Хоразм вилоят иқтисодий судининг
Қарори
4-2201-2201/4837-сонли иш
Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Ш. Джамолов раислигида, ҳайъат аъзолари М. Курбанов ва В. Қазақовдан иборат таркибда, судья катта ёрдамчиси С. Рузметовнинг котиблигида, Урганч туманлараро иқтисодий судининг 4-2201-2201/4837-сонли иқтисодий иши доирасида 2023 йил 03 февралда қабул қилинган ҳал қилув қарорига нисбатан даъвогар «YA.F.I» масъулияти чекланган жамияти томонидан берилган апелляция шикоятини тарафлардан даъвогар «YA.F» масъулияти чекланган жамияти вакиллари И.М. (раҳбар), А.Рўзимов (2023 йил 10 январдаги 2-сонли ишончнома ва 2022 йил 12 декабрдаги 000002-сонли ордерга асосан), жавобгар С.И.З, унинг вакили Э.Н. (2022 йил 04 октябрда нотариал тасдиқланган ишончномага асосан), учинчи шахс «I» масъулияти чекланган жамияти вакили У.Қ. (раҳбар) иштирокида, вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати жойлашган биносида, очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
«YA.F.I» масъулияти чекланган жамияти Урганч туманлараро иқтисодий судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, С.И.Зни «I» масъулияти чекланган жамияти таъсисчилари рўйхатидан чиқаришни сўраган.
Биринчи инстанция суднинг 2023 йил 19 январдаги ажрими билан ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида «I» МЧЖ жалб қилинган.
Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 02 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризани қаноатлантириш рад қилинган.
Ҳал қилув қароридан норози бўлган даъвогар апелляция шикояти билан мурожаат қилиб, ҳал қилув қарорини бекор қилишни ва даъвони қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилиш сўраган.
Суд мажлисида иштирок этган даъвогар вакиллари апелляция шикоятида баён этилган важларни такрорлаб, жавобгар С.И.З жамиятнинг фаолияти тўсқинлик қилиб, розилик бермаётганлиги сабабли кўп қаватли уйдаги хонадонлар ўз эгалари номига расмийлаштирилиб бериш имконияти бўлмаётганлигини ва бу ҳолат фуқароларнинг норозилигига олиб келаётганлигини билдириб, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, жавобгарни таъсисчилар сафидан чиқариш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўрадилар.
Суд мажлисида иштирок этган жавобгар вакиллари тушунтириш бериб, жамиятнинг фаолиятига тўсқинлик қилмаслигини, фақат ўзининг ҳуқуқларини талаб қилганлигини, жамиятнинг фаолияти ҳамда бухгалтерия ҳисоботлари ва пул айланмалари тўғрисида маълумот сўралганда, ҳужжатлар билан таништирилмаганлигини, берилиши лозим бўлган 2 та квартира ва дўконлар бошқа шахсларга сотиб юборилганлигини сабабли ҳозирда улушсиз қолганлигини, эндиликда жамият таъсисчилигидан чиқариб юборишга ҳаракат қилинаётганлигини билдириб, апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этиб, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни сўрадилар.
Учинчи шахс «I» МЧЖ вакили апелляция шикоятини қувватлаб, шикоятини тўлиқ қаноатлантириб, ҳал қилув қарорини бекор қилишни ва даъвони қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўради.
Судлов ҳайъати, тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, апелляция шикоятида баён этилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, куйидаги асосларга апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириб, ишни апелляция инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ суд харажатларини даъвогар зиммасида қолдиришни лозим деб топади.
Иш ҳужжатларидан ва суд муҳокамасидан маълум бўлишича, «I» масъулияти чекланган жамияти устав фондининг 92,8 фоиз улуши «YA.F» масъулияти чекланган жамиятига, 7,20 фоиз улуши эса С.И.Зга тегишли ҳисобланади.
«I» МЧЖ томонидан банкдан олинган кредит ҳамда фуқаролардан дастлабки тўлов шартномаси асосида олинган пул маблағлари ҳисобига Урганч шаҳар, Фаязов кўчаси 26-уй манзилида жойлашган 7 қаватдан иборат бўлган, биринчи қавати нотурар, юқори қаватлари эса кўп хонадонли квартиралардан иборат турар жой мажмуаси қуриб битказилган.
Ушбу кўп қаватли турар жой биносидаги хонадонларга дастлабки тўлов шартномаси асосида тўловларни амалга оширган фуқароларга тегишли бўлган квартираларни ўзларининг номларига нотариал тартибда расмийлаштириб бериш учун нотариусга мурожаат қилинганда «I» МЧЖ устав фондининг 7,20 фоиз улуши эгаси ҳисобланган С.И.Знинг розилиги сўралганда, С.И.З унинг марҳум турмуш ўртоғи номида бўлган чойхона биноси ўрнига қурилган кўп қаватли турар жой биносидан олдиндан ваъда қилинган 2 ва 3 хонали 2 та квартира ва бинонинг биринчи қаватидан дўкон учун мўлжалланган мулклар улуш сифатида ажратиб берилмаганлиги, унга улуш сифатида берилиши лозим бўлган мулклар бошқа фуқароларга сотиб юборилганлиги сабабли умумий йиғилиш қароридан норози бўлган ва таъсисчи сифатида ҳужжатларга имзо қўймаган. Шунга кўра, нотариус томонидан фуқароларга хонадонларини расмийлаштириб бериш рад қилинган.
Даъвогар томонидан нотариусга хонадонларни фуқаролар номларига расмийлаштириб бериш мажбуриятини юклаш тўғрисида Маъмурий судга шикоят даъво аризаси киритилган.
Урганч туманлараро маъмурий судининг 2022 йил 13 июндаги ҳал қилув қарори билан даъвони қаноатлантириш рад этилган.
Шундан кейин, такроран жамият иштирокчиларининг 2022 йил 5 январда умумий йиғилиши чақирилганлигини, аммо хабардор қилинган бўлсада, жамият таъсисчиси С.И.З умумий йиғилишга келмаганлигини, у жамиятнинг фаолиятига жиддий тўсқинлик қилиб, фуқароларга хонадонларини расмийлаштириб беришга қаршилик билдираётганлигини кўрсатиб, даъвогар судга даъво ариза билан мурожаат қилган ва С.И.З.ни жамият (иштирокчилар)рўйхатидан чиқаришни сўраган.
Низони ҳал этишда биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ аниқлаб, у томонидан аниқланган ҳолатлар исботлангани ҳамда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллагани ҳолда, даъвони қаноатлантириш ҳақида тўғри хулосага келган.
Ўзбекистон Республикаси «Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги қонунининг 8-моддасига кўра, жамиятнинг иштирокчилари ушбу Қонунда ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида белгиланган тартибда жамиятнинг ишларини бошқаришда иштирок этиш;
қонунчиликда ва жамият таъсис ҳужжатларида белгиланган тартибда жамиятнинг фаолияти тўғрисида ахборот олиш ҳамда унинг бухгалтерия дафтарлари ва бошқа ҳужжатлари билан танишиш;
фойдани тақсимлашда иштирок этиш;
жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) ўз улушини ёхуд унинг бир қисмини ушбу Қонунда ва жамиятнинг уставида назарда тутилган тартибда мазкур жамиятнинг бир ёки бир неча иштирокчисига сотиш ёки ўзга тарзда уларнинг фойдасига воз кечиш;
жамият бошқа иштирокчиларининг розилигидан қатъи назар ушбу Қонунда ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда исталган вақтда жамиятдан чиқиш;
жамият тугатилган тақдирда, кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилинганидан кейин қолган мол-мулкнинг бир қисмини ёки унинг қийматини олишга ҳақлидир.
Жамият иштирокчилари қонунчиликда ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.
Даъвогар «YA.F» масъулияти чекланган жамиятининг «I» масъулияти чекланган жамиятининг устав фондидаги улуши 92,8 фоизни, С.И.Знинг улуши турмуш ўртоғи вафотидан кейин қонун бўйича унга меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага асосан ўтказилган бўлиб, 7,20 % ни ташкил қилади.
Судлар иштирокчиларнинг ваколатларини тугатиш, иштирокчини ширкатдан чиқариш ҳақидаги низоларини кўриш жараёнида мазкур иштирокчининг ваколатларини ширкатнинг таъсис ҳужжатларини ўрганган ҳолда аниқлашлари лозим. Бунда жавобгарнинг (жавобгарларнинг) ўз ваколатларини қўпол равишда бузганлиги ёки унинг (уларнинг) ширкат ишларини юритишга қобилиятсизлигини исботлаш даъвогар (даъвогарлар)нинг мажбурияти ҳисобланади.
Бу ҳақида, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг нинг 2014 йил 20 июндаги «Иқтисодий судлар томонидан корпоратив низоларни ҳал этишнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 262-сонли қарорининг ўн иккинчи бандида тушунтириш берилган.
Даъвогар ўзининг даъво аризасида жавобгар С.И.З ўз ҳаракатлари билан жамиятнинг фаолият кўрсатишига жиддий тарзда қийинлаштирганлигини, жамиятнинг фаолияти билан боғлиқ муҳим масалаларга эътиборсизлик билан қараб, жамият умумий йиғилишларида иштирок этмаганлигини ва қурилган кўп қаватли турар жой мажмуасидаги хонадонларни фуқаролар номларига нотариус орқали расмийлаштириб беришда тўсқинлик қилаётганлиги ҳолатларини кўрсатиб, уни «I» масъулияти чекланган жамияти таъсисчилар сафидан чиқаришни сўраган.
Судлов ҳайъати, даъвогарнинг С.И.З «I» масъулияти чекланган жамиятининг фаолиятига жиддий тўсқинлик қилиб, хонадонларни фуқаролар номларига расмийлаштиришга қаршилик қилиши натижасида муаммолар юзага келишига сабабчи бўлаётганлиги, унга улуш сифатида берилиши лозим бўлган 2 ва 3 хонали хонадонлар ҳамда бинонинг биринчи қаватида жойлашган дўкон таклиф қилинганда олишдан бош тортиб, эндиликда ушбу мулкларнинг қийматидан ҳам кўпроқ пул талаб қилаётганлигини, шу сабабли уни жамият таъсисчилари рўйхатидан чиқариш керак деган важлари билан келиша олмайди.
Чунки, судлов ҳайъати юқоридаги ҳолатларни жамиятнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётган ёки уни жиддий тарзда қийинлаштираётган ҳолатлар деб баҳоламайди.
Зеро, жавобгар С.И.З суд мажлисида «жамиятнинг фаолиятига тўсқинлик қилмаслигини», «кўп қаватли турар жой биносидаги хонадонларни фуқаролар номига расмийлаштириб беришга қарши эмаслигини», «умумий йиғилишларга чақирилмаганлигини», «ундан фақат розилик бериш талаб қилинаётганлигини», «бир протокол билан жамиятдан чиқариб юборилиши айтилганлигини», шунинг учун ўзининг ҳуқуқларини талаб қилиб, «жамиятнинг фаолиятига оид бухгалтерия ҳисоботлари ва пул айланмалари тўғрисида ҳамда хонадонларнинг сотилиш нархлари ҳақида маълумот сўраганда, ҳужжатлар билан таништирилмаганлигини», «ўзига улуш сифатида берилиши лозим бўлган 2 ва 3 хонадан иборат бўлган 2 та квартира ва биринчи қаватда жойлашган дўкон учун мўлжалланган нотурар жой бошқа фуқароларга ва таъминотчи ташкилотга сотиб юборилганлигини», «ҳозирда эса ўз улушини пул шаклида суд орқали ундириб олиши мумкинлиги айтилганлигини» ўз кўрсатмаларида айтиб ўтган.
Ўзбекистон Республикаси «Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги қонунининг 8-моддасининг иккинчи қисмида жами улушлари жамият устав фондининг (устав капиталининг) камида ўн фоизини ташкил этадиган жамият иштирокчилари ўз мажбуриятларини қўпол бузаётган ёхуд ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан жамиятнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётган ёки уни жиддий тарзда қийинлаштираётган иштирокчини жамиятдан суд тартибида чиқарилишини талаб қилишга ҳақли эканлиги белгилаб қўйилган.
Аммо, ушбу моддий ҳуқуқ нормасининг талабидан келиб чиқиб, даъвогар томонидан С.И.Знинг ўз мажбуриятларини қўпол бузаётганлиги ёхуд ўз ҳаракатлари ва/ёки ҳаракатсизлиги билан жамиятнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётганлиги ва уни жиддий тарзда қийинлаштираётганлик ҳолатлари исботланмади.
Юқорида қайд этилганларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, биринчи инстанция суди даъвони қаноатлантиришни рад қилиб, тўғри хулосага келган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118-моддаси биринчи қисмига асосан суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади.
Судлов ҳайъати, низони ҳал этишда биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ аниқлаб, у томонидан аниқланган ҳолатлар исботлангани ҳамда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллагани ҳолда, даъвони қаноатлантириш ҳақида тўғри хулосага келган деб ҳисоблаб, апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этиб, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни, шунингдек даъвогар томонидан апелляция шикояти беришда 750.000 сўм давлат божи ва 30.000 сўм почта харажати олдиндан тўланганлигини инобатга олиб, ўзининг зиммасида қолдиришни лозим деб ҳисоблайди.
Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 30, 118, 274, 276-278, 280-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қарор қилди:
Урганч туманлараро иқтисодий судининг 4-2201-2201/4837-сонли иқтисодий иши доирасида 2023 йил 03 февралда қабул қилинган ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, даъвогар «YA.F.I» масъулияти чекланган жамияти нинг апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилсин.
Даъвогар томонидан давлат божи ва почта харажатлари олдиндан тўланганлиги инобатга олинсин ва ўзининг зиммасида қолдирилсин.
Қарор қабул қилинган пайтидан қонуний кучга киради.
Қарорга нисбатан, у қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кассация шикояти берилиши (протест келтирилиши) мумкин.
Биринчи инстанция судида ишни кўрган судья Н. АЛЛАБЕРГАНОВА
Апелляция инстанцияси судида маърузачи судья Ш. ДЖАМОЛОВ
Урганч ш.,
2023 йил 10 март,
4-2201-2201/4837-сон