НавоИй вилоят СУДИНИНГ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
Қарори
Биринчи инстанцияда ишни кўришда маърузачи судья — Б. РАДЖАБОВ
Апелляция инстанциясида маърузачи судья — С. ЖАКЕЕВ
Апелляция инстанциясида маърузачи судья — С. ЖАКЕЕВ
Навоий вилоят судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Т. Абдрамановнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Т. Қаххоров ва С. Жакеевдан иборат таркибда, Г. Тоғаеванинг суд мажлиси котиблигида, даъвогар У.Н., вакили М.Ғ. (14.02.2023 йилдаги 10-сонли адвокатлик ордерга ва ишончномага асосан), жавобгар «IP» МЧЖ вакиллари Ш.Қ. (14.02.2023 йилдаги 2-сонли ишончнома ва адвокатлик ордерга асосан), Б.Э. (15.02.2023 йилдаги 28-сонли ишончномага асосан), учинчи шахс вакили Ш.Н. иштирокида, даъвогар Н.У.Ш.нинг жавобгар «IP» масъулияти чекланган жамиятини 2020 йил 13 ноябрдаги умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган Кармана туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 3 мартдаги ҳал қилув қарори устидан даъвогар томонидан берилган апелляция шикояти асосида ишни Навоий вилоят суди биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қўйидагиларни аниқлади:
Даъвогар Н.У.Ш. (бундан буён матнда — «даъвогар», «У.Н.» деб юритилади) Кармана туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар «IP» масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда — «жавобгар», «МЧЖ» деб юритилади)нинг 2020 йил 13 ноябрдаги умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2023 йил 3 мартдаги ҳал қилув қарори билан даъво талабини қаноатлантириш рад этилган.
Иш юзасидан қабул қилинган ҳал қилув қарори устидан даъвогар апелляция шикояти билан мурожаат қилган ва унда улуш сотилиши ноқонуний бўлганлигини, иштирокчилар тегишли тартибда хабардор қилинмаганлигини, уставда таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар барча иштирокчилар билан бирга кўрилишини, қалбаки ҳужжатлар асосида ишлар амалга оширилганлигини, Кармана туман Ички ишлар бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, А.А. вафот этганлиги туфайли тугатилганлигини билдириб, апелляция шикоятини қаноатлантириб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишни ва даъвони қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилишни сўраган.
Суд муҳокамасида даъвогар апелляция шикоятини қаноатлантириб, улуш сотилиши ноқонуний бўлганлигини, иштирокчилар тегишли тартибда хабардор қилинмаганлигини, уставда таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар барча иштирокчилар билан бирга кўрилишини, қалбаки ҳужжатлар асосида ишлар амалга оширилганлигини, Кармана туман Ички ишлар бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, А.А. вафот этганлиги туфайли тугатилганлигини, битимлар ҳақиқий эмаслиги ушбу қарорларга ҳам қўлланилиши лозимлигини билдириб, апелляция шикоятини қаноатлантириб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишни ва даъвони қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилишни сўрашди.
Жавобгар вакиллари қарор тўғри чиқарилганлигини билдириб, шикоятни қаноатлантирмасдан қолдиришни сўрашди.
Учинчи шахс вакили Ш.Н. қарор нотўғри чиқарилганлигини билдирди.
Суд муҳокамасини ўтказилиш вақти ва жойи тўғрисида лозим даражада хабардор этилган учинчи шахслар вакиллари суд муҳокамасига келмади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 274-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, апелляция инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, апелляция шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди.
Шунинг учун судлов ҳайъати ишни уларнинг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади.
Судлов ҳайъати иш ҳужжатларини ўрганиб, ишда иштирок этувчи шахсларнинг фикрларини тинглаб, шикоят важларини муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишни ва ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни, апелляция шикоятини қисман қаноатлантиришни лозим топади.
Мазкур низо корпоратив муносабатлардан келиб чиққан.
Аниқланишича, МЧЖ 2012 йил 26 ноябрда 1459-сон билан тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестрида давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, жавобгарнинг янги таҳрирдаги устави 2020 йил 30 декабрда 1459-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган ва А.Ш.Ғ.да — 14.721.000 сўм ёки 95,44 фоиз, Т. Н.да — 389.000 сўм ёки 2,52 фоиз, Н.Ш.да 260.000 сўм ёки 1,69 фоиз ва Н.У.да — 54.000 сўм ёки 0,35 фоиз миқдорида улушлар тақсимланган.
Биринчи инстанция судининг 2021 йил 14 июлдаги, 27 октябрдаги ажримлари билан низо предметига мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида МЧЖ таъсисчилари «СС» корхонаси, «КС», «ТС», «АО» ва «РЁ» фермер хўжаликлари, Н.Т., Н.С., О.Ҳ., Р.А., Ш.Н., Р.С., Г.Ш., Н.Т., Давлат хизматлари агентлиги Навоий вилоят бошқармаси мутахассислари жалб қилинган.
«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 3 ва 41-моддаларга кўра, бир ёки бир неча шахс томонидан таъсис этилган, устав фонди (устав капитали) таъсис ҳужжатлари билан белгиланган миқдорларда улушларга бўлинган хўжалик жамияти масъулияти чекланган жамият деб ҳисобланади. Масъулияти чекланган жамиятнинг иштирокчилари унинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайдилар ва жамият фаолияти билан боғлиқ зарарлар учун ўзлари қўшган ҳиссалар қиймати доирасида жавобгар бўладилар.
Жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари, жамиятнинг устави талаблари бузилган ҳолда қабул қилинган ҳамда жамият иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган қарори овоз беришда иштирок этмаган ёки баҳсли қарорга қарши овоз берган жамият иштирокчисининг аризасига кўра суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Лекин, биринчи инстанция суди 95,44 фоиз улушга эга бўлган таъсисчи А. Ш. Ғ.ни ишга жалб қилмаган.
Бундан кўринадики, биринчи инстанция суди ишга алоқадор бўлган Ш.А.ни низо предметига мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилмасдан туриб, ҳал қилув қарори чиқарган.
ИПКнинг 278-моддасига кўра, апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ушбу Кодекс 279-моддаси тўртинчи қисмининг 4-бандида назарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун юборишга ҳақли.
ИПК 279-моддаси тўртинчи қисмининг 4-бандига кўра, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги муносабати билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ҳар қандай ҳолда бекор қилиш учун асос бўлади.
Шунинг учун, судлов ҳайъати биринчи инстанция суди томонидан процессуал ҳуқуқ нормалар бузилганлигини инобатга олиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишни ва ишни янгидан кўриш учун Кармана туманлараро иқтисодий судига юборишни, апелляция шикоятини қисман қаноатлантиришни лозим топади.
ИПК 280-моддаси қоидаларига кўра, апелляция инстанцияси судининг қарорида агар иш янгидан кўриш учун юборилаётган бўлса, биринчи инстанция суди томонидан бажарилиши керак бўлган ҳаракатлар кўрсатилиши, суднинг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун юборилган тақдирда, суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масала ишни янгидан кўраётган суд томонидан ҳал этилиши белгиланган.
Шунга кўра, биринчи инстанция суди ишни янгидан кўришда ишга А.Ш.Ғ.ни низо предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилиши, У.Н.нинг важларини тўлиқ текширишни, даъво талабларига қонуний баҳо бериши, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаган ҳолда асосли ва қонуний ҳал қилув қарори қабул қилиши, шунингдек ишни апелляция инстанциясида кўриш билан боғлиқ ҳолдаги суд харажатларини ишни кўриш натижаларига кўра ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорга мутаносиб равишда тақсимлаши лозим бўлади.
Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 276, 278 — 280-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қарор қилди:
Даъвогар Н.У.Ш.нинг апелляция шикояти қисман қаноатлантирилсин.
Кармана туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 3 мартдаги ҳал қилув қарори бекор қилинсин.
Иш биринчи инстанция судида кўриб чиқиш учун Кармана туманлараро иқтисодий судига юборилсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Қарордан норози тараф белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят (протест) келтириши мумкин.
Раислик қилувчи Т. АБДРАМАНОВ
Ҳайъат аъзолари Т. ҚАХХОРОВ
С. ЖАКЕЕВ
Ҳайъат аъзолари Т. ҚАХХОРОВ
С. ЖАКЕЕВ
Навоий ш.,
2023 йил 25 апрель,
4-2101-2103/1190-сон