Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Истеъмолчиларни автобензин маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашда қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Республика истеъмолчиларининг нефть маҳсулотларига бўлган талабини қондириш ҳамда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида:
1. Энергетика вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг 2023 йил 1 мартдан 2023 йил 31 декабрга қадар импорт қилинадиган, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган ва тадбиркорлик субъектлари томонидан якуний истеъмолчиларга сотиладиган АИ-80 русумли автобензин маҳсулоти учун, истисно тариқасида, акциз солиғини «ноль» ставкада қўллаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 декабрдаги «Куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни автобензин маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва уларнинг нархлари кескин ошишининг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-440-сон қарори 1-бандидаги «2023 йил 1 мартга қадар» сўзлари «2023 йил 31 декабрга қадар» сўзлари билан алмаштирилсин.
3. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2023 йил 28 февраль,
ПҚ-80-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.03.2023 й., 07/23/80/0122-сон)