Андижон вилоят судининг
Қарори
Андижон вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг қарори
Андижон вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати, судья Ш. Мирзаевнинг раислигида, судьялар У. Холиков ва А. Абдурахмановлардан иборат таркибда, судья катта ёрдамчиси А. Далимовнинг суд мажлиси котиблигида, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Андижон вилоят ҳудудий бошқармасининг даъвогар «Кўчма механизациялашган корхона» масъулияти чекланган жамияти манфаатида жавобгарлар _________________ масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси ___________________, «_________________________» масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси _________________________ ўғли, «______________________» масъулияти чекланган жамияти раҳбари ____________ қўшимча жавобгар — Андижон шаҳар Давлат хизматлари марказига нисбатан «_________________________» МЧЖнинг 2019 йил 25 февралдаги таъсисчиларнинг жамиятни қайта ташкил қилиш ва «_______________________» МЧЖни иштирокчи сифатида қўшиш ҳақидаги рақамсиз йиғилиш баёнини (қарори) ва Андижон шаҳар Давлат хизматлари маркази томонидан 04.03.2019 йилдаги ____-сон реестр рақами билан қайта рўйхатга олинган таъсис шартномаси ҳамда «______________________» МЧЖнинг 2019 йил 25 мартдаги «Кўчма механизациялашган корхона» МЧЖ томонидан қуриб битказилган Андижон шаҳар, Ю. Отабеков кўчаси, 11-манзилдаги кўп қаватли уйларни 58 та хонадонини сотиш ҳақидаги рақамсиз йиғилиш баёнини (қарори) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича Асака туманлараро иқтисодий суди томонидан 2022 йил 13 декабрь куни қабул қилинган ҳал қилув қароридан норози бўлиб, «________________________________» масъулияти чекланган жамияти берган апелляция шикоятини даъвогар вакили _________________, жавобгар __________________, Адлия бошқармаси вакили У.Зокировлар иштирокида, Андижон вилоят суди биносида, видеоконфренцалоқа орқали Тошкент туманлараро суди кўмагида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси (кейинги ўринларда «Палата» деб аталади) даъвогар «___________________________» масъулияти чекланган жамияти (кейинги ўринларда «Даъвогар» деб аталади) манфаатида иқтисодий судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгарлар — «____________________» масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси _____________________, «___________________» масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси ________________________, «______________________» масъулияти чекланган жамияти раҳбари ___________________ қўшимча жавобгар — Андижон шаҳар Давлат хизматлари марказига нисбатан «_______________________» МЧЖнинг 2019 йил 25 февралдаги таъсисчиларнинг жамиятни қайта ташкил қилиш ва «_____________________________» МЧЖни иштирокчи сифатида қўшиш ҳақидаги рақамсиз йиғилиш баёнини (қарори) ва Андижон шаҳар Давлат хизматлари маркази томонидан 2019 йил 4 мартдаги 14760-сон реестр рақами билан қайта рўйхатга олинган таъсис шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Шунингдек, даъвогар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 157-моддаси тартибида қўшимча ариза тақдим қилиб, «__________________» МЧЖнинг 2019 йил 25 март кунги «________________» масъулияти чекланган жамияти томонидан қуриб битказилган Андижон шаҳар, Ю. Отабеков кўчаси 11-манзилдаги кўп қаватли уйларнинг 58 та хонадонини сотиш ҳақидаги рақамсиз йиғилиш баёни(қарори)ни ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. (1-том, 42 вароқ)
Биринчи инстанция судининг 2022 йил 13 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган.
Даъвогар суд қароридан норози бўлиб, биринчи инстанция суди моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларни бузиб, ишни кўрганлиги, иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ аниқланмаганлиги сабабли ҳал қилув қарорни бекор қилиб, даъвони тўлиқ қаноатлантиришни сўради.
Суд мажлисида даъвогар вакили аризани қувватлаб, жамият собиқ директори ________________ жамият таъсисчиларининг ёзма розилигини олмасдан ҳаракат қилганлигига баҳо берилмаганлиги сабабли шикоятни қаноатлантиришни сўради.
Суд мажлисида жавобгар вакили биринчи инстанция суди ишни ҳар тарафлама кўриб, қонуний кўрганлиги боис биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни сўради.
Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этиб, ҳал қилув қарорни ўзгаришсиз қолдиришни лозим топди.
Иш ҳужжатларидан кўринишича «__________________» МЧЖ таъсисчилари ______________ ва _____________нинг 2016 йил 8 февраль кунги 2-сонли баёни билан ____________________ жамият томонидан чиқаётган банк ва молиявий ҳужжатларга имзолаш ҳуқуқи билан жамият раҳбари этиб тайинланган ва 2023 йил 22 февраль кунги 02-К-сонли буйруқ билан тайинлов расмийлаштирилган.
2019 йил 25 февралда ««____________________» МЧЖни қайта ташкил қилиш тўғрисида» таъсисчиларнинг умумий йиғилиши ўтказилиб, унга кўра «____________________» МЧЖ иштирокчилари сафига даъвогар ўзига тегишли бўлган жами 352 129 288 сўмга баҳоланган, Андижон шаҳар, Ю. Отабеков кўчаси 11-манзилда жойлашган кўп қаватли турар жой бино-иншоотлари билан бирга «_________________» МЧЖга улушдор сифатида кирган. Даъвогар номидан _______________ имзо қўйган.
2019 йил 25 февраль куни низом жамғармаси сифатида жами 352 129 288 сўмга баҳоланган, Андижон шаҳар, Ю. Отабеков кўчаси 11-манзилда жойлашган кўп қаватли турар жой бино-иншоотларни қайта ташкил этилаётган «__________________» МЧЖ балансига топшириш ва қабул қилиш далолатномаси ва топширилганлиги ҳақида гувоҳнома расмийлаштирилиб, тарафлар томонидан имзоланган ва тасдиқланган. Далолатнома ҳам даъвогар жамият раҳбари ______________ томонидан имзоланган.
Натижада, Андижон шаҳар давлат хизматлари маркази томонидан 2019 йил 4 мартда «_____________________» МЧЖнинг таъсис шартномаси 14760-сонли тартиб рақам билан қайта рўйхатдан ўтказилиб, таъсисчилар сони 3 нафар шахслардан: 41,5% улушга эга бўлган __________________________, 43,9% улушга эга бўлган ___________________ ва 14,6% улушга эга бўлган «______________________» масъулияти чекланган жамиятидан иборат бўлган.
Даъвогар судга 2021 йил 18 январ куни даъво ариза киритиб, _______________ ушбу ҳаракатларни амалга оширишга ваколати бўлмаганлиги, таъсисчиларнинг хабари йўқлиги сабабли жавобгар жамиятнинг 2019 йил 25 февралдаги таъсисчиларнинг умумий йиғилиш қарорини ва 2019 йил 4 март кунги таъсис шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Ўзбекистон Республикасининг «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги (бундан буён матнларда — «Қонун» деб юритилади) Қонунининг 41-моддаси биринчи қисмига биноан, жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари, жамиятнинг устави талаблари бузилган ҳолда қабул қилинган ҳамда жамият иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган қарори овоз беришда иштирок этмаган ёки баҳсли қарорга қарши овоз берган жамият иштирокчисининг аризасига кўра суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
«____________________» масъулияти чекланган жамияти ижро органи раҳбари низодаги йиғилишларда (қарорларда) бевосита шахсан ўзи иштирок этиб, ушбу қарорларни қабул қилишни маьқуллаб овоз берган.
Қонун талабига биноан, жамият иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган қарори овоз беришда иштирок этмаган ёки баҳсли қарорга қарши овоз берган жамият иштирокчисининг аризасига кўра суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Қолаверса даъвогар жамият таъсисчилари ушбу битимдан 2 йил давомида бехабар бўлишлари мумкин эмас. Чунки жамият фаолиятини чораклик ва йиллик фаолиятини назорат қилиб, бориш таъсисчилар зиммасидадир. Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси фуқаролик кодекси (кейинги матнларда ФК деб юритилади) 44-моддаси биринчи қисмига кўра юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги маълумотлар барчани танишиб чиқиши учун очиқ бўлган юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритилади.
ФК 44-моддаси иккинчи қисмига кўра юридик шахсни ташкил этишнинг қонунда белгилаб қўйилган тартибини бузиш ёки унинг таъсис ҳужжатлари қонунга мос келмаслиги юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказишнинг рад этилишига сабаб бўлади. Давлат рўйхатидан ўтказишнинг хабардор қилиш тартиби белгиланган юридик шахсларни рўйхатдан ўтказишни рад этиш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади. Юридик шахсни ташкил этиш мақсадга мувофиқ эмас деган важ билан уни рўйхатдан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди.
ФК 126-моддасига кўра агар шахснинг битим тузиш ваколатлари шартнома билан ёки юридик шахс ваколатлари унинг таъсис ҳужжатлари билан ишончномада, қонунда белгилаб қўйилганига нисбатан ёинки битим тузилаётган вазиятдан аниқ кўриниб турган деб ҳисобланиши мумкин бўлган ваколатларига нисбатан чеклаб қўйилган бўлса ва битимни тузиш пайтида бундай шахс ёки орган ана шу чеклашлар доирасидан чиқиб кетган бўлсалар, битимдаги иккинчи тараф мазкур чеклашларни билган ёки олдиндан билиши лозим бўлганлиги исботланган ҳоллардагина битим чеклаш белгиланишидан манфаатдор бўлган шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Жавобгар судда берган кўрсатмасида даъвогар «_______________________» масъулияти чекланган жамияти таъсисчилари _________, __________ жамиятни жавобгар «____________________» МЧЖ таъсисчилигига киритилиши жараёнида бевосита қатнашган ва ҳеч қандай эътирозларини билдирмаганликларини баён этган.
Бундан ташқари «___________________» МЧЖни қайта рўйхатдан ўтказиш Андижон шаҳар давлат хизматлари маркази томонидан 2019 йил 4 март куни амалга оширилиб, 14760-сонли тартиб рақам билан қайд этилган. Тақдим этилган ҳужжатлар ва рўйхатдан ўтказиш қонунга зид деб топилмаган. Бинобарин 2019 йил 4 март кунги жамият таъсис шартномасини ҳақиқий эмас деб топишга асослар мавжуд эмас.
«__________________» МЧЖ таъсисчилари томонидан 2019 йил 25 мартда умумий йиғилиш қарори билан «___________________» МЧЖ томонидан қуриб битказилган Андижон шаҳар, Ю. Отабеков кўчаси 11-манзилда жойлашган кўп қаватли турар жой бино-иншоотларининг 58 тасини (турар жой хонадонларни) аҳолига сотиш масаласи бўйича жамият раҳбари ҳамда таъсисчиси _________ жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг 2020 йил 7 августдаги ҳукми билан айбли деб топилиб, унга 8 (саккиз) йил 3 (уч) ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, ушбу ҳукмга биноан _____________ даъвогар фойдасига 7 864 794 482 сўм зарар суммасини ундириш белгиланган.
ФҚ 123-моддаси иккинчи қисмига биноан, агар битим юқорида кўрсатилган асослардан бирига кўра ҳақиқий эмас деб топилса, иккинчи тараф жабрланувчига унинг битим бўйича бажарган ҳамма нарсасини қайтариб бериши керак, олинган нарсани асл ҳолида қайтаришнинг иложи бўлмаганида эса — унинг қийматини пул билан тўлаши керак. Жабрланувчи битим бўйича иккинчи тарафдан олган мол-мулк, шунингдек иккинчи тарафга топширилган нарса эвазига ўзига тегишли бўлган мол-мулк давлат даромадига ўтказилади. Мол-мулкни асл ҳолида давлат даромадига ўтказиш мумкин бўлмаса, унинг қиймати пул билан ундириб олинади. Бундан ташқари, жабрланувчига иккинчи тараф унинг қилган харажатларини, унинг мол-мулки йўқотилиши ёки бузилиши натижасида етказилган зарарни тўлайди.
Шу боис биринчи инстанция суди, даъвонинг «_______________________________» МЧЖнинг 2019 йил 25 февралдаги таъсисчиларнинг жамиятни қайта ташкил қилиш ва «__________________________» МЧЖни иштирокчи сифатида қўшиш ҳақидаги, ҳамда 2019 йил 25 мартдаги «____________________________» МЧЖ томонидан қуриб битказилган Андижон шаҳар, Ю. Отабеков кўчаси, 11-манзилдаги кўп қаватли уйларни 58 та хонадонини сотиш ҳақидаги рақамсиз йиғилиш баёнларини (қарорларини) ҳамда 2019 йил 4 март кунги жамият таъсис шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги қисмини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида асосли тўхтамга келган.
Иқтисодий процессуал кодексининг 278-моддасига қўра апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга ҳақли.
Юқоридагиларга асосан судлов ҳайъати, биринчи инстанция суди моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаб, қонуний ва асослантирилган ҳал қилув қарор қабул қилган деб ҳисоблаб, уни ўзгаришсиз, апелляция шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, ишни апелляция инстанциясида кўриш билан боғлиқ тўланган 6 792 500 сўм давлат божи ва 30 000 сўм почта харажати аризачи зиммасида қолдиришни, «_________________________» МЧЖдан видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 75 000 сўм суд харажати Олий суд депозит ҳисоб рақамига ундиришни лозим топади.
Бинобарин судлов ҳайъати, Фуқаролик кодекси 44-моддаси, «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 41-моддаси, Иқтисодий процессуал кодексининг 278, 280-281-моддаларини қўллаб, қарор қилди:
«Кўчма механизациялашган корхона» МЧЖнинг апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилсин.
Биринчи инстанция судининг 2023 йил 13 декабрдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилсин.
«_________________________» МЧЖ томонидан тўлаб чиқилган ишни апелляция инстанциясида кўриш билан боғлиқ 6 792 500 сўм давлат божи ва 30 000 сўм почта харажати зиммасида қолдирилсин.
«_________________________» МЧЖдан ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 75 000 сўм суд харажати Олий суд депозит ҳисоб рақамига ундирилсин.
Мазкур қарор устидан Олий судга кассация шикояти берилиши (протест келтирилиши) мумкин.
Раислик қилувчи, судья Ш. МИРЗАЕВ
Судья У. ХОЛИКОВ
Судья А. АБДУРАХМОНОВ
Андижон в.,
2023 йил 17 февраль,
4-1701-2102/294-сон