Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ёшлар масалалари бўйича комиссиясининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ёшлар масалалари бўйича комиссиясининг (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, ҳисобот даврида ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш борасида Комиссия томонидан муайян ишлар амалга оширилган.
Хусусан, Комиссия томонидан Қонунчилик палатасида ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган 30 дан ортиқ қонун лойиҳасини кўриб чиқиш жараёнида 50 дан ортиқ таклиф тақдим этилган бўлиб, улар тегишли қонун лойиҳаларини маромига етказишда инобатга олинган. Жумладан, мазкур таклифлар «Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги, «Солиқ ва божхона қонунчилиги, шунингдек, солиқ ва божхона имтиёзларининг қўлланилишини такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига волонтёрлик фаолияти соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаларида ўз аксини топган.
Шунингдек Комиссия томонидан конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ёшларга етказиш, улар ўртасида «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг муҳокамасини ташкил этиш мақсадида туркум давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилган.
Ҳисобот даврида Комиссия томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари билан яқин ҳамкорликда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ишларнинг боришини ўрганиб, таҳлил қилиш мақсадида 9 марта назорат-таҳлил тадбири ўтказилган.
Жумладан, «Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси доирасида таълим тизимида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати Андижон ва Жиззах вилоятларидаги олий таълим муассасалари мисолида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 апрелдаги «Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-5088-сонли Қарорининг ижро этилиши Жиззах ва Сурхондарё вилоятлари мисолида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6108-сонли Фармонининг ижро этилиши Сурхондарё вилояти мисолида ўрганилган.
Ушбу ўрганишларнинг якунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари, масъул вазирликлар ва идоралар раҳбарлари иштирокида муҳокама этилиб, тегишли таклифлар ишлаб чиқилган.
Шунингдек ўтган даврда Комиссия томонидан ҳудудларда «Ёшлар дафтари»га киритилган ишсиз ёшларнинг муаммоларини ўрганиш, таҳлил қилиш ва ўз вақтида ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида очиқ мулоқотларни ташкил этиш амалиёти йўлга қўйилган.
Ҳисобот йилида Комиссиянинг мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, жами 24 та тадбир, шу жумладан, 11 та давра суҳбати, 4 та конференция ва семинар ҳамда 9 та бошқа тадбир ўтказилган.
Хусусан, «Конституциявий ислоҳотлар инсон қадри учун», «Ёшлар — тараққиётимиз таянчи», «Ёш парламентарийлар — Ҳамдўстлик келажагига назар» деган мавзуларда ўтказилган тадбирларда давлат ва жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалалар бевосита ёшлар иштирокида муҳокама қилинган.
Комиссия томонидан халқаро парламентаризм борасида тажриба алмашиш, хорижий давлатлар парламентларининг ёшлар тузилмалари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, Комиссия аъзолари Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган форумда, Қозоғистон Республикасида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар Парламент ассамблеясининг Ёш парламентарийлар гуруҳининг учрашувида, МДҲ Ёшлар парламентлараро ассамблеяси йиғилишида, Польшанинг Варшава шаҳрида ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси томонидан ташкил этилган ўқув курсларида фаол иштирок этган.
Комиссия фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Комиссия томонидан амалга оширилган ишлар, ўтказилган тадбирлар ҳақида жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилиб бориш мақсадида оммавий ахборот воситаларида 900 дан зиёд чиқишлар қилинган.
Шу билан бирга Комиссиянинг ўтган даврдаги фаолияти таҳлили ҳали ечилиши лозим бўлган айрим масалаларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, олий ўқув юртларида сўнгги босқичда таҳсил олаётган талабаларни ҳамда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб келган ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳолатини ўрганиш чораларини кўриш зарур.
2023 йил «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да ёшларни замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши учун муносиб шароитлар яратиш учун таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқиш, ёшлар ташкилотлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга.
Комиссия ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг ёшлар масалаларига оид қонун лойиҳаларини такомиллаштириш борасидаги иштирокини янада кенгайтириш зарур.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш ва бунда сиёсий партиялар билан яқин ҳамкорликни кучайтириш лозим.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ёшлар масалалари бўйича комиссиясининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси (М. Валиев):
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталар билан ҳамкорликни янада кучайтириш;
ёшларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ишбилармонлик кўникмаларини ривожлантириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этишга кўмаклашиш мақсадида ёшлар иштирокида муҳокамаларни ўтказиб бориш ҳамда муҳокамалар якунлари бўйича тегишли таклифларни ишлаб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ҳамда тегишли қўмиталарга киритиш;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталарининг ёшлар масалаларига оид қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган мажлисларида Комиссия аъзоларининг фаол иштирокини таъминлаш ҳамда қонун лойиҳаларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
олий ўқув юртларида сўнгги босқичда таҳсил олаётган талабаларни ҳамда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб келган ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳолатини назорат-таҳлил тадбирлари доирасида ўрганиш ҳамда ёшлар ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш чораларини кўриш;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти фаолиятини мувофиқлаштириб бориш бўйича фаолият самарадорлигини янада ошириш чораларини кўрсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталарига ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор масалалар юзасидан қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти ҳамда бошқа шаклдаги тадбирларда Комиссия аъзоларининг иштирокини таъминлаш тавсия этилсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари О. Тожиев зиммасига юклатилсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 7 февраль,
2945-IV-сон