Навоий вилоят судининг
Қарори
4-2102-2201/479-сонли иқтисодий иш
Навоий вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Т. Абдрамановнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Л. Тошмуродов ва Т. Қаҳҳоровлардан иборат таркибда, судья катта ёрдамчиси А. Яркуловнинг суд мажлиси котиблигида, ишда иштирок этувчи шахслар даъвогар _______________________ МЧЖ иштирокчиси ______________, ______________ (ишончномага асосан), жавобгарлар ________________________ МЧЖ иштирокчиси _______________, ____________________ МЧЖ раҳбари __________ хамда ______________________ МЧЖ собиқ иштирокчиси, жамият таъсисчиси ___________ иштирокида, Навбаҳор туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 18 ноябрь кунидаги ҳал қилув қарори устидан даъвогар _________________________ томонидан келтирилган апелляция шикоятини, Навоий вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати биносида ўтказилган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
______________________________ хусусий корхонасининг 02.02.2017 йилдаги қарорига асосан корхонанинг ташкилий ҳуқуқий шакли ўзгартирилиб, _______________________________ МЧЖ (кейинги ўринларда жамият деб номланади) га айлантирилган.
Жамият таъсисчилари ўртасида тузилган таъсис шартномаси ва тасдиқланган уставига асосан жамиятнинг устав фонди 14.323.000 сўм белгиланилиб, таъсисчилар ўртасида қуйидагича тақсимланган: __________ни улуши 50 % ёки 7.161.500 сўм, __________ни улуши 25 % ёки 3.850.750 сўм, __________ни улуши 25% ёки 3.580.750 сўм ташкил этган.
Жамият таъсисчилари томонидан тузилган таъсис шартномаси ва тасдиқланган устави 2017 йилнинг 6 февраль кунида 02-сон билан Зарафшон шаҳар «Ягона дарча» марказида давлат рўйхатидан ўтказилган.
Жамиятнинг уставига киритилган ўзгартиришларга кўра жамият иштирокчилари ва уларнинг устав фондидаги улушлари ўзгарган. Устав фондида __________нинг улуши 1 % ёки 143.230 сўм, _________ни улуши 39 % ёки 5.585.970 сўм, янги иштирокчи ____________ни улуши 60 % ёки 8.593.800 сўмни ташкил этган. Жамиятнинг уставига киритилган мазкур ўзгартиришлар 2017 йилнинг 26 декабрь кунида 204-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган.
Жамият таъсисчиларининг 2018 йил 15 сентябрь кунида ўтказилган умумий йиғилиш қарорига кўра _________ жамият устав фондидаги 1 % улушини жамиятнинг иккинчи иштирокчиси _________ фойдасига текинга воз кечганлиги сабабли, жамият иштирокчилари ва уларнинг устав фондидаги улушлари ўзгарган. Устав фондида _________ни улуши 39 % ёки 5.585.970 сўм, _________ни улуши 61 % ёки 8.737.030 сўмни ташкил этган. Жамиятнинг уставига киритилган мазкур ўзгартиришлар 2019 йилнинг 19 сентябрь кунида 104173-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган.
Жамият иштирокчиларининг 2021 йил 27 ноябрь кунида ўтказилган навбатдан ташқари умумий йиғилишида қўйидаги масалалар кўриб чиқилиб, улар бўйича қарор қабул қилинган.
1. Таъсисчилар умумий йиғилишининг баённомасини қолган иштирокчилар номидан расмийлаштирилгандан сўнг имзолаш мақсадида, йиғилиш раиси ва котибини сайлаш орқали таъсисчилар умумий йиғилишини ўтказиш тартибини тасдиқлаш;
2. Ўз.Р. ИИВ ҳузуридаги тергов департаменти Бухоро вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси Ғиждувон туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлимининг «Жиноятларнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларини бартараф қилиш тўғрисида»ги 11.11.2021 йилдаги 36/2755-сонли Тақдимномасида тергов якунига кўра аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича келтирилган тафсилотларни ва келажакда бартараф этилиши лозим бўлган қонун бузилишлари бўйича талабларни батафсил муҳокама қилиб, шу жумладан тегишли ташкилий масалаларни қонуний ечимини таъминлаш ва сўзсиз ижрога қабул қилиш;
3. Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман судининг 10.10.2021 йилги ажримига кўра жамиятга вақтинча тайинланган директор _________га нисбатан «Қамоққа олиш эҳтиёт чораси» қўлланилганлигидан ва мазкур жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатларининг _________га нисбатан тугатилганлиги инобатга олиб, жамиятнинг тўхтаб қолган молия-хўжалик қурилиш-монтаж ишлари бўйича соғлом фаолиятини тиклаш заруриятидан келиб чиқиб, жамият вақтинча директори ___________нинг эгаллаб турган лавозимидан четлаштириш ва жамият асосий таъсисчиси ва мулкдори ___________ номзодини муҳокама қилиш ва жамият директорлигига сайлаш. Хизмат кўрсатувчи банкка янги сайланган жамият директорининг имзо намуналарини тақдим этиш тўғрисида мурожаат тайёрлаш;
4. Жамият томонидан белгиланган муддатдан анча кечиктириб ва суст бўлсада олиб борилаётган, аммо 2021 йил июнь ойларидан тўхтаб қолган, уй-жойларни барпо этиш бўйича қурилиш-монтаж ишларини тиклаш, зарур товар-моддий бойликларни харид қилиш, жамиятнинг тўлақонли фаолиятини таъминлаш учун жамият барча ҳисоб рақамларидан кундалик харажат(чиқим)ларни молиялаштириш билан боғлиқ амалиёт қисмини фаолиятини тиклаш мақсадида АТИБ «Ипотека банк» Зарафшон филиалига жамиятнинг янги намунадаги муҳри ва янги тайинланган директорининг имзо намуналарини тақдим этиш.
Жамиятнинг мазкур йиғилиш қароридан норози бўлган __________ (кейинги ўринларда даъвогар деб номланади) жавобгарлар жамият ва жамият иштирокчиси __________ (кейинги ўринларда жавобгар деб номланади)га нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жамият таъсисчиларининг 2021 йил 27 ноябрдаги навбатдан ташқари умумий йиғилиш қарорини бекор қилишни сўраган.
Даъвогар суд муҳокамаси жараёнида даъво предметига ўзгартириш киритиб, жамият таъсисчиларининг умумий йиғилиш қарорини бекор қилиш талабидан мазкур йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топиш талабига ўзгартирган.
Суд томонидан даъвогарнинг даъво предметига киритган ўзгартиришлари иш юритишга қабул қилинган.
Навбаҳор туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 18 ноябрь кунидаги ҳал қилув қарорига асосан даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантириш рад этилган.
Бундан норози бўлган даъвогар апелляция шикояти бериб, суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиб даъво талабини қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилишни сўраган.
Суд муҳокамасида даъвогар апелляция шикоятини қўллаб-қувватлаб, жамият иштирокчиларининг 2021 йил 27 ноябрдаги навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказилиши тўғрисида хабардор бўлмаганлиги, мазкур йиғилиш ўтказилган вақтида суднинг ажримига асосан ўзига нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилганлиги, Навоий вилоят жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 10 август кунидаги ажримига асосан суд залидан озод этилганлиги. Жавобгар даъвогарни қамоқда эканлигини била туриб, навбатдан ташқари йиғилиш ўтказиш тўғрисида лозим даражада хабардор этмаганлиги, даъвогар томонидан йиғилиш ўтказиш тўғрисидаги хабарномалар ҳам унинг манзилига бормаганлиги, бундай вазиятда даъво муддатини ўтказиб юборилган дейишга асослар мавжуд эмаслиги, жамият таъсисчиларининг 2021 йил 27 ноябрда ўтказилган навбатдан ташқари умумий йиғилиши қонун талабларига зид ҳолда ўтказилганлиги, бу ҳолатлар маъмурий суднинг ҳамда фуқаролик ишлари бўйича суднинг қарорлари билан ҳам ўз тасдиғини топганлиги сабабли апелляция шикоятини қаноатлантириб, суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилишни сўради.
Суд муҳокамасида жавобгар апелляция шикоятида келтирилган важларга эътироз билдириб, даъвогар директор лавозимидан озод этилганлиги ҳақида жиноят иши давомида суд терговларини ўтказиш жараёнларида хабардор бўлганлиги ва мазкур вақтда жамият умумий йиғилиш қарори устидан шикоят қилиш учун ҳеч қандай тўсиқ бўлмаганлиги, даъво муддатини узрсиз сабабларга кўра ўтказиб юборилганлиги мазкур ҳолатлар суднинг ҳал қилув қарорида ҳам асослаб берилганлиги, апелляция шикоятида келтирилган важлар асоссиз эканлиги сабабли, суднинг ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдиришни, апелляция шикоятини қанаоатлантиришни рад этишни сўради.
Суд муҳокамасида қатнашган жамиятнинг собиқ иштирокчиси Ф.Сафаров ўзига тегишли улушни _________га ўтказиб бергандан сўнг жамият фаолиятидан хабардор эмаслиги, ҳозирда ўзи алоҳида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётганлиги баён этди.
Судлов ҳайъати, ишда иштироки этувчи шахслар вакиллари фикрларини эшитиб, иш ҳужжатларини ўрганиб ва шикоят важларини муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра апелляция шикоятини қисман қаноатлантириб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни биринчи инстанция судида янгидан кўриб чиқиш учун юборишни лозим топади.
Аниқланишича, жамият иштирокчиси __________ни жамият устав фондидаги 1 % улушини текинга жамиятнинг иккинчи таъсисчиси __________га ўтказиш ва шундан келиб чиққан ҳолда жамият устав фондини таъсисчилар ўртасида қайта тақсимлаш ва бошқа масалаларни кўриб чиқиш билан боғлиқ жамиятнинг 2018 йил 15 сентябрь кунида ўтказилган умумий йиғилиш қарори қонуний кучда бўлган Навоий вилоят иқтисодий судининг 4-2102-1804/301 сонли иши бўйича 2018 йилнинг 9 ноябрь кунидаги ҳал қилув қарорига кўра ҳақиқий эмас деб топилган.
Суднинг мазкур ҳал қилув қарорига асосан жамиятнинг уставига тегишли ўзгартиришлар киритилиб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмасдан __________ни жамиятдаги 1% улуш билан унинг иштирокчилик мақоми тикланмаган бўлсада, таъсисчилар томонидан тузилиб, 2017 йилнинг 6-февраль кунида 025-сон билан рўйхатдан ўтказилган таъсис шартномаси бўйича __________ни жамият таъсисчиси (муассиси) сифатида ҳуқуқ ва мажбуриятлари сақланиб қолган.
«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни (кейинги ўринларда Қонун деб юритилади) 10-моддасига кўра жамиятнинг муассислари таъсис шартномасини тузадилар ва жамият уставини тасдиқлайдилар, ушбу Қонун 11-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Жамият муассислари жамиятнинг ижро этувчи органларини сайлайдилар (тайинлайдилар), шунингдек жамиятнинг устав фондига (устав капиталига) пулсиз ҳиссалар қўшилган тақдирда, уларнинг пул баҳосини тасдиқлайдилар. Жамият уставини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор, шунингдек жамият муассислари киритадиган ҳиссаларнинг пул баҳосини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор муассислар томонидан бир овоздан қабул қилинади. Бошқа қарорлар жамиятнинг муассислари томонидан ушбу Қонунда ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда қабул қилинади.
Олий хўжалик суди Пленумининг 2014 йил 20 июндаги «Иқтисодий судлар томонидан корпоратив низоларни ҳал этишнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарори 3-бандида хўжалик ширкати ва жамиятининг таъсис шартномасини тараф сифатида имзолаб, хўжалик ширкати ва жамиятини ташкил этиш мажбуриятини олган юридик ва (ёки) жисмоний шахс ёки улар томонидан ваколат берилган шахс ушбу ширкат ва жамиятнинг муассиси (таъсисчиси) ҳисобланишлиги,хўжалик ширкати ва жамияти қонунда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиб, юридик шахс мақомини олганидан сўнг унда ўз улуши (пайи, ҳиссаси)га эга бўлган юридик ва (ёки) жисмоний шахс ушбу хўжалик ширкати ва жамиятнинг иштирокчиси ҳисобланишлиги тўғрисида тушунтириш берилган.
Жамият иштирокчиларининг 2021 йил 27 ноябрдаги навбатдан ташқари умумий йиғилишида кўрилган масала бевосита жамиятнинг ижро этувчи органини сайлаш билан боғлиқлиги ва мазкур масала юзасидан жамият иштирокчилари ўртасида келиб чиққан низо юзасидан қабул қилинадиган қарор жамият таъсисчиси ___________ни ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилишлиги сабабли ___________ ишга жалб этилиши лозим бўлсада, биринчи инстанция суди томонидан ___________ ишга жалб этилмаган.
Қонуннинг 41-моддасига асосан, жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари, жамиятнинг устави талаблари бузилган ҳолда қабул қилинган ҳамда жамият иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган қарори овоз беришда иштирок этмаган ёки баҳсли қарорга қарши овоз берган жамият иштирокчисининг аризасига кўра суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Бундай ариза жамият иштирокчиси қабул қилинган қарор тўғрисида билган ёки билиши лозим бўлган кундан эътиборан икки ой ичида берилиши мумкин. Агар жамият иштирокчиси шикоятга сабаб бўлган қарорни қабул қилган жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишида иштирок этган бўлса, мазкур ариза шундай қарор қабул қилинган кундан эътиборан икки ой ичида берилиши мумкин.
Биринчи инстанция суди даъвогарнинг даъво талаби бўйича жавобгарнинг даъво муддатини қўллаш ҳақида аризасига кўра даъво муддатини қўллаб, даъвони рад этиш тўғрисида хулосага келган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Хўжалик суди Пленумининг 2015 йил 19 июндаги «Иқтисодий судлар томонидан фуқаролик қонун ҳужжатларини даъво муддатига оид нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 282-сонли қарори (кейинги ўринларда Пленум қарори деб юритилади) 10- ва 11-бандларида даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги низодаги тараф баён қилган даъво муддатининг ўтиши суднинг даъвони рад этиш ҳақида қарор чиқариши учун асос бўлади Даъво муддати ўтганлиги сабабли даъво рад қилинган тақдирда, суд ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида низодаги тараф даъво муддатини қўллаш ҳақида ариза берганлигини баён қилиши ва ушбу муддат ўтганлигини асослаши керак. ФК 154-моддасининг биринчи қисмига кўра даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлайди. Бу қоидадан истиснолар ФК ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланади.Шунинг учун билдирилган талаб бўйича даъво муддатини ҳисоблашда шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини қачон билган ёки билиши лозим бўлган кунни аниқлаш муҳим аҳамиятга эга эканлиги ҳақида тушунтириш берилган.
Биринчи инстанция суди томонидан даъво муддатини ўтганлигини даъвогар жамиятнинг умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида даъво ариза билан 10 ой 5 кун ўтгандан кейин мурожаат этган деб асослаган бўлсада, даъво муддатини қўллаш ҳақидаги аризани қаноатлантиришда, даъвогар билдирилган талаб бўйича ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини қачон билган ёки билиши лозим бўлган аниқ кунини кўрсатмасдан, даъво муддати айнан қайси муддатдан ўта бошлашига аниқлик киритмаган.
Низолашилаётган умумий йиғилиш қарори ўтказилган даврда даъвогар амалда суд томонидан қўлланилган «Қамоққа олиш эҳтиёт чораси» сабабли, озодликдан маҳрум этиш жойида сақланаётганлиги жавобгарга маълум бўлсада, даъвогарни реал ҳолатда хабардор этиш чоралари кўрилганлиги, шунингдек даъвогарни рўйхатдан ўтказилган манзилига юборилган умумий йиғилиш ўтказиш тўғрисидаги хабарномани қачон ва ким томонидан қабул қилиб олинганлиги ҳолатларини аниқлаш биринчи инстанция судининг эътиборидан четда қолган.
Биринчи инстанция суди даъво муддатини ўтиб кетганлиги ҳолатини Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор тумани судида юритилган жиноят ишидаги ҳужжатлар билан тасдиқланиши билан асослаган бўлсада, жиноят ишидаги мазкур ҳужжатлар даъво муддатини қўллашга қай даражада таъсир кўрсатганлигига ҳуқуқий баҳо бермаган.
Биринчи инстанция суди томонидан қарор қабул қилингандан сўнг даъвогар, маъмурий судга мурожаат этиб, жамият таъсисчиларининг 2021 йил 27 ноябрдаги навбатдан ташқари умумий йиғилишида иштирок этган ва овоз беришда қатнашган «Ёшлик» МФИ раиси ва ўринбосари хатти ҳаракатларини қонунига хилоф деб топишни сўраган. Навоий туманлараро маъмурий судининг 2022 йил 21 декабр кунидаги ҳал қилув қарорига асосан даъвогарнинг аризаси қаноатлантирилган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 159-моддасига кўра, башарти, суд даъво муддатининг ўтказиб юборилганлиги сабабини узрли деб топса, бузилган ҳуқуқ ҳимоя қилиниши керак. Даъво муддатини ўтказиб юбориш сабаблари даъво муддатининг охирги олти ойида, бу муддат олти ойга тенг ёки олти ойдан кам бўлса, даъво муддатида юз берган бўлса, улар узрли деб ҳисобланиши мумкин.
Пленум қарорининг 16.1 бандида, даъвогар томонидан ўтказиб юборилган даъво муддатини узрли деб топиш ва уни тиклаш ҳақида ариза фақатгина биринчи инстанция судига берилиши мумкин, яъни даъво муддатининг ўтказиб юборилганлиги фақат биринчи инстанция суди томонидан узрли деб топилиши мумкин. Бундай аризанинг апелляция, кассация инстанцияси судида кўрилаётган пайтда берилиши ўтказиб юборилган даъво муддатини тиклаш ва бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиниши учун асос бўла олмаслиги, 16.2. бандида эса, даъвогар даъво муддати ўтганлигини билмаган ҳолда даъво аризаси билан судга мурожаат қилган бўлса ва жавобгар даъво муддатини қўллашни сўраса, даъвогарнинг бу масала юзасидан фикри эшитилиши керак. Агар бундай ҳолатда даъвогар даъво муддати ўтказиб юборилишининг сабабини узрли деб топиш ҳақида ариза берса, у муҳокама қилиниши ва ҳуқуқий баҳо берилган ҳолда ушбу аризани қаноатлантириш ёки қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги масала ҳал қилиниши лозимлиги ҳақида судларга тушунтиришлар берилган.
Даъвогар томонидан биринчи инстанция суди муҳокамасида ўтказиб юборилган муддатларни узрли деб топиш тўғрисида судга ариза билан мурожаат этилган бўлсада, бироқ суднинг ҳал қилув қарорини асослантириш қисмида даъвогарнинг мазкур аризаси муҳокама қилинмасдан ва тегишли ҳуқуқий баҳо берилмасдан, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида даъвогарнинг даъво муддатининг ўтказиб юборилганлигини узрли деб топиш ва уни тиклаш тўғрисидаги аризасини қаноатлантиришдан рад этилганлиги кўрсатилган.
Баён этилганлардан кўринадики, биринчи инстанция суди томонидан қарор қабул қилишда иш учун аҳамиятли ҳолатлар аниқланмаган ҳамда процессуал ҳуқуқ нормалари бузилган. Бу эса асоссиз қарор қабул қилинишига сабаб бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 276-моддасига мувофиқ, суд ишни апелляция инстанциясида кўриш чоғида биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг қонунийлигини ва асослилигини текширади. Суд янги далилларни текшириши ва янги фактларни аниқлаши мумкин. Апелляция инстанциясининг суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини тўлиқ ҳажмда текшириши шарт.
ИПК 279-моддаси учинчи қисми 4-бандида ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ҳар қандай ҳолда бекор қилишнинг асоси сифатида белгиланган.
ИПК 278-моддасида апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича, ушбу Кодекс 279-моддаси тўртинчи қисмининг 4-бандида назарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун юборишга ҳақли эканлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг «Иқтисодий суднинг ҳал қилув қарори тўғрисида»ги 15.06.2007 йилдаги 161-сонли қарорини 1-банди иккинчи хатбошисида суд томонидан қабул қилинган қарор моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари билан тўлиқ мос келиши, иш ҳужжатлари ва суд аниқлаган ҳолатларга мувофиқ бўлиши кераклиги, қайд этилган талабларга риоя этмаслик қарорнинг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши учун асос бўлиши мумкинлиги ҳақида тушунтириш берилган.
Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати биринчи инстанция суди томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар аниқланмасдан моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларига риоя этилмаган ҳолда қарор қабул қилинган деб ҳисоблаб, апелляция шикоятини қисман қаноатлантириб, ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва ишни биринчи инстанция судида янгидан кўриб чиқиш учун Зарафшон туманлараро иқтисодий судига юборишни лозим топади.
ИПК 280-моддаси қоидаларига кўра, апелляция инстанцияси судининг қарорида агар иш янгидан кўриш учун юборилаётган бўлса, биринчи инстанция суди томонидан бажарилиши керак бўлган ҳаракатлар кўрсатилиши, суднинг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун юборилган тақдирда, суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масала ишни янгидан кўраётган суд томонидан ҳал этилиши белгиланган.
Шунга кўра, биринчи инстанция суди ишни кўришда қабул қилинадиган суд ҳужжати ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир қилиши мумкин бўлган шахсларни ишга жалб этиши, даъво муддатининг ўтиши бошланган муддатларга аниқлик киритиши, низони тўғри ҳал этиш билан боғлиқ далилларни тўплаб, низога нисбатан моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаган ҳолда суд ҳужжатини қабул қилиши, ишни биринчи инстанция ва апелляция инстанциясида кўриш билан боғлиқ ҳолдаги суд харажатларини ишни кўриш натижаларига кўра ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда тақсимлаши лозим бўлади.
Юқоридагиларга кўра ҳамда ИПКнинг 276, 278 — 280-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қарор қилади:
Навбаҳор туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 18 ноябрдаги ҳал қилув қарори бекор қилинсин ва ишни биринчи инстанция судида янгидан кўриш учун Зарафшон туманлараро иқтисодий юборилсин.
Даъвогар _______________________нинг апелляция шикояти қисман қаноатлантирилсин.
Қарор қабул қилинган вақтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Қарор устидан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий судига кассация тартибида шикоят (протест) берилиши мумкин.
Раислик қилувчи Т. Абдраманов
ҳайъат аъзолари Л. Тошмуродов
Т. Қақҳоров
Навоий в.,
2023 йил 2 февраль,
4-2102-2201/479-сон