Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг
Қарори
Биринчи инстанцияда ишни кўрган судья — М. Султонов
Апелляция инстанциясида маърузачи судья — Ф. Ёдгоров
Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раислик қилувчи А. Нарзуллаев, ҳайъат аъзолари судьялар А. Мамараимов ва Ф. Ёдгоровдан иборат таркибда, судья катта ёрдамчиси Ф. Умаралиеванинг котибалигида, тарафлардан: «O.С» масъулияти чекланган жамияти вакили Ф.Ж (ишончнома), Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси вакиллари Ж.И, Х.Р (ишончнома), «X.t.b» давлат корхонаси вакили Р.С иштирокида, «O.С» масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Ж.А.У ўғли томонидан Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 15 февралдаги ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикоятини иш ҳужжатлари билан бирга, Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати жойлашган бинода, видеоконференцалоқа режимида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Хоразм вилояти ҳудудида бўш турган давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида» 07.04.2020 йилдаги 205-сонли қарори билан Хоразм вилояти ҳокимлигининг Урганч шаҳар, Амударё кўчаси, 1/4-уй манзилида жойлашган умумий майдони 2,23 гектар, шундан бино ва иншоотлар эгаллаган майдони 3766 квадрат метр бўлган «X.t.b» давлат корхонаси (матнда ДК деб юритилади) биносининг бир қисмини замонавий керамик-шиша идишлар ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этиш учун «O.C» масъулияти чекланган жамияти (инвестор деб юритилади)га инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни бажариш шарти билан сотиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиб, инвестор объект негизида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида қуйидаги инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни ўз зиммасига олиши, 12 ой муддатда объектни сотиб олиш учун 1 млрд. сўм тўлаш, бунда харид тўловларига чегирма қўлланилмаслиги, 24 ой муддатда 3,0 млн АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция киритиш орқали объект негизида керамик-шиша идишлар ишлаб чиқаришни ташкил этиши, камида 180 нафар янги иш ўринлари ташкил этиши белгилаган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда ушбу қарорнинг 2-бандида назарда тутилган шартлар асосида объектни белгиланган тартибда инвесторга сотиш бўйича олди-сотди шартномаси тузилишини, инвестор томонидан объектни сотиб олиш учун тўлов амалга оширилиши ҳамда қабул қилинадиган инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар бажарилиши юзасидан мониторинг олиб борилишини, инвестор томонидан мазкур қарорнинг 2-бандида назарда тутилган харид тўловлари тўланган ҳамда инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар бажарилган деб эътироф этилгандан сўнг мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордерига «тасарруф этиш ҳуқуқи билан» белгиси киритилишини таъминлаш белгиланган.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Давлат активларини бошқариш агентлиги Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси (матнда Бошқарма деб юритилади), ДК ва инвестор ўртасида 2022 йил 20 апрелда 40-сонли шартнома тузилган бўлиб, ушбу шартномага кўра, Хоразм вилояти, Урганч шаҳри, Амударё кўчаси, 1/4-уйда жойлашган умумий ер майдони 2,23 гектар, шундан қурилиш ер ости майдони 3766 кв.м бўлган ДК биносининг бир қисмини МЧЖга сотишга келишилган.
Шартнома шартларига кўра, мулкнинг сотув баҳоси 1 000 000 000 сўм эканлиги, МЧЖ ушбу тўловнинг 15 фоизи миқдоридаги 150 000 000 сўм қисмини шартнома имзоланиб, рўйхатга олинганидан сўнг 10 кунлик муддатда тўлаши, қолган 850 000 000 сўм қисмини 212 500 000 сўмдан 4 қисмга бўлиб, 2020 йил апрель ойидан то 2021 йил март ойига қадар тўлаши, шу билан бир қаторда шартноманинг 2-иловасига мувофиқ 3 000 000 АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция мажбуриятини 2020 йил апрель ойидан 2022 йил март ойига қадар, 24 ой муддат ичида бажариш мажбуриятини олган.
Кейинчалик, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 апрелдаги 205-сонли ҳамда 2020 йил 19 ноябрдаги 733-сонли қарори 4-иловасининг 5-банди. инвесторнинг 2020 йил 18 майдаги Х-2-сонли, 2020 йил 9 декабрдаги кафолат хатларига асосан тарафлар ўртасида 2020 йил 9 декабрда тузилган 101-сонли қўшимча келишув тузилган бўлиб, ушбу қўшимча келишувга асосан асосий шартноманинг 1.1-бандидаги 2,23 гектар сўзи 2,58 гектарга, қурилиш ости майдони 3766 кв.мдан 4 152,23 кв.мга ўзгартирилган.
Жамият таъсисчиси Жамолитдинов Азизжон Улуғбек ўғли (матнда даъвогар деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги 5177-сонли қарорининг 3-банди ва «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (матнда Қонун деб юритилади)га асосланиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товар (иш ва хизмат)лар учун тўловларни чет эл валютасида амалга ошириш тақиқланиши, товар, иш ва хизматлар учун нарх ва тарифлар, шунингдек, жамиятларнинг устав капиталига қўйиладиган минимал талаблар фақат миллий валютада белгиланиши важи асосида инвестор, ДК, Бошқармага нисбатан Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, тарафлар ўртасида тузилган олди-сотди шартномасининг 4.1.-банди ва ушбу шартномага 2-сонли иловани Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 116-моддасига асосан ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2023 йил 15 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантириш рад этилган.
Мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлиб, даъвогар томонидан берилган апелляция шикоятида биринчи инстанция суди томонидан моддий ҳуқуқ нормалари нотўғри қўлланилганлиги, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 апрелдаги 205-сонли қарорида 3.0 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш шарти белгиланганлигига оид хулосага келинадиган бўлса, биринчи инстанция суди бу ҳолатда «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18-моддасига асосланган холда қонуности ҳужжати ҳисобланган Вазирлар Маҳкамасининг қарорига эмас балки амалда бўлган «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонунининг нормаларига таяниши лозимлиги, зеро мазкур Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ ҳужжат ўзига нисбатан юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлиши кераклиги, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовутлар бўлган тақдирда юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилиши, қолаверса, Қонуннинг 9-моддасида алоҳида ҳолларда, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан инвестиция шартномалари доирасида жалб этиладиган чет эл инвестициялари иштирокида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланишига Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари асосида йўл қўйилиши белгиланганлиги, инвестиция мажбурияти қийматининг Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида белгиланиши Қонуннинг 9-моддаси талабларига зид ҳисобланиши, биринчи инстанция судида Вазирлар Маҳкамаси қарорининг қонунга зид бўлган бандини ҳақиқий эмас деб топишда ваколат мавжуд эмаслиги, лекин шартномада такрорланган мазкур қонун талабларига зид бўлган бандни ҳақиқий эмас деб топиш учун барча асослар етарлилиги баён қилиниб, ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва даъво талабини қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилиш сўралган.
Суд муҳокамаси вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинган даъвогардан бугунги суд мажлисида вакил иштирок этмади, бироқ иш ҳужжатида даъвогар вакили А.И.Унинг бошқа иш бўйича айнан бир хил вақтда Ўзбекистон Республикаси Олий суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати суд мажлисида ҳам иштирок этиши сабабли мазкур иқтисодий иш бўйича суд мажлисини бошқа кунга қолдириш тўғрисидаги илтимосномаси мавжуд.
Суд мажлисида иштирок этган инвестор вакили даъвогарнинг иш кўришни бошқа кунга қолдириш тўғрисидаги илтимосномаси ва апелляция шикоятини қўллаб-қувватлаган ҳолда ундаги важларни такрорлаб, шикоятни қаноатлантириш ва даъвогарнинг тарафлар ўртасида тузилган олди-сотди шартномасининг 4.1.-банди ва ушбу шартномага 2-сонли иловани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво талабини қаноатлантиришни сўради.
Суд мажлисида иштирок этган Бошқарма ва ДК вакиллари даъвогарнинг апелляция шикоятига нисбатан эътироз билдириб, ундаги важлар асоссиз эканлигини, биринчи инстанция суди томонидан қонуний ва адолатли қарор қабул қилинганлигини баён қилиб, даъвогарнинг шикояти ва илтимосномасини қанотлантиришни рад этишни ҳамда ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни сўради.
Судлов ҳайъати таркиби тарафлар вакилларининг кўрсатмаларини эшитиб, апелляция шикоятини иш ҳужжатлари билан бирга ўрганиб чиқиб, ишдаги мавжуд ҳужжатлар асосида ҳал қилув қарорининг қонунийлигини ўрганиш мумкин деб ҳисоблаб, даъвогарнинг иш кўришни бошқа кунга қолдириш ҳақидаги илтимосномасини ва қуйидагиларга кўра, апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
ИПКнинг 26-моддасида иқтисодий суд битимни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги низоларни ҳал этиши назарда тутилган.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, тарафлар ўртасида 2022 йил 20 апрелда 40-сонли олди-сотди шартнома тузилган бўлиб, ушбу шартномага кўра, Хоразм вилояти, Урганч шаҳри, Амударё кўчаси, 1/4-уйда жойлашган умумий ер майдони 2,23 гектар, шундан қурилиш ер ости майдони 3766 кв.м бўлган ДК биносининг бир қисмини МЧЖга сотишга келишилган.
Шартнома шартларига кўра, мулкнинг сотув баҳоси 1 000 000 000 сўм эканлиги, МЧЖ ушбу тўловнинг 15 фоизи миқдоридаги 150 000 000 сўм қисмини шартнома имзоланиб, рўйхатга олинганидан сўнг 10 кунлик муддатда тўлаши, қолган 850 000 000 сўм қисмини 212 500 000 сўмдан 4 қисмга бўлиб, 2020 йил апрель ойидан то 2021 йил март ойига қадар тўлаши, шу билан бир қаторда шартноманинг 2-иловасига мувофиқ 3 000 000 АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция мажбуриятини 2020 йил апрель ойидан 2022 йил март ойига қадар, 24 ой муддат ичида бажариш мажбуриятини олган.
Даъвогар ўз даъво аризасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги 5177-сонли қарорининг 3-бандига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товар (иш ва хизмат)лар учун тўловларни чет эл валютасида амалга ошириш тақиқланиши, товар, иш ва хизматлар учун нарх ва тарифлар, шунингдек, жамиятларнинг устав капиталига қўйиладиган минимал талаблар фақат миллий валютада белгиланишини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонуни талабларини важ қилиб олди-сотди шартномасининг 4.1.-банди ва ушбу шартномага 2-сонли иловани ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Қонуннинг 9-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар (ишлар, хизматлар) учун барча ҳисоб-китоблар ва тўловлар Ўзбекистон Республикаси валютасида амалга оширилади, бундан ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар (ишлар, хизматлар) учун тарифлар, нархлар, шу жумладан миллий электрон савдо майдончаларидаги шундай тарифлар, нархлар, шунингдек юридик шахсларнинг устав фондлари (устав капиталлари) миқдорларига доир талаблар фақат Ўзбекистон Республикаси валютасида белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланишига йўл қўйилмайди.
Даъвогар важ қилиб келтираётган 3 000 000 АҚШ доллари шартномадаги сотиб олинадиган мулкнинг қиймати эмас, балки МЧЖнинг 24 ой ичида бажариши лозим бўлган инвестиция мажбурияти ҳисобланади.
Қолаверса, объектга 3,0 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш шарти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 апрелдаги 205-сонли қарорида ҳам назарда тутилган.
Ушбу ҳолатда биринчи инстанция суди 3 000 000 АҚШ доллари шартномадаги сотиб олинадиган мулкнинг қиймати эмас, балки МЧЖнинг бажариши лозим бўлган инвестиция мажбурияти эканлигидан келиб чиқиб, даъвогарнинг шартнома 4.1.-банди ва ушбу шартноманинг 2-сонли иловаси валютани тартибга солишга оид қонунчилик ҳужжатларига зид эканлиги ҳақидаги важларини асосиз деб ҳисоблаган ҳолда даъво талабини рад этиш ҳақида асосли хулосага келган.
Шу боис, судлов ҳайъати таркиби даъвогарнинг апелляция шикоятида келтирилган важларини асоссиз деб ҳисоблайди.
ИПКнинг 74-моддаси биноан, суд далилларга ишнинг барча ҳолатларини жамлаб, уларни суд мажлисида қонунга амал қилган ҳолда ҳар томонлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқишга асосланган ўз ички ишончи бўйича баҳо беради.
Мазкур ҳолатда биринчи инстанция суди ишдаги мавжуд ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо бериб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари тўғри қўллаб, қонуний ва асослантирилган суд ҳужжати қабул қилган.
ИПКнинг 279-моддасида иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
Баён этилганларга асосан апелляция шикоятида келтирилган важлар ИПКнинг 68-моддасига асосан далиллар билан ўз исботини топмаганлиги боис, ушбу важлар асосида ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантириш учун асослар мавжуд эмас.
ИПКнинг 118-моддасига асосан суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг апелляция ва кассация шикояти бериш билан боғлиқ ҳолда қилган суд харажатлари ушбу моддада баён этилган қоидаларга мувофиқ тақсимланади.
Баён этилганларга асосан, судлов ҳайъати таркиби даъвогарнинг апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этиб, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, апелляция инстанция судида иш кўриш билан боғлиқ даъвогар томонидан тўланган 1.500.000 сўм давлат божи ва 30.000 сўм почта харажатини унинг зиммасида қолдиришни лозим топади.
Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 68, 118, 274, 276, 279, 280-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати таркиби қарор қилади:
«O.С» масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Ж.А.У ўғлининг иш кўришни бошқа кунга қолдириш тўғрисидаги илтимосномаси ва апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилсин.
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 15 февралдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилсин.
Олдиндан тўланган суд харажатлари «O.С» масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Ж.А.У ўғлининг зиммасида қолдирилсин.
«O.С» масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Ж.А.У ўғлидан Олий суд депозитига видеоконференцалоқа режимида иш кўриш билан боғлиқ 75.000 сўм суд харажатлари ундирилсин.
Қарор асосида ижро варақа берилсин.
Қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Апелляция инстанцияси суди қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кассация шикояти (протести) берилиши мумкин.
Раислик қилувчи А. НАРЗУЛЛАЕВ
ҳайъат аъзолари А. МАМАРАИМОВ
Ф. ЁДГОРОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 11 апрель,
4-1001-2302/5096-сон