Ўзбекистон Республикаси Олий судининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Ш. Махмудовнинг раислигида, судьялар Р. Хайдаров ва А. Абдуллаевдан иборат таркибда, А. Бахшуллоевнинг котиблигида, масъулияти чекланган жамияти шаклидаги «E D C» қўшма корхонаси таъсисчиси Ж.С, масъулияти чекланган жамияти шаклидаги «E D C» қўшма корхонаси таъсисчиси R.E, таъсисчилар R.E ва F.Sвакили Д.Ю (2022 йил 14 ноябрдаги ордерга асосан), масъулияти чекланган жамияти шаклидаги «E D C» қўшма корхонаси вакили У.Х (2022 йил 16 ноябрдаги 1156/22-сонли ишончномага асосан) масъулияти чекланган жамияти шаклидаги «E D C» қўшма корхонаси таъсисчиси E.R.Eнинг С.Ж.Эни масъулияти чекланган жамияти шаклидаги «E D C» қўшма корхонаси таъсисчилари сафидан чиқариш тўғрисидаги даъво аризаси юзасидан юритилган иш бўйича қабул қилинган Хоразм вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 18 ноябрдаги ҳал қилув қарори устидан масъулияти чекланган жамияти шаклидаги «E D C» қўшма корхонаси таъсисчиси С.Ж.Э томонидан берилган апелляция шикоятини иш ҳужжатлари билан бирга Олий суд биносида видеоконференцалоқа режимида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
масъулияти чекланган жамияти шаклидаги «E D C» қўшма корхонаси (бундан буён матнда МЧЖ деб юритилади) таъсисчиси E.R.E (Эрон Ислом Республикаси резиденти, бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, С.Ж.Эни (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) МЧЖ таъсисчилари сафидан чиқаришни сўраган.
Хоразм вилоят судининг 2022 йил 25 октябрдаги ажрими билан ишга МЧЖ, МЧЖ таъсисчилари N.A.Н, S.F.M, S.N.A, Ch.M.G (Эрон Ислом Республикаси резидентлари) ва Урганч шаҳар Давлат хизматлари маркази низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб этилган.
Биринчи инстанция судининг 2022 йил 18 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби қаноатлантирилган. Жавобгар МЧЖ таъсисчилари сафидан чиқарилган.
Жавобгарнинг апелляция шикоятида суд томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар ўрганилмаганлиги, ишдаги мавжуд ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо берилмаганлиги, жавобгар МЧЖ устав фондидаги улушини шакллантирганлиги, даъвогар эса МЧЖ устав фондидаги улушини тўлиқ шакллантирмаганлиги, таъсисчи Ch.M.G 15 000 АҚШ доллари олмаганлиги, пул олганлигини тасдиқловчи бирон бир далил йўқлиги, МЧЖ йиғилишларида қарши овоз берилганлиги қисман тўғрилиги, чунки, «Х й қ», «Ж й қ» МЧЖларнинг қарзлари кўплиги сабабли уларга асфальт сотишга рози бўлмаганлиги ҳақида важлар келтирилиб, ҳал қилув қарорини апелляция тартибида кўриш сўралган.
Суд муҳокамасида учинчи шахслардан (МЧЖ ва МЧЖ таъсисчиси S.F.M вакилидан ташқари) вакил иштирок этмади, бироқ иш ҳужжатларида уларнинг суд мажлиси муҳокамасининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тартибда хабардор қилинганлигини тасдиқловчи далил мавжуд, улардан вакилнинг суд мажлисида иштирок этмаслиги эса ишни кўришга тўсқинлик қилмайди.
Суд муҳокамасида иштирок этган МЧЖ таъсисчиси Ж.С ўз тушунтиришида кассация шикоятида келтирилган важларни қувватлаб, ҳал қилув қарорини бекор қилишни сўради.
Суд муҳокамасида иштирок этган МЧЖ, МЧЖ таъсисчилари R.E ва F.S вакиллари ўз тушунтиришларида кассация шикоятида келтирилган важларга эътироз билдириб, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни сўрадилар.
Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахслар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, апелляция шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра апелляция шикоятини қаноатлантиришни, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилишни лозим топади.
Аниқланишича, МЧЖ тадбиркорлик субъекти сифатида Хоразм вилояти, Урганч шаҳар давлат хизматлари маркази томонидан 2020 йил 3 февралда 809078-рақам билан рўйхатга олинган бўлиб, МЧЖнинг ташкил этилиши ва фаолиятини амалга ошириши учун таъсисчилар 4 000 000 000 сўм миқдорида устав фонди шакллантирилиши белгиланган, устав фонди таъсисчилар ўртасида қуйидагича, яъни С.Ж.Э — (3,75%) 150 000 000 сўм, N.A.Н — (25,00%) 1 000 000 000 сўм, S.F.M — (15,62%) 625 000 000 сўм, S.N.A — (40,00%) 1 600 000 000 сўм, E.R.E — (15,62%) 625 000 000 сўм миқдорида тақсимланган.
2020 йил 18 ноябрда қайта давлат рўйхатидан ўтказилган МЧЖ устав фондидаги улушлари қуйидагича, яъни С.Ж.Э — (3,00%) 120 000 000 сўм, N.A.Н — (14,00%) 560 000 000 сўм, S.F.M — (12,50%) 500 000 000 сўм, S.N.A — (40,00%) 1 600 000 000 сўм, E.R.E — (12,50%) 500 000 000 сўм, Ch.M.G — (18,00%) 720 000 000 сўм миқдорида тақсимланган.
«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 8-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ жами улушлари жамият устав фондининг (устав капиталининг) камида ўн фоизини ташкил этадиган жамият иштирокчилари ўз мажбуриятларини қўпол бузаётган ёхуд ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан жамиятнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётган ёки уни жиддий тарзда қийинлаштираётган иштирокчини жамиятдан суд тартибида чиқарилишини талаб қилишга ҳақлидирлар.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг «Иқтисодий судлар томонидан корпоратив низоларни ҳал этишнинг айрим масалалари айрим масалалари тўғрисида» 2014 йил 20 июндаги 262-сонли қарорининг 19-бандида «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 8-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ иштирокчини жамиятдан чиқариш талаби билан судга фақат жами улушлари жамият устав фонди (устав капитали)нинг камида ўн фоизини ташкил этадиган жамият иштирокчилари мурожаат қилишлари мумкинлиги, бунда, жами улушлари жамият устав фонди (устав капитали)нинг камида ўн фоизини ташкил этадиган битта иштирокчи ҳам, жами улушлари жамият устав фонди (устав капитали)нинг камида ўн фоизини ташкил этадиган бир нечта иштирокчи ҳам бундай талаб билан судга мурожаат қилиши мумкинлиги, бир нечта иштирокчи судга мурожаат қилганда даъво аризаси ушбу иштирокчиларнинг барчаси ёки уларнинг вакили (вакиллари) томонидан имзоланган бўлиши кераклиги, бунда даъвогар (даъвогарлар) улушининг миқдори белгиланган тартибда тасдиқланган таъсис ҳужжатлари асосида аниқланиши, агар даъвогар иштирокчининг улуши ёки бир нечта иштирокчиларнинг жами улушлари жамият устав фонди (устав капитали)нинг ўн фоизидан кам бўлса ёхуд даъво аризаси жамиятнинг ўзи томонидан берилган бўлса, даъво аризасини қаноатлантириш рад этилиши лозимлиги, ушбу тоифадаги ишларни кўришда жавобгар ўз мажбуриятларини қўпол бузаётганлиги, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан жамиятнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётганлиги ёки уни жиддий тарзда қийинлаштираётганлиги ҳолатлари мавжудлигини аниқлаш лозимлиги ҳақида тушунтириш берилган.
Даъво аризасида МЧЖ таъсисчиси Ж.Сни МЧЖ таъсисчилари сафидан чиқариш учун у томонидан МЧЖ устав фондига улуши киритилмаганлиги, 2020 йилда бутун дунёда пандемия сабаб ўрнатилган карантин чекловлари сабабли Ўзбекистон Республикасига кела олмаган МЧЖ таъсисчиси Ch.M.G ўзининг устав фондидаги улушини киритиш учун банкка топшириш шарти билан Эрон Ислом Республикасидан Ж.Сга юборилган 15 000 АҚШ долларини (шу даврдаги курс бўйича 152 700 000 сўм) банкка унинг номидан топширмасдан, ўзининг номидан топширганлиги, Ж.С МЧЖ директори ўринбосари лавозимида ишлаган даврда МЧЖ директори ва таъсисчиларнинг розилигисиз ўзининг имзоси билан 2021 йил 14 декабрда Дубай шаҳридаги «C T F» компаниясига 43 200 АҚШ доллари ўтказганлиги, ушбу ўтказилган маблағ эвазига 25 тонна сифатсиз битум маҳсулоти етказиб берилганлиги, 25 077 АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар бугунги кунга қадар етказилмаганлиги натижасида солиқ идоралари томонидан МЧЖга нисбатан молиявий жарима қўлланилганлиги, МЧЖ умумий йиғилишларида сабабсиз қатнашмаётганлиги, йиғилиш кун тартибидаги масалалар юзасидан доимо қарши овоз бериб келаётганлиги асос сифатида кўрсатилган.
Биринчи инстанция суди ишдаги мавжуд ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо бермасдан, иш учун аҳамиятли ҳолатларни ўрганмасдан, даъво талабини қаноатлантириш ҳақида, нотўғри хулосага келган.
Чунки, МЧЖ таъсисчиси Ch.M.G ўзининг устав фондидаги улушини киритиш учун банкка топшириш шарти билан Эрон Ислом Республикасидан юборилган 15 000 АҚШ долларини Ж.С ўз манфаатида ишлатганлиги юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилинмаган, Дубай шаҳридаги «C T F» компанияси билан МЧЖ номидан МЧЖ директори ва таъсисчиларнинг розилигисиз 2021 йил 11 декабрда тузилган CT-MTSB-021/12-21-сонли импорт шартномаси ва ушбу шартнома натижасида МЧЖга зарар етказилганлиги ҳолати низолашилмаган, Ж.Снинг МЧЖ таъсисчилари умумий йиғилишида иштирок этмаганлиги, иштирок этган тақдирда уни имзоламаганлиги ва имзолапдан бош тортганлиги Ж.Сни МЧЖ таъсисчилари сафидан чиқариш учун асос бўлиши, Ж.С МЧЖнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётганлиги ёки уни жиддий тарзда қийинлаштираётганлиги исботланмаган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 68-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.
Мазкур ҳолатда, биринчи инстанция суди МЧЖ таъсисчиси Ж.Сни МЧЖ таъсисчилари сафидан чиқариш учун асос бўлган ҳолатлар тегишли далиллар билан исботланмаганлигини инобатга олиб, даъво талабини қаноатлантиришни рад этиши лозим эди.
ИПК 278-моддасининг 2-бандига кўра апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги қарор қабул қилишга ҳақли.
ИПК 118-моддасининг биринчи ва тўққизинчи қисмларига мувофиқ суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг апелляция, кассация шикояти бериш билан боғлиқ ҳолда қилган суд харажатлари ушбу моддада баён этилган қоидаларга мувофиқ тақсимланади.
Бундай ҳолатда судлов ҳайъати, апелляция шикоятини қаноатлантиришни, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилишни, ишни биринчи инстанция судида кўриш учун олдиндан тўланган 3 000 000 сўм давлат божи ва 24 000 сўм почта харажатини даъвогар зиммасида қолдиришни, ишни апелляция инстанцияси судида кўриш учун олдиндан тўланган 1 500 000 сўм давлат божи ва 30 000 сўм почта харажатини жавобгардан даъвогар фойдасига ундиришни, шунингдек суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ 75 000 сўм почта харажатини даъвогар зиммасига юклашни лозим топади.
Баён этилганларга асосан, ИПКнинг 118, 278, 279-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қарор қилади:
Ушбу иш бўйича қабул қилинган Хоразм вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 18 ноябрдаги ҳал қилув қарори бекор қилинсин.
Янги қарор қабул қилинсин.
Масъулияти чекланган жамияти шаклидаги «E D C» қўшма корхонаси таъсисчиси E.R.Eнинг С.Ж.Эни масъулияти чекланган жамияти шаклидаги «E D C» қўшма корхонаси таъсисчилари сафидан чиқариш ҳақидаги даъво талабини қаноатлантириш рад этилсин.
Масъулияти чекланган жамияти шаклидаги «E D C» қўшма корхонаси таъсисчиси E.R.Eдан масъулияти чекланган жамияти шаклидаги «E D C» қўшма корхонаси таъсисчиси С.Ж.Э фойдасига 1 500 000 сўм давлат божи ва 30 000 сўм почта харажати ундирилсин.
Масъулияти чекланган жамияти шаклидаги «E D C» қўшма корхонаси таъсисчиси E.R.Eдан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг депозит ҳисоб рақамига суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ 75 000 сўм суд харажати ундирилсин.
Ижро варақалари берилсин.
Иш бўйича 2023 йил 4 январда берилган ижро варақаси бўйича ундирув бекор қилинсин.
Апелляция шикояти қаноатлантирилсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида кассация шикояти (протести) берилиши мумкин.
Раислик қилувчи Ш. МАХМУДОВ
ҳайъат аъзолари Р. ХАЙДАРОВ
А. АБДУЛЛАЕВ
А. АБДУЛЛАЕВ
Тошкент ш.,
2023 йил 14 февраль,
4-22-2205/40-сон