ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДИНИНГ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
АЖРИМИ
4-1001-2205/50288-сонли иқтисодий иш
Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Р. Рашидов раислигида, ҳайъат аъзолари М. Эргашев ҳамда Ж. Хусаиновдан иборат таркибда, судья катта ёрдамчиси Г. Саматованинг котибалигида, «K.K» МЧЖ таъсисчиси Д.Н.Ғ ва унинг вакили адвокат А.О (2023 йил 26 январдаги 139-сонли ордер асосида), таъсисчиси К.З.Анинг вакили адвокат Д.У (2022 йил 25 октябрдаги 25-сонли ордер ва ишончнома асосида) иштирокида, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 6 декабрдаги ҳал қилув қарори устидан жамият таъсисчиси К.З.А томонидан берилган апелляция шикоятини иш ҳужжатлари билан бирга Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати жойлашган бинода очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
«K.K» МЧЖ таъсисчиси Д.Н.Ғ (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, низо предметига мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида «K.K» МЧЖ (бундан буён матнда учинчи шахс, МЧЖ деб юритилади) жалб қилган ҳолда МЧЖ таъсисчиси К.З.А (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)га нисбатан «K.K» МЧЖнинг 2022 йил 19 августдаги 1-сон таъсисчилар умумий йиғилиши қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2022 йил 6 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилиб, «K.K» МЧЖнинг 2022 йил 19 августдаги 1-сон таъсисчилар умумий йиғилиши қарори ҳақиқий эмас деб топилган ва жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдасига 3 000 000 сўм давлат божи ва 24 000 сўм почта харажати ундирилган.
Мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлиб жавобгар томонидан апелляция шикояти келтирилган бўлиб, унда ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва даъвони рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилиш сўралган.
Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 1 февралдаги ажрими билан жавобгар номидан берилган апелляция шикояти Иқтисодий процессуал кодекси (матнда ИПК деб юритилади)нинг 272-моддасига асосан кўрмасдан қолдирилган.
Жавобгар ҳал қилув қароридан норози бўлиб, такроран апелляция шикояти билан мурожаат қилган. Шикоятда биринчи инстанция суди томонидан иш ҳолатлари тўлиқ аниқланмаганлиги, жамиятнинг умумий йиғилишлари тўғрисида даъвогар тегишли тарзда хабардор қилинган бўлса-да, ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатлар аниқланмаганлиги деб нотўғри тўхтамга келганлиги, даъвогар ўзининг яшаш манзили ўзгарганлиги тўғрисида жамиятга маълум қилмаганлиги, 2022 йил 18 августда бўлиб ўтган иштирокчиларнинг умумий йиғилишида кун тартибига қўйилган масалалар ва улар бўйича қабул қилинган қарор даъвогарга ҳеч қандай зарар етказмаслиги ва даъвогарнинг овози овоз бериш натижаларига таъсир кўрсата олмаслиги баён қилиниб, ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва даъво талабини қаноатлантиршни рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилиш сўралган.
Суд мажлисида иштирок этган жавобгар вакили муқаддам берилган апелляция шикояти апелляция инстанцияси суди томонидан кўрмасдан қолдирилганлигини, шикоятни судга такроран бериш учун апелляция инстанцияси ажримининг нусхасини олиши керак бўлганлигини билдириб, апелляция шикоятини бериш муддатини ўтказиб юборилганлигини узрли деб топиб, муддатни тиклаб беришни ва апелляция шикоятини кўриб чиқишни сўради.
Даъвогар вакили жавобгарнинг илтимосномасига эътироз билдириб, ИПК 262-моддасининг талабларидан келиб чиқиб, жавобгар томонидан апелляция шикоятини бериш муддати икки ойдан ортиқ муддатга ўтказиб юборилганлигини маълум қилиб, илтимосномани қаноатлантиришни рад этишни сўради.
Суд муҳокамаси вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинган бўлишларига қарамасдан, бугунги суд мажлисида учинчи шахсдан вакиллар иштирок этишмади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (матнда ИПК деб юритилади)нинг 274-моддасининг тўртинчи қисмига биноан апелляция инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган апелляция шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди.
Шунга кўра, судлов ҳайъати таркиби апелляция шикояти асосида суд ҳужжатининг қонунийлиги масаласини учинчи шахс иштирокисиз кўриб чиқиш мумкин деган хулосага келди.
Судлов ҳайъати таркиби апелляция шикоятини иш ҳужжатлари билан бирга ўрганиб чиқиб, тарафлар вакилининг тушунтиришларини эшитиб, қуйидагиларга асосан апелляция шикояти бўйича иш юритишни тугатишни, апелляция инстанция суди учун тўланган почта харажатини жавобгарнинг зиммасида қолдиришни лозим топди.
ИПК 262-моддасининг биринчи ва учинчи қисмларига мувофиқ, агар қонун ҳужжатларида бошқача муддат белгиланмаган бўлса, апелляция шикояти (протести) биринчи инстанция суди томонидан шикоят қилинаётган (протест келтирилаётган) ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин. Апелляция шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддати, шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича апелляция инстанцияси суди томонидан, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан икки ойдан кечиктирмасдан берилган ва апелляция шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкинлиги белгиланган. Мазкур модданинг олтинчи қисмига мувофиқ ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар, шунингдек суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган ишда иштирок этувчи шахслар учун ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган апелляция шикоятини бериш муддати уларга ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги маълум бўлган кундан эътиборан ҳисобланади.
Мазкур иш бўйича ҳал қилув қарори 2022 йил 6 декабрда қабул қилинган бўлиб, ушбу суд ҳужжати устидан апелляция шикояти 2023 йил 5 январда судга тақдим этилган. Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 1 февралдаги ажрими билан жавобгар номидан берилган апелляция шикояти имзоланмаганлиги боис ИПКнинг 272-моддасига асосан кўрмасдан қолдирилган.
Ажрим эълон қилинган суд мажлисида жавобгар вакили иштирок этган ва иш натижаси тўғрисида хабардор бўлган бўлса-да, апелляция шикояти судга такроран 2023 йил 10 февралда апелляция шикоятини бериш муддатини ўтказиб юборилган ҳолда тақдим этилган.
Мазкур ҳолатда апелляция шикояти беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш тўғрисида илтимосномани бериш мумкин бўлган қонунда белгиланган икки ойлик муддат ўтказилганлиги сабабли ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти бериш муддати тикланиши мумкин эмас. Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 16 февралдаги ажрими билан мазкур ҳолатлар инобатга олинмасдан, апелляция шикояти хатога йўл қўйилган ҳолда иш юритишга қабул қилинган.
ИПК 273-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мувофиқ апелляция шикояти (протести) ушбу Кодексга мувофиқ апелляция тартибида шикоят қилинмайдиган ажрим устидан берилган ва у апелляция инстанцияси суди томонидан хатога йўл қўйилиб, иш юритишга қабул қилинган бўлса, апелляция инстанцияси суди апелляция шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми «Судлар томонидан иқтисодий ишларни апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги 16-сонли қарорининг 7-бандига мувофиқ ИПК 262-моддаси учинчи қисмига кўра, апелляция шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилган тақдирда, у шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномасига кўра, апелляция инстанцияси суди томонидан тикланиши мумкин. Илтимосномада муддат ўтказиб юборилишининг сабаблари кўрсатилиши лозим. Бунда судга шикоят (протест) билан ўз вақтида мурожаат қилишга объектив равишда тўсқинлик қилган ҳолатлар узрли сабаблар деб ҳисобланиши мумкин.
ИПК 262-моддаси учинчи қисмида белгиланган икки ойлик муддат ўтказиб юборилганидан кейин берилган апелляция шикоятини (протестини) ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ҳақидаги илтимоснома рад этилиши, муддат бузилиб берилган апелляция шикоятини (протестини) қабул қилиш эса, рад этилиши лозим (ИПК 268-моддаси биринчи қисми 4-банди). Ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома мавжуд бўлмаганда ҳам шикоятни (протестни) қабул қилиш шу асослар бўйича рад этилади.
Агар апелляция шикояти (протести) қонунда белгиланган муддат ўтганидан кейин берилган ва у апелляция инстанцияси суди томонидан хатога йўл қўйилиб қабул қилинган бўлса, апелляция шикояти бўйича иш юритиш ИПК 273-моддаси биринчи қисми 1-бандига кўра, тугатилади.
Қайд этилганларга асосан, судлов ҳайъати апелляция инстанцияси судида жавобгарнинг апелляция шикояти бўйича иш юритишни тугатишни лозим топади.
Шунингдек, апелляция шикоятини қабул қилиш рад этилиши лозим бўлган ҳолатда суд томонидан нотўғри иш юритишга қабул қилинганлиги ҳамда шикоят мазмунан кўрилмаганлиги, шикоят тақдим қилишда жавобгар томонидан муқаддам берилган апелляция шикояти учун 2022 йил 4 январда 1 500 000 сўм тўлов амалга оширилганлиги тўғрисида тўлов топшириқномаси илова қилинганлиги, ушбу давлат божи суммаси эса апелляция инстанцияси судининг 2022 йил 1 февралдаги ажрими билан жавобгарнинг зиммасида қолдирилганлиги, жавобгар такроран шикоят билан мурожаат қилганда янгидан давлат божи тўловини амалга оширмаганлиги, апелляция шикоятини қабул қилиш рад этилиши лозим бўлган ҳолатда суд томонидан нотўғри иш юритишга қабул қилинганлиги ҳамда шикоят мазмунан кўрилмаганлиги боис, жавобгардан давлат божи суммасини ундирмасликни ва олдиндан тўлаб чиқилган 30 000 сўм почта харажатини инобатга олиб, зиммасида қолдиришни лозим топади.
Юқоридагиларга кўра ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 115, 118, 273-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати ажрим қилади:
К.З.Анинг апелляция шикояти беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш тўғрисида илтимосномасини қаноатлантириш рад этилсин.
Апелляция шикояти бўйича иш юритиш тугатилсин.
Апелляция шикоятини тақдим этишда тўланган 30 000 сўм почта харажати К.З.А зиммасида қолдирилсин.
Ажрим қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради. Апелляция инстанцияси суди ажрими қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кассация шикояти (протести) берилиши мумкин.
Раислик қилувчи Р. РАШИДОВ
ҳайъат аъзолари М. ЭРГАШЕВ
Ж. ХУСАИНОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 1 март,
4-1001-2205/50288-сон