LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистонга ташқаридан олиб келинадиган ёқилғи-энергетика ресурслари қимматлашганлиги муносабати билан ҳамда республика аҳолисини ижтимоий муҳофаза қилиш борасида олдини олиш чораларини таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида иш ҳақи ва меҳнат нафақаларининг миқдори ойига 2000 сўм қилиб белгилансин.
2. Улуғ Ватан урушининг қатнашчилари ва ногиронларига энг оз миқдори 2500 сўм бўлишидан келиб чиқиб, нафақалар миқдори белгилансин. Улуғ Ватан уруши III гуруҳ ногиронлари нафақаларининг миқдори энг оз иш ҳақи даражасига етказилсин.
3. Ўзбекистон Республикасининг Ижтимоий таъминот вазирлиги белгиланган энг оз миқдорга асосланиб, фуқаролар иш стажининг оз-кўплигига ва хизматларига қараб, меҳнат нафақаларини табақалаштирилган миқдорларда қайтадан ҳисоблаб чиқсин.
5. Болали оилаларга мадад бериш мақсадида болалар учун ҳозирги вақтда амалда бўлган ижтимоий нафақалар ўрта ҳисобда 1,5 баравар оширилсин. Белгилаб қўйилсинки, жами даромади оиланинг ҳар бир аъзосига ҳисоблаганда энг оз ойлик иш ҳақидан ошмайдиган болали оилаларга нафақалар тўланади.
6. Фуқароларнинг солиқ олинмайдиган даромадларининг энг паст даражаси ойига 2000 сўм миқдорида белгилансин.
Ойига 8 минг сўмгача бўлган иш ҳақидан олинадиган даромад солиғининг энг кам миқдори (12 фоиз) белгилансин. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддат ичида белгиланган тартибда ойига 8 минг сўмдан ошадиган иш ҳақидан табақалаштирилган тарзда солиқ олиш тўғрисидаги таклифларни киритсин.
7. Олий ўқув юртлари талабаларининг стипендиялари, техникумлар ҳамда кийим-бош ва овқат билан таъминланмайдиган ҳунар-техника билим юртлари ўқувчиларининг стипендиялари 1,6 баравар кўпайтирилсин. Талабаларнинг ошхоналари ва буфетларида тушлик овқатларнинг қийматидан 50 фоизли чегирмалар сақлаб қолинсин.
8. Биринчи марта никоҳдан ўтаётган келин-куёвларга гилам буюмлар ва мебель сотишда имтиёзли тартиб сақлаб қолиниб, оилага бериладиган товон миқдори 5000 сўмгача кўпайтирилсин.
10. Бюджетдан пул билан таъминланадиган вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикасининг Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари, ташкилотлар ва муассасалар иш ҳақи, пенсиялар ва стипендиялар ушбу Фармонда белгиланган миқдорларда ўз вақтида тўланишини таъминласинлар.
11. Республика вазирликлари, идоралари, уюшмалари, концернлари, корхоналари ва хўжаликлари белгиланган энг оз миқдорга асосланиб, ишловчиларнинг маошини янада оширсинлар.
12. Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки корхоналарга, ташкилотлар, муассасаларга иш ҳақи ўз вақтида тўланишини таъминловчи чоралар кўрсин.