжуд эмас деб ҳисоблайди.
Баён этилганларга кўра, судлов ҳайъати биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш, апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида хулосага келди.
ИПК 118-моддасига мувофиқ, суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг апелляция ва кассация шикояти бериш билан боғлиқ ҳолда қилган суд харажатлари ушбу моддада баён этилган қоидаларга мувофиқ тақсимланади.
Шу боис судлов ҳайъати, даъвогар томонидан апелляция шикояти учун тўланган давлат божи ва почта харажатларини ўзининг зиммасида қолдириб, ундан видеоконференцалоқа харажатини ундиришни лозим топади.
Юқоридагиларга кўра ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 276, 278, 280-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қарор қилади:
Кармана туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 9 февраль кунидаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилсин, даъвогар Т.Г.Снинг апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилсин.
Даъвогар Т.Г.Сдан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг депозит ҳисоб рақамига 75.000 сўм миқдорда видеоконференцалоқа харажати ундирилсин.
Қарор қабул қилинган вақтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Қарордан норози тараф белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят (протест) келтириши мумкин.
Раислик қилувчи Т. АБДРАМАНОВ
ҳайъат аъзолари С. ЖАКЕЕВ
Т. ҚАҲҲОРОВ
Навоий ш.,
2023 йил 17 апрель,
4-2101-2201/5964-сон