Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг
буйруғи
ҚМҚ 2.04.05-97 «Иситиш, вентиляция ва кондициялаш» қурилиш меъёрлари ва қоидаларининг 3.10-бандига ўзгартириш киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2023 йил 14 апрелда ҳисобга олинди, ҳисоб рақами 159]
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг 2024 йил 5 августдаги 01/2-39-сонли «ШНҚ 2.04.05-22 «Иситиш, вентиляция ва кондициялаш» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғига (ҳисоб рақами 287, 11.09.2024 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексига мувофиқ буюраман:
1. ҚМҚ 2.04.05-97 «Иситиш, вентиляция ва кондициялаш» қурилиш меъёрлари ва қоидалари 3.10-бандининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Иситиш учун иссиқлик энергиясини оқилона сарфлаш мақсадида хонага бериладиган иссиқликни объектли ёки индивидуал мувофиқлаштиришини қўллаш лозим. Умумий иссиқлик тизимини объектли мувофиқлаштиришда ташқи ҳарорат датчиги бўйича автоматлаштириш лозим. Иситиш жиҳозларининг иссиқлик унумдорлигини индивидуал мувофиқлаштириш 3.55-бандга биноан иссиқликни мувофиқлаштирувчи клапанлар ўрнатиш орқали ички ҳаво ҳарорати бўйича автоматлаштириш билан амалга ошириш лозим.».
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир Б. ЗАКИРОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 6 апрель,
74-сон
Келишилди:
Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Ж. МИРЗАМАҲМУДОВ
2023 йил 2 март
Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Б. ЮСУПАЛИЕВ
2023 йил 21 февраль