ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДИНИНГ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
Қарори
4-1001-2218/40617-сонли иқтисодий иш
Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Р. Рашидовнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Ж. Хусаинов ва М. Эргашевдан иборат таркибда, судья катта ёрдамчиси О. Зайниеванинг котиблигида, даъвогарлар Ш. М ва Ш. Н. А нинг жавобгарлар «T S» МЧЖ ва «N C» МЧЖга нисбатан «T S» МЧЖ иштирокчиларининг 2020 йил 6 июлдаги умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қабул қилинган Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 2 февралдаги ҳал қилув қарори устидан Ш. М томонидан берилган апелляция шикояти бўйича ишни «T S» МЧЖ вакили Н. Ж (2021 йил 16 февралдаги 16/2-2021-сонли ишончнома асосида) иштирокида Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
«T S» МЧЖ (матнда МЧЖ ёки жамият деб юритилади) 1995 йил 30 мартда 3-000052-сонли реестр рақами билан рўйхатга олинган бўлиб, жамият устав фонди 90.029.634 сўмни ташкил этган. Жамият устав жамғармасидаги улушлар таъсисчилар ўртасида қуйидагича тақсимланган:
М. Ш — 77,6 фоиз;
Ф.М. Ш —– 22,4 фоиз.
2004 йил 13 августда жамият таъсисчиси Ш. Ф. М вафот этиши ҳамда Тошкент шаҳар Яккасарой туман 1-сонли Давлат нотариал идораси нотариуси Б. Т. З томонидан 2004 йил 21 декабрдаги қонун бўйича ворислик ҳақидаги гувоҳномага асосан Ш. Ф. М ҳиссаси (улуши) унинг ворислари отаси М. Ш, турмуш ўртоғи Н. Ш, фарзандлари Ф. Ш ва Ш. Нга ўтган.
Жамиятнинг 2017 йил 5 сентябрдаги янги таъсис шартномаси ва уставига асосан жамиятда устав жамғармасидаги улушлар таъсисчилар ўртасида қуйидагича тақсимланган:
М. Ш — 72.676.345 сўм ёки 80,72 фоиз;
Н. А. Ш — 17.353.289 сўм ёки 19,28 фоиз.
М. Ш ва А. Ш, шунингдек, Н. Ш ва А. Ш ўртасида 2020 йил 6 июлда МЧЖ устав жамғармасидаги улушни олди-сотди шартномалари тузилиб, жамият иштирокчиларининг 100 фоиз улушлари А. Шга сотилган.
Шунга кўра жамият иштирокчиларининг 2020 йил 6 июлдаги умумий йиғилиш қарорига кўра жамият таъсисчилари сафидан Ш. М ва Ш. Н. Ани чиқариш ҳамда жамият таъсисчилари сафига Ш. А. Ани киритиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Кейинчалик, жамият таъсисчиси А. Ш ва А. Ш ўртасида 2020 йил 20 ноябрда тузилган олди-сотди шартномасига асосан А. Шнинг жамият устав жамғармасидаги 100 фоизи улуши А. Шга ўтган.
Даъвогарлар Ш. М ва Ш. Н. А жавобгарлар «T S» МЧЖ раҳбари И. Ш ва «N C» МЧЖга нисбатан даъво аризаси билан судга мурожаат қилиб, Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг 2021 йил 21 октябрдаги ҳукми билан жавобгарларнинг ғайриқонуний қилмишлари учун жазо тайинланган бўлсада, бироқ улар бундан тегишли хулоса чиқармасдан 2020 йил 6 июлда МЧЖ иштирокчиларининг умумий йиғилиши бўлмаган бўлсада, шу сана билан кун тартибига жамият таъсисчилари, манзили ўзгараётганлиги ҳақида масалалар қўйилган йиғилиш баённомасини расмийлаштириб, мазкур баённомага даъвогарлар М. Ш ва Н. Шларнинг имзоларини ғайриқонуний равишда қўйишга эришиб, қонун ҳужжатларини бузган ҳолда низоли умумий йиғилиш қарори расмийлаштирилганлиги важлари билан «T S» МЧЖ иштирокчиларининг 2020 йил 6 июлдаги умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Суднинг 2023 йил 6 январдаги ажрими билан «T S» МЧЖ жавобгар сифатида ишда иштирок этиш учун жалб қилинган.
Суднинг 2023 йил 24 январдаги ажрими билан Ш. А. А низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида ишда иштирок этиш учун жалб қилинган.
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 2 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъво муддати қўлланилган ҳолда даъво талабини қаноатлантириш рад этилган.
Мазкур ҳал қилув қарори устидан норози бўлиб даъвогар М. Ш томонидан апелляция шикояти берилган ва шикоятда биринчи инстанция суди томонидан даъво аризасидаги важларга баҳо берилмаганлиги, даъвогарлар томонидан даъво муддати ўтказиб юборилмаганлиги ҳолати ёзма далиллар билан исботлаб берилганлиги, даъвогарлар низоли умумий йиғилиш қарори ҳақида 2022 йилнинг июль ойи охирларида адвокати 4-1001-2104/23116-сонли иш билан танишганидан сўнг хабардор бўлганлиги, биринчи инстанция суди томонидан иш «N C» МЧЖ, «T S» МЧЖнинг ҳозирги пайтдаги ягона таъсисчиси Ш. А. А ва Ш. А. Алар иштирокисиз кўриб чиқилганлиги, шунингдек суд томонидан даъвогарларнинг ишга Ш. Ф. Ф ўғли ва Ш. Н. Ф қизини учинчи шахс сифатида ишда иштирок этиш учун жалб қилиш ҳақидаги илтимосномаси асоссиз рад этилганлиги, 2004 йил 13 августда жамият таъсисчиси Ф. Шнинг вафот этиши ва Тошкент шаҳар Яккасарой тумани 1-сонли давлат нотариал идораси нотариуси Б. З томонидан 2004 йил 21 декабрда берилган қонун бўйича ворислик ҳақидаги гувоҳномага асосан Ф. Шнинг ҳиссаси унинг ворислари отаси М. Ш, турмуш ўртоғи Н. Ш, фарзандлари 1997 йил 12 октябрда туғилган Ф. Ш ва 1999 йил 8 октябрда туғилган Н. Шга ўтганлиги, улар вояга етмаганлиги сабабли жамиятдаги улушлар бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари онаси Н. Ш томонидан бажариб келинганлиги, низоли умумий йиғилиш қарори расмийлаштирилган 2020 йил 6 июлда улар вояга етган бўлганлиги маълум қилиниб, ҳал қилув қарорини бекор қилиш, даъво талабини қаноатлантириш ва жавобгарнинг даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги аризасини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилиш сўралган.
Даъвогарлар М. Ш ва Н. Ш, учинчи шахс А. Ш бугунги суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда гибрид почта тизими орқали хабардор этилган бўлишсада, суд мажлисида иштирок этишмади. Шунингдек, жавобгар «N C» МЧЖга юборилган бугунги суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисидаги суднинг ажрими бўйича почта алоқаси ходимлари томонидан гибрид почта тизимига «берилган манзил бўйича ташкилот топилмади» қайди киритилган. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан кейин матнда ИПК деб юритилади) 274-моддасининг тўртинчи қисмига асосан, апелляция инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган апелляция шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шу сабабли судлов ҳайъати ишни даъвогарлар М. Ш ва Н. Ш, учинчи шахс А. Ш, жавобгар «N C» МЧЖ вакиллари иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топди.
Суд мажлисида иштирок этган «T S» МЧЖ вакили апелляция шикоятига нисбатан эътироз билдириб, биринчи инстанция суди томонидан қонуний ва адолатли қарор қабул қилинганлиги, даъвогарлар томонидан икки ойлик махсус даъво муддати ўтказиб юборилган ҳолда судга даъво аризаси киритилганлиги ўз тасдиғини топганлигини маълум қилиб, апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этишни сўради.
Судлов ҳайъати суд мажлисида иштирок этган жавобгар вакилининг тушунтиришларини тинглаб, апелляция шикоятини иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан апелляция шикоятини қисман қаноатлантиришни, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.
Аниқланишича, «T S» МЧЖнинг 2021 йилдаги устави ҳамда «stat.uz» сайтидан олинган маълумотга кўра, жамиятнинг бугунги кундаги ягона таъсисчиси 100 фоиз улуш билан Ш. А. А ҳисобланади.
Бироқ, биринчи инстанция суди томонидан жамиятнинг бугунги кундаги ягона таъсисчиси А. Ш ҳисоблансада, уни ишда иштирок этишга жалб қилмасдан ҳал қилув қарори қабул қилинган. Ваҳоланки, низо ишда иштирок этишга жалб қилинмаган А. Шнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир қилади.
Шунингдек, 2004 йил 13 августда жамият таъсисчиси Ф. Шнинг вафот этиши ва Тошкент шаҳар Яккасарой тумани 1-сонли давлат нотариал идораси нотариуси Б. З томонидан 2004 йил 21 декабрда берилган қонун бўйича ворислик ҳақидаги гувоҳномага асосан Ф. Шнинг ҳиссаси унинг ворислари отаси М. Ш, турмуш ўртоғи Н. Ш, фарзандлари 1997 йил 12 октябрда туғилган Ф. Ш ва 1999 йил 8 октябрда туғилган Н. Шга ўтганлиги, улар вояга етмаганлиги сабабли жамиятдаги улушлар бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари онаси Н. Ш томонидан бажариб келинганлиги, низоли умумий йиғилиш қарори расмийлаштирилган 2020 йил 6 июлда улар вояга етган бўлганлиги сабабли ишни кўриб чиқишда Ш. Ф. Ф ўғли ва Ш. Н. Ф қизи ишда иштирок этиш учун жалб қилиниши лозим бўлган.
ИПК 279-моддаси тўртинчи қисмининг 4-бандида ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ҳар қандай ҳолда бекор қилиш учун асос бўлиши, ушбу Кодекснинг 278-моддасида эса апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ушбу Кодекс 279-моддаси тўртинчи қисмининг 4-бандида назарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун юборишга ҳақли эканлиги назарда тутилган.
ИПКнинг 274-моддасида апелляция инстанцияси судида фақат биринчи инстанция судида ишни кўриш учун белгиланган қоидалар қўлланилмаслиги назарда тутилганлиги боис, апелляция инстанцияси судида ишга бошқа шахсларни жалб этишнинг имкони мавжуд эмас.
Юқоридагиларга асосан, судлов ҳайъати биринчи инстанция суди томонидан ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган деб ҳисоблаб, апелляция шикоятини қисман қаноатлантириб, ҳал қилув қарорини бекор қилишни ва ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.
Ишни янгидан кўришда биринчи инстанция суди юқорида қайд этилган ҳолатларга тўлиқ ҳуқуқий баҳо бериб, иш бўйича манфаатдор шахсларни, хусусан «T S» МЧЖнинг бугунги кундаги ягона таъсисчиси Ш. А. Ани жавобгар сифатида, шунингдек Ш. Ф. Ф ўғли ва Ш. Н. Ф қизини ишда иштирок этишга жалб қилиб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларига риоя қилган ҳолда асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиши, суд харажатлари, шу жумладан ишни апелляция инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ харажатларни ИПК 114-моддаси биринчи қисмининг 4-банди ва 118-моддасига асосан ундириши лозим.
Бинобарин, ИПКнинг 278 — 280-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қарор қилди:
Шарипов Муратнинг апелляция шикояти қисман қаноатлантирилсин.
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 2 февралдаги ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун Тошкент туманлараро иқтисодий судига юборилсин.
Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Мазкур қарор устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига бир йил ичида кассация шикояти берилиши (протест келтирилиши) мумкин.
Раислик қилувчи Р. РАШИДОВ
ҳайъат аъзолари Ж. ХУСАИНОВ
М. ЭРГАШЕВ
Тошкент ш.,
2023 йил 23 март,
4-1001-2218/40617-сон