САМАРҚАНД ВИЛОЯТ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
Қарор
4-1407-2201/2230-сонли иқтисодий иш
Самарқанд вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича апелляция судлов ҳайъати судья Ш. Мамадияровнинг раислигида, судьялар Ў. Мурадов ва О. Нуримовлардан иборат таркибда, судья катта ёрдамчиси Ш. Абдухомидовнинг котиблигида, даъвогар МЧЖ шаклидаги «A.I» қўшма корхонаси вакили Р.Т. (ишончнома асосида), жавобгар МЧЖ шаклидаги «Ў.К» қўшма корхонаси вакиллари Д.Т., адвокат Р.М. (ишончнома ва ордер асосида) иштирокида, жавобгар МЧЖ шаклидаги «Ў.К» қўшма корхонаси томонидан Пастдарғом туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 20 январдаги ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикоятини иш ҳужжатлари билан бирга Самарқанд вилоят суди биносида ўтказилган видеоконференцалоқа режимидаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни, аниқлади:
МЧЖ шаклидаги «Ў.К» қўшма корхонасининг таъсис шартномасига кўра, жамият таъсисчилари «Р.Ф» МЧЖ (20 фоиз), МЧЖ шаклидаги «A.I» қўшма корхонаси (30 фоиз) ва Туркия Республикаси фуқароси Н.К.А (50 фоиз)дан иборат.
МЧЖ шаклидаги «Ў.К» қўшма корхонасининг 2022 йил 28 октябрдаги навбатдан ташқари умумий йиғилиши ўтказилиб, унда А.С. жамият бош директори лавозимига тайинланиб, у билан 3 йил муддатга меҳнат шартномаси тузиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Шундан сўнг, даъвогар «A.I» МЧЖ жавобгар МЧЖ шаклидаги «Ў.К» қўшма корхонасига нисбатан Пастдарғом туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, мазкур умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Суднинг 2023 йил 4 январдаги ажрими билан «Р.Ф» МЧЖ ва Туркия Республикаси фуқароси Н.К.А иш бўйича низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида ишда иштирок этишга жалб қилинган.
Суднинг 2023 йил 20 январдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилиб, жавобгар МЧЖ шаклидаги «Ў.К» қўшма корхонаси иштирокчиларининг 2022 йил 28 октябрдаги навбатдан ташқари умумий йиғилиши қарори ҳақиқий эмас деб топилган.
Жавобгар МЧЖ шаклидаги «Ў.К» қўшма корхонаси апелляция шикояти билан мурожаат қилган бўлиб, унда МЧЖнинг умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишда жамият иштирокчилари учинчи шахс сифатида жалб қилиниши мумкин бўлмасада, жамият иштирокчилари учинчи шахс сифатида ишга жалб қилинганлиги, даъвогар умумий йиғилишда бош директор номзоди бир овоздан тасдиқланиши лозимлигини важ қилиб келтирган бўлсада, унинг ушбу важи жамият устави талабига зидлиги, жамият уставида бош директор номзодини тасдиқлаш кўпчилик овоз бериш йўли амалга оширилиши белгиланганлиги, умумий йиғилишда 70 фоиз кворум бўлганлиги, умумий йиғилиш қарори қонун ҳужжатларига зид эмаслигини маълум қилиб, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилишни сўраган.
Суд муҳокамасида иштирок этган жавобгар вакиллари апелляция шикоятини қувватлаб уни қаноатлантиришни сўрашди.
Даъвогар вакили апелляция шикоятини тан олмасдан, даъвони қаноатлантиришга етарли асос мавжудлигини маълум қилиб, шикоятни қаноатлантиришни рад этишни сўради.
Судлов ҳайъати, тарафлар вакиллари тушунтиришларини тинглаб, апелляция шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга кўра апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топди.
«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 32-моддасига кўра, жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши жамиятнинг уставида белгиланган ҳолларда, шунингдек, агар бундай умумий йиғилишни ўтказишни жамиятнинг ва унинг иштирокчиларининг манфаатлари тақозо этса, бошқа ҳолларда ҳам ўтказилади.
Мазкур Қонуннинг 33-моддаси биринчи қисмида жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишини чақирувчи орган ёки шахслар уни ўтказишдан камида ўттиз кун олдин бу ҳақда жамиятнинг ҳар бир иштирокчисини жамият иштирокчиларининг рўйхатида кўрсатилган манзил бўйича буюртма хат билан ёки жамиятнинг уставида назарда тутилган бошқа усулда хабардор қилиши шартлиги, иккинчи қисмида хабарномада жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши ўтказиладиган вақт ва жой, шунингдек таклиф қилинаётган кун тартиби кўрсатилиши кераклиги, саккизинчи қисмида эса жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишини чақиришнинг ушбу моддада белгиланган тартиби бузилган тақдирда, агар бундай умумий йиғилишда жамиятнинг барча иштирокчилари иштирок этаётган бўлса, у ваколатли деб эътироф этилиши белгиланган.
Бироқ МЧЖ шаклидаги «Ў.К» қўшма корхонаси иштирокчиларининг 2022 йил 28 октябрда ўтказилган навбатдан ташқари умумий йиғилишининг жойи ва вақти ҳақида «A.I» МЧЖ хабардор қилинмаган.
Жавобгар ўзининг важида даъвогарни хабардор қилиш учун бир ой олдин почта алоқа хизмати орқали чақирув хати юборилганлигини келтирган бўлсада, почта жўнатмаси даъвогарга топширилмасдан қайтарилган.
Жамият уставининг 14.3-бандида жамиятнинг ижро этувчи органини тузиш ва унинг ваколатларини муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги қарор жамият иштирокчилари умумий овозлар сонининг кўпчилик овози билан қабул қилиниши белгиланган.
Апелляция шикоятида даъвогар умумий йиғилишда иштирок этмаган бўлсада, қарор қабул қилиш учун кворум мавжудлигини важ қилиб келтирган.
Аммо жамият иштирокчиси «Р.Ф» МЧЖ судлов ҳайъатига 2023 йил 3 апрелдаги 364-сонли хат билан мурожаат қилиб, унда 2022 йил 28 октябрдаги умумий йиғилишда барча иштирокчи иштирок этиб, ўзининг фикрини билдирганда, бошқача қарор қабул қилиниши мумкинлигини маълум қилган.
Юқорида қайд этилган Қонуннинг 41-моддаси биринчи қисмига кўра жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари, жамиятнинг устави талаблари бузилган ҳолда қабул қилинган ҳамда жамият иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган қарори овоз беришда иштирок этмаган ёки баҳсли қарорга қарши овоз берган жамият иштирокчисининг аризасига кўра суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 68-моддаси биринчи қисмига кўра ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.
Судлов ҳайъати биринчи инстанция суди даъвони қаноатлантириш тўғрисида қонуний ҳал қилув қарори қабул қилган, шикоятда келтирилган важлар даъво талабларини қаноатлантириш учун асос бўлмайди деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон Республикаси ИПКнинг 276-моддаси биринчи қисмига биноан, суд ишни апелляция инстанциясида кўриш чоғида биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг қонунийлигини ва асослилигини текшириши, ушбу кодекснинг 278-моддаси биринчи қисми 1-бандига биноан апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга ҳақли эканлиги қайд этилган.
Шу сабабли, судлов ҳайъати апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни, апелляция инстанцияси учун олдиндан тўлаб чиқилган 1 500 000 давлат божи ва 30 000 сўм почта харажатини жавобгар зиммасида қолдиришни, суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилганлиги билан боғлиқ 75 000 сўм суд харажатларини жавобгарнинг зиммасига юклашни лозим деб топади.
Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 274-279, 280-моддаларини қўллаб, апелляция инстанцияси суди қарор қилади:
МЧЖ шаклидаги «Ў.К» қўшма корхонасининг апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан, Пастдарғом туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 20 январдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилсин.
МЧЖ шаклидаги «Ў.К» қўшма корхонаси томонидан апелляция инстанцияси учун олдиндан тўлаб чиқилган 1 500 000 сўм давлат божи ва 30 000 сўм почта харажати ўз зиммасида қолдирилсин.
МЧЖ шаклидаги «Ў.К» қўшма корхонасидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг депозитига 75 000 сўм суд харажатлари ундирилсин.
Мазкур қарордан норози тарафлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида кассация тартибида шикоят беришга ҳақли.
Раислик қилувчи Ш. МАМАДИЯРОВ
ҳайъат аъзолари Ў. МУРАДОВ
О. НУРИМОВ
Самарқанд в.,
2023 йил 5 апрель,
4-1407-2201/2230-сон