Наманган вилоят СУДИНИНГ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
Қарори
Биринчи инстанцияда ишни кўрган судья — А. ДАДАБАЕВ
Апелляция инстанциясида маърузачи судья — Қ. ХОДЖАЕВ
Апелляция инстанциясида маърузачи судья — Қ. ХОДЖАЕВ
Наманган вилоят судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судья Р. Мамажонованинг раислигида, судьялар А. Иномов ва Қ. Ходжаевдан иборат таркибда, М. Рахимованинг котиблигида, даъвогар «А» жавобгар «Б» масъулияти чекланган жамиятига нисбатан жамият таъсисчиларининг 2011 йил 24 октябрдаги 5-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш, жамиятнинг таъсисчилари С.А ва Т.Алар билан тузган 2019 йил 14 июндаги келишув битимини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган иш бўйича Наманган туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 26 январдаги ҳал қилув қарори устидан даъвогар «А» томонидан берилган апелляция шикоятини, даъвогар вакиллари А.К ва У.А (ишончномага асосан), жавобгар жамият раҳбари С.А, адвокат И.У (ордерга асосан)ларнинг иштирокида, судлов ҳайъатининг биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
Мингбулоқ туман ҳокимининг 1995 йил 20 октябрдаги 364/10-сонли қарорига асосан «Б» ОАЖ ташкил этилган бўлиб, жамият акциядорлари умумий йиғилишининг 2005 йил 16 апрелдаги қарорига асосан жамиятнинг мулкчилик шакли масъулияти чекланган жамиятига ўзгартирилган. Унга кўра, Наманган вилоят «В» АК жамиятнинг 25 фоизлик улуш билан иштирокчиси этиб белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 30 мартдаги 94-сонли қарорига мувофиқ, «В» ҳудудий акциядорлик компанияларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тугатилиши белгиланган. Наманган вилоят «В» АК тугатиш комиссиясининг навбатдан ташқари умумий йиғилишининг 2011 йил 16 апрелдаги қарорига мувофиқ, туман жамият раисларига компания улушини бозор баҳосида сотиб олиш бўйича таклифлар юборилган, бироқ, «Б» масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар ёки жамият деб юритилади) Наманган вилоят «В» АКнинг 25 фоиз улушини сотиб олмаган.
Жамият таъсисчиларининг 2011 йил 24 октябрь кунги йиғилишида таъсисчилар С.А ва Т.Алар ўз улушларининг бир қисмини олиб чиқиб кетиш ва жамият устав фондини камайтириш, шунингдек «В» АКнинг 25 фоиз улушини жамият ихтиёрида сақлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинган.
Наманган вилоят хўжалик судининг 16-1203/5415-сонли иши бўйича 2012 йил 21 июндаги ҳал қилув қарорига асосан «В» ҲАЖнинг жамиятдаги 25 фоизлик улуши ҳисобидан мол-мулклар ажратиб берилган.
Жамият ва А.С.Н ўртасида 2019 йил 14 июнда тузилган келишув битимига асосан жамиятга тегишли бўлган 19 та бино-иншоотлар, жамият ва А.Т.С ўртасида 2019 йил 14 июнда тузилган келишув битимига асосан жамиятга тегишли бўлган 9 та бино-иншоотлар ушбу таъсисчиларнинг улуши ҳисобидан жамият тасарруфидан чиқарилган.
Наманган вилоят ҳокимининг 2022 йил 3 декабрдаги фармойишига асосан «А» «В» ҲАЖнинг ҳуқуқий вориси этиб тайинланган.
Бунга кўра, «А» (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жамият таъсисчиларининг 2011 йил 24 октябрдаги 5-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш, жамиятнинг таъсисчилари С.А ва Т.Алар билан тузган 2019 йил 14 июндаги келишув битимини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Даъвогар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 157-моддасига асосан, даъво аризасига аниқлик киритган холда жамиятнинг таъсисчилари С.А ва Т.Алар билан тузган 2019 йил 14 июндаги келишув битимини ҳақиқий эмас деб топиш талабини жамиятнинг таъсисчилари С.А ва Т.Алар билан тузган 2019 йил 14 июндаги келишув битимларини ҳақиқий эмас деб топиш деб ўзгартирган.
Даъвогар томонидан тақдим этилган илтимоснома даъво аризасида қўйилган талабга аниқлик киритиш юзасидан эканлигини эътиборга олиб, биринчи инстанция суди илтимосномани иш юритишга қабул қилиб, даъво аризаси билан бирга муҳокама қилишни лозим деб топган.
Биринчи инстанция судининг 2022 йил 30 декабрдаги ажримига асосан ишга С.А ва Т.Алар қўшимча жавобгар сифатида жалб этилганлар.
Наманган туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 26 январдаги ҳал қилув қарори билан даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган.
Даъвогар ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти бериб, унда ҳал қилув қарорини бекор қилиб, жамият таъсисчиларининг 2011 йил 24 октябрдаги 5-сонли қарори ва жамиятнинг таъсисчилари С.А ва Т.Алар билан тузган 2019 йил 14 июндаги келишув битимларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўраган.
Суд мажлисида даъвогар вакиллари апелляция шикоятини қаноатлантиришни сўрадилар.
Жавобгар ва жамият таъсисчиси С.А апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни сўради.
Суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган жамият таъсисчиси Т.А суд мажлисида иштирок этмади.
Судлов ҳайъати, ИПК 274-моддасининг тўртинчи қисмига асосан ишни жамият таъсисчиси Т.А иштирокисиз кўришни лозим топди.
Судлов ҳайъати, тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, иш ҳужжатларини ўрганиб, апелляция шикоятини қисман қаноатлантиришни, ҳал қилув қарорини бекор қилишни ва ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.
ИПК 276-моддасининг биринчи қисмига кўра, суд ишни апелляция инстанциясида кўриш чоғида биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг қонунийлигини ва асослилигини текширади. Суд янги далилларни текшириши ва янги фактларни аниқлаши мумкин, иккинчи қисмига кўра, апелляция инстанциясининг суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини тўлиқ ҳажмда текшириши шарт.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, жамиятнинг 2005 йил 27 июнда тасдиқланган таъсис шартномасида, жамият таъсисчилари 15 та шахсдан иборатлиги, Б.Знинг улуши 3,06 фоизни ташкил этиши, Мингбулоқ туман ҳокимлиги ҳузуридаги «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш Инспекцияси»да 2011 йил 28 октябрда 246-сон билан рўйхатдан ўтказилган янги таҳрирдаги таъсис шартномасида жамият таъсисчилари 13 та шахсдан иборатлиги, Б.Знинг улуши 8,3 фоизни ташкил этиши акс эттирилган.
Худди шунингдек жамиятнинг 2019 йил 26 июнда тасдиқланган таъсис шартномасида, жамият таъсисчилари 3 та шахсдан иборатлиги, А.С.Н 99,86 фоиз, Б.З 0,10 фоиз, А.Т.С 0,04 фоиз улушга эга эканлиги акс эттирилган. Бу ишда мавжуд ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топади.
Биринчи инстанция суди жамият таъсисчилари С.А ва Т.Аларни ишга қўшимча жавобгар сифатида жалб этган, бироқ низо Б.З.Хнинг ҳуқуқ ва манфаатларига таъсир этсада, уни ишга жалб қилмасдан хатоликка йўл қўйган.
ИПК 279-моддаси тўртинчи қисмининг 4-бандига кўра, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги, процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги муносабати билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ҳар қандай ҳолда бекор қилиш учун асос бўлади.
ИПК 278-моддасининг 5-бандига кўра, апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича: ушбу Кодекс 279-моддаси тўртинчи қисмининг 4-бандида назарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун юборишга ҳақли.
Юқоридагиларга асосан судлов ҳайъати, апелляция шикоятини қисман қаноатлантиришни, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишни ва ишни янгидан мазмунан кўриб чиқиш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.
Ишни янгидан кўришда биринчи инстанция суди, юқорида баён этилган ҳолатларни таҳлил қилиб, ишга Б.З.Хни жалб этиш масаласини ҳал қилиб, ишда иштирок этувчи шахсларни суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилиб, ишни апелляция инстанциясида ва биринчи инстанция судида кўриб чиқиш натижалари бўйича суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масалани ҳал қилиб, асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиши лозим бўлади.
Баён этилганларга кўра, ИПКнинг 276, 278 — 280-моддаларини қўллаб, апелляция судлов ҳайъати қарор қилди:
«А» апелляция шикояти қисман қаноатлантирилсин.
Наманган туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 26 январдаги ҳал қилув қарори бекор қилинсин.
Иш янгидан кўриш учун Наманган туманлараро иқтисодий судига юборилсин.
Қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Қарор устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига кассация тартибида шикоят қилиш мумкин.
Ҳайъат раиси Р. МАМАЖОНОВА
Ҳайъат аъзолари А. ИНОМОВ
Қ. ХОДЖАЕВ
Ҳайъат аъзолари А. ИНОМОВ
Қ. ХОДЖАЕВ
Наманган ш.,
2023 йил 5 апрель,
4-1601-2203/8461-сон